Яқинда “Россия” канали орқали намойиш этилган А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” поэмасининг янги киноверсияси тақдимотини кўриб қолдим (“Мосфильм” маҳсулоти 2024). Режиссёр Сарик Андреасян, сценарий муаллифи Алексей Гравицкий. Кўрдим-у, бетоблигимга қарамай, қўлимга қалам олиб, миямга ўқдай санчилаётган фикрларни оқ қоғозга кўчириб қўйишга ҳаракат қилдим. Авваллари ҳам ушбу асар, нафақат рус, ҳатто чет эл кино экранларига кўчиб, сирли рус қалбини гўзал чеҳраларда жонлантириб дунёни мафтун этиб келган, жумладан мени ҳам. Бироқ бу гал!..
Янгича, ўзига хос режиссёр талқини, яхшигина оператор иши, манзаралар – хеч бири Пушкин сатрларидаги гўзал, илоҳий туйғуларни ифодалай олмаган. Фақат қайсидир бир шоирнинг, қайсидир бир асари билан ёқимсиз актёрлар ижросида таништирув бўлган.
Асар қаҳрамонларини гавдалантирган актёрлар қиёфаси авваллари биз севиб кўрган актёрлар суратидан бутунлай фарқ қилади. Қани у дилбар чеҳралар?! Хуллас, лўнда қилиб айтганда, бугунги рус жангари кишисининг совуқ, худбин, шафқатсиз, хунук руҳий борлиғи юзага қалқиб чиқиб, кишини “нега?”, “қачон?”, “сабаб?” деган оғриқли саволларга тортади. Ва мен шу саволларга жавоб топгандайман!
Пўртана!!! Ер шарига тўфондек ёпирилиб, инсониятни қиёмат қойимга яқинлаштириб қўйган 1917 йил рус пролетар революцияси!
Асрлар давомида турли халқлар томонидан яралган энг эзгу орзулар, яхшилик ва адолат талаб энг олий ниятларни шайтонлар ўз тилига кўчириб олиб, айю ҳаннос солган, охир оқибат жумлаи жаҳонни ўз орқасидан эргаштириб, дунёни жар ёқасига олиб келиб қўйган улуғ Рус ишчи ва деҳқонлар инқилоби! Кўринишидан ғоят гўзал, моҳиятан ёвуз бу ғоя (бутун дунёдаги бойлар йўқ бўлсин, камбағаллар яшасин!) дастлаб ҳаммани мафтун этиб, саратон тўқималаридек бутун дунёга тарқала бошлади. Лекин касалликнинг охир оқибатини сезиб қолган Ғарб ёйилиб келаётган саратон илдизларини қирқиб ташлади. Афсус, биз унинг таъсири доирасида қолдик ва ҳали бери ундан қутулолмасак керак. Шундай қилиб, 1917 йил Рус инқилоби биринчи бўлиб ўз халқига мислсиз жафолар келтирди.
Авваламбор миллатни миллат қилиб турган хоҳ у рус бўлсин, ё исроиллигу ё бошқирд бўлсин фан ва маданият ойдинларини беомон йўқ қилди. Сўнг баробарида унинг ҳукми остига алдов билан қўшилиб қолган ўлкаларда ҳам қирғинбарот бўлди. Чунки яшаш тарзи “Ёлғон” бўлган тузумга фикрловчи инсонлар керак эмас экан. Уларнинг ўрнига билимсиз, тарбиясиз, кўпчилиги пияниста, каллакесар ўғрилар (албатта улар орасида эртаклардаги “халқ бахти учун курашган қаҳрамонлар” каби ажойиб шиорлар учун жонини тиккан виждонли, ҳалол инсонлар ҳам кўп бўлган) янги давлат пештахталарини эгаллаб ола бошладилар. Инқилоб раҳнамолари эса ўқимишли, билимли шайтонлар эди. Улар бу тоифа халқнинг энг нозик томонларини яхши билардилар. Коммунизм ғоясининг отахонларидан К.Маркс “пролетариатнинг бўйнига солинган кишанидан бошқа йўқотадиган ҳеч вақоси йўқ” деган гапини рус инқилобчилари жуда яхши тушуниб олгандилар. Шу каби даҳолардан бири В.Ленин камбағал ишчи деҳқонларга қарата “энди бу ёғига сизлар хўжайинсизлар, давлатни сут соғувчи ҳам бошқара олади”, деб ваъда бериб қўйган эди. Инқилоб оталаридан бу каби ваъдаларни эшитгач қора халқ бўйнига яна қайта кишан тушмаслиги учун жон-жаҳди билан қизил тузум томонидан берилган барча кўрсатмаларни ўйлаб ўтирмасдан сўзсиз адо этардилар.
Энди асосий мақсадга ўтсам. Шундай қилиб, адабиёт ва кино қаҳрамонлари онегинлар ўрнига сўконғич трактористлар, татьяналар ўрнига эркакча кийиниб олган қўпол, бақироқ сувоқчи аёллар экранларни тўлдириб бордилар. Лекин энг асосий ғоя – “рус характери”, “рус тили”, “рус қалби”, “рус дунёси” каби шовинистик ғоялар маънан қашшоқлашиб бораётган халқ шуурига тинмай сингдириб борилаверди.
Ниҳоят, ароқхўр отанинг сўкишини, бахтсиз онанинг қарғишини эшитиб, қашшоқ оилада туғилиб ўсган “Золушка”нинг бахти чопиб маликага айланган гўзалда дунёга таърифи кетган Татьяналар рухсорини кўра оласизми?
Мен “На самом деле”, “Пусть говорят”, “ДНК” кўрсатувларини кўриб ажабланардим. Кечагина ночорлик поғонасидан ақлу заковати эмас, қошу кўз сузиши билан бой эр овлаб олган бекач энди ўз қавмидан чиққан бечора хизматкорларини хўрлаб, сўкиб, ҳатто дўппослаб уришларини кўриб ҳайрон қолардим. Кўпгина аёллар таъмагирлик мақсадида фарзандини “бизнесмен бой”га тиркаб қўйишдан тоймасдилар. Қанчадан қанча боланинг отаси кимлигини аниқлаш учун неча йил қатор кўрсатувлар қилинди. Шундан кейин Россиядаги кўп аёллар фарзандлари кимдан эканлигини билмас экан-да, деган хаёлга борасан. Энг ажабланарлиси, пул учун, манфаат учун элу юртга шарманда бўлишдан ҳам тоймасдилар. Дунёга “буюк рус қалби” ташриф қоғозини тарқатган бу миллат шу қадар паст кетадими?! Бу каби кўрсатувларнинг ижодкорлари мақсади нима? СССР даврида рус адабиёти, рус мусиқаси, рус балети, рус гўзали ҳақидаги ярим чин, ярим ёлғон афсоналар дунёни мафтун эта олган эди. Ўз ўзига маҳлиёлик шу даражага етган эдики, рус халқи ўзини ҳамма жабҳада, ҳатто ароқ ичишда, сўкишда, беҳаёликда ҳам энг зўр деб билар ва “мен дунёдаги бор йўқчилигу қийинчиликка бардошли халқман”, деб чекига тушган аянчли аҳволи билан ҳам мағрурланар эди.
Дунёни эсанкиратиб қўйган яқинда юз берган фожиадан сўнг бу каби кўрсатувлар нима мақсадда тайёрланганини англаб қолдим. Халқни бу каби чиркин кўрсатувлар бўхронида эс-ҳушини эгаллаб олиб, уларни маънан, ахлоқан, ақлан таназзулга учратиб, фикрсизлик ботқоғига чўктириш бўлган экан мақсад. Ва улар ўз мақсадларига етибдилар.
Ушбу воқеа оқибатида ўзини тинчликсевар, адолатпарвар, қалби қордай оппоқ халқ деб дунёга жар солиб келган миллатнинг жуда кўпчилиги зулмга қарши туриш у ёқда турсин, ҳатто раҳм-шавқат, ачиниш каби оддий инсоний туйғулардан ҳам мосуво эканликлари аён бўлиб қолди. Ҳатто пул учун ўз фарзандини урушга жўнатиб, эвазига ўғли тобути билан мукофот тарзида берилган оқ енгил машинасида хурсанд, кўкрак кериб юрган онага қараб “тавба” дейсан.
Хулоса: Чеҳра қалб ойнаси эканлиги ҳақиқат экан. Кейинги 20–30 йил ичида рус киносида шахсан мени авваллари мафтун этиб келган чеҳраларни учратолмадим. Сўзлашувдаги равон, шоирона, эҳтиросли оҳангларни эшитолмадим.
Ҳа, минг афсус, руҳиётдаги маразлик ташқарига – чеҳраларга сизиб чиқиб, ўз суратини беаёв чизиб қўяр экан.
Дилором КАРИМОВА,
Ўзбекистон халқ артисти
Тарих
Дин
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ