
Ўзбек халқи тарихида юрт учун курашиб, ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатган инсонлар жуда кўп. Шундайлардан бири ХХ аср бошидаги миллий озодлик ҳаракатининг ёрқин намояндаси Ўтан Полвон Эргаш ўғлидир. Бу ном бугунги кунда кўпчиликка таниш эмас. Аждодларининг мероси ва авлодларининг келажаги учун курашган ушбу ўзбек ўғлони номини эслаш, шубҳасиз, айни дамда жуда ўринлидир.
Ўтанбек Эргашбой ўғлининг туғилган йили борасида аниқ фактлар йўқ. Баъзилар у 1900 йилда туғилган деб ёзган бўлса, айрим манбаларда 1904 йил кўрсатилган.
Ўтанбой Сурхон воҳасида яшовчи ўзбекларнинг қўнғирот уруғидан чиққан. Совет даври манбаларига кўра, унинг отаси Эргаш полвон катта чорвадор бўлган. Ўтанбек ёшлигини ҳозирги Жарқўрғон, Шеробод ва Денов ҳудудларида отасининг сурувини боқиш билан ўтказган. Ўрта жуссали ва қорамағиздан келган Ўтан полвон ўсмирлигиданоқ қишлоғидаги кураш ва кўпкари мусобақаларида қатнашиб, ном чиқарган. Уловларда рақибларининг отини ҳам улоққа қўшиб тортиб кетадиган даражада моҳир ва чапдаст йигит бўлиб улғайган.
Замондошларининг таъкидлашича, Ўтанбек жуда харизматик, сўзга чечан, ақлли ва фаросатли йигит бўлган. Бухоро амирлиги қизил армия томонидан босиб олинган 1920 йил центабр ойидан бошлаб бу ўзбек йигити ҳаётида қора кунлар бошланади. Сурхон воҳасига ҳам қизил армия қисмлари кириб келади. Улар бу ерда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзига зид бўлган янги қоидалар ўрнатади.
Маҳаллий аҳоли табаррук деб биладиган эшонларнинг мол-мулки мусодара қилинади. Жарқўрғон ва Шерободда собиқ амир амалдорлари, йирик ер эгалари, катта чорвадорлар, бой савдогарлар, мироблар, қозилар, аминлар ва муллаларнинг бор буди зўрлик билан тортиб олинади. Бундай адолатсизлик, миллий қадриятларнинг поймол қилинишига чидай олмаган Ўтан Полвон ўз атрофига йигитларни бирлаштириб, совет ҳокимиятига қарши қуролли кураш бошлайди.
Унинг қизилларга қарши илк ҳарбий ҳаракатлари 1921 йилнинг охирларидан бошланади. Дастлаб кичик гуруҳга бошчилик қилган Ўтанбек, 1923 йилга келиб 150-200 нафаргача бўлган йигитларни ўз теварагида тўплайди. Кейинчалик Ўтанбек қўл остидаги жанчилар сони ярим минггача етади.
Ўтанбек отряди Шеробод ва Жарқўрғонда қизил армияга жиддий зарбалар беради. Унинг ҳарбий маҳорати ва жасорати ҳақида миш-мишлар халқ орасида тез тарқалади. 1920 йилларнинг иккинчи ярмидан Ўтанбек истиқлолчилар етакчиси Иброҳимбек қўл остига ўтиб, унинг раҳбарлигини тан олади.
1924 йил бошларида қизил армия шиддатли қарши ҳужумга ўтади. Большевиклар Ўтанбекнинг гуруҳига қаттиқ зарбалар беради, унга ёрдам берган қишлоқларни ёқиб юборади ва тинч аҳолини қирғин қилади. Ўтанбек бутун Шарий Бухоро бўйлаб қидирувга берилади. Натижада, тенгсиз жанглардан кейин, Ўтанбек қўл остидаги кўплаб йигитлар ҳалок бўлади ёки ўз уйларига қайтиб кетади. Шундан сўнг Ўтанбек бир муддат кичик гуруҳлар билан ёки ёлғиз ҳаракат олиб боради.
Энди у ҳам қизилларга қарши кураш усулини ўзгартиради. Ўтанбек қизил командирлар ва уларнинг маҳаллий халқдан чиққан вакилларига ҳамлалар қилар, йўлларига пистирмалар қўяр, иш жойларига қўққисдан ҳужум қиларди. Бу кутилмаган ҳужумлардан сўнг у қизиллар орасида «Степной волк» – «дашт бўриси» деб атала бошланади.
Ўтанбек ва бошқа ўзбек қўрбошиларининг Шарқий Бухородаги қаршилик ҳаракатини бостириш учун СССР Халқ Комиссарлари Совети ҳузуридаги Бирлашган Давлат Сиёсий Бошқармаси (ОГПУ) раиси Феликс Дзержинский Душанбега Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси, тажрибали зобит ва разведкачи Чеслав Путовскийни юборади.
Путовский ҳарбий тажриба жиҳатдан Ўтанбек қўрбошидан анча устун эди. У 1887 йилда Варшавада туғилган, 70-Рига пиёда полкида хизмат қилган ҳамда Биринчи жаҳон урушида қатнашганди.
Путовский 1917 йил октабрда Петрограддаги тўнтаришда фаол иштирок этган. Шундан сўнг Смоленскда Чека (Аксилинқилоб ва саботажга қарши кураш бўйича раисининг ўринбосари) раиси, кейинроқ Москва ҳарбий округида ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси – совет давлатнинг хавфсизлик органи) махсус бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
1922 йил охирида Путовский ГПУнинг «захира гуруҳи» таркибида Ўрта Осиёга юборилади. 1925 йил мартигача Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳудудида миллий озодлик ҳаракатига қарши курашда қатнашади. Совет давлати олдидаги хизматлари учун Чеслав Туркистон ОГПУ ваколатли бошқармасининг совет давлатига қарши қуролли ҳаракатни тугатиш бўйича махсус гуруҳи бошлиғи этиб тайинланади.
1924 йил 16 декабрда Чеслав Путовский янги тузилган Тожикистон АССРънинг ГПУ бўлими бошлиғига айланади.
Бу пайтда Ўтанбек қўрбоши айнан Тожикистон ҳудудларида фаол ҳаракатлар олиб бораётганди. Путовский ушбу озодлик курашчисини йўқотишга жиддий эътибор қаратади. Чунки Ўтанбек Иброҳимбекнинг ўнг қўли ўлароқ анча машҳур ва кучли қўрбошиларидан эди. 1925 йилнинг апрелида Чеслав Путовскийга Ўтанбек Боботоғ этакларида экани маълум қилинади.
Қизил армия жангчилари орасида Ўтанбек бир қанча қизил аскарларни яккама-якка жангларда осонлик билан маҳв этгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Уларни эшитган Путовский қаёқдаги «ёввойи осиёлик»ни шахсан ҳалол жангда ер тишлатиб, шон-шарафга эришиш ҳақида ўйлайди.
Путовский маҳаллий чўпонларга «Ўтанбекка айтинглар мард бўлса мен билан яккама-якка жангга чиқсин. Унинг хавфсизлигини кафолатлайман. Бу менинг офицерлик сўзим (зобитнинг шарафи, садоқати ва берган ваъдасига содиқлигини англатувчи тушунча. Зобит ўз «сўзи»га жавобгар бўлган ва уни бузиш энг катта шармандалик ҳисобланган)» дея хабар беради.
Чеславнинг бу чақириғи Ўтанбекка етказилади. Анчадан бери унинг йигитлари ва бошқа қўрбошиларни йўқ қилаётган бу қизил командирни бир ёқлик қилишни Ўтанбек ҳам анчадан бери ўйлаб юрганди. Ўтанбек унга «чоршанба куни тушда фалон жойда учрашамиз» дея дуэль бўладиган жойни маълум қилади. 1925 йил 21 апрелда улар белгиланган жойга келади.
Чеслав қизил аскарларга жангга аралашишни «қатъиян» ман қилади. Ўтанбек билан бўлган деулда Чеслав оғир ярадор бўлади ва олган жароҳатидан кейинроқ жон таслим қилади.
Ушбу қизил командирнинг қўрбоши Ўтанбек билан дуэли шунчаки икки аскарнинг тўқнашуви эмас, балки мустақиллик учун курашаётган халқ ва уни бўйсундиришга уринаётган империя ўртасидаги жанг эди.
Бу драматик дуэлни кўрган маҳаллий чўпонлар узоқ вақт бу жанг ҳақида бир бирларига айтиб юради.
Ёзувчи Темурмалик Бердихон бу тўқнашувни шундай тасвирлайди: «Дон даштларининг чавандоз ботири ва Туркистоннинг отлиқ баҳодири бир муддат бир-бирига тикилиб турди. Ҳамма жим, ҳайрат ва қизиқиш билан кузатишарди. Бир муддатлик нигоҳлар жангидан сўнг икки суворий бирданига, қиличларини баланд кўтариб олдинга отилди. Отлар шиддат билан чопишар, масофа эса тоборо қисқарарди. Отлиқлар тўқнашганда қизил командир рақибнинг бўйнига зарба берди. Лекин қандайдир сония ичида Ўтанбек унинг зарбига чап берди ва узангига оёқ тираганча душмани елкасига қилич солди. Чеслав елкасидан қорнигача даҳшатли оғриқни ҳис этди ва бу йигитни жангга чорлаб катта хато қилганини тушунди. Бу унинг энг охирги хатоси эди».
Чеслав Путовскийнинг ўлими Тожикистон АССР ҳукуматини қаттиқ ғазаблантиради. Чунки Тожикистон большевикларининг биринчи рақамли «чекисти» қўрбоши билан яккама-якка жангда мағлуб бўлиши бу сиёсий воқеа ҳам эди.
1925 йил 24 апрелда Тожикистон АССР ҳукумати эълон қилган ахборотда «22 апрель куни тонгда, ватан озодлиги учун курашган инқилобчи, Шарқ ишчиларининг озодлиги йўлида жонини фидо қилган, Чеслав Антонович Путовский вафот этди. Дафн куни – 24 апрель Тожикистон Совет Социалистик Автоном Республикасида мотам куни деб эълон қилинади. Чеслав Антонович Путовскийнинг хотирасига ҳурмат сифатида Душанбе шаҳридаги шаҳар боғи ва янги кўча унинг номи билан аталади» дейилганди.
Аммо совет даври адабиётларида чекистлар командирининг ўлими ҳақида «иш кабинетида ўтирганда суиқасд қурбони бўлди» деб ёзилган. Чунки советлар Путовскийнинг қўрбоши билан дуэлда мағлуб бўлганлигини ҳазм қилолмаган ва узоқ йиллар нотўғри маълумот тарқатган.
Ўтан қўрбоши эса дуэлдан кейин яна Ҳисор томон чекинган. У Иброҳимбек билан Афғонистонга ўтиб, у ерда ҳаракатларда иштирок этган. Кобулда тузум алмашгач Бачайи Сакони қўллаган туркистонлик истиқлолчилар СССР иттифоқчиси бўлган Нодиршоҳ томонидан сиқувга олинади. Ҳукумат уларни Афғонистондан чиқариб юборишга уринган ва уларнинг боши учун катта мукофот ваъда қилган.
Ўтанбек ҳам Бадахшон тоғларида кураш олиб бораётган кезда яқин сафдоши томонидан ухлаб ётганда маҳв этилади. Шу тариқа ватани учун жанг қилган, юртига ҳамла қилган босқинчилар билан мардларча курашган ўзбек қўрбошисининг умри якун топади.
Убайдулла Қувваталиев
Термиз давлат университети тузилмасидаги
Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ