
Кинодаги ишларимнинг автобиографик хусусияти ҳақида кўп гапиришади. Мен фильмларимда ҳаётий тажрибамни рамка сифатида ишлатаман, лекин айнан тафсилот бермайман ва таржимаи ҳолимдан материал сифатида фойдаланишни ёмон нарса деб билмайман. Чунки ҳаётимдаги воқеаларни ҳикоя қилиш билан ўйларим, уйдирмаларим, хаёлларим ва ёлғонларим ҳақида гапиргандан озроқ очиламан. Бизнинг барча сирларимиз ана шунда яширинган. Танани кийим билан осонгина яшириш мумкин, лекин қалбни яшириш осон эмас. Мен ит ёки стул ҳақида фильм суратга олсам ҳам, у қайсидир маънода барибир ўзим ҳақимда бўлиши мумкин. Мени чиндан билиш учун фильмларимни яхши билиш лозим, чунки улар борлиғимнинг энг теран қисмидан пайдо бўлади, фильмларимда тўлиқ очиламан. Ҳатто ўзим ҳам билмаган пинҳон жиҳатларимни кашф этаман, ўзимда борлигини билмаган фикрларни очаман. Тасаввуримни уйғотадиган нарса аслида ўз ички “мен“имнинг теран ҳақиқати. Эҳтимол, бу менинг ўз-ўзимни руҳан даволаш усулимдир. Фильм суратга олаётганимда худди ўзимдан интервью олаётгандек бўламан...
Ит узоққа улоқтирилган тўп ортидан қувиб бориб, уни фахр билан тишлаб олиб қайтишини тасаввур қилинг. Бундан итлар ва одамлар табиати ҳақида муҳим нарсаларни англаш мумкин. Ит ушбу ҳаракатидан хурсанд бўлади, негаки у бунинг учун мукофотланади, мазали емак билан сийланади. Биз инсонлар ҳам ҳаётимизда олқишлар билан кутиб олинадиган нимадир қилишни хоҳлаймиз. Мен қиладиган ўша иш – кинорежиссёрлик.
Федерико Феллини
Мен ўзимга ҳамфикр инсонлар орасида бўлмасам, ижод қилишни тасаввур қила олмайман. Ҳамкорлик қилаётган одамларим билан ўзаро ишонч, самимий муносабатда бўлиш мен учун зарурат. Баъзан ўзинг ёқтирмаган одамлар билан ҳам тил топишишга тўғри келади, албатта, улар ҳам кучли, шунга муносиб шахслар бўлиши керак. Мен табиатан цирк одамиман ва менга доим аҳил жамоа керак бўлади. Фильм ишлаш жараёни одамларни бир-бирига яқинлаштиради ва бора-бора улар билан бир оиладек бўлиб кетасан. Агар жамоа шундай самимий бўлса, мен жуда осон ишлайман. Ўзимни худди экипажим билан янги дунёни очиш учун йўлга чиққан Христофор Колумбдек ҳис қиламан. Баъзида жамоанг сени англаши осон кечади, баъзида эса саёҳатни давом эттиришга уларни мажбурлашга тўғри келади.
Мен доим Америка ҳақида фильм суратга олишни хоҳлаганман, фақат “Чинечитта“ студияси павильонларида. “Интервью“да Франц Кафканинг “Америка“ романи асосида йигирманчи аср бошларидаги Нью-Йорк тасвирини яратиш ниятим борлиги ҳақида аллақачон гапирганман. Италияда, аниқроғи Римда, айнан “Чинечитта“да ишлашни хоҳлашимга эса кўплаб сабаблар бор. Уларнинг энг муҳими – “Чинечитта“даги муҳит, у ер менга ўзгача таъсир қилади, тасаввурим ишлашига ёрдам беради.
Мени кўпинча “Ўз завқинг учун фильм суратга оласан” дея айблашади. Бу танқид асосли, адолатли. Аммо мен фақат шундай ижод қила оламан. Агар сиз кимгадир ёқиши учун фильм ишласангиз, унда ҳеч кимга завқ бера олмайсиз. Қилаётган ишингиз аввало ўзингизни қаноатлантириши керак. Ўзингиз завқланадиган нарса ҳақида фильм оларкансиз, тўлақонли куч билан, жонингизни бериб ишлайсиз. Агар бу бошқаларга ҳам завқ берса, янада яхши. Мен бунга аминман. Мабодо, бирор ишни истамай қиладиган бўлсам, бу жуда азоб беради ва олдинга силжишга имкон бермайди.
Стивен Спилбергнинг омади бор: у кўпчиликка ёқадиган нарсани яхши кўради. У бу ишни самимий ва муваффақиятли бажаради. Санъаткор ўзига ёқадиган услубда ўзини ифода этиши керак. Ҳеч қандай муроса керак эмас. Томошабинга ёқишга ҳаракат қиладиганлар ҳеч қачон ҳақиқий ижодкор бўла олмайди. У томонга бироз, бу томонга бироз муроса қилинадиган жойда шахсият йўқолади. Бир марта муроса қилдингизми, тамом. Менимча, ҳақиқий санъаткор бўлиш ё бўлмаслигинг – ўзингга ёққани учун қиляпсанми ёки бошқаларга ёқиш учун ҳаракат қиляпсанми – шу нарсага боғлиқ.
Фильм яратишда ўз ишимдан кўнглим тўлмаса ёки маблағ етишмаса, умуман, қийинчиликлар юзага келганда мен ўзимга: “Хурсанд бўл, меҳнатинг осон эмас”, дейман. Чунки, ҳар ким режиссёр бўлишни хоҳлаши мумкин, агар бу иш осон бўлганда, режиссёрлар тиқилиб кетарди, жуда катта рақобат бўларди. Мен буни ўзимга айтиб тураман, лекин ишонтирмайман.
Ўзимга ёқмайдиган ишларни қилишга тўғри келса, жуда дангаса одамга айланаман. Авваллари бўлганидек, менда ҳам “хоҳлаганингни қил ва иложи борича яхшироқ қил“ дейдиган ҳомийлар бўлишини истайман. Бу орзу. Чунки пул доим маълум шартлар билан берилади ва унга бўйсуниш оғир менга. Мен Пиноккио билан ҳамфикрман, у қўғирчоқ бўлишни эмас, “тирик бола“ бўлишни, яъни, ўзи бўлишни хоҳлайди. Мен ҳам ҳомий қўлида қўғирчоқ бўлгим келмайди...
"Йўл" фильмидан кадр
Фильм ишлаш жараёнида тўлақонли ҳаёт кечираман. Бу менинг юлдузли дамларим бўлади. Мен ҳар қандай ролни ўйнай оладиган, фильмга алоқадор ҳамма нарсани эплайдиган, чарчоқ нима билмайдиган одамга айланаман. Тасвирга олиш ишлари қанчалик кеч тугамасин, эртасига тонгдаёқ ишга шошиламан. Кинорежиссёр учун жисмоний куч жуда муҳим. Бу иш жуда кўп энергия талаб қилади. Энг яхши ғоялар тушимда келади. Уйғонгач, улар хотирамдан ўчиб кетмаслиги учун дарров қоғозга тушириб оламан. Кам ухлашим тасвирга олиш жараёнида катта ёрдам беради. Бироқ, ижодий жамоада ҳамма менга ўхшамаслигини, бошқаларнинг дам олишга ҳаққи борлигини ҳам эсдан чиқармасликка ҳаракат қиламан.
Ҳар бир ижодкорнинг бир кун келиб “қудуғи қуриб қолиши”, яъни қобилиятининг сўниб қолиши ҳақида хавотири бўлади. “8 ½”фильмимдаги Гвидо ҳам шуни ўйлайди. Мен ҳозирча буни ҳис қилмадим. Баъзида фикрларимга ишлов беришга ҳам улгурмайман. Лекин ижодий лаёқатнинг йўқолиши нима эканини – бундай ҳолатни тасаввур қила оламан. Кўпинча ғоялар, фикрлар тушларимда келгани, улар қаердан ва нега пайдо бўлганини билмаганим учун, ижодий кучим ўзим назорат қила олмайдиган нарсага боғлиқ. Илҳом – илоҳий туҳфа, лекин унда ҳар доим бир хавф бор: у сенга қандай сирли йўл билан келган бўлса, шундай кетиши мумкин.
Менинг фильмларим ҳақида гап кетганида, кўпинча “импровизация“ сўзи ишлатилади, бу менга бироз ҳақоратли туюлади. Кимлардир мени импровизация қилганим учун танқид қилса, бошқалари, аксинча, мақтайди. Мен ҳеч қачон бир нарсага қаттиқ ёпишиб олмайман. Фикрларга очиқман. Тан оламан, иш жараёнида кўп нарсаларни ўзгартираман. Тасвирга олишдан олдин керагидан кўпроқ тайёргарлик кўраман, шунда янада эркин бўламан. Шавқ бўлса-бўлмаса, ишлашга тайёр тураман. Илҳом бўлмаса, захира ишга ярайди.
Менинг фильмларим Швейцария соатларидай тайёрланмайди. Хичкок сценарийларига ҳам ўхшамайди. Мен унақа аниқлик билан ишламайман. Хичкок сценарийларида ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат ҳисобга олинади. У бутун фильмини олдиндан аниқ кўради. Мен эса қандай фильм ишлаганимни суратга олиб бўлгач кўраман. Хичкок ҳам, мен ҳам ишни тасвирдан бошлаганимизни биламан, лекин унинг тасвирлари бошқа вазифани бажаради. Мен ўз картиналаримда характерларни чизаман ва ўрганаман. Фильмларимнинг асосида айнан характерлар ётади. Иш жараёнида бошимда кўплаб талқинлар айланиб юради, лекин охирги натижа уларнинг бирортасига ўхшамайди. Ҳар бир фильмим ўз ҳаёти, тақдири билан дунёга келади. Мен унга дахл қилолмайман. Агар “Ширин ҳаёт” ёки “8 ½”ни бошқа даврда суратга олганимда, мутлақо бошқа фильмлар бўларди. Қаҳрамонларим тасаввуримда яшайди. Улар фильмларга кўчиб ўтмаса ҳам яшашда давом этади. Мен улар ҳақида ўйлашдан, улар иштирокидаги янги ҳикояларни ўйлаб топишдан тўхтамайман. Мен учун хаёлимдаги қаҳрамонлар тирик одамлардан ҳам ҳақиқийроқ, худди болаликдаги ўйинчоқларим каби...
Суратга олиш майдончасига тайёр сценарий билан келаман, нима истаётганимни аниқ биламан. Кейин эса ҳаммасини ўзгартираман. Шу маънода мени бир томонига ёзилган, иккинчи томони бўш қоғозга ўхшатиш мумкин. Бир неча кунлаб сценарий матнини қайта ишлаганимда ҳам суратга олиш майдончасида қоғознинг бўш томони муҳимроқ эканини тушунаман. Сценарийга ҳам қараб иш тутаман, лекин у аслида қоралама – кўплаб қораламалардан бири. Шунинг учун ролининг икир-чикиригача олдиндан тайёрланмайдиган актёрлар билан ишлашни маъқул кўраман. Чунки кўп нарсани ўзгартиришим мумкин. Шу маънода Марчелло Мастроянни билан ишлаганим мен учун бахт. У ҳеч қачон аввалдан ўйламайди. Ортиқча савол бермасдан ўз қаҳрамонига айланади-қўяди. Унга ҳатто матнни олдиндан ўқиш ҳам шартмас. У ҳаммасини ўйинга айлантиради.
Актёр Марчелло Мастроян
Мен шунақа усулда ишлайман, чунки бошқача қилишни билмайман. Агар бир мартада идеал сценарий тайёрлаш мумкин бўлганда, фильм тезда ишланган бўларди. Бу билан пулни тежаш мумкин, лекин фильм яхши чиқишига ишонмайман. Бундай кино ўлик бўлади ва ҳеч кимга завқ бермайди. Чинакам сеҳр ижодий ҳамкорликда, актёрлар ўз қаҳрамонларига жон бахш этишга муваффақ бўлганда пайдо бўлади. Хуллас, мен саҳифадаги матнни шунчаки экранга кўчириб қўя олмайман...
Ҳеч қачон актёрни синдиришга, мен истаган нарсани ўйнашга мажбур қилмаганман. Бундай қилиб бўлмайди. Ундан кўра ролни қайта ёзиш осонроқ. Иш жараёнида сценарийга кўплаб ўзгартиришлар киритсам ҳам, ҳеч қачон суратга олиш майдончасига сценарийсиз боришни тасаввур қила олмайман. У фақат ўзак, харита вазифасини бажарса ҳам, бўлиши шарт. Лекин санъат асари идора йиғилишининг кун тартибига ўхшаб қолмаслиги керак. Продюсерлар нотўғри деб ҳисоблаган нарсамни қилишга ҳеч қачон мажбур қилолмаган. Уларнинг менинг устимдаги ҳокимияти аслида чекланган, чунки улар ҳам пулни керагича бермайдилар менга.
Актёрларни танлашда ҳеч қачон типажга эътибор бермаганман. Менга оддий кўриниш эмас, тасаввуримдагини ифода қила оладиган қиёфалар керак бўлган. Улар профессионал актёрми ё ҳаваскорми, олдин кинода ўйнаганми-йўқми – бу муҳим эмас. Итальян тилини билиш-билмаслиги ҳам аҳамиятсиз. Қайси тил қулай бўлса, шу тилда ўйнасин. Қолганини дубляж орқали ҳал қиламиз. Менинг ишим уларни очишдан иборат. Энди кинога кириб келган одам бўладими ё тажрибали актёрми – улар ўзларини эркин ҳис этишига имконият яратишга, чекламасликка ҳаракат қиламан. Агар улар профессионал актёрлар бўлса, касбий техникасини унутишга мажбур қиламан. Менга профессионаллар билан ишлаш қийинроқ кечади: улар баъзан ўзларига ўқитилган усулларга шунчалик қаттиқ ёпишиб оладиларки, бошқача ишлатиш мушкул.
Агар император ролига актёр топиш керак бўлса, тасаввуримда яшаётган образга ўхшаган одамни излайман. У актёр ўзини император деб ҳис қиладими ёки йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Агар омадим келса, уларни табиийлик муҳитига олиб кира оламан, истаса кулишади, йиғлашди, бор ҳиссиётларини ифода этишлари мумкин. Актёрларга ҳиссиётини, дарду қувончларини кўрсатишига, қаҳрамонининг ички оламига эътибор қаратишига ёрдам бераман. Режиссёр сифатидаги бирдан-бир мақсадим характерларни очиш, уларни торайтириш эмас. Ҳар ким ўз ҳақиқатини топиши керак, лекин буни қандай амалга оширади – унга ихтиёр берилиши лозим. Муҳими, актёр ўзи ҳақида эмас, балки жонлантираётган қаҳрамони ҳақидаги ҳақиқатни айтиши керак. Агар у очиб беролса, маҳоратли бўлади. Ўз персонажининг ҳақиқатини чуқур англаш ва уни ижрода моҳирона акс эттириш борасида ҳеч ким “Ширин ҳаёт“даги Анита Экбергни, “8 ½”даги Мастроянни, “Йўл“ ва “Кабири тунлари“даги Жульеттани ортда қолдира олмаган, деб ўйлайман...
"Кабири тунлари" фильмидан кадр
Мендан “фильмларингиз ғояси қандай пайдо бўлади?” деб сўрашади. Бундай саволлар менга унчалик ёқмайди. Сенга боғлиқ бўлмайдиган нарсалар бор, сен ўзинг пайдо қиладиган нарсалар ҳам бор. Агар фақат ўзи келадиган нарсага эътибор қилсанг, унда бирда бор, бирда йўқ нарса – омадга боғлиқ бўласан. Бахтли тасодифга. Тақдир туҳфасига. Менда илҳом кўп ҳолларда ҳаётий воқеалардан пайдо бўлади.
Бирор фильм устида ишлаётганимда, кўплаб ғоялар чулғаб олади. Айни шу фильмга дахлдор бўлса бошқа гап, лекин безовта қилаётган ғоялар умуман бошқа сюжетлар ҳақида бўлади. Улар вақтим ва эътиборимни олиб қўяди, асосий нарсага диққат қаратишимга халақит беради. Бу – ўзига хос ижодий энергия, у исталган пайтда пайдо бўлади, ижодий руҳ интизомни билмайди. Ҳаётда ҳам, кинорежиссёрликда ҳам пок ниятли бўлиш зарур. Ҳаётга очиқ бўлишингиз керак. Шунда олдингизда чексиз имкониятлар очилади. Ҳар қандай ҳолатда поклик ва кўтаринкиликни сақлаб қолиш жуда муҳим.
“Муваффақият дўстларни кўпайтиради” дейишади. Одамлар мени атрофида дўстлари кўп деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Менинг теграм доим мендан нимадир хоҳлайдиган одамлар билан тўла: улар ё фильмда суратга тушишни истайди ёки интервью олишни. Бу ҳолат менга ўзимни янада ёлғиз ҳис эттиради.
Шон-шуҳрат ташқаридан кўринганидек нарса эмас. Таниқли бўлмаган одамлар машҳур бўлиш ажойиб нарса деб ўйлайди. Чунки шон-шараф бахт келтиради. Лекин бахт нима ўзи? Инкор қилмайман, машҳурлик баъзи яхши нарсаларни берди. Мен ҳам ёшлигимда ҳамма каби ўзгача тасаввур қилганман. Машҳур бўлсам дунё эшиклари очилади, ота-онам ўз ўғлидан фахрланади ва мени қўлидан ҳеч нима келмайди, ҳеч қачон муваффақиятга эришолмайди деб ҳисоблаган ўқитувчиларим хато қилганликларига иқрор бўлишади, деб ўйлаганман.
Машҳур бўлишни жудаям истардим. Лекин қандай қилиб? Мен яхши расм чизолмасдим. Театр учун қўғирчоқлар тайёрлаш ҳам машҳурлик бермасди. Эҳтимол, журналист бўлсам қизиқарли материаллар тайёрлаб, маълум даражада машҳурликка эришсам бўлар... Бутун қалбим билан машҳур бўлишни истардим. Бунинг учун эса бир нарсани – албатта Римга боришим кераклигини аниқ билардим. Мен учун машҳурлик “Фульгор“ кинотеатри экранида пайдо бўлишни англатарди. Аммо қандай? Мен Гари Купер эмасдим. Кейинчалик “Фульгор“ экрани режиссёр орзусининг тўлиқ кўриниши эмаслигини англаб етдим.
"Ширин ҳаёт" фильмидан кадр
Мен шон-шуҳрат пул билан боғлиқ нарса эканини тан олдим. Зарур эҳтиёжлардан ташқари пул унчалик қизиқтирмаган мени. Ижодкор учун эътироф кўп нарсалардан муҳимроқ туради. Ёшлигимда кофе, сэндвич ва марказга яқинроқ ижара уй ҳақини тўлашга пул бўлса етарли эди. Кейинчалик фильмлар суратга олишим учун миллионлар керак бўла бошлади.
Ижодкор шахсиятини қилган ишлари билан чалкаштириб тасаввур қилиш ҳолати мавжуд. Инсоннинг ижоди “мен“ининг давоми. Бу таъриф меники эмас, лекин унга қўшиламан. Актёрни у ўйнаган ролларидай деб тасаввур қилишади, режиссёрнинг фильмларида унинг ҳаёти кўринади гўё. Ҳашаматли, серхаражат фильмлар суратга олганим учун одамлар мени ҳам бадавлат деб ўйлашади.
Машҳурлигингиз бошқаларга ҳеч қачон бериб бўлмайдиган ҳуқуқни беради. Сиздан айб-хато қидириш, шахсий муносабатларингизни миш-мишга айлантиришда уларнинг фантазияларига қанот беради. Муваффақият инсонни реал ҳаётдан узиб қўяди. Аслида сизга шуҳрат келтирган муносабатлардан маҳрум қилади. Одамларга хуш ёқувчи ижодингиз – тасаввурингиз маҳсули. Лекин ўша тасаввур бўш жойдан пайдо бўлмайди. У бошқалар билан мулоқот орқали пайдо бўлади, ўткирлашади. Қанчалик муваффақиятли ва машҳур бўлсангиз, яккаланиш эҳтимолингиз шунчалик катта бўлади. Муваффақият ҳалқаси сенга илҳом берганлардан, оддий одамлардан сени ажратиб қўяди. Озод бўлиш учун эришган нарсанг қамоқхонангга айланади. Оммадан тобора узоқлашиб борасан ва оқибатда ёлғиз қоласан. Ўз миноранг тепасида туриб ҳамма нарсани ғира-шира кўрасан, бора-бора бунга ўрганиб қоласан ва бошқалар ҳам оламни шундай кўряпти деб ўйлай бошлайсан. Сени боқиб келаётган ердан узилиб борасан, сени ижодкор қилган қисминг секин-аста сўниб боради ва ўзинг қамалган машҳурлик минорасида нобуд бўлади.
Мендан кўпинча такси ҳайдовчилари “Фефе, нега унақа тушунарсиз фильмлар яратасиз?”, деб сўрашади. (Мени яқинларим Фефе деб чақиришади, бу ҳақда газеталарда кўп ёзилгани учун таксичилар ҳам баъзан шундай аташади.) Мен эса “Чунки доим ҳақиқатни гапираман, ҳақиқат ҳеч қачон тушунарли бўлмайди, ёлғон эса ҳаммага тушунарли” дейман. Бу сўзларим қуруқ лоф эмас. Ҳалол инсон зиддиятли бўлади, унинг зиддиятлилигини тушуниш қийинроқ. Ҳеч қачон фильмларимда ҳамма нарсани тушунтиришга, ҳамма нарсани тўғри жойга қўйишга, ноаниқлик қолдирмасликка уринмаганман. Ишончим комил, томошабинлар менинг қаҳрамонларимни эслаб қолади, уларни тушуниш учун анчагача ўйлаб юришади.
Фильм ишлаш, ижод қилиш мен учун севги демакдир. Яна буни эвазига бирор таъма кутмасдан, ҳатто ўз ёнингиздан маблағ сарф этиб қилаётган бўлсангиз. Ҳа, бу худди севишмоққа ўхшайди, бу туйғу ҳамма нарсани ўзига қамраб олади. Сиз унда чўкасиз.
Мен учун ҳар бир янги фильмим рашкчи севгилига ўхшайди. У доим “Мени сев! Фақатгина мени сев! Ўтмишни эслама. Бошқа фильмлар ҳаётингда ҳеч қачон бўлмаган. Улар сенга мен англатган нарсаларни англатолмаган. Мен асло хиёнатга чидаёлмайман. Фақат менга эътибор қаратишинг керак. Мен танҳоман, ягонаман...“, дейди у. Ҳа, шундай. Ҳозир бутун меҳрим яратилаётган янги фильмимда, мен унга боримни бераман, аммо бу иш кун келиб поёнига етади. Роман тугайди. Фильм якунига етгач ўтмишга, хотирага айланади ва мен янги маҳбубам – кейинги фильмимни қидириб топаман. Ўша дамда ҳаётим мазмуни фақат у бўлади.
Шарлотта ЧАНДЛЕР, Федерико ФЕЛЛИНИ
“Мен, Феллини” китобидан
Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
таржимаси
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ