
Бадиий тафаккурнинг илк намуналари ҳисобланган мифларда қадимги одамларнинг тафаккур тарзи, ички дунёси, анъана ва эътиқодлари, табиат ҳодисалари ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд. Манбаларга кўра, қадимги туркий афсоналарнинг кўпчилиги дунё ва инсоннинг яратилиши ҳақида сўзлайди. Туркий халқлар мифологиясида илоҳа, жодугар, қаҳрамон ва афсонавий аёл образлар ҳамда урғочи жониворлар ҳақидаги афсоналар жуда кўп. Илоҳа Умай Она, Оқ Она, Киштей Султон, Эрка Султон, Сариқ қиз, Морту ва Алвасти шулар жумласидан. Ушбу мақолада коинотнинг яратилиши ва ҳаётнинг узлуксизлиги ҳақидаги фикрлаш тарзимизда маъбудалар ва афсонавий аёллар култининг тутган ўрни ҳақида маълумот берамиз.
Қадимги турк халқлар мифларида уч қаватли олам модели ҳақида маълумотлар борлиги кўплаб ёзма манбаларда тасдиқланган. Яъни Кўк юзи, Ер ва Ер ости дунёси мавжуд бўлиб, ҳар бир қатламнинг ўз истиқоматчилари бор. Мисол учун, Кўк юзида яъни осмонда Кўктангри ва унинг ёрдамчилари ҳукмронлик қилади. Ерда эса инсонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда баъзи яратилиқлар кун кечиради. Ер остида Эрликхон, унинг фарзандлари ҳамда ёрдамчилари яшайди.
Оламнинг яратилиши ҳақидаги мифларда уч модуллик дунёнинг бунёдкори сифатида Тангри Бай Улген тилга олинади. Улген гарчи коинотнинг яратувчиси ҳисоблансада, эътиборга олиш керак бўлган нозик бир жиҳат бор: «Минг йиллик афсонага кўра, яратилиш ғоясининг илҳом манбаи Оқ Онадир. Оқ Она бир парча ҳам тупроқ бўлмаган, барча борлиқ сув билан қопланган маҳал сувдан чиқиб, Улгенга яратиш буйруғини беради. Оқ Онанинг бу буйруғи билан Улген коинотни ва биз яшаётган дунёни яратади» (Фузулий, 2022, 19-бет.). Бу жумла алоҳида таҳлилга муҳтож, чунки коинотнинг яратувчиси эркак худо Улген бўлсада, яратилиш ғоясини аёл илоҳа Оқ Она берган. Маълумки, бирор нарсани қандай қилишни англаш уни амалга оширишдан кўра қийинроқдир. Бу ерда ғояга эга бўлган, дунёни яратиш йўлини тушунадиган ва дунё модулини кўрсатувчи илоҳий куч аёл қиёфасида тасаввур қилинади.
Оқ Она кўплаб турк халқларининг афсоналарида Ак Эне ва Аг Ана, Ақ эна каби турли хил вариантларда учрайди. Бир образнинг минтақавий фарқларга қарамасдан бир қанча туркий халқларда учраши, унинг бу халқлар маданиятида муҳим ўрин тутганидан далолат беради. Бундан келиб чиқиб, Оқ Она ҳам қадимги аждодларимиз ҳаётида, диний ишончида аҳамиятли ўрин эгаллаганини билиш мумкин.
Ҳаётнинг бошланиши ва давом этиши ҳақидаги афсоналарда ҳаёт дарахти алоҳида қийматга эга. Ҳаётни дарахт тимсолида тасаввур этиш ва уни муқаддас ҳисоблаш нафақат туркий мифологияда, балки, дунё мифологиясида учровчи муҳим ҳолат ҳисобланади. Турк мифларида ҳаёт дарахти бевосита маъбуда Умай Она билан боғланади. Дарахт Она маъбуда архетипининг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, аёллик рамзи ҳисобланади. (Билгили, 2022, 70-бет.) Ҳомиладор аёллар ва болаларнинг ҳимояловчи илоҳа ҳисобланган Умай Она ўзининг кўплаб хусусиятлари билан ҳаётнинг бошланиши ва давом этишини таъминловчи илоҳий куч сифатида тасаввур қилинган.
Маҳмуд Қошғарий асарида эмбрионни ҳимоя қилувчи қобиқ, плацента «Умай» деб аталади. (Кошғарий, 1967, 303-бет.) Бугунги кунда ҳам Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида ва Тошкент атрофидаги қишлоқларда туғилиш вақтида ҳомила билан бирга келадиган йўлдошни кўмиш одати сақланиб қолган. Анъанага кўра, маҳаллий аҳоли йўлдошни Умай маъбуда рамзи бўлган мевали дарахт тагига кўмадилар. Қолаверса, қирғиз афсонасига кўра, она буғу қирғиз қабиласини йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолган. Манбалар бизга она буғунинг Умай ердаги, инсонларга кўринувчи аватари ҳисобланишини кўрсатади. Умай Она ишончи бугунги кунда ҳам сақланиб келаётганининг яна бир далили, қирғиз аёллари бирор муҳим ишни бошлашдан аввал «Бу менинг қўлим эмас, Умай Энамнинг қўли» жумласи қўллайди. Ўзбек аёллари орасида «қўл бериш» тушунчаси мавжуд бўлиб, маълум бир тоифа аёллар бу удумни қўллайди. Ушбу тушунчанинг келиб чиқиши Умай Она образига бориб тақалади.
Умайнинг яна бир аватари Ҳумой қуши ҳисобланади. Ушбу афсонавий қуш бахт, тўкислик ва тангрининг хабарчиси сифатида туркий мифологияда учрайди. Биз Умай Онани образ сифатида ўзбек мумтоз адабиётида учратмаймиз. Аммо бу илоҳа Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асарида Ҳумoй номи билан қуйидаги байтда учрайди:
Тун оқшомким Кошунди ҳайит ойи,
Муҳаммад-ҳожа бек давлат ҳумойи. (Хоразмий, 1959, 10-бет).
Озарбайжон мумтоз адабиётида ҳам Умайнинг аватари ҳисобланган Ҳумойни учратиш мумкин. Ҳумой номи озарбайжон мумтоз адабиётида биринчи марта Катран Табризий (11-аср) асарларида қуйидаги иборалар билан учрайди: «Садоқат қуши – Ҳуния қуши бу дунёдан қанот олди». Ҳуния бу – Ҳумойнинг фонетик ўзгаришга учраган шакли бўлиб, ушбу сатрлардан маълумки, Умай Она қуш тимсолида тасвирланган. Буюк шоир Низомий Ганжавий (ХII. аср) ҳам ўз ижодида Ҳумойни қаламга олган. «Ҳумай оппоқ кийинса, Ҳумоюн бўлади» Низомий Ҳумайни оқ қушдек тасаввур қилган ва Ҳумай ўз сояси остидаги болаларни асрашини аниқ таъкидлаган: «Бир ҳума бошимга соя солди». (Ғайбуллаев, 1999, 215-218-бетлар). Ҳумoй озарбайжон тили ва маданиятида аёллик маъносига эга ва бугунги кунда ҳам қизлар исми сифатида қўлланилиб келишини таъкидлаш лозим.
Ҳумoй айрим туркий асарларда Ҳумаин яъни Ҳумоюн деб аталган, уни Эрон адабиётида тилга олинган афсонавий қуш – Ҳумо номидан ажратиб тушунтириш керак. Чунки Ҳумай – Умай Онанинг аватарини ифодалайди. Бизнингча, бу аватар қуш, аввалбошида илоҳанинг номи билан Умай деб аталиб, кейинчалик араб ва форслар билан туркий халқларнинг яқин алоқаси натижасида /ҳ/ ундоши сўзбошида орттирилган бўлиши эҳтимолга яқин. Тилларнинг тузилиши ва қўлланилишида /ҳ/ ундоши кейинроқ истеъмолга кирганини эски туркий тил ҳақидаги илмий манбалар таъкидлайди. Мисол учун, овуч – ҳовуч, ўкиз – ҳўкиз, ўл – ҳўл каби сўзларни далил сифатида келтиришимиз мумкин. Ушбу сўзларни бугунги ўзбек тилида ҳам қўллаймиз, бироқ VII-Х асрларда кўплаб туркий халқлар лаҳжасида /ҳ/ ундоши мавжуд бўлмаган. Бу ундош тил тараққиётининг нисбатан кейинги даврларида лексиконга қўшилган.
Юқорида таъкидланганидек, аёл маъбудаларнинг дунёнинг яратилишида ва ҳаётнинг давом этишида тутган ўрни минг йиллар давомида қабул қилингани, Умай Она туркий халқларнинг асосий маъбудаси сифатида тушунилганини англаш мумкин. Тадқиқотлар натижасида олинган маълумотлар ҳамда деворий суратлар ва тангалардаги тасвирлар асосида Умай Онанинг қиёфасини бугунги замонавий инсонларимизга янада тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилдик. Илова қилинган расмда биз манбалар асосида Умай Онанинг замонавий кўринишини тасвирлаганмиз:
Умай она
Дилбар ҲАЙДАРОВА,
адабиётшунос
Расм муаллифи: Моҳина РАИМОВА
Тил
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ