
«Фильмлар бу – томошабинларга жўнатилган мактуб, хат солиб денгизга отилган шиша идиш кабидир» дейди ХХI аср шоирона киноларининг таниқли намояндаси Нури Билга Жейлан. Секин суръатларда ривожланадиган, томошабиндан анчагина сабр талаб қиладиган, аммо якунда бир дунё таассурот қолдирадиган фильмографияга эга ижодкор нафақат Туркия, балки бутун туркий халқлар кино ижодкорларига намуна бўла олади.
Эҳтиёт бўлинг, мақолани ўқиркансиз, унинг фильмларини кўришни истаб қолишингиз мумкин…
Фотографликдан бошланган карьера
Нури Билга Жейлан 1959 йилнинг январида Истанбулда туғилган, аммо болалиги отаси туғилиб ўсган Ениже (Чаноққалъа вил.) қишлоғида ўтган. Дастлаб муҳандисликни ўрганган бўлсада, гўзалликка бўлган интилиши уни кейинчалик Меъмор Синан тасвирий санъат университетида фотографияни ўрганишга етаклайди. Бироз ўтиб, у олган расмлар республика газета ва журналларида босиб чиқарила бошлайди. Кейинчалик «Кодак» компанияси томонидан ўтқазилган халқаро фотофестивалда биринчи ўринни қўлга киритади. Бироқ, кейин – ҳарбий хизматни ўташ чоғларида эса унда кино суратга олиш истаги пайдо бўлади.
1993 йил Меҳмет Эрйилмазнинг «Севиёрум Эрго Сум» номли қисқа метражли фильмида роль ижро этади ва суратга олишда ишлатилган кинокамерани сотиб олади. Бу камера билан у кинематографиядаги илк қадамларидан бири бўлган «Пилла» (1995) қисқа метражли фильмини суратга олади. Фильм Канн кинофестивалида иштирок этиш учун рўйхатга олинади.
Туркиядан Каннгача
Кино ишлашни кичик бюджет билан бошлаган Жейлан даставвал актёрлар сифатида фақат ота-онаси, қариндошлари ва қўшниларидан фойдаланган. «Пилла» фильмида ота-онасининг кундалик юмушлар билан шуғулланиши, атрофни томоша қилиши, ухлашини суратга олган. Дастлабки уч фильмида эса жияни Меҳмет Эмин Топрак бош роллардан бирини ижро этади ва «Узоқ»(2003) фильми учун Канн кинофестивалининг «Энг яхши актёр» номинациясида ғолиб бўлади.
Жейланнинг илк тўлиқ метражли фильми «Қишлоқ» (1997) бўлиб, унда минимализм услубидаги ҳикоя ва реалистик актёрлик асосий ўринда туради. «Май булутлари» (1999) эса бу услубни давом эттириб, реал ва бадиий тасвирларни уйғунлаштиради. Ушбу фильмлар режиссёр кинематографиясидаги «вилоят трилогияси» деб норасмий ном олган фильмлар учлигидаги биринчи ва иккинчи картина ҳисобланади.
«Узоқ» фильми Канн кинофестивалида Гран-при ва «Энг яхши актёр» мукофотларини қўлга киритганидан сўнг режиссёрнинг халқаро даражадаги муваффақиятлари бошланади. Картина ёлғиз фотограф ва унинг қишлоқдан келган қариндоши ҳаётини тасвирлаб, инсонлар атрофидаги ёлғизлик, бегонасираш ҳисси, вақтнинг инсон қалбига таъсирини ўзининг қорга бурканган гўзал шаҳарлари билан кўрсатиб беради.
Режиссёр услуби ва мавзулари
Секин суръат, статик кадрлар ва табиат ландшафтлари Жейланнинг ташриф қоғозига айланиб улгурган десак, адашмаймиз. У узоқ йиллик ҳамкори, оператор Гўкҳан Тиряки билан бирга кадрдаги ёруғлик, соя ва фрактура элементларига диққат билан эътибор қаратади. Шафақ олди ва шом тушгандан кейинги қоронғилик, булутли осмон, гўзал тоғ ва адир ландшафтларига эга ёлғизликка чўмган қишлоқ уйларини унинг деярли барча фильмларида учратса бўлади. «Ўтмишда мени энг кўп зериктирган фильмлар вақт ўтиб энг севимлиларимга айланган. Шу сабаб, томошабинни зериктириб қўйиш ҳақида ҳечам қайғурмайман. Баъзида, мен уларни жудаям зериктиришни хоҳлаб қоламан. Чунки зерикиш сабаб кунлар, йиллар ўтиб қайта кўрилган фильм ўзидан турли мўъжизалар келтириб чиқариши мумкин.», деб таъкидлайди режиссёр бу ҳақда.
Унинг ҳикоялари инсоннинг ички кечинмалари, ҳаётий муаммолари ва фалсафий масалаларни ўрганади. Қаҳрамонлари ҳаётлари ҳақида кўп ўйлайди, теран суҳбатлар қуради ва ўтган ҳаётидан афсус чекади. Унинг фильмларида кескин сюжет бурилишлари кам учрасада, томошабинда аста-секин чуқур ҳис-туйғуларни шакллантиради.
Фильмларида диалогларга камроқ, юз эмоциялари, экрандаги турли деталларга кўпроқ эътибор қаратишни хуш кўрадиган Нури Билга Жейлан сўзлар ҳақида шундай дейди: «Мен сўзларга ишонмайман. Умуман олганда, одамлар алдайди, ҳақиқатни айтмайди. Хақиқат яширин нарсаларда, айтилмаган гапларда яшайди. Реаллик ҳаётимизнинг гапирилмаган қисмларида ётади. Агар муаммоларингиз ҳақида гапирмоқчи бўлсангиз, бу унчалик ишонарли чиқмайди. Одамлар ўзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади; ҳар кимнинг яширадиган жойлари бўлади. Улар ўз заиф томонларини яширишга ҳаракат қилишади. Улар сизга бир ҳикоя айтиб берганида, ўзларини ўша ҳикоянинг қаҳрамони қилиб кўрсатишади. Шунинг учун фильмларим сўзларсиз яхшироқ, ва бу томошабинни янада фаол бўлишга ундайди; томошабин ўз бошдан кечирганларига асосланиб, жавоб топишга ҳаракат қилиши керак…»
Режиссёрнинг оилавий муаммолар, эр-хотин муносабатларидаги турли баланд-пастликлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Иқлимлар» (2006) фильми кейинги ишларидаги доимий ҳамроҳига айланган оператор Гўкҳан Тиряки билан илк ҳамкорлиги ҳисобланади. Ушбу картинада у хотини Эбру Жейлан билан бош ролларни ўйнашади. У оилавий ички зиддиятлар мавзусини 2008 йилда суратга олган «Уч маймун» фильми билан давом эттиради.
Туркияда рўй берган ҳақиқий жиноят ишига асосланган «Бир замонлар Онадўлида»(2011) фильми ижодкорни жаҳон миқёсида танилишига катта туртки бўлди. Қотиллик терговига бағишланган фильм ташқи бетартибликлардан кўра қаҳрамонларнинг ички кечинмаларига катта эътибор қаратади. Таниқли кинотанқидчи Рожер Эберт картина ҳақида сўз юритаркан: «Бу турк режиссёри кучли драматик сюжет бурилишлари билан юзимизга тарсакиламайди. Балки, экранда воқеалар содир бўларкан, бизни қаҳрамонлар билан бирга яшашга шароит яратиб беради», - деган эди. Фильм Канн кинофестивалида Гран-прини қўлга киритади.
Жейлан фаолиятининг энг юқори нуқтаси «Қиш уйқуси»(2014) фильми бўлиб, Канн кинофестивалининг бош мукофоти – Олтин Пальма билан тақдирланган. Антон Чеховнинг «Хотин» новелласидан илҳомланган картина сценарийсида Фёдор Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар» романи элементларини ҳам учратишимиз мумкин.
Дарвоқе, рус адабиётининг унинг ишларига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлар экан «19 ёшимда «Жиноят ва жазо»ни ўқиганимдан бери ҳаётим ўзгарган. Мен ўз қаҳрамонларимни шу адабиёт призмаси бўйича тасаввур қиламан. Аммо у бутунлай бошқа халқ, бошқа маданият, ҳар бир халқнинг ўзгача маданияти бўлади ва ҳар биримизнинг шахсиятимиз турлича. Аммо вақт ҳам, маданият ҳам ўзгартира олмайдиган, ҳар ерда ўхшаш нарса бу – одамларнинг қалбидир. Мен ана шу нарсани ўрганмоқчиман, ўз кўзларим билан кўриб, ўз онгим билан тушунмоқчиман», — дейди режиссёр. Ушу фильм ўша давр Туркиясидаги бой ва камбағал, кучли ва кучсиз қатламлар ўртасидаги фарқларни ёритиб бергани учун турли муҳокамаларга сабаб бўлади.
Шунга қарамай, ижодкор яна ўз усулида «Ёввойи нок дарахти»(2018), «Қуруқ ўтлар устида»(2023) фильмларини суратга олди ва замонамизнинг ўз номига лойиқ атоқли санъаткори эканини яна бир бор исботлади.
Илҳом манбалари ва фильмларининг давомийлиги ҳақида
Жейлан адабиётдан, айниқса, рус ёзувчилари Антон Чехов ва Фёдор Достоевскийдан илҳом олганини яширмайди. Унинг ҳикоялари ҳам Чеховникидек – содда воқеалар орқали чуқур маъноларни етказади. – Аслида, менинг барча фильмларимда Чехов элементлари бор, деб ўйлайман, - дейди уста ўзининг севимли ёзувчиси ҳақида гапирар экан. – Чунки Чехов жуда кўп ҳикоя яратган. У ҳаётдаги деярли ҳар қандай вазият ҳақида ёзган ва мен унинг асарларини жуда яхши кўраман. Шу сабаб, эҳтимол, у ҳаётга бўлган қарашимга таъсир қилгандир. Мен учун ҳаёт бир маънода Чехов асарларига ўхшаб кетади. Чеховни ўқигандан сўнг ҳаётда ҳам худди шундай вазиятларни кўра бошлайсиз. Сценарий ёзиш жараёнида эса қандайдир тарзда унинг ҳикоялари ёдимга тушаверади.
Шунингдек, Андрей Тарковский, Микеланжело Антониони ва Аббос Киорастамининг фильмлари ҳам унинг услубига таъсир кўрсатганини сезиш мумкин. Устози сифатида эса япон режиссёри Ясужиро Озуни таъкидлаб ўтади у.
Жейлан турк киносини халқаро миқёсга олиб чиқди. Шахсий, фалсафий ҳикоялар ҳам глобал томошабинларга таъсир қилишини исботлади. Тижорий муваффақиятга интилмаган ҳолда, санъат орқали инсон руҳиятининг тубсизликларини ўрганишга ҳаракат қилди ва қилишда давом этмоқда.
Фильм давомийлиги унинг савдосида, эфирга узатилишида катта роль ўйнайди. Режиссёрнинг эслашича, француз продюсерлик компаниялари агар фильм давомийлиги 150 дақиқадан ошадиган бўлса, ажратиладиган маблағ миқдорини кескин пасайтиришларини айтиб ўтишган экан. Каннда Олтин Пальма шоҳини ютганига қарамай, «Қиш уйқуси»ни инглиз телевидениеси сотиб олишдан бош тортган. Чунки фильм давомийлиги нақ 3 соату 20 дақиқани ташкил этарди…
«Баъзан бундай узун фильмларни томоша қилиш қийинлигини тушунаман, лекин ҳозирги замон ҳаётининг суръати руҳимга мос келмайди. Шунинг учун фильмларим унга қарши бир турдаги нидо ҳисобланади. Мен дунёни қандай кўрсам, шундай фильмлар яратаман. Яхшиямки, ҳалиям бундай фильмларга қизиқадиган одамлар бор. Улар, албатта, озчиликни ташкил этади, лекин нима ҳам қилардим? Менинг суръатим шундай», - дейди у бундай жараёнлар ҳақида гапираркан.
Қайси фильмдан бошлаш керак?
Режиссёрнинг фильмларини биринчи бор кўраётганлар учун улар аввалига бироз ғалати туюлиши мумкин. Ёзилганидек, картиналарда катта сюжет бурилишлари ёки кескин саҳналар йўқ, лекин ҳар бир кадр ҳиссиётга тўла. Агар Жейлан фильмларини кўришни истасангиз, «Узоқ», «Бир замонлар Онадўлида» ва «Қиш уйқуси» тартибида томоша қилишни тавсия қиламиз. Бугунги тезкор ва шов-шувли кинолар фонида, Нури Билга Жейлан бизга бироз секинлашиш, нафас ростлаб ҳаётнинг сокин лаҳзаларида гўзаллик топишни эслатади. Унинг фильмларини сабр ила томоша қилганлар, улар оддий ҳикоялар эмас, балки бир умрга эсда қоларли ҳиссиётлар тўлқини эканини аста-секин англаб етади.
Жамшидбек ТОШПЎЛАТОВ
Фойдаланилган манбалар:
https://www.imdb.com/name/nm0149196/
https://en.wikipedia.org/wiki/Nuri_Bilge_Ceylan
The Cinema of Nuri Bilge Ceylan: The Global Vision of a Turkish Filmmaker — Bulent Diken, Craig A. Hammond, and Graeme Gilloch, 2018.
Exploring Nuri Bilge Ceylanʼs Style Via the Auteur Theory — Balca Elif Sagmanli, Lynn University, 2017.
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ