Хаос – Она, Космос – Ота экан, унда бола ким? – Асотирларда яширинган рамзийлик


Сақлаш
18:03 / 04.03.2025 235 0

“Биз мавжуд бўлган бу олам Хаосдан туғилди” – ер юзидаги барча халқлар мифологияси мазмунан шу жумла билан бошланади. Унда айтилган Хаос ким ёки нима?

 

“Хаос” қадимги юнон тилидан таржима қилинганда “тартибсизлик” маъносини англатади. Бу сўзнинг зидди ўлароқ “Космос” тушунчаси ҳам мавжудки, бу “тартиб” демакдир (“Косметика” сўзининг ўзаги ҳам “космос” бўлиб, юзни тартибга солувчи воситаларга нисбатан қўлланилади).

 

Хўш, нега энди олам Хаосдан “туғилди”? Сабаби бу ерда Хаос – Она архетипининг, Космос эса Ота архетипининг рамзий маъносини яширади. Хаос бу Она, Космос – Ота экан, унда бола ким? Нега мифологияда туғилиш мотивлари деярли бир хил?

 

Она архетипи – бу фалсафадаги ибтидоий архетиплардан бири бўлиб, у инсоният тарихида юзага келган турли маданиятлар ва тамаддунда турли хил шаклларда тасвирланган, лекин унинг моҳияти ўзгаришсиз яшаб келмоқда. Бу севги, парвариш, қудрат, яратиш, ҳимоя қилиш ҳамда илм ва билимсизликка қарши курашиш каби тушунчалар билан боғлиқдир. Шунингдек, бу тушунча туғилиш ва ўлимни боғлаб турувчи кўприк ҳамдир.

 

Она архетипининг мифологиядаги кўринишлари қуйидагича:

 

Исида (Миср мифологияси);

Асотирга кўра Исида Осириснинг хотини. Осирисни ер ости салтанати ҳукмдори Сет ўлдирганда Исида эрини мўмиёлаб, қайта тирилтиради.

 

 

Деметра (Юнон мифологияси);

Ҳосилдорлик, яшариш-янгиланиш, яхшилик илоҳаси Деметра Зевсдан қиз фарзанд – Персефонани дунёга келтиради. Унинг қизига ер ости салтани ҳукмдори Аид ошиқ бўлиб қолади ва уни ўғирлаб кетади. Деметра қизини қайтаришини сўраб Зевсга ёлворади. Зевс Персефонани олти ой тириклар дунёсида – онасининг ёнида, олти ой ўликлар дунёсида – эрининг ёнида қолишига қарор беради.

 

 

Ота архетипи – бу инсоният тарихида ва психологияда энг муҳим ва кучли архетиплардан биридир. У, асосан, қудрат, раҳбарлик, адолат, ҳимоя, мувозанат ва билимни ифодалайди. Ота архетипи ҳар бир маданият ва мифологияда ўзига хос тарзда акс этган, лекин унинг ҳам моҳияти ўзгаришсиз яшаб келмоқда. Булар оталик, ўғилни ҳимоя қилиш, унга юксак маънавий қадриятлар, билим ва ижтимоий муваффақиятларни ўргатиш, ҳаётдаги йўлни кўрсатиш ва адолатни тиклаш каби миссияларни қамраб олади.

 

Ота архетипининг мифологиядаги кўринишлари қуйидагича:

 

Ра (Миср мифологияси);

Асотирларга кўра Ра қуёш худоси ҳисобланган. Қуёшнинг нури экинларни ўстирган, мўл ҳосил – тўқлик ва фаровонлик, дегани эди. Шунинг учун ҳам Ра одамларни боқади, ҳимоя қилади, деб ишонилган.

 

 

Зевс (Юнон мифологияси);

У юнон мифологиясида барча маъбудларнинг отаси бўлиб, адолатни таъминлаб, олам ва одамларнинг тақдирини бошқаради, деб ишонилган. Зевснинг тасвирида кучли ва мувозанатли ота образининг барча хусусиятлари мавжуд.

 

 

Бола архетипи – бу руҳшуносликдаги муҳим компонентлардан бири бўлиб, ўзгартириш, ўсиш ва янги бошланишнинг рамзи сифатида кўрилади. Бола архетипи инсоннинг ички дунёсида мавжуд бўлиб, содда мамнуният, ўргатиш ва ўсиш эҳтиёжи, ўрганишга бўлган иштиёқ ва имкониятлар билан тўла бўлиш каби хусусиятларни англатади. У, айниқса, инсон ҳаётининг бошланғич босқичларида, яъни болалик даврида, энг кўп ифодаланади, лекин психологик жиҳатдан, бу архетип бутун умр давомида мавжуд бўлиб қолади.

 

Бола архетипи ҳаётнинг янги бошланиши, сафар ва қийинчиликлардан ўтиш, ўсиш ва ривожланиш жараёнлари билан боғлиқдир. У одамларнинг ички фаровонлиги ва ҳаётда ўз йўлини топиш учун зарур бўлган руҳиятнинг ва маънавиятнинг бир қисми сифатида мавжуд бўлади. Карлос Юнгнинг архетиплари ва коллектив онгсизлик ҳақидаги назариясига кўра, бола архетипи, одамларнинг ўзини топиш, қайта тикланиш ва ҳаётнинг қувончли томонларини кашф этишда катта рол ўйнайди.

 

Бола архетипининг мифологиядаги кўринишлари қуйидагича:

 

Ҳор (Миср мифологияси);

Исида ва Осириснинг ўғли. Сет Осирисни ўлдирганда Исида Осирис тухумини олади ва ундан Ҳорни дунёга келтиради. У туғилганида шарқда ажиб бир юлдуз порлаган. Ҳор улғайиб отасининг қасосини олади ва ер устида мувозанатни тиклайди. У 12 шогирди билан шаҳару қишлоқларни кезиб инсонларни даволаган. Сувда юриш каби мўъжизаларни кўрсатган. Тифоннинг сотқинлиги сабаб Ҳор хочга тортилган. Дафн этилганидан 3 кун ўтиб қайта тирилган.

 

 

Дионис (Юнон мифологияси);

Олимпнинг олий худоси Зевс Фива маликаси Семелага кўнгил қўйди. Семела Зевсдан худолигини исботлашни талаб қилди. Зевс ноилож рози бўлди ва унга бутун қудратини кўрсатганда бунга чидолмаган Семела вафот этди. Лекин қорнидаги ҳомила ҳамон тирик эди. Зевс ҳомилани олиб то туғилмагунча уни ўз танасида кўтариб юрди. Икки марта туғилиш Дионисга икки олам қудратини берди. Дионис ҳам 25 декабрь куни дунёга келган. Сувни шаробга айлантириш каби мўъжизалар кўрсатган.

 

 

Барча халқлар мифологиясини солиштириб таҳлил этилса, қуйидагича ўхшашликларни кузатишимиз мумкин:

 

Она архетипи – хаос, ой, тупроқ, бокира каби шаклларда тасвирланади.

Ота архетипи – космос, нур, кабутар, тухум каби шаклларда тасвирланади.

Бола архетипи – қуёш, узум, қўзичоқ каби шаклларда намоён бўлади.

 

Деярли барча асотирларда бокира қиз ҳомиладор бўлади. Кундузи ҳам кўриниб турувчи юлдуз осмонда 3 кун чарақлагач, бокира она 25 декабрь куни фарзандли бўлади. У фарзанд бокиранинг биқинидаги ёриқдан дунёга келади. Фарзанд улғайгач инсониятга кўп нарсаларни ўргатади, ҳокимятга қарши исён кўтаради. Янги даврни бошлаб беради. Инсониятга нажот келтиради. Уларни азоб-уқубатлардан халос этади. Бу курашда унга 12 издош ҳамроҳлик қилади ва ёрдам беради.

 

Бу асотир астрономик жиҳатдан қуйидагича талқин қилинади: бокира қиз – ой қуёшни 25 декабрь куни дунёга келтиради. Эски қуёш 21 декабрь куни (ялдо кечаси) ўлади ва осмонда порлоқ юлдуз (Сириус) пайдо бўлади. Шу юлдуз изидан учта сеҳргар шоҳ (Орион белбоғидаги учта юлдуз назарда тутилган) янги туғилган қуёшни қутлаш учун етиб келади. 21 декабрдан 25 декабрга қадар қуёш ўз ўрнидан 3 градус силжийди. 25 декабрдан кунлар узая бошлайди.

 

Психологик жиҳатдан эса бола туғилиши, улғайиш жараёнида онгнинг шаклланиш тадрижидаги онг, шуур, онгостига ажралиши, ўзликни англаш, синовлардан ўтиш ва ниҳоясида азоб, ғам ва умидсизликдан халос бўлиш жараёни сифатида талқин қилинади.

 

Масалан, ҳинд мифологиясида Кришнанинг туғилишини олайлик. Бир куни ҳинд маликаси Деваки ёзги саройида сайр қилиб юрган вақти толиққанини ҳис қилиб, чодирига ором олиш учун йўл олди. Тушида чодирига олий худо Ганеша фил кўринишида кирганини кўради. Шундан сўнг бокира малика ҳомиладор бўлади ва 25 декабрь куни қуёш худоси Кришна туғилади. У туғилишидан олдин ҳам шарқ осмонида порлоқ юлдуз пайдо бўлганди. У улғайгач 12 издоши – Пандавалар билан адолатсизликка қарши курашади. Кришна ўлгач 3 кундан сўнг қайта тирилган ва осмонга кўтарилган. Индуизм тарафдорлари Кришнанинг ерга қайта тушишига, охиратда инсонларни ҳукм қилишига ишонадилар.

 

 

Фригия мифологияси қаҳрамони Аттисни ҳам 25 декабрь санасида Мария исимли қиз дунёга келтиради. У ота ва бола архетипини бир танада мужассамлаштирган образлардан бири ҳисобланади. У инсониятнинг гуноҳларини ювиш учун қарағай дарахти илдизини ўз қони билан суғоради.

 

 

Форсий мифологияга кўра эса, қуёш худоси Митра ҳам 25 декабрь куни ғорда бокира қиздан дунёга келган. Унинг ҳам 12 издоши бўлган. Миртага ибодат қилиш куни якшанба (“Сундай” – “сун” қуёш, “дай” кун) бўлгани ҳам бежиз эмас. Митра 7 та маросимни жорий этган, улардан бири “Эвхаристия” деб аталиб, унда ибодат қилувчилар нон ва шароб еган ҳолда Митранинг илоҳийлигидан баҳраманд бўлганлар. Митра ҳам сотқинлик сабаб ўлдирилган, ўлганидан 3 кун ўтиб қайта тирилган.

 

 

Юқоридаги асотирларга ўхшаш афсоналар айрим камчилик ёки ўзгаришлар билан бошқа халқлар мифологиясида ҳам топилади. Уларга қуйидагиларни мисол келтиришимиз мумкин:

 

Будда (Ҳиндистон);

Саливаҳанна (Бермуда);

Один (Скандинавия);

Заҳдушт (Аҳамонийлар);

Индра (Тибет);

Бали (Афғонистон);

Жао (Непал);

Таммуз (Сурия);

Адад (Оссурия);

Беддру (Япония);

Гентаун (Мексика);

Тиен (Хитой);

Калки (Ҳиндистон).

 

Отасиз туғилиш мотиви бадиий адабиётда акс этганми?

 

Этен Лилиан Войничнинг “Сўна” асари бош қаҳрамони никоҳсиз туғилган Алберт то ўлими қадар отаси кимлигини билмайди. Балки, шу сабаб ҳам у жамиятдан ажралиб, ўзлигини топишга урингандир. Яна шу нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Алберт ҳам ўсмир чоғида уйидан қочиб кетади ва баъзи кийимлари денгиздан топилгач, яқинлари уни ўлди деб ўйлайди. У бундан фойдаланиб, янги исм билан янги ҳаёт бошлайди. Алберт “сўна” лақаби билан жамиятдаги чиркинликларга қарши курашади.

 

Яна бир мисол эса рус адабиётидан Лев Толстойнинг “Тирилиш” романи бўлиб, унда Катюша отаси номаълум ҳолда туғилади. Асранди сифатида улғайган қизалоқ олган тарбияси, ижтимоий келиб чиқиши, моддий қийинчиликлар ва замон зайли билан жиркач олам вакиласига айланади. Судда оқлангани ва кечирилиши сабаб у қайта “тирилади”. Балки, шунинг учун ҳам асар “Тирилиш” деб номлангандир.

 

Келинг, юқоридаги асотирларда яширинган рамзларни таҳлил қилиб кўрсак.

 

Уч рақами сизга нималарни эслатади? Уч замон, уч олам…

 

Ота архетипи, бу – ўтмиш.

Она архетипи, бу – бугун.

Бола архетипи, бу – келажак.

 

Бу рамзлар бизга ўтмишимизни унутган ҳолда бугунимизни яшаб, келажакка ишониш ҳақида насиҳат бераётгандир.

 

Ёки:

 

Ота архетипи бу – ер ости.

Она архетипи бу – ер.

Бола архетипи бу – осмон.

 

Шу жойида Румийнинг бир гапи ёдимга тушаверади: “Уруғ униб кўкка бўй чўзиши учун аввал кўмилиши керак”. Ҳаётий ҳақиқатнинг рамзий жиҳатига эътибор беринг. Биз уруғмиз. Кўкка бўй чўзган қайсидир бошоқдан тушганмиз. Биз ҳам кўкка бўй чўзишимиз учун ерга кўмилишимиз керак, яъни синовларда тобланишимиз (маънан ўлишимиз) керак. Она тупроқдан униб чиққанимизда биз ҳам бошоқ тугамиз ва Ҳаёт шу тарзда давом этаверади.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ота, она, бола архетиплари, бу инсониятнинг асосий руҳий, маънавий ва ижтимоий муаммоларини акс эттирувчи образлардир. Ҳар бири ўзининг рамзий маъноси орқали инсоннинг ички изланишлари, ижтимоий роли ва руҳий ўзгаришларини ифодалайди. Улар биргаликда ҳаётнинг турли босқичларини, эврилишларни ва инсоннинг ўзини англаш йўлидаги машаққатларини тасвирлайди.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17930
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//