«Ибн Сино Марказий Осиё фарзанди». Масъуллар ва фаоллар Тожикистон вазири баёноти бўйича фикр билдирди


Сақлаш
14:48 / 28.01.2025 38 0


Куни кеча Тожикистон Маданият вазири Матлуба Сатториён матбуот анжуманида CNN нашрида Ибн Сино ўзбек олими дейилганига муносабат билдириб, бу хато маълумотлиги, тарихий манбаларни ўрганмайдиган журналистларнинг асоссиз даъвоси эканлигини таъкидлади. У тожик олимлари ва тадқиқотчилари халқнинг маданий ва адабий меросини ўзлаштиришга уринаётганларга муносиб жавоб беришига ишонч билдирди.

 

Сатториён хонимнинг баёноти кўпчиликда эътироз уйғотди. Улар минг йил олдин яшаган инсонлар қайси миллатга тегишли эканини аниқлаш имконсизлиги, ушбу даврда замонавий «миллат» тушунчаси мавжуд бўлмагани, умуман тарихни кавлаб, унинг кимники эканлиги ҳақида баҳслашиш ҳеч қандай фойда келтирмаслигини билдирди.

 

Азамат Зиё, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти директори

 

«Ҳурматли сиёсатчиларимиз, илтимос, биз – олимлар ишига аралашманглар. Тарих фани бизнинг ишимиз, сўнгги сўзни олимлар айтишлари керак. Ўшанда ҳам чуқур, бирламчи манбаларга асосланган, холис ва илмий изланишлар орқали.

 

Биз халқларимизга ҳаққоний тарихни етказишимиз керак. Хоҳ ўтмиш, хоҳ бугунга боғлиқ бўлсин, айнан ҳақиқат халқларимиз, айниқса, ёшларимизни тарбиялайди. Тўғри йўлга бошлайди. Шунинг учун, қанчалик аччиқ бўлмасин, биз олимлар тарихий ҳақиқатлардан юз ўгирмаслигимиз ва уларни очиқлашимиз керак.

 

Мен манбашунос ўлароқ қирқ йилдан бери Турон, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганиб келаман. Масалан, ўлкамиз ўз тараққиётида энг чўққига чиққан темурийлар даврида Турон ва Эрон аҳли «турк ва тозик»дан иборат бўлгани манбаларда жуда кўп уқтирилган.

 

Умуман айтганда эса, Абдураҳмон Жомий тожик, Абу Наср Форобий қозоқ, Маҳмуд Кошғарий қирғиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий ўзбек деб ёзилган биронта ёзма манба йўқ!

Ибн Синонинг ҳам миллати ҳақида ҳам биронта гувоҳлик йўқ. Агар уларнинг ёзган асарлари тилидан келиб чиқилса, улар араб бўлишлари керак. 

Интернетнинг қулоғини бурасак, чиндан ҳам, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий ва яна юзлаб хоразмий, бухорий, фарғоний, насафий, кеший, шоший, термизий, марвазийларни араб олими, араб маданияти вакили, ислом олими, мусулмон олими деб ёзиб ётибди. Бунга нима дейишимиз керак? Ҳар ҳолда, эндиги 22 та араб давлатига даъво билан чиқмасак керак. 

Бугун Марказий Осиёда ўзаро тил топишмаган биронта қатлам қолмади. Президентларимиз, вазирларимиз, ҳокимларимиз, ёзувчиларимиз, ишбилармонларимиз, энг асосийси, бозори ҳам, мозори ҳам, тарихи, маданияти, қадриятлари, урф-одатлари, диний қарашлари ҳам бир биродар халқларимиз тил топишиб, ўзаро борди-келди қилмоқдалар. Хўш, биз минтақа олимлари, айниқса, тарихчилар нима қилмоқдамиз? Ҳалигача йиғилиб, гаплашиш у ёқда турсин, бир-бировимизни билмаймиз ҳам. Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонда тарих, археология, шарқшунослик йўналишларида фаолият юритаётган илмий муассасалар директорларини Тошкентга чорлайман. Аввало ўзаро танишиб олайлик, илмий фаолиятларимиздаги ютуқ ва камчиликларимиздан сўйлайлик. Ўшанда мақсадимиз ва олдимиздаги вазифалар бир экани ва бирлашиб ишлашимиз шартлиги, миллий масаладанда долзарброқ мавзулар борлиги ойдинлашади. 

Тўғри, келишолмайдиган мавзулар ҳам чиқиши мумкин. Бироқ барчамиз учун бирдек муҳим бўлганлари уюлиб ётибдику! Масалан, ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман аждодларимиз юртимизга келган босқинчиларга қарши бирга курашмаганларми? Қатағонлардан барчамиз бирдек азоб тортмадикми? Иқтисодий, ижтимоий тарихимизда қанчадан-қанча муштарак илмий масалалар бор. Шунинг учун, ҳиссиётга берилмай, бирга бўлайлик, айрим енгил-елпи илмий муаммоларимизни ўзимиз – олимлар ҳал қилайлик. Энг бош масала – сўнгги йилларда оёққа туриб, дунёда ўз сўзини айтишни бошлаган Маркази Осиё ўлкамизни майдалаб ютишларига йўл қўймаслигимиздан барчамиз манфаатдорлигимизни эсдан чиқармаслигимиз, халқларимизни ҳам шу йўлдан бошлашимиз керак». 

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам Тожикистон Маданият вазири сўзларига муносабат билдирди: 

«Ибн Сино Марказий Осиё фарзанди. 

Тожикистон Республикаси Маданият вазири Матлубахон Сатториён хонимнинг Абу Али Ибн Сино кимнинг фарзанди ва қайси миллатга мансуб эканлиги ҳақидаги баёнотига ўз муносабатимни билдирмоқчиман. 

Авваламбор ўзбек-тожик дўстлиги кўп минг йилга бориб тақалишини эътироф этиб, сизга ўз ҳурматимни изҳор қиламан. Аммо буюк файласуф Суқрот айтганидек «Афлотун маним дўстимдир, лек ҳақиқат ундан устундир». 

Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари энди ҳақиқатдан ҳам бирлашаётган бир тарихий пайтда, ўзаро чегаралар очилиб, барча соҳаларда мукаммал ҳамкорлик ривожланаётганда барчамиз айтаётганимизни етти ўлчаб бир кесиб гапиришимиз керак, албатта. 


Иккинчидан, шу мавзуда баҳс очилган экан, минтақамиз тарихини пухта ўргансак, IХ-Х асрларда минтақамизда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ёки Қирғизистон деб тавсифланиш бўлмаганини эътироф этиш керак. 

Учинчидан, ўша замонлардаги илм-фаннинг ва маърифатнинг юксалиши, Ренессанс даврининг чўққига чиқишининг бош омилларидан бири минтақамиздаги бир жуғрофий ҳудуд қамровидаги яратилган эркин муҳитдир. 

Тўртинчидан, бугунги кунда интернетнинг истаган қидирув тизимига мурожаат қилсангиз, Абу Али Ибн Сино қайси мамлакат фарзанди деганда: Абу Али Ибн Сино, машҳур табиб, файласуф, математик ва олим, Бухоро ёнида туғилган. Унинг туғилган жойи ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Шу сабабли, Ибн Сино Марказий Осиё фарзанди ҳисобланади. 

Бешинчидан, Абу Али Ибн Синонинг миллати тўғрисидаги савол қанчалик ўринсиз бўлсада, сизга шуни маълум қилмоқчиманки, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларга, албатта, салбий таъсир қилмай қолмайди, ва шубҳасиз, учинчи тараф бундай ҳоллардан ўзининг ғараз мақсадларида фойдаланади. Биз бугун катта минтақада яшар эканмиз, илм-фан, адабиёт, маърифат соҳасида чўққига чиққан улуғ олимларни сеники, меники демасдан бир заминда яшаган боболаримизнинг муносиб фарзандлари бўлишимиз керак». 

Журналист Муҳрим ушбу гапларга қисқа жавоб берган. 

«Менга фақат бир нарса қизиқ кўринди – Тожикистон маданият вазирининг фамилияси нега Сатториён? -ён суффикси фақат Эрондаги арманларда учрамасмиди? 

Минг йил аввал яшаган одамлар ўзбекмиди, тожикмиди ё қозоқмиди деб талашиш, очиғини айтганда, сал-пал жиннилик. Ибн Сино, Хоразмий, Форобий, Яссавий ва ҳоказолар – бизники, сизники, ҳаммамизники», дея ёзган журналист. 

Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» ҳаракати раиси 

«Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилмоқда. 

Халқларимизни чуқур тарихий илдизлар, маданий қадриятлар ва келажакка муштарак назар бирлаштиради. 

Абу Али ибн Сино каби улуғ шахсларнинг мероси бутун минтақа ва бутун дунёга тегишлидир. Шу нуқтаи назардан, Тожикистон маданият вазирининг CНН нашрида чоп этилган мақола юзасидан билдирган эътирози афсусланарли. Бундай баёнотлар Марказий Осиё якдиллиги ва бирдамлиги руҳига мос эмас. 

Бугун биз «бу сеники» ёки «бу меники» деб эмас, асосий эътиборимиз минтақамизнинг келажаги учун муҳим бўлган реал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларга қаратилиши керак. 


Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги ва хавфсизлик каби жиддий муаммолар билан юзлашмоқда. Уларни ҳал этиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш устида бош қотиришимиз зарур.


Биз ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий фаровонликка интилиш йўлига содиқмиз».


Ижтимоий тармоқларда бошқа фойдаланувчилар ҳам Тожикистон вазирининг бундай руҳдаги баёноти икки халқ дўстлигига хос эмаслиги, йўқ жойдан муаммо пайдо қилиш эканлигини ёзмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14887
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//