Қаҳрамонлар номи билан аталувчи фобиялар – Сизда қайси бири кузатилади?


Сақлаш
12:03 / 21.02.2025 413 0

Қўрқув инсониятнинг шу кунгача яшаб келишида сабаб бўлган омилларнинг энг муҳими, десам, ишонасизми? Тасаввур қилинг, ярим тун, икки томонида дарахтлар ўсган йўлакдан кетяпсиз. Шунда елкангизга совуқ, узун нимадир тушди. Бундай вақтда миянгизга илк келган жавоб нима бўлади? Албатта, ИЛОН! Ким ҳам шундай вазиятда қўрқмайди, дейсиз…

 

Қўрқув нима? Биз нега қўрқамиз?

 

Қўрқув – хавф туғилган вазиятда миямизда огоҳлантирув тизимининг ишга тушишидир.

 

Юқорида “жавоб” деб бежиз келтирмадим. Чунки инсон мияси ҳар қандай мавҳум вазиятга жавоб қайтарувчи бир тизимдир. Агар у аниқ жавобни билмаса, тахминий жавоб тақдим этади. Яна юқоридаги вазиятга қайтамиз. Елкангизга тушган нарса илон экани шунчаки миянгиз узатган тахмин холос. Қизиқувчан инсонлар уни илон эканини текшириб кўради. Бу омад – чикка ёки пукка. Қўрқоқ инсонлар эса бундай вазиятда хавфсиз жойга қочиб қолади. Хўш, энди аййтинг-чи, ким тирик қолди?!

 

Қўрқувлар ҳам тамаддунга уйғун равишда замондан замонга турфа хиллашиб бормоқда. Бу мақолада эса қўрқувларнинг биз билган қаҳрамонлар номи шарафига аталганларини кўриб чиқамиз.

 

Мифологик қаҳрамонлар номидан келиб чиққан фобиялар:

 

Ҳеркулофобия. Юнон мифологиясидаги олий худо бўлмиш Зевснинг куч-қудратда тенги йўқ ўғли – Ҳеркулес номидан олинган. Ҳеркулес ўзининг ўн икки жасорати билан машҳур. Бу фобия одамнинг ўзини кучли ва иродали ҳис қилишдан қўрқиши ёки кучли бўлишни орзу қилишга нисбатан қўрқувини англатади.

 

 

Одиссеяфобия – юнон мифологиясига оид достон қаҳрамони Одиссей номидан олинган бўлиб, у Трояга сафар чоғида кўплаб синовларда тобланади. Бу фобия узоқ сафарлар, янги саргузаштлар ва хавфли тажрибалардан қўрқишни англатади.

 

 

Икарус фобияси – юнон мифологияси қаҳрамони Дедалнинг ўғли Икарус номидан олинган бўлиб, улар Крит оролидаги лабиринт соҳиби Миносдан қочиш учун мум билан ёпиштирилган қанотларда парвоз қиладилар. Қуёшга яқин учган Икар қанотлари эриб ҳалок бўлади. Бу фобия, ҳаддан ташқари ўзини айблаш ёки ортиқча ишончдан қўрқишни англатади.

 

 

Прометей фобияси.  Юнон мифологиясида Зевснинг оташини ўғирлаб, инсонларга тақдим этган ҳолда уларни бир поғона худоларга яқинлаштиргани учун Олимп худолари ғазабига учраб, Зевснинг жазосига гирифтор бўлган исёнкор титан – Прометей номидан олинган. Бу фобия, худолар ёки ўзидан қудратли зотлар томонидан жазоланишдан қўрқишни англатади.

 

 

Антигона фобияси. Юнон мифологиясидаги ўз отасини ўлдириб, онасига билмай уйланиш қисмати билан туғилган Эдипнинг қизи – Антигона номидан олинган бўлиб, у оилавий садоқат рамзига айланиб улгурган қаҳрамондир. Антигонанинг жасорати қуйидагича, Эдипнинг оилавий фожеасидан сўнг тахтни амакиси Креон эгаллайди. Креон тахт учун курашда Эдипнинг ўғли Полиниксни ўлдиради ва жасадни мазахлаш учун уни дафн этишни ман қилади. Кимдаким уни дафн этадиган бўлса, ўлдирилиши билан огоҳлантиради. Лекин Полиникснинг опаси Антигона бу фармонга қарши чиққан ҳолда ўлимни бўйнига олиб, укасини дафн этади. Ушбу жасорати билан у қариндошлик ришталари ва оилавий анъаналарга содиқлигини исботлайди. Бу фобия, ота-она, жамият ёки қонунларга қарши чиқишдан қўрқишни англатади.

 

 

Орфей фобияси.  У Юнон мифологиясидаги моҳир мусиқачи ва шоир бўлиб, бу фобия унинг севги фожеаси шарафига номланган. Унда баён қилинишича, Эрудика шилқим Сатирнинг таъқибидан қочаётган вақт бехосдан илонлар уясини босиб олади. Шунда товонини илон чақади ва у вафот этади. Орфей суюклисини ҳаётга қайтариш учун марҳумлар мамлакатига бориб унинг ҳукумдори Аид ва унинг рафиқаси Персефонага дардини баён этиб ёлворади. Аид ва Персефонанинг раҳми келиб бир шарт билан Эрудикани ҳаётга қайтаришга рози бўладилар. Шарт шундай эди: Орфей олдинда кетиши, ортидан Эрудика эргашиши ва тириклар дунёсига чиқмагунга қадар Орфей ортига ўгирилмаслиги керак эди. Манзилга етар чоғда Орфей ортимдан Эрудика келмаётган бўлса-чи, Аид ва Персефона мени алдагандир, деган шубҳа билан ортига ўгирилади. Шунда Эрудиканинг руҳи яна марҳумлар маконига учиб кетади. Бу фобия, севган одамини йўқотишдан ёки ўз севгиси учун охиригача курашишдан қўрқишни англатади.

 

 

Кирка фобияси.  Юнон мифологиясидаги қуёш худоси Ҳелиоснинг сеҳргар қизи – Кирка номидан олинган бўлиб, у жазо тариқасида оролга сургун этилган ва у ерда ёлғиз ва бахтсиз яшашга маҳкум эди. У оролига кутилмаганда ташриф буюрган саёҳатчиларни ҳайвонларга айлантирган. Бу фобия, сирли ёки сеҳрли кучларга ишониш, бошқаларга таъсир ўтказа олиш қобилияти орқали инсониятни ўзгартиришдан қўрқишни англатади.

 

Бадиий асар қаҳрамонлари номидан келиб чиққан фобиялар:

 

Шерлокфобия – Артур Конан Дойлнинг машҳур детектив “Шерлок Холмс” номли асарининг бош қаҳрамони шарафига аталган бу фобия атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларни ипидан игнасигача ҳаддан ташқари кўп ўйлаб, таҳлил қилиш ва муаммоларга ечим излашдан қўрқувни англатади.

 

 

Ҳамлетфобия – Шекспирнинг машҳур трагедияси “Ҳамлет”нинг бош қаҳрамони номидан олинган бўлиб, бу фобия ҳаётий танловлар қаршисига чиққан чоғ қарор қабул қилишда ноаниқликлардан қўрқишни англатади.

 

 

Офелия фобияси.  Бу ном ҳам Шекспирнинг “Ҳамлет” асаридан олинган бўлиб, у Ҳамлетнинг севгилиси эди. Бу фобия ички ҳиссиётларнинг ноаниқлиги, руҳий изтироблар ва муҳаббати аришидан қўрқишни англатади. Офелиа фобияси кўпинча ҳиссий инжиқлик, тушкунлик ёки севги учун ўзлигини йўқотишдан қўрқишни билдиради.

 

 

Робинсонафобия – Даниел Дефонинг энг машҳур асари “Робинзон Крузо” бош қаҳрамони номидан олинган бўлиб, бу фобия жамиятдан ажралиб қолишдан ёки узоқ вақт давомида ёлғиз қолишдан қўрқишни англатади.

 

 

Расколников фобияси.  Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” асаридаги қаҳрамон – Расколников номидан олинган бўлиб, бу фобия ўз айбини тан олиш, жиноят қилишдан ва жазосиз қолишдан қўрқишни англатади.

 

 

Дон Кихот фобияси.  Мигел де Сервантеснинг “Дон Кихот” асаридаги асосий қаҳрамон, буюк рицар бўлишни орзу қилган ва ўз тасаввур оламида яшаган Дон Кихот номидан олинган. Бу фобия ҳақиқий ҳаётга тўғри баҳо бера олмаслик, муҳим масалаларга енгил қараш ёки хаёл ва ҳақиқатни чалкаштиришдан қўрқишни англатади.

 

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 29959
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//