
Нью-Йоркдаги “Sholla Law Firm” юридик ташкилотида фаолият юритувчи қаҳрамонимиз Динара Абдунайимова АҚШнинг Урбана-Шампейндаги Иллинойс Университети (University of Illinois at Urbana-Champaign (UIUC) нинг Магистратура босқичини тамомлаган.
Хорижий тил ўрганишдан – кулинариягача
Самарқандда туғилганман. Мактаб ва лицейдаги ўқиш йилларим ҳам сокин кечмаган, яъни 4-синфдан хорижий тил ўрганиш учун қўшимча машғулотларга қатнай бошлаганман. Йиллар давомида яна турли курслар – мусиқа (фортепиано), сузиш, расм чизиш, конструкторлик, кулинария тўгаракларига қатнашганман. Ота-онам илм-фанни қадрлайдиган зиёли инсонлар. Биз учун доим имконият яратишга ҳаракат қилишган. Уйимизда энг кўп сонли предмет бу китоб бўлган. Тинимсиз равишда китоб ўқиш кўникмалари айнан оиламиздаги шахсий намуна сифатида бизда ҳам шаклланган. Мен таҳсил олишим учун Самарқанддаги энг маҳоратли устозлар, ўз фанини чуқур биладиган, уни ёшларга сингдира оладиган моҳир педагоглар танланган. Улардан бири арман миллатига мансуб Лариса Михайловна ўта талабчан инглиз тили ўқитувчиси эди. Устозларим берган сабоқ, тинимсиз ўқишим боис CEFR ва IELTS имтиҳонларида яхши натижага эришдим. Дарсдан ташқари қўшимча машғулотларга қатнаганим ҳам самара берган.
"Ўзгарган" орзу ва қизил Jeep машинаси
Болалигимда "мен судья бўламан, қизил Jeep машинаси миниб юраман" деб такрорлайверардим. Вақт ўтиши билан бу орзу шаклини ўзгартирди – судья эмас адвокат бўлишни истай бошладим. Аслида йўналиш ўзгармади – мен ҳали ҳам инсонларга ёрдам беришни истайман, фақат йўналиши бироз бошқача. Қизил Jeep машинаси эса... ҳали ҳам режамда бор!
Лицейни тамомлаганимдан сўнг 2019 йил Тошкент давлат юридик университетининг "Фуқаролик ва бизнес ҳуқуқи" мутахассислиги бўйича ўқишни давом эттирдим. Ўша йили пойтахтдаги учта – Тошкент давлат юридик университети, Халқаро Вестминстер университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ўқишга қабул қилинган эдим. Акам ҳам юридик соҳада фаолият юритадилар. Бу танловим эса тўғри қарор бўлган, деб ўйлайман.
Режаларга таъсир қила олмаган COVID-19
Пандемия туфайли ўқишнинг муайян вақти онлайн форматда ўтди. Лекин бу жараён менинг изланиш ва интилишимга салбий таъсир қилгани йўқ, деб айта оламан. Ҳар семестр охирида факультетимиздаги энг иқтидорли ва юқори ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича 10% талабалар қаторида бўлганман.
Талабалик даврида мен халқаро “Moot court” танловларида иштирок этдим. Биринчи курсдаёқ Willem C. Vis халқаро тижорат арбитражи танловига қўшилдим.
“Moot court” танлови – дунёдаги энг нуфузли юридик университети талабалари ўртасидаги мусобақалардан бири. Ҳар йили 80 дан ортиқ мамлакатлардан 300 дан зиёд университетлар қатнашади. Мусобақа халқаро тижорат арбитражи мавзусига бағишланган. Тайёрланиш жараёни тахминан 6–8 ой давом этади – сиз мураккаб ҳуқуқий кейслар устида ишлайсиз, меморандумлар ёзасиз ва кейин реал арбитраж мутахассислари олдида оғзаки баҳс юритасиз. Биринчи йилда мен тадқиқотчи сифатида қатнашдим. Иккинчи йилда эса FDI Moot га тўлиқ жамоа аъзоси сифатида қўшилдим. Учинчи йилда эса Vis Moot га жамоа сардори сифатида қайтдим. Афсуски, COVID-19 сабабли биз оғзаки босқичларни онлайн форматда ўтказишга мажбур бўлдик. Бу ҳолат салбий таъсир қилгани йўқ. Аксинча ҳаётимни ўзгартиришга, халқаро ҳуқуқ доирасида компетенцияларимни шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатган тажриба бўлди.
Назария ва амалиёт уйғунлиги
Мен ўқиш билан бирга Тошкент шаҳар иқтисодий судида судья ёрдамчиси сифатида ишладим, судьялар учун ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бордим. Шунингдек, университетимиз Юридик клиникасида “pro bono yurist” сифатида волонтёр бўлдим, ёрдамга муҳтож инсонларга бепул юридик маслаҳатлар бердим. Бундан ташқари, “TBC Bank” ва “Legalmax” интеллектуал мулк ҳуқуқи фирмасида амалиёт ўтаб, корпоратив ва IP ҳуқуқи билан танишдим. Бу тажрибалар менга келажакда қайси йўналишни танлашимни аниқлаб олишга, англаб етишимга катта ёрдам берди.
Илм сари йўл
4 йил давомида халқаро арбитраж мавзусида кўплаб мақолалар ёзиш имконига эга бўлдим. Ўзбекистон шароитида хорижий инвесторларни жалб этиш ва жозибадор инвестицион муҳитни шакллантириш долзарб вазифа бўлиб турган пайтда мен айнан уларнинг халқаро даражада ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган "Арбитраж" тизими бўйича малакага эга бўлдим.
Шунингдек, бир нечта илмий мақолаларим халқаро илмий журналларда нашр этилди. Халқаро конференцияларда қатнашдим – баъзида маърузачи сифатида, баъзида эса инглиз тилида бўлмаган докладларни иштирокчилар учун синхрон таржимон сифатида. Ҳозирда бир нечта илмий журналларда муҳаррир сифатида фаолият олиб боряпман. Мақолаларни илмий баҳолаш, муаллифлар ва таҳрир ҳайъати билан биргаликда ишлаш орқали илмий ишларнинг сифатини оширишга ҳисса қўшяпман. Шу билан бирга, мен Тошкент давлат юридик университети "Ёшлар кенгаши" бошланғич ташкилотининг фаол аъзоси бўлганман. Мазкур Кенгаш қошида таъсис этилган “Publishplease” («Нашрга кўмакчи») тўгарагини очиш учун ташаббус билан чиққанман. Жамоатчилик асосида мазкур тўгаракни юритиб, ўзим тенги ёшларга илмий мақола ёзиш, уни нашр этиш учун илмий журналлар танлаш, матнни журнал талабларига мослаштириш, бунда халқаро индексланадиган базалардаги юқори импакт факторли журналларда талаб этиладиган махсус иловалардан фойдаланган ҳолда мақолани талаб даражасига мослаштириш каби илмий ва илмий-техник талаблар бўйича курс машғулотларини олиб борганман.
Энг қиммат ресурс – вақт
Бакалавр босқичини тамомлаганимдан сўнг Европа ва АҚШдаги LLM (Магистратура) дастурларига ҳужжат топширдим. Менга бир нечта университетлар қабул хати юборди: Penn State Law, Central European University (Avstriya) University of Illinois at Urbana-Champaign (UIUC).
Мен UIUCни танладим...
АҚШга кўчиш энг катта воқеалардан бири бўлди. Иммиграция сизнинг барча фаолиятингизни деярли нолдан бошлашга мажбур қиларкан. Кампусдаги биринчи ҳафтамда идиш-товоқ, чойшаб, қозон, ҳатто ахлат қутисигача сотиб олишим керак бўлганди. Оддийгина яшаш учун қанча майда нарсалар кераклигини илгари сезмаган эканман. Бу билан бирга ёлғизлик, янги тил ва янги тизимга мослашиш – буларнинг ҳаммаси босим эди. Аммо вақт энг қиммат ресурс ва ҳар нарсага даво эканинини англаб етганман. Инглиз тилидаги билимим мукаммаллашди, мижозлар хизматига қандай мурожаат қилишни ўргандим – ва бу янги ҳаёт аста-секин анъанавий ҳаёт тарзига айлана борди.
Шунингдек, ушбу университетнинг Таълим Коллежининг молия бўлимида аспирант-тадқиқотчи (Graduate Research Assistant) сифатида ишладим, бу иш менинг касбий мақсадларим билан анча мос. Халқаро талаба сифатида ҳафтасига 20 соатгача ишлашга рухсат берилган – бу кўп эмас, лекин яшаш учун етарли эди.
Мени энг фахрлантирадиган жиҳатлардан бири – хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сонининг ортиб бораётгани. Биз фақат билим олаётганимиз йўқ – биз жамоалар барпо қиляпмиз.UIUC, Penn State, Columbia каби университетларда биз Марказий Осиё Талабалари Ассоциацияларини ташкил қилиб, бир-биримизга менторлик қилаяпмиз ва қўллаб-қувватловчи муҳит яратмоқдамиз. UIUCда Наврўз ва бошқа маданий дастурларни ҳам ташкил қилганмиз. Ҳамжиҳатлик, дўстлик ва ўртоқлик муҳитини яратганимиздан доим қувонаман.
Мижозларимизнинг катта қисми Ўзбекистондан
Магистратурани имтиёзли диплом билан тамомладим – бу мен L.L.M. дастуридаги барча талабаларнинг энг кучли 20 фоизи таркибига кирганимни англатади. Яъни, бутун дунёдан келган магистратура босқичи талабалари ичида, менинг юридик мактабимдаги ўқиш натижаларига кўра энг юқори баҳоланганлардан бири бўлганман. Кейин Нью-Йорк шаҳрига кўчиб ўтдим, Бруклинда жойлашдим ва Манхеттендаги “Sholla Law Firm“ ташкилотида юридик тадқиқотчи сифатида тўлиқ иш вақти билан ишлай бошладим. Мен иш юритиш учун ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам бераман, шунингдек, кўплаб мижозларимиз учун таржимон ва маданий кўприк вазифасини бажараман. Мижозларимизнинг катта қисми Ўзбекистондан ва Марказий Осиё мамлакатларидан. Бу рақамлар кундан-кунга ошиб бормоқда. Бунда тил жуда катта аҳамиятга эга – бу фақат сўзларни таржима қилиш эмас, ишонч қуриш, кимнингдир ҳис-ҳаяжонларини, изтиробларини ичидаги туғёнларини тушуниб, мутасадди ташкилотларга тўғри етказиб бера олиш воситасидир. Кўплаб мижозлар тил барьери сабабли айнан рус ёки ўзбек тилида гаплашадиган юридик фирмаларни танлашади. Нью-Йоркда рус тилида сўзлашувчи юристлар кўп, ўзбек тилида хизмат кўрсатадиган фирмалар ҳам бор. Ана шундай вазиятда мен хориждаги ватандошларимизга ҳуқуқий кўмак беришга ҳаракат қиламан.
Бруклинда миллийликни ҳис этгандек бўламан
Иллинойс штати Чампаигн ҳудудида бўлганимда миллий таомларимизни жуда соғингандим. Бруклинда эса дўконга кираман – сомса, палов, ҳалим, сумалак, нон, қурт ва бошқа барча таомлар мавжуд, шунда миллийликни ҳис этгандек бўламан. Лекин ҳар доим Ўзбекистонни соғинаман, руҳан доимо Ватаним билан биргаман. Она Ватан соғинчи қанчалик оғир бўлса ҳам илм олиш, тажриба орттириш мақсадида фаолиятимни давом эттирмоқдаман.
Мақсадим – ўз овозини ўзи ҳимоя қила олмайдиганлар номидан дадил ва билим асосида сўзлай олиш
Ҳозирда мен Нью-Йорк штати адвокатлик имтиҳонига тайёргарлик кўряпман. Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаб, дипломни қўлга киритишнинг ўзи юрист сифатида ишга кириш имконини беради, аммо АҚШда сиз фаолият юритмоқчи бўлган штатда албатта “Bar exam” адвокатлик амалиёти имтиҳонидан ўтишингиз керак. Шунинг учун ҳозирги асосий эътиборим айнан шунга қаратилган.
Шу билан бирга, Нью-Йоркда иммиграция ҳуқуқи соҳасида амалий тажриба орттиряпман. Бу соҳада ишлаш менга глобал миграция ва мажбурий кўчиш жараёнларига ҳуқуқий тизимларнинг қандай жавоб беришини чуқур тушуниш имконини берди. Шу билан бирга, бу тажриба халқаро оммавий ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига бўлган қизиқишимни янада кучайтирди – айниқса қочқинлар ва бошпана изловчиларни тартибга солувчи ҳуқуқий механизмлар нуқтаи назаридан.
Мен ўз фаолиятимни ҳуқуқ, сиёсат ва тадқиқот чорраҳасида тасаввур қиламан – идеал ҳолатда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилот ёки халқаро институт доирасида. Менинг мақсадим – ҳар томонлама етук ҳимоячи бўлиш, тадқиқот тажрибасига эга, глобал ҳуқуқий тизимларни чуқур тушунадиган ва ўз овозини ўзи ҳимоя қила олмайдиганлар номидан дадил ва билим асосида сўзлай оладиган инсон бўлиш. Нью-Йоркда орттираётган тажрибам нафақат амалий жиҳатдан фойдали – у менинг ҳуқуқий дунёқарашимни кенгайтиришга ва глобал ҳуқуқий муҳокамаларда мазмунли иштирок этиш учун зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Дилфуза МАҲКАМОВА,
Oyina.uz
Жараён
Адабиёт
Ватандош
Тил
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ