Oҳу боласининг эшаклар оғилига қамалгани – “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар


Сақлаш
17:32 / 09.06.2025 31 0

Oҳу боласининг эшаклар оғилига қамалгани

 

Бир раҳмсиз овчи оҳуни овлаб, оғилга қамади. Оғил моллар ва эшаклар билан тўла эди, оҳу ваҳму қўрқувдан ҳар томонга қочарди. Овчи ҳар кеч охурга сомон солиб моллар ва эшаклар азбаройи очлигидан, уларга шакардан ҳам мазалироқ туюлган сомонни иштаҳа билан ер эди. Оҳу эса гоҳ ўзини у ёндан бу ёнга урар, гоҳ сомондан кўтарилган чанглардан юзини бурарди...

 

Ўзининг зидди билан бир жойга тушиб қолиш азоб-уқубати ўлим билан тенгдир. Шу боисдан ҳам Сулаймон (а.с.) деганди: “Агар Ҳудҳуд ўзининг ногоҳ ғойиб бўлгани учун узрли бир сабаб келтиролмаса, уни ўлдираман ёки оғирдан-оғир, беҳисоб қийноқларга мубтало этаман! Яъни уни ўзига ҳамжинс бўлмаганлар билан бир қафасга қамайман!”

 

Сенга ҳамжинс бўлмаганлар билан бир қафас ичида қолиш азоби қандай азоб ўзи, эй ишончли дўст? Эй башар, бу бадан туфайли қийноқларга дучордирсан. Чунки руҳинг қуши ўзга жинслар билан унда тутқундир. Руҳ – лочин, борлиғинг эса – қарғалар. Қарға ва бойқушларнинг ҳамласидан лочинга кўп жароҳатлар етган. У ўзга жинсдагилар орасида буткул бахтсиздир.

 

* * *

Хуш исли мушк таратгувчи ўшал нар оҳу эшаклар оғилида бир неча кун, қуруқликда қолган балиқ каби изтиробу талваса ичра қийноқларга гирифтор бўлди. Эшаклардан бири унга кесатиб деди: “Ҳай-ҳай! Бу ёввойининг хулқ-атвори худди шоҳу амирларникидай-ку, жим бўлинг!” Бошқаси эса масхара қилди: “Денгизнинг кўтарилиши ва пасайишидан у дур олиб келган кўринади, уни арзон-гаровга берармиди?” Яна бири деди: “Модомики, шунчалар назокатли экансан, бор, шоҳона тахтга ўтирақол!”

 

Бир эшак бўкиб қолганди ва емоқдан тўхтаб, оҳуни охурга даъват қилган бўлди. Оҳу: “Эй фалон, мени ўз ҳолимга қўй, ўзимни ёмон ҳис этяпман”, дегандай бош чайқади. Эшак деди: “Биламан, сен ноз қиляпсан ёки ор-номусингни сақлаган ҳолда емишдан юз бурмоқдасан”.

 

Оҳу ичида дерди: “Бу сенинг емишинг. Ундан аъзойи баданинг тўлишиб, куч олади. Ахир мен кўкаламзорларда озиқланиб, зилол сувларда, боғларда ҳордиқ чиқарганман. Тақдир мени азобларга мубтало қилган бўлса ҳам, бу гўзал одатимни ва майлу иштиёқимни унута олармидим? Агар ҳолим хароблашган бўлса тиланчилик қилишим шартми? Гарчи либосим эскирса-да, мен янгилигимча қоламан! Сунбул, лола ҳамда хушбўй гиёҳларни минг нозу истиғнолар билан еганман ахир!”

 

Эшак деди: “Қўйсанг-чи! Сен лоф уриб, мақтанмоқдасан! Ғарибликда шунақа бўлмағур гапларни қандай гапириш мумкин?!” Оҳу жавоб берди: “Мендаги мушк безининг ўзи муаттар уд ва анбарни эслатиб, мен учун ўз мурувватидан гувоҳлик беради. Аммо уни ҳид англагувчилар билади, холос!”

 

Катта салла ўраган фақиҳ[1]нинг юлиб қочган ўғри

 

Бир фақиҳ Ҳатим[2]га йўл олганда дабдабали ва улуғворроқ кўриниш учун латта-путталарни йиғиб, салласининг орасига жойлаштирди. Эски-туски кийимлардан юлиб олинган латталар билан салласининг кўзга кўринадиган қисмини безади. Ташқаридан қараганда салла кўркам, жаннатий либосга ўхшар, ичкаридан эса бу мунофиқлик, расволик ва қабиҳлик эди. Эски-туски латталарнинг лахтаклари, пахта ва жун салланинг ичкари қисмига кўмилганди.

 

У ўзининг улуғвор қиёфаси билан ҳамманинг эътиборини жалб этиш учун тонгда барвақт туриб мадраса томонга йўл олди. Қоронғи йўлакда бир ўғри ўз ҳунарини ишга солиш мақсадида пайт пойлаб турарди. У эпчиллик билан фақиҳнинг бошидан салласини юлиб олди. Сўнгра кўпинча ҳамён ўрнида ҳам ишлатиладиган салланинг ичидагилардан умидвор бўлиб, орқасига қарамай қочди. Шунда фақиҳ ўғрига қараб қичқирди: “Эй ўғлим, олиб қочишдан аввал саллани очиб қарагин. Жонҳолатда тўртта қанот билан қочаркансан, элтадиган нарсангни пайпаслаб кўргин. Сўнгра маъқул топсанг, олақол, ҳалолинг бўлсин!” Шу пайт қочаётган ўғри саллани очиб кўраркан, юзлаб лахтаклар ерга сочилиб кетди. Унинг қўлида ўша ҳурпайган, дабдабали салладан бир қулоч эски лахтаклар қолди. Ўғри қўсқи лахтакларни ерга улоқтириб деди: “Эҳ, беҳаё! Алдамчилигинг билан ишимнинг белига тепдинг!” Фақиҳ деди: “Тўғри, мен риёкорлик қилдим, аммо насиҳат ўрнида сени бу ҳодисадан огоҳ этяпман”.

 

Бу дунё ҳам худди шундай: гарчи у сенга ёқимли табассум билан қараса-да, сўнг ҳайқириб, ўз бевафолигидан ўзи сўйлайди. Эй устоз, шаклланиш ва ҳалокатдан иборат ушбу оламда шайдолик алдайди, барбодлик эса панду насиҳат қилади. Пайдолик: “Келақол, мен нақадар ёқимлиман”, дейди. Барбодлик эса: “Кетгин, мен ҳеч вақо эмасман”, дея инкор этади.

 

Эй, баҳорнинг кўрку чиройига қараб ҳайратланувчи зот! Қаҳратон қиш совуғига, шунингдек, кузак заъфаронлигига ҳам назар солгин. Кундузи қуёшнинг гўзал чеҳрасини томоша қиларкансан, унинг ботаётган чоғидаги заволини ҳам эслагин. Бу чиройли кўк гумбазидаги тўлин ойга қараш баробарида унинг ойсиз лаҳзаларидаги ҳасратига ҳам назар солгин. Ўз ҳусну жамоли туфайли халқ ичида обрў-эътибор топган ўсмирнинг эрта-индин эси паст қарияга айланиб, одамлар олдида шарманда бўлмоғи ҳам бор. Сени кумуштанлилар ўз ўлжасига айлантириб, беқарор этган бўлса, ўша баданларнинг қариган чоғда пахта майдонига ўхшаб қолишини ҳам кўз олдингга келтиргин!

Шундай экан: “Дунё мени риёкорлиги билан алдаб-авради, акс ҳолда ақлу идроким унинг қопқонига тушмасди”, деб айтма. Зар ёқа ва боғичлар кишан, занжир ва бўғовга айланганига бир қараб қўйгин. Оламнинг ҳар бир қисмини шундай деб ҳисоблагин, унинг аввали ва охирини кўра олгин. Кимки кўпроқ охирни кўра олса, у бахтлироқ, кимки фақат охурни кўрса, у бахтсизроқдир.

Агар бир бўш уй топиб, унга кўчиб ўтсанг, бошқа ҳаммаси қинғир ёки ғалати, ғайриоддий туюлади. Ушбу оламда неки бордир, ниманидир ўзига тортади: Кофирни куфр, тақводорни эса тўғри йўлдаги мураббийлик ўзига жалб этади. Оламда оҳанрабо, шунингдек, каҳрабо ҳам бор. Темир бўлсанг ҳам, похолпоя бўлсанг ҳам, қармоққа илинасан: темир бўлсанг, оҳанрабо тортиб кетади, похолпоя бўлсанг, каҳрабо билан бирикмай иложинг йўқ...

 

Кимки эзгу феъл-атворли зотлар билан дўстлашишдан юз бурса, унинг хулқи бузуқларга қўшилишдан ўзга чораси йўқ. Мусо (а.с.) мисрликлар орасида писанд этилмаган, Фиръавннинг вазири Ҳомон яҳудийлар учун лаънатланган ҳисобланади. Ҳомоннинг жонини мисрликлар жалб этган бўлса, Мусонинг жони яҳудийларга қараб интиларди. Эшак меъдасини сомон, одам меъдасини эса буғдой ва сув жалб этади. Агар кимнидир қоронғиликда танимасанг, унинг кимни ўзига маънавий раҳнамо қилиб олганига назар солгин.

 

Жалолиддин РУМИЙ,

“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари: Одил ИКРОМ,

Ойдиннисо


[1] Фақиҳ – шариат қонунлари билимдони.

[2] Ҳатим – Каъбанинг шимолий ва ғарбий бурчак оралиғида ярим ой шаклидаги бино бўлиб, у “Ҳатим” деб аталади. Бу жой ҳам Каъбанинг бир қисми ҳисобланади, шунинг учун тавофда унинг атрофидан айланиб ўтилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

15:06 / 11.06.2025 0 26
Ҳамзанинг “мактублари”





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18676
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//