Ижод – вақтдан ташқари ҳаёт. Вақт билан ҳисоблашмайди у. Ер сайёрасида энг қисқа вақтнинг кўчиши ёруғлик тезлиги ҳисобланса, ижод ўша вақтни ушлаб қолган оний лаҳзалардир. Вақт таъсир қилмайдиган сайёралар кўп – вақтсиз сайёралар. Чин истеъдод ижод қилаётган дам ўша вақтсиз оламда сайр этади. Замон ва маконга юқоридан назар ташлаётган бўлади. Шундай ижодкорлардан бири бу – Леким Иброҳимов. Асарларида вақтни ушлаб қола олган, вақтни сайқаллаб бера олган, ўз замони ҳақида келажакка ранг орқали гапира олган рассом.
Мен расмга кўп тушунмайман. Аммо, ҳар бир картинани бир шеър биламан. Картина шеърдек сўзлайди: ранглар гапиради, тасвирлар, ташбеҳлар, муболағалар, қалб изҳорлари... Шоир йиллар давомида ёзган шеър-ғазалларини йиғиб девон тартиб беради. Қўлингизда Машраб девони бордир балки. Машрабдан кейин девон тартиб берган яна бир ижодкор Леким Иброҳимов. Бу муболаға эмас. “Минг пари ва бир сурат” кўргазмасидаги суратларни кўрарканман, бир гўзал “Девон” тартиб берилганига амин бўлдим. Кўргазма номини эшитганимда хаёлимга “Алиф Лайло ва лайло” келганди. Сўзловчи Шаҳризода бўлса, ҳар бир картина битта эртакдир. Мингта картинадан иборат битта достон. Суратларни кўра бошлагач эса хаёлимга Самарқанд келди. Бу Афросиёб деворий суратларидек тикланган тасвирлар йиғиндиси. Бу Шарқ рассомининг дунё узра ўз сўзини айтиши эди. Ранглар жилосида Шарқ уфуриб турибди. Бунинг илдизи эҳтимол қоятошлардаги тасвирлардир, Зараутсой расмларидир, Турфон тоғларидаги қадим аждодлар чизмаларидир. Ўлиб ётган Шарқ рассомчилиги уйғонгандай, эҳтимол.
Леким Иброҳимов шарқ рассомлик мактабига янги нафас олиб келди. Иброҳимовнинг ўз мактаби бор, ўзи асос солган мактаб бу. Келажакда эса бу йўналишда, бу мактабда шарқ рассомлари ўз сўзини айтади. Тангри ёр бўлади. Эҳтимол Тангрини расмини чиза оладиган рассомлар туғилар... Суратларда замонавий шакллар ичра қадимий турк маданияти ва анъаналарини мужассамлаштирганига гувоҳ бўлдим. Ҳар бир асарда қадимги турклар руҳи сақланиб қолган. Рассом Қозоғистонда, Тян-шан тоғлари этагидаги қишлоқда туғилган. Эҳтимол, рассомликка ўша улуғвор тоғлар ҳайрати бошлаган. Ўсмирлиги, иштиёқи катта шаҳарга етаклади. Самарқанд миниатюраси илҳомини тарбиялаган бўлса, Тошкент улғайтирди. Тошкентда яшаб ижод қилди ва Флоренцияда бутун дунёга ўз сўзини айтди. Чин ижодкор учун шаҳар, давлат ё Ватан чегараси бўлмайди. Аммо, миллат ва ижод руҳи бўлади. Леким Иброҳимовда туркийлар қони оқаркан, истайсизми-йўқми ўша қон, ўша руҳ ижод чегарасини белгилайди.
Ижодкор Флоренцияда Шарқ рассомчилиги, айнан турк рассомчилигини кўрсата олди. Флоренция биенналесида олтин медални қўлга киритган биринчи Ўзбекистонлик рассом сифатида тарихга муҳрланди у. 528 кв.метрлик, баландлиги 8, узунлиги 66 метр бўлган полотно катталиги билан Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киритилди. Спортда йиллар давомида машқ қилиб, баланд сакраб ё нафси очлар катта дошқозон осиб Гиннес китобига кириши мумкин. Бироқ санъатда рекордлар китобига кириш?!
Леким Иброҳимов картиналарини ўқисангиз, анъанавий Европа рассомчилик мактабини тан олмаслигини, ундан воз кечганини ҳис қиласиз. Шарқ, турклар ўзлигини сақлаб қолиши учун асарлари қайғураётгандай туюлади. Аслида, Шарқ рассомлар учун дўкон! Сюрреализм, кубизм, реализм, модернизм бўладими, ғарб рассомлари Шарқ дўконидан унумли фойдаланган, фойдаланади. Бизнинг анъаналарга, нақшларга, буюмларга, заргарлигимизга, кулолчилигимизга, каштачилигу атласларимизгача ўрганади, эътибор беради. Шарқ – катта дўкон. Леким Иброҳимов эса шу дўконнинг ҳам эгаси, ҳам олувчиси. Бу дўконда қадимдан парилар тасвири бўлган, илҳом парилари бўлган, илоҳий фаришталар бўлган, Эзгулик фаришталари бўлган. Бу фаришталар қандай фаришталар? Пегас минган илҳом фаришталари, жаннатдаги етмиш икки ҳур, Авестода эзгулик учун жаннатда сизни кутиб оладиган ҳур, шаманизм фаришталари, тангричилик фаришталари, мусовийлик фаришталари, христианлик фаришталари, елкангиздаги қўриқчи фаришталар... Турк эли барча динлар аро бор.
Ижодкор ҳам оддий одамдай яшайди: ейди, ичади, ўлади. Одам оловга ёқилади, ерга кўмилади, чирийди. Чин ижодкор эса асарлари қанотида яшай бошлайди. Леким Иброҳимов ҳам ўзи яратган фаришталари қанотида олисларга учади. Бу фаришталар шу қадар табиий, шарқона бўй кўрсатганки, уларни бегона дейолмайсиз. Бу ўзимизнинг фаришталар дейсиз. Санъат доим бозорга солинади Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам, айниқса, рассомчилик картиналарида бу яққол намоён бўлади. Гоҳ атай ким ошди савдолари уюштирилади. Аммо, санъатнинг бозордан устунлигини кўрсата оладиган “Бир картинада минг пари” каби асарлар ҳам бор яхшиям. Улар ҳали яна кўп яратилади, яратилмоқда.
Талант Бек
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Жараён
Маънавият
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ