Маърифатдан қайтарадиган ҳар қандай нарса Худодан қайтаради – Бугунги ўзбек жамияти фожиалари


Сақлаш
12:15 / 28.01.2025 35 0

Француз маърифатпарвари Антуан Риваролнинг бир гапи янги дунёнинг чалкаш моҳиятини очиб ташлайди. Бу шундай: “Волтер: “Одамлар қанчалик маърифатли бўлсалар, шунчалик эркиндирлар”, деб таълим берганди. Унинг издошлари эса халққа: “Сиз қанчалик эркин бўлсангиз, шунчалик маърифатлидирсиз”, деб уқтирдилар. Ҳалокатнинг сири ана шунда!”

 

Қаранг-а, бир қарашда икки талқин ҳам аслида бир хил, кўп фарқи йўқдай, шунчаки сўзларнинг ўрни алмашиб қолгандай туюлади. Лекин биринчиси элтузар, иккинчиси элбузар ғоя. Яъни, дунёни яхши томонга ўзгартиришга хизмат қиладиган ғоя сўзларнинг ўрни алмашиши билан дунёни бузадиган ғояга айланиб қолган. Математикадаги “Қўшилувчиларнинг ўрни алмашган билан йиғинди ўзгармайди” деган қоида сонлар учун амал қилади, лекин сўзларга тўғри келмайди. Бундай ҳолатда йиғинди у ёқда турсин, ҳатто фалак ҳам тескари айланиб кетиши мумкин. Аста-секин бу фикрни омма “Истаганингча эркин бўлавер, керак бўлса, маърифатнинг ўзи келади”, бора-бора “Эркин бўлсанг бўлди, маърифат шартмас” қабилида қабул қила бошлади. Хуллас, инсоний қадр ва эркинликни фақат маърифат беришини назардан четга суриб ташладилар. Бу ҳодиса дунё маънавиятини ҳалокатга торта бошлади. Ғарбнинг ўзидан, Оврупо юрагидан чиққан маърифатпарвар Риваролнинг ташхисидан сўнг кўп ўтмай Ғарб маънавий бўронлар ичида қолди.

 

Баъзан маърифатли, чин маънодаги эркин, ҳур фикрли одамлар билан гаплашиб қоламан. Уларга ич-ичингдан ҳавасинг келади, ҳурматинг улуғ бўлади. Уларнинг баландлигини, улуғворлигини, катта Инсонлигини ҳис этасан. Уларни кузата туриб, ўзингни тафтиш қилиб кўрасан ва баъзи майдакашликларингдан уялиб кетасан. Маърифатли эркинлик одамни юксакка кўтаради, Худога яқинлаштиради, маърифатсиз эркинлик тубанликка тортади, шайтонга яқинлаштиради. Буни эркинлик деб бўлмайди, асло. Асло! Ғарб бу залолатнинг қанчалик жабрини тортаётгани дунёга аён. Бир жинсли никоҳлар, қариган ота-онани қаровсиз ташлаб кетишлар, ҳаё ва ибо, меҳр ва оқибат таназзули, хиёнатлар, худбинлик ва маҳдудлик каби юзлаб иллатлар қатор халқларнинг тарихий илдизларини қуртлатиб юбормоқда. Агар ҳозирги замон иллатлари энциклопедияси чоп этилса, камида 10 жилд бўладиёв. Баъзи филмлару, боши адоғи йўқ сериалларни кўриб, булар хиёнат ва сотқинликни, зўравонлик ва бузуқликни фазилат деб эълон қилишмаса гўрга эди, деган ўйга борасан. Шубҳасиз, эркинлик буюк неъмат, ҳатто муқаддас неъмат, лекин у маърифат билан қадрли, маърифатсиз “эркинлик” бемаънилик ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб расвогарчилик ва бачканалик, беҳаёлик ва олди-қочдилар, фитна-фасод, ҳатто фаҳш ва қотилликлар ҳам эркинлик ниқоби остида намоён бўлаётгани алам қилади. Менинг бу фикрларимни тўғри тушунишларингизни истардим. Мен сўз эркинлигини қаттиқ ҳурмат қиламан, фикрлар хилма-хиллигини жуда қадрлайман. Бусиз тараққиёт ҳам, тафаккур ҳам бўлмаслигини яхши англайман. Лекин сўз эркинлиги билан иғво эркинлигининг, фикрлар хилма-хиллиги билан шаллақиликлар хилма-хиллигининг осмон билан ерча фарқи бор. Биз баъзида фикр нима-ю, вайсақилик нима эканини фарқлолмай қоляпмиз. Бу гул билан гўнгнинг фарқига боролмасликдай гап. Ижтимоий тармоқларда бир тўда ўқувчиларнинг 60 яшар ўқитувчисини елкасига миниб ураётгани, Навоий ҳайкали пойида бир тиррақининг даҳони масхаралаб кулаётгани, гапига илон пўст ташлайдиган бир уятсиз хотиннинг шармандаларча валақлаётгани, баъзан андишали одамлар устидан мағзава ағдарилаётгани (санайверсанг адоғи йўқ!) – буларни нима деб аташ керак. Эркинликми бу, фикрлар хилма-хиллигими?!

 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, ижтимоий тармоқларда баъзан жонкуяр одамларимизнинг эл-юрт тақдири, адолат, бизга четдан бўлаётган таҳдидлар, ватанимиз шаънига айтилаётган тутуриқсиз иддаоларга дадил жавобларини, миллий муаммоларимиз масаласида самимий, илғор фикрли чиқишларини кўрамиз. Лекин уларнинг овозини ҳам бемаъни шовқинлар, оғзи шалоқ ғийбатлар босиб кетаётганига гувоҳ бўламиз. Чунки биз ўзимизга нима кераг-у, нима керак эмаслигини билмаймиз. Чунки ҳамма гапирсам дейди, бақирсам дейди, биров тингласам демайди.

 

Эркинликнинг илдизлари маърифатдан сув ичади. Инсон эркинлиги билан Ватан озодлиги чамбарчас боғлиқ жараёндир. Яъни, инсоний эркинликнинг масъулиятини билмаган одам Ватан озодлигининг моҳиятини ҳам билмайди. Рабиндранат Тагорнинг бир гапи ҳаммамизга доимий дарс бўлиши керак: “Озодликнинг абадийлигини фақат бир нарса таъминлайди. У ҳам бўлса маърифатдир”. Менимча, энг тўғри гап шу. Маърифатсиз озодлик озодлик эмас.

 

 

Катта пул дардида

 

Одамни маърифатдан қайтарадиган ҳар қандай нарса уни Худодан қайтарадиган иллатлар билан бир қаторда туради.

 

Жадидлар бизга ҳар ишда мудом ибратдирлар. Улар бутун кучни маърифатга қаратдилар. Нажотни маърифатда деб билдилар. Эркинлик ва озодликнинг таянчи маърифат эканини тинимсиз уқтирдилар. Шу билан бирга юртнинг катта бойларини илму маърифатга хизмат қилишга, бу йўлда маблағларини сарфлашга ундадилар.

 

Катта пул ва бойлик нимага хизмат қилиши керак? Инсоннинг инсон бўлиши учунми ё юҳога айланиши учун? Юртимизда эзгулик, илм-фан, адабиёт учун ҳиссасини қўшаётган бойлар бор. Лекин аксарият пулдорлар билан гаплашиб қолганингда дилинг оғрийди. Уларнинг гап-сўзларидан, ўзини тутишларидан “Ўша маърифат-паърифатинг таг-томири билан йўқ бўп кетмайдими? Менга нима?” деган оҳангни сезасан. Ҳар икки куннинг бирида туппа-тузук лавозимда, яхши маош, обрў билан ишлаб юрган ўзига тўқ амалдорлар катта пора билан қўлга тушиб қолгани ҳақидаги хабарларни ўқиймиз. Агар шу кимсаларнинг ичида озгина маърифати бўлганда эди, қадрини қорнига алмаштириб ўтирмасди.

 

 

Катта пулни орзу қилмаган одам камдан кам топилади. Балки топилмас. Ҳар қандай одам умрининг қайсидир босқичида бу ҳақда ўйлайди ва ҳавасига тушади. Одаммизми, бас, бу васвасага қайдадир бир эмас, бир неча бор дуч келишимиз тайин. Фақат кимнингдир умри мавсумларида бу нарса ўткинчи ҳиссиёт каби ўтиб кетади, кимнидир эса домига ютиб мангу қулига айлантиради.

 

Нафс табиатида бир хусусият борки, у очилган сари очилиб бораверади, оқибатда юҳога айланади ва ўз эгасини ҳам ютиб юборади. Катта пул бор жойда хатар бўлади, дер эди онам. Ўзбек халқ эртакларидаги хазина устида ётадиган аждаҳо тимсоли ҳам шундан огоҳ этади.

 

Манглай тери билан маблағ топиб, бойлик орттираётганлар ҳам бор. Гапим кимларгадир ғалати туюлса-да, бир нарсани айтай. Манглай тери билан топилган пулда маърифат бор. Чунки бу бойлик ортида меҳнат ётади. Чин меҳнат ҳам маърифатдир. Шунинг учун меҳнат одамни тарбиялайди, дунёга қарашларини ўзгартиради.

 

Мен ёшлар билан учрашувимда ҳам айтдим. Пулингиз кўп бўлгани яхши. Лекин ичингизда маърифат бўлмаса, юз миллион долларингиз бўлса ҳам бу бойлик сизни қутқаролмайди. Маърифатсиз ҳар қандай куч пуч ва ҳалокатга маҳкумдир.

 

Яна бир гапни бот-бот такрорлайман: Катта пул фоҳишада ҳам бўлиши мумкин, ашаддий жиноятчида ҳам, қонхўр манякда ҳам, аблаҳ бир ғаламисда ҳам бўлиши мумкин. Таққос учун бошидан узр сўрайман-ку, дейлик, Эркин Воҳидов ё Абдулла Ориповнинг пулидан кўра машина ўғриси бўлган бир мафиознинг пули юз минг баробар кўп бўлган бўлиши мумкин. Бунга тарихда ҳам, бугунги замонда ҳам мисоллар кўп. Лекин маърифат ҳаммада ҳам бўлавермайди. Бошингизни минг жойга ураверинг, минглаб важларни пеш қилаверинг, барибир, охир-оқибатда одамнинг одамлиги унинг маърифати билан ўлчанади.

 

 

Бузуқ ўлчов бирлиги

 

Шундай одамчалар тўдалари пайдо бўляптики, моддий фойдадан бошқа нарса уларнинг кўзига кўринмайди. Улар учун бундан бошқа ўлчов бирлиги йўқ! Мен баъзида ўйлаб қоламан яна 1520 йилдан сўнг уларга Беруний, Улуғбек, Навоий ҳақида гапирсанг, “Ўтмишда ўтган бўлишса ўтишгандир, менга нима фойдаси бор” дейишлари аниқ. Мен ўн-ўн беш йилдан сўнг деб андавалаб гапираётгандирман, ҳолбуки бу кўргилик бошланиб бўлган. Фахр туйғусининг ўлиши ёмон нарса, одамнинг илдизларини қуритади.

 

Яна бир гап. Фақат ўқишнинг ўзи билан маърифатга тўлиқ эришиб бўлмайди. Муҳаббат, иймон, садоқат, ватанпарварлик туйғулари ҳам ўқиш, ўрганиш баробарида улғайиб бориши керак. Шундай одамларни кўрганманки, улар ўқишни билишмасди, мактаб кўрмаган, ҳарф танимас эдилар. Лекин саводсиз саводлилар эди улар. Уларнинг юраги маърифатга тўла эди. Боболаридан фахрланишар, ватанини жондан севишар, ор-номусни ҳамма нарсадан устун қўйишар, эзгулик ва иймон билан яшашар эди. Гарчи ҳарф танимаса-да, уларни ўқимаган деб ҳам бўлмас... Чунки улар ўз халқининг қадимий афсоналари, достонлари, эртаклари, ҳикматларини, эзгу ҳаёт қоидаларини қон-қонига сингдириб юборишганди. Бу ўринда яна Нобель мукофоти соҳиби Мигел Анхел Астуриаснинг ўша гапини эслаб ўтмак жоиз: “Аслида энг яхши романлар ёзилмаган, айтилган!”

 

Мен яқинда олий даргоҳларимиздан бирида магистрлардан имтиҳон олишда қатнашдим. Яхши билимли ва фаросатли, юртпарвар ёшларимиз бор. Уларни кўриб, кўзинг яшнайди, кўнглинг тоғдай ўсади. Лекин улар қаторида илдизини йўқотиб қўйган ёшларимиз ҳам учрайди. Имтиҳон вақтида шундай ёшларни кўрдим. Улар учта тилни билади, дунёнинг нариги бурчидаги ҳодисаларни билади, ҳар балони билади, лекин Ватанни билмайди. Бири Шайхонтоҳур туманида туғилган, шу ерда униб ўсган, шу ерда вояга етган, лекин “Сен туғилган туманнинг номи нега шундай аталади?” деб сўрасанг, тинимсиз сақич чайнайди. Шайх Ҳованди Тоҳур ҳақида тасаввури ҳам йўқ. Биридан “фамилиянг палончиев экан, хўш, бобонгнинг исми маъносини айтиб бер-чи” десангиз, айтолмайди, куракда турмайдиган гаплар билан аравани қуруқ олиб қочади. Яна бири Навоийдан бирор ғазал ё рубоий у ёқда турсин, “Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз” деган тўртта сўздан иборат кичик бир ҳикматни айтиб беролмайди. Шу юрт озодлиги учун жонини берган, ватани учун отилган, осилган Чўлпон, Фитратлар ҳақида айтадиган икки жумла гапи йўқ, яна “магистрман” дейди.

 

Ошириб юборяпсиз, деманг. Мен кўрганимни айтяпман. Тағинам, қисқартириб айтяпман. Икки-учтамас, ўнта тилни билинг, Америка, Австралия, ҳатто Антарктидагача яхши билинг, лекин ҳаммасидан аввал Ватанни билинг. Ватанни билмак керак. Ватанни билмай, дунёни билишнинг фойдаси йўқ.

 

 

Шундай шўрликлар борки, улар имконини қилиб, Худони ҳам алдаса бўлади деб ўйлашади. Кейинги пайтларда одамларнинг яхши ният, ҳалол меҳнат билан пластик карталарига йиғган пулларини ўмариб кетаётган фирибгарлар, одам савдоси билан шуғулланиб, ён қўшнисигача сотиб юбораётган қаллоблар, соддадил одамларни чув тушириб, сарсон-саргардон қилаётган кўрнамаклар ҳақидаги хабарларни ўқиб шу ҳақда ўйладим. Бу муттаҳамларнинг тасаввури шунча тубанки, Худони нари борса, туман ҳокими ё туман прокурори даражасида кўра олади. Ундан у ёғига ўтолмайди. Уларнинг бўлгани шу.

 

Оддий одамларнинг ҳаққини ўғирлаётган бир зўравон, ё туҳматга учраган жабрдийдадан пора олаётган бир амалдор “Худо билса, билсин, қонунчиларнинг қўлига тушиб қолмасам бўлди” қабилида иш тутади.

 

Маърифат шундай нарса эканки, бир аҳмоқнинг мия қопқоғини очиб, ичига тўлдириб бу неъматни тиқиб қўйсанг ҳам юқмас экан. Уни юқтириш она қорнидан, бешикдан бошланиши керак экан. Ёши қирққа бориб қолган эшакнинг қонини алмаштирган билан ҳеч нарса ўзгармайди.

 

 

700 йиллик ҳикмат ва 2 кило-ю 360 грамм палов

 

Энди ким кўп ош ейиши бўйича “чемпионат”ни ҳам бошлаб юбордик. Ана ташаббусу мана ташаббус! Қойилмақом ғоя! Бизга шу етмай турувди ўзи. Самарқандда бўлиб ўтди бу довруқли мусобақа. Унда бир кишига 2,5 килограмм палов берилади ва ошхўр уни 30 дақиқада еб тугатиши керак. Дард устига чипқон деганларидай, мусобақа бошида бошловчи оғиз кўпиртириб, ким кўп ош ейиши бўйича бўлиб ўтаётган бу мусобақа “Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишланади”, деб тантанали эълон қилди. Э-воҳ, ит уриштиришдан ҳам хунукроқ бу машмашага мустақилликни аралаштирмасанглар бўларди, биродарлар.

 

Ошхўрларни томошабинлар гулдурос қарсаклар, олқишлар билан кутиб оладилар. Худди халқ қаҳрамонларини кутиб олаётгандек. Интервьюларни айтмайсизми? Ё тавба! Ёқангни чок-чок этишдан бошқа йўл қолмади. Кўп овқат ейиш билан ҳам мақтаниб бўладими, аксинча бунинг учун уялиш керак-ку, эй мусулмонлар! Ёрилиб кетгунча овқат ейиш, бўкиб қолиш қайси ахлоққа тўғри келади?

 

 

Мусобақа давомида бошловчи: “Кимнинг ғолиб бўлиши Аллоҳдан, албатта”, “Чемпион саноқли дақиқалар ичида аниқ бўлади”, “Бадиий саҳнамизга бугунги унутилмас кечамизнинг полвонларини олқишлар билан таклиф этамиз”, “Улар бугун ўзига хос обрўга эга бўлишди”. “Мана шунақанги фестиваллар, чемпионатлар кўп бўлишини тилаб қоламиз” каби пуфакларни тинимсиз пуфлаб турди. Ҳамма томонни пуфак босиб кетди.

 

Хуллас, бу чемпионатда учинчи ўриндаги 36 ёшли иштирокчи 1 кило-ю 600 грамм, иккинчи ўриндаги 33 ёшли ошхўр 1 кило-ю 650 грамм, биринчи ўрин шоҳсупасига кўтарилган 44 ёшли ошполвон 2 кило-ю 360 грамм паловни паққос тушириб, “шонли тарихга ўз номларини муҳрладилар”.

 

Эҳ фаросат, фаросат! Мунчалар хор бўлдинг, шўрлик фаросат!

 

Эркин Воҳидов бир шеърида: “Менинг бир қўшним бор унга тўй ҳам, аза ҳам битта нарса: ошхўрлик”, деб ёзган эди.

 

Нақшбанд бобомизнинг: “Кам е, кам де, кам ухла” деган 700 йиллик ҳикмати ҳам ҳайф кетди. Бу ҳикмат 2,5 кило паловга қўшиб еб юборилди.

 

 

Одам бўлсинми ё ҳўкиз?

 

Маърифатсизлик одамни минг кўйга солади. Бир пулга қиммат арзимаган ҳою ҳавасларнинг баттол ҳаммолига айлантиради. Йиғинларда кимнидир доллардан тикилган кўйлакни кийдириб, ўртага чиқариб, қутуртиради. Яна бир нодонни илм ва олимнинг устидан кулдириб, бўкиртиради. Ўзига тўқларни шу ҳолга туширса, ўзида йўқларни ҳақ-ҳуқуқини танимайдиган, дуч келганга алданаверадиган, фикрсиз гўлларнинг гўлига айлантиради.

 

 

Ёмон иллатларимиздан бири – кўпинча арзимаган майда-чуйда нарсалар кетидан чопиб, катта нарсаларни бой берамиз. Битта дабдабали тўйга кетадиган пулга бир ўғилни яхши жойларда ўқитиб одам қилишимиз мумкин. Йўқ, бизга тўйдаги сохта дабдаба-ю уч кунлик кўпик мақтовлар керак. Ўша ўғил одам эмас-да, бир ҳўкиз бўлиб етилар, лекин обрў кетмасин, деймиз. Шу обрўми?

 

Жаҳон халқларининг қай бирин тарихига қараманг, уларни фақат илм-фан ва маърифат Халқ қилган, қаддини кўтарган, тоғдай ўрнини белгилаб берган.

 

 

Эл номуси

 

“Она Ватан”, “Она юрт” деган ибораларни кўп ишлатамиз, баъзида меъёридан ошириб ҳам юборамиз. Бу сўзлар азиз сўзлар, муқаддас сўзлар. Лекин кейинги пайтларда мени бир нарса қаттиқ хавотирга солади. Ватанимиз ҳақида хорижда оғзига кучи етган-етмаганлар ҳар хил хунук гапларни айтиб қолишади. Ҳатто уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга юртни тарихсизга чиқаришади. У ерда тарихни биз яратганмиз деб туҳматлар қилишади. Улар халқимиз, миллатимиз, тарихимиз, юртимиз шаънига номақбул гапларни ҳам айтишади. Бундай гапларни бизнинг ҳар биримиз ўз онамиз шаънига айтилаётган гап деб қабул қилишимиз керак ва бунга зарур жавобни беришимиз шарт. Шунда Ватанни она дейишга ҳақли бўламиз.

 

Ҳар бир ўзбек “Ватанимнинг шаъни бу – менинг ўз онамнинг шаъни” деган хулосага келиши керак. Болаларга мактабдан шу туйғуни сингдирмасак бўлмайди. Дунё қалтис тус олиб бўлди. Бундай вазиятда бизни ичимиздаги маърифат сақлаб қолади. Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган маърифатли жамият ғояси келажакни ҳимоялашни ўзида мужассамлаштирган.

 

Азиз юртдошим! Бир инсон сифатида, шу юртнинг бир фарзанди сифатида мен ҳаммамизнинг бир нарсани тўлиқ англаб етишимизни орзу қиламан. Азиз ватандошим! Беғубор орзулар билан Бойсунда юрган бир қизнинг номуси, ё Марғилонда яшаётган бир қизнинг номуси, ё Бахмалда бўйга етаётган бир қизнинг номуси... Хуллас, ҳамма-ҳаммаси сен билан менинг номусимдир, азиз ватандошим, пировардида Ватан номусидир. Чунки улар миллатнинг эртанги оналаридир.

 

Азиз юртдошим! Ғузорда бўй чўзаётган бир ўғилнинг ори, Андижонда қаддини кўтараётган бир ўғилнинг ори, Тошкентда манаман деб етилаётган бир ўғилнинг ори... Хуллас, ҳамма-ҳаммаси сен билан менинг орим ва келажагимдир, азиз ватандошим, пировардида Ватан келажагидир.

 

 

Арз ва изҳор

 

Башарият ўн минг йилда ҳам Худога айтадиган гапларини айтиб тугатолмади. Бўлмасам, шоирлар, мусаввирлар, санъаткорлар пайдо бўлмасдилар. Инсониятнинг ҳар бир авлоди сўнгсиз арз ва изҳорларнинг давоми билан дунёга келаверади. Бу зор ва изҳор абадиятда ҳам давом этаверади. Токи дунёга изма-из келаётган инсон авлодларининг Худога айтар арзи ва изҳори бўлар экан, унда маърифат ҳам бардавом бўлаверади.

 

Одамни ҳам зоҳиран, ҳам ботинан Яратганга боғлайдиган ҳамма нарса, катта-ю кичиклигидан қатъи назар маърифатдир. Хоҳ у эзгу фикр бўлар, ё бирор муҳтожга тирноқча яхшилик бўлар, ё ватан учун қаҳрамонлик бўлар, ё қўшни учун кичик бир сийлов бўлар...

 

Шайх Саъдий Шерозий:

 

Сийна лиммо-лим аламдир қайда малҳамдин дарак,

Янги одам, янги олам қайтадин тузмоқ керак...

 

– деганида маърифатли дунёни назарда тутган эди.

 

Пифагор ҳам “Худонинг Ер юзида тоза қалбдан бошқа яхшироқ бошпанаси йўқдир” деганида маърифатга тўла қалбларни назарда тутган эди.

 

Сўзимнинг охирида яна ўша гапни такрорлайман. Дунё тарихидаги ҳамма ҳалокатларнинг сири маърифатсизликда! Ҳамма яхшиликлар сири маърифатда, фақат маърифатда!

 

Эшқобил ШУКУР

 

Жадид газетаси, 2025 йил 4-сон.

“Ҳалокатнинг сири нимада? Қўшилувчиларнинг

ўрни алмашганда йиғинди ўзгаради” мақоласи

Элнур Эгамов расмларидан фойдаланилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14887
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//