«Хўжасаройлар ва Бухоро хонлари иғитишоши». Давлатни емирган ички кураш


Сақлаш
18:04 / 31.01.2025 12 0

 

1928 йилда «Аланга» журналида машҳур тарихчи олим Пўлат Солиевнинг «Хўжасаройлар ва Бухоро хонлари иғитишоши» (арабча «иғтишāш»إغتشاش «ғалаён», «тартибсизлик», «исён», «бузуқлик» каби маъноларни англатади. Баъзи ўринларда «фитна», «исён» каби маъноларда ишлатилади) мақоласи чоп этилади.

 

Мақолада ХVII аср охири ва ХVIII аср бошларида Бухоро хонлигида кузатилган сиёсий ва ижтимоий беқарорлик чуқур таҳлил қилинади. Олим бу даврда хонлар ҳокимиятини ўз қўлига олган эроний қуллар – «хўжасаройлар»нинг халққа зулми ўтказгани ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлганини ёритади.

 

Мақолада Аштархонийлар сулоласи вакили Субҳонқулихон даврида хонликда қабила бошлиқларининг таъсири ортгани ва хон бунга жавобан ўз атрофини эроний қуллар (хўжасаройлар) билан тўлдиргани таъкидланади.

 

Пўлат Солиев ушбу мақоласи орқали Бухоро хонлигининг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий аҳволини таҳлил қилиб, ўқувчиларга ўз замонаси тарихини тушунишга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Мақола нафақат тарихий маълумот беради, балки зулм ва ўзбошимчалик оқибатида келиб чиқадиган сиёсий нотинчликларни ҳам кўрсатади. Хулоса қилиб айтганда, «Хўжасаройлар ва Бухоро хонлари иғитишоши» мақоласи ўша Бухоро хонлигининг инқирозига олиб келган асосий омилларни очиб берувчи муҳим тарихий манба ҳисобланади.

 

«Ўзбек хонларидан Субхонқулихон вақтида (ҳижрий 1091, милодий 1680 йил) Бухоро мамлакатида қабилалар исёни жуда кучайди. Мамлакатнинг ҳар бир ишида уларнинг нуфузи ортди. Энг катта мансаблар улар қўлида тўпланди. Уларнинг тазйиқидан хафа ва норози бўлган хон секин аста қабила бошлиқларини саройдан йироқлаштириб, ўз ёнига эроний қулларни жалб қила бошлади. Бутун ишда буларни, яъни, қулларни ўзига кенгашчи қилди. Саройнинг энг кучли ва нуфузли лавозимларига ўша қуллар тайинланди.

 

Бу қулларни «хўжасарой» деб атадилар. Яъни, бу «сарой хўжайини» демакдир. Бу хўжасаройлар хоннинг ошкора ва махфий ишларида иштирок қиладиғон энг муҳим одамлар жумласидан бўлди.

 

Қуллардан, албатта, хон хавф сезмади. Уларнинг ўзига қарши бирон ҳаракатда бўлмаслигига ишонди. Чунки қулларнинг хондан бошқа бирон ҳомийси бўлмагани баробар уларнинг халқ олдида ҳам обрўси йўқ эди. Халқ қулларга паст назар бирлан қарарди. Аҳоли орасида буларга эътимот бўлмағанға, хон, табиийки, қулларни ўзига қарши бирон ҳаракатда бўлишига ишонмасди.

 

Шунинг учун хон давлат тизгинини ўша хўжасаройлар ихтиёрига бериб, халқ билан ҳисоблашмади. Хон уларга ишонч билдиргандан кейин хўжасаройлар халққа кўп зулм қилғонлар, дод-фарёдга қарамаганлар. Тилаганларича солиқ солганлар, тилаганларича иш тутганлар.

 

Ўша замонда Хўжандда яшаган Турди шоирнинг шерлари бу хўжасаройлар зулмининг иникоси бўладур. Турди шоир буларнинг зулмидан, хоннинг булар билан ҳамсуҳбат бўлишидан нолийди.

 

Шоҳ ҳам базм олуб хўжасаройлар била ёр,

 

Ҳукум бир акс суриб бўлди хотинлар садор .

 

Ихтиёрин бирининг қўлиға қуллар олғай,

 

Ҳар бири айш ила қонуни танаъум чалғай.

 

Мулкнинг неки бади маслаҳатини қилғай

 

Одамийзодларни қадрини қайдан билгай.

 

Фуқаро бошиға етди бу қалин шум қуллар,

 

Қани бир эр чиқиб айласа маъдум қуллар,

 

Отларин лавҳ қаламийдин этиб кам қуллар.

 

Турди шоир шу сатрлари билан қулларнинг зуғми кучайганини, халққа бўлғон зулм ва таъаддилари кўпайганини ёзади.

 

Ҳижрий 1120 –йилда Бухорода катта бир иқтисодий мушкул бўлади. Сабаби Субҳонқулихоннинг ўғли бўлғон Убайдуллахонинг хўжасаройлари керак ва керак эмас харажатлар учун Бухоро бойларидан кўп қарз олган. Хазинада пул қолмаган, улар мамлаканинг бойлигини зое ва исроф қилиб битирганлар. Чунки мамлакатдаги тинчсизликлар, кундан-кун фақирлиққа томон бориш, берилган кредитни қайтариб олишқа умидни камайтирган.

 

Аммо саройнинг харажати кундан кун ортиб турган. Бойлар қарз беришни тўхтатгандан сўнг, сарой мушкул ҳолда қолган, харажат учун ҳеч қаердан пул олишнинг иложи бўлмаган. Хўжасаройлардан бўлган Меҳтар Шафи деган киши билан Хўжа Балтуй сарой тангасини ўзгартириш тўғрисида бир қарорға келадилар. Бозорда юриб турган бир тангадан тўрт танга зарб қиладилар, танганинг ияр пробин ўзгартирадилар. Бойлар, аҳли сарват бу ишдан ғалаёнга келадилар.

 

Чунки танганинг ўзгариши булар учун зиёндир. Хонга қарз берувчи ўшалардир. Хондан олажаклари жуда кўп, хон соф танга олган, аммо қайтарар вақтида кумуши кам бўлган танга билан қайтариши керак бўлади. Бурун бир юз танга қарз берган бой энди йигирма беш танга олиши керак. Бу эса бойларнинг чўнтагига зарбадир. Дўконлардаги товар масаласида ҳам шу иш.

 

Шу сабабдан бойлар протест этадилар. Олиш –беришни тўхтатадилар. Дўконларини беркитадилар. Бухоро бозори тўхтайди. Халқ ғоят мушкул ҳолда қолади. Бозорлар ёпилиб, савдо муносабатлари тўхтаганидан кейин, халқ тинчсизланади. Жума куни халқ йиғилиб хонга боради, хонни сўкадилар, ҳеч бир фойда чиқмагандан кейин, Маъсумбой оталиқ ҳузурига борадилар. Бу киши қанча насиҳат қилса ҳам, халқ тингламайди. Бундан бир нарса бўлмаган кейин, яна хоннинг олдига борадилар. Хон Аркнинг дарвозасини беркитади.

 

Халқ тош, кесак отади, ғалаён зўраяди, тўпалончилардан бир қанча киши ўлтирилади. Хон қурол кучи билан тўпалонни босади. Халқнинг талаби бўлган тангани ўзгартирмаслик, эски ҳолида қолдириш масаласи, албатта, қабул қилинмайди. Тўпалон босилади. Бунда ғалаённи бошловчи, халқни ҳаракатга келтирувчи, шубҳасиз, бойлардир. Аммо калтакни еювчи авом халқ, булар ўша сарват аҳлининг манфаати учун қурбон бўлдилар. Чунки танганинг ўзгариши қуйи табақа учун на фойда ва на зарар эди. Бунда бутун зарба ўша кредит берганларгадир.

 

Бунда фақат шу танга масаласигина эмасди, балки халқнинг бурундан бери ўша хўжасаройларга, буларнинг зулмига аччиғи бор эди. Танга масаласи аччиқнинг чиқишига бир баҳона бўлган.

 

Убайдуллахоннинг ўлтирилишида шу хўжасаройлар муҳим роль ўйнайди. Булар энг катта мансабларни ўзларига олади, масалан, меҳтар Саҳфи деган киши 17 мансабни бир ўзи ишғол қилган. Ўзларининг шу мавқеларини истифода қилиб, ўзбекларнинг ер сувларини олганлар. Сипоҳларнинг ҳам ерларини, вазифа учун берилган мулкларини олиб ўзларига мулк қилганлар. Ҳукумат дафтарида қайд этилган вазифаларни ўчириб, ўз исмларига ёздирганлар. Деҳқонларнинг экинлик еларини хароб қилган. Хожадавлат исмлик хўжасаройнинг «Хомий» номли қишлоғи бўлиб, шу қишлоқнинг халқи бунинг фуқароси, даромади бўлиб, бунинг чўнтагига тушган.

 

У пайтлар Бухорода Ҳиндистон бойлари кўп бўлган. Булар халққа рибо тариқасида пул бературған бўлган. Шу пулларни ундиришда хўжасаройларнинг ёрдамига мурожаат қилганлар, улар қарзни вақтида тўлай олмаганларга қаттиқ жазо берган.

 

Ўшандай сабаблар натижасида Убайдуллахонға суиқасд ясалди. Бунинг бошида бойлар, қабила бошлиқлари турадилар. Булар Абдулфайзхоннинг кандидатурасин тақдим этдилар. Ниҳоят Убайдуллахоннинг хўжасаройларини ўлтириб, Абдулфайзхонни хонликка кўтардилар».

 

Атоқли ўзбек тарихчиси Пўлат Солиевнинг ушбу мақоласи Аштархонийлар давридаги Бухоро хонлиги ҳақида муҳим манба бўлиб, у орқали Убайдуллахон II ҳукмронлиги замонидаги ижтимоий муҳитни билиш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам Убайдуллахон II вақтида халқдан бир неча йиллик солиқлар бирдан йиғилгани, одамлар ғоят қийин аҳволда қолгани бошқа манбалар орқали ҳам тасдиқланган.

 

Бухородаги қабилалар етакчилари ва эроний қуллар қарама-қаршилиги охир-оқибат саройда фитналар ортишига ва давлат ичидан емирилишига олиб келди. Натижада орадан бир неча йил ўтиб, Бухоро хонлиги Нодиршоҳ томонидан забт этилди ҳамда Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлигига барҳам берилди.

 

Убайдулла Қувваталиев

Термиз давлат университети тузилмасидаги

Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

17:01 / 31.01.2025 0 21
Қиёфанинг эврилиши





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14954
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//