Давлат идораларида руслар эмас, ўзбеклар бўлиши керак – 15 ёшида мактаб очган Эшонхўжа Хоний ким эди?


Сақлаш
15:18 / 26.02.2025 38 0

Ўтган даврнинг 20-йиллари охиридан миллат ойдинларига нисбатан советлар зўравонлиги кучайиб борди. Уларни жисмонан йўқ қилиш йўлида ялпи қатағонлар бошланди. 1929 йил 5 ноябрь куни совет “ГПУ”сининг ташаббуси билан аксилинқилобий ҳаракатда айбланиб Мунавварқори Абдурашидхонов етакчилигидаги 38 кишини ҳибсга олиш учун ордер чиқарилди. Улар ичида Эшонхўжа Хоний ҳам бор эди.

 

Туркистон жадидчилик ҳаракатининг энг олдинги қаторида турган йирик арбоблардан бири Мунавварқорининг қариндоши ва сафдоши Эшонхўжа Хоний ҳаёт ва фаолияти жадидчилик тарихида ҳали очилмаган қўриқлардан биридир. Зеро, унинг билан боғлиқ маълум тадқиқотлар “тошкентлик янги усул мактабдори” экани билан чекланади. Ушбу мақолада Эшонхўжа Хоний ҳаёти ва фаолиятининг маълум бир қирралари сўнгги тадқиқот натижаларига кўра очиб берилади.

 

Эшонхўжа Хоний 1893 йили Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги Қуйи Девонбеги маҳалласида туғилган. Отаси ХIХ аср иккинчи ярми ХХ аср бошларида яшаб ўтган Шораҳим Хонхўжа эшон диний ва дунёвий илмларнинг чуқур билимдони сифатида Тошкент уламолари орасида яхшигина обрўга эга зиёли кишилардан бўлган. Эшонхўжа оиласи ҳақида мавжуд маълумотларда 1913 йили туғилган қизи Хайрия Эшонхўжа қизи Тошкентдаги 8-сонли болалар уйида тарбиячи бўлиб ишлагани ва 1930 йиллари Тошкент тиббиёт институтида таҳсил олгани келтирилади.

 

Эшонхўжа дастлаб отаси қўлида, сўнгра эски усул мактабида савод чиқарган. 1902–1907 йиллари Тошкентда эндигина танила бошлаган Мунавварқори мактабига кириб янги усулда таҳсил олган. Айни пайтда, муаллим ёрдамчиси сифатида педагоглик маҳоратини эгаллаб борган. Янги усул мактабларига оид китоб ва рисолаларни мутолаа қилиб билимларини янада мустаҳкамлаган. Шогирдларидан профессор Иброҳим Ёрқин кейинчалик бу жараёнларни шундай эслаган эди: “Эшонхўжа Хоний собиқ Туркистонда илк бора янги усул очганлардан. Мунавварқори ёнида янги усулда ўқитиш ҳақида баъзи маълумотлар йиғиб, дастлаб бу борада амалий машғулотлар олиб борарди ҳам Исмоил Ғаспралининг усули жадидига оид баъзи рисола ва китобларини ўқиш орқали ўзини-ўзи ўстириб борувчи, ғайратли ва илғор фикрли бир киши эди”.

 

Педагогикада етарли билим ва тажрибага эга бўлган Эшонхўжа Хоний 1908 йили 15 ёшида ўзининг янги усул мактабини очиб миллат болаларини тарбиялашга киришган. “Хония” номли мактаб қисқа фурсатда тошкентликлар орасида шуҳрат қозониб, 24 янги усул мактаби ичида энг йирикларидан бирига айланган. Хусусан, 1911 йили у ерда 160 ўқувчи таҳсил оларди.

 

Тошкентдаги янги усул мактабларининг кўпчилиги қатори Эшонхўжа мактаби учун Мунавварқорининг “Намуна” мактаби дастурини асос қилиб олган. Унга мувофиқ мактаб ўқувчилари биринчи синфдаёқ Мунавварқори томонидан ёзилган “Адиби аввал” китоби асосида алифбони ўрганиб, Қуръондан бир неча сураларни ёдлаганлар. Иккинчи синфда “Адиби соний”, “Адаби дин” номли китоблардаги баъзи маълумотлар мазмунини ёзма шаклда ифодалаб келиш учун “кўчириб ёзиш” вазифаси берилиб, ёзув кўникмаси шакллантирилган. Айни пайтда, ўқувчиларда иттифоқлик руҳини шакллантириш учун дарслар ўртасидаги танаффусларда кўнгилочар копток ва чиллак каби ўйинлар йўлга қўйилган.

 

Жадид мактаблари нуфузининг кескин ошиб бориши мустамлака маъмурларини хавотирга солмаслиги мумкин эмас эди. Шу сабабли мустамлакачилар жадид мактабларига қарши турли тадбирлар, хусусан, жадид муаллимларни матбуотда сазойи қилиш, турли баҳоналар билан мактабларни ёпиб қўйиш, дарсликларга сензура жорий қилиш ва бошқалар орқали халқ тасаввурида жадидларга нисбатан ғаразли муносабатлар уйғотишга ҳаракат қилдилар. Жадидлар ҳам ўз навбатида турли воситалар орқали қилинаётган ҳужумларга жавоб бериб, халқ наздида янги усул мактаблари нуфузини янада мустаҳкам борди. Хусусан, Эшонхўжа бундай ҳаракатнинг энг олдинги сафларида турди: Отасининг моддий кўмаги билан мактаб учун алоҳида бино солдирди. Синфлар сонини 3 тага етказди. Бошланғич таълим билан бирга юқори босқич таълим шаклини йўлга қўйди. Ўқувчиларга ўқиш, ёзиш, ҳисоб-китобни ўргатиш билан бирга “Адиби аввал”, “Адиби соний”, “Адаби дин”, “Адабиёт” сингари миллий асарлар асосида дастуриламал ишлаб чиқиб миллий руҳда тарбиялади. Уйга берилган вазифалар орқали ўқувчиларда мустақил фикрлаш ва илм олиш кўникмаларини ривожлантириб борди.

 

Эшонхўжа Хоний нафақат педагог, балки педалог ҳам эди. Шу сабабли ўқувчиларнинг ёши ва психологиясига кўра таълим ва тарбия даражасини кўтариб борди. Юқори синфларда “Маълумоти нафия” номли тарбия дарсини жорий қилиб, болаларнинг ёшига уйғун равишда турли ҳикоялар орқали инсон, аввало, иқтидорига кўра илм эгаллаши, сўнг бу илми билан ота-онаси ва миллатига фойдали хизмат қилиши лозимлигини сингдиришга интилди. Турон ўтмишидаги буюк давлатлар тарихи, Ислом оламидаги машҳур туркистонлик олимлар ҳаётидан намуналар олиб, кейинги даврдаги қолоқлик ва қарамлик сабаблари тушунтирилди. Туркистонни қарамлик фалокатидан чиқаришнинг ягона чораси – миллатнинг бор имконият, иқтидорини ишга солиб илм ва техникани эгаллаш орқали бўлишини у жуда яхши англарди.

 

Эшонхўжанинг маърифий фаолиятидан кўзланган ягона мақсади – замонавий билим билан қуролланган янги авлод етиштириш ва улар ёрдамида Туркистонни озодликка олиб чиқиш бўлган. Бу йўлдаги ҳаракатлари изсиз кетмагани тарихдан маълум. Кейинчалик Ўзбекистон ва дунёнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий тараққиётида катта ўрин тутган қатор арбоблар унинг мактабида таҳсил олгани буни кўрсатиб туради. Жумладан, шогирдлари ичида Қаюм Рамазон, Салим Тиллахон, Ҳусайн Жонбой, Саъдулла Қосим ўғли, Элбек, Абдуваҳоб Муродий, Иброҳим Ёрқин каби кўринарли жамоат ва маданият ходимлари бор эди.

 

1917 йил Феврал воқеалари ва илк совет даврида Эшонхўжа Хонийнинг асосий фаолияти маориф йўналишидаги сиёсий ҳаракатлар билан уйғун ҳолда кечди. 1918–1922 йиллари янги ташкил этилган “Ҳаёт” номли жадид мактабига раҳбарлик қилиб, ёшларни советларга қарши руҳда тарбиялашга интилди. Мустақиллик ғояларини тизимли равишда тарғиб қилиб борди. Суҳбатларда тез-тез “Ўзбекистонда руслар ҳукмрон. Барча давлат идораларида фақат улар ўтиради. Аслида у ерда ўзбеклар бўлиши керак”, дея ўлкани руслаштиришга қарши чиқди. Бу каби маданий-маърифий жабҳадаги сиёсий курашлар совет идоралари назаридан четда қолмади. Турли тазйиқ ва босимлар натижасида Эшонхўжа Хоний 1926 йилдан кейин совет таълим сиёсатидан норозилик ифодаси сифатида ўқитувчилик фаолиятини тўхтатди.

 

1917–1929 йиллари Эшонхўжа Хоний Туркистон озодлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун миллий сиёсий тузилмалар сафига қўшилди. “Шўройи ислом”, “Турк адам марказият фирқаси”, “Иттиҳоди тараққий”, “Миллий иттиҳод” сингари очиқ ва ёпиқ ташкилотларга кириб, Туркистон озодлиги йўлида сидқидилдан кураш олиб борди. Миллий ташкилотларда унинг чекига тушган асосий вазифа янги аъзолар жалб қилиш, халқ орасида ташкилот таъсирини ошириш, советларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кабилардан иборат бўлди. Жараёнларнинг гувоҳи бўлган Обидхўжа Саидов кўрсатишича, Эшонхўжа Хоний Мунавварқори бошчилигидаги “Миллий Иттиҳод” яширин ташкилотида раҳбарлик даражасида фаолият юритган эди: “1918 йил ёз ойларида Рустамбек Ниязбеков билан кўришиб қолдим. У мени ўзи билан номаълум бир ерга боришга таклиф қилди. Биргаликда Девонбеги маҳалласидаги бўш бир бинога кирдик. Бино “Ҳаёт” мактаби қаршисида жойлашган эди. У ерда мен ташкилотга кирдим. Қабул маросимида қатнашган ниқобли кишиларни кейинчалик ўргандим. Улар Эшонхўжа Хоний, Эшонжон Ҳазрат ва Тангриқул ҳожи экан”.

 

Эшонхўжа Хоний советларнинг кўплаб тадбирларига қарши чиқиб уларга нисбатан норозилик муносабатини яширмаган. Хусусан, пахта майдонларининг кенгайтирилиши, хотин-қизлар масаласи, давлат идораларининг ерлилаштирилиши шулар жумласидандир. Советларнинг иқтисодий салоҳиятсизлиги орқасида бутун мамлакатда ғалла танқислиги келиб чиқаётгани, Москванинг Туркистонга ғалла ва саноат маҳсулотлари етказиб бера олмаётгани ортида ҳам шу сабаб турганини қўрқмасдан танқид қилган: “Москва деҳқонларни пахта экишга зўрламоқда. Ваҳоланки, бизда ва ҳатто Москванинг ўзида ғалла етишмовчилиги бор. Ваъдага мувофиқ Ўрта Осиё халқи ғалла билан таъминлангани йўқ. Натижада, аҳолини ғалла билан таъминлашда улкан муаммолар юзага келмоқда. Бир сўз билан айтганда, пахта майдонларини кенгайтириш халққа жабр бўлди. Энг кўп ўзбек деҳқонлари азият чекди. Бундан ташқари, Москвага пахта етказсак ҳам эвазига етарли саноат маҳсулотлари келтирилмади”.

 

Аёлларнинг юзини очиш масаласида эса шошма-шошарликка қарши бўлган. Бошқа жадидлар сингари аёлларни маърифатли қилмасдан туриб паранжини ташлаш масаласини кўтармаслик тарафдори эди. Шунингдек, советларнинг синфий назарияси ҳам унинг қарашларига зид бўлган. Миллатнинг синфга ажратиб инсоний ҳуқуқлардан, айниқса, таълим ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас деб ҳисоблаган. Шунинг учун советлар томонидан мулклари тортиб олинган тошкентлик бой Хўжахоннинг ўғлини Фарғона техникумига ўқишга юборишда амалий ёрдам кўрсатган.

 

1918 йилдан бошлаб аввал Туркистон, сўнгра Ўзбекистон миқёсида очиқ қуролли ва яширин ташкилий тарзда озодлик курашлари амалга оширилди. Миллий ташкилотлар орқали ягона ғоя ва мақсад асосида бирлаштиришга ҳаракат қилинди. Бунга қарши совет хавфсизлик идоралари томонидан чоралар кўрилгани ҳам маълум. Хусусан, 20-йиллардан бошлаб фаол жамоат ва маданият арбоблари таъқибга учраб ҳибсга олина бошландилар. 1929 йил Мунавварқори ва сафдошларига қарши “махсус амалиёт” ўтказилиб йирик қатағонлар тўлқини бошлаб юборилди. Бу жараёнлардан барвақтроқ хабар топган Эшонхўжа Хоний яқин ўртоқлари билан Шарқий Туркистонга қочишга мажбур бўлди.

 

Ҳозирча унинг Қошғардаги фаолияти ҳақида етарли маълумотлар мавжуд эмас. Мавжуд адабиётларда таниқли олим Ш.Турдиев тадқиқотларига таянилиб, унинг Шарқий Туркистонда уйғурлар билан бирга Хитой ҳукуматига қарши исён қилгани, Собит домулла бошчилигида тузилган Шарқий Туркистон ҳукуматида вазир бўлиб ишлагани ва советлар таъсири кучайгач 1934 йили Шарқий Туркистон билан Ҳиндистоннинг тоғли бир ерига қочиб бориб ўша ерда вафот этгани баён қилинади. Сўнгги изланишларда буни тасдиқловчи бирор манбага дуч келинмаган бўлса ҳам, Эшонхўжанинг Қошғардаги ҳаёти билан боғлиқ айрим маълумотлар топишга муваффақ бўлинди. Хусусан, 1932 йилга тегишли ҳужжатлардан бирида унинг Қошғарга бориб бой савдогарлардан Сотиболди Анаситдинхўжаев қўлида омборхонада мудир бўлиб ишлаганлиги маълум бўлди. Шу йили “Абдулла Охун” имзоси билан қизи Хайрияга ёзган мактубида эса “тинч-саломат ишлаётгани ва имкон топилса Туркияга кетишни режа қилаётгани”ни билдиради. Бинобарин, Эшонхўжа Хонийнинг хориждаги ҳаёт ва фаолияти келгусида янги тадқиқотларга муҳтож. Шу сабабли келажакда бу борада изланишлар давом эттирилиб, унинг фаолияти тўлиқ ўрганиб чиқилиши мақсадга мувофиқ саналади.

 

Асадулло ҲАСАНОВ,

ЎзФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16059
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//