Қалдирғочсиз Алпомиш алп бўлмасди – “Алпомиш” достонидаги “кўмакчи аёл образи” таҳлили


Сақлаш
11:25 / 28.01.2025 74 0

 

Бугунги кунга қадар «Алпомиш» қаҳрамонлик достонини ўрганиш, таҳлил этиш кўплаб фольклоршунос олимлар томонидан амалга оширилган. Достоннинг келиб чиқиши, ундаги мотивлар, образлар таҳлили кенг ўрганилган мавзулардан саналади. Шунга қарамай, достонни ўрганиш масалалари ҳануз давом этмоқда. Мавзу кўлами кенг бўлган бу достон бугунга қадар қатор илмий тадқиқотлар учун асосий манба вазифасини ўтайди.

 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ушбу мақолада ўзбек халқ қаҳрамонлик достонининг энг гўзал намунаси «Алпомиш» достонининг кўмакчи образлардан бири сифатида талқин этилган, Алпомишнинг эгиз синглиси Қалдирғоч образи таҳлил қилинади.

 

Достондаги тугун – «фарзандсизлик мотиви»

 

Достоннинг анъанавий «фарзандсизлик мотиви» билан бошланиши, бийларнинг фарзанд талабида юрган ҳолатлари, тугун вазифасини бажаради:

 

«Бурунги ўтган замонда, ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий деган ўтди. Добонбийдан Алпинбий деган ўғил фарзанд пайдо бўлди. Алпинбийдан тағи икки ўғил пайдо бўлди: каттаконинг отини Бойбўри қўйди, кичкинасининг отини Бойсари қўйди. Бойбўри билан Бойсари иккови катта бўлди. Бойсари бой эди, Бойбўри шой эди, бу иккови ҳам фарзандсиз бўлди... Қирқ кун ўртадан аниқ ўтди, боз равзадан овоз келди: Бойбўри, сенга худойим бир ўғил, бир қиз берди, ёлғиз эмас, эгиз берди; Бойсари, сенга худойим бир қиз берди, эгиз эмас ёлғиз берди. Бундан борсанг, фарзандларни кўрсанг, халойиқларни йиғсанг, тўй-томошалар берсанг, тўйда қаландар бўлиб бориб, болаларингнинг отини ўзим қўйиб келаман».

 

Юқоридаги парчада бийлардан бирининг эгиз фарзандли бўлиш башорати қадим мифологик тасаввурларнинг эпосга таъсирини кўрсатади. Халқ достонларида «дуалистик қарашларни ўзида ифода этган эгизаклар култи муҳим ўрин тутган».

 

Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларида қадимий тарихий асосга эга эгизаклар култи, жаҳон халқ эпосларида ҳам муҳим аҳамият касб этади: эгизак маъбудларга сиғиниш анъанаси қадимий асосларга эга бўлиб, ҳинд-европа тилларида сўзлашувчи халқларнинг деярли барчасида эгизаклар култи мавжуд бўлган. Алпомиш достонида ҳам эгизак образларининг етакчи образ сифатида учраши, ҳомий руҳлар томонидан уларнинг тилаб олиниши, Алпомишнинг «алплик қуввати» билан талқин этилиши, унга кўмакчи этиб айнан «эгиз сингил» – Қалдирғочнинг танланиши – образларнинг эпос ва этнос тақдирида муҳим роль ўйнашини англатади.

 

 

Ўзбек халқ достонларида туғилажак болага исм қўйиш анъанаси кўп учрайдиган ҳодисалардан саналади. Жумладан, Алпомиш достонида ҳам:

 

«Бойбўри билан Бойсари ниятига етиб, фарзандли бўлганларида элни йиғиб 40 кун тўй бердилар. Тўй тарқайдиган бўлиб турганда бир тарзи гул юзли, ширин сўзли, бир сиёсатли қаландар келади. Бийлар фарзандларининг учовини ҳам олиб келиб, пирнинг этагига соладилар. Шоҳимардон пири Бойбўрининг ўғлининг отини Ҳакимбек қўйди, ўнг кифтига беш қўлини урди. Қўлининг ўрни доғ бўлиб, беш панжанинг ўрни билиниб қолди. Қизининг отини Қалдирғоч ойим қўйди; Бойсарининг қизини отини Ой Барчин қўйди».

 

Кўринадики, достон қаҳрамонларининг исми Шоҳимардон пир томонидан қўйилади. Шоҳимардон пир шу тарзда фарзандларнинг кейинги тақдирида ҳомий вазифасини бажаради. Халқ оғзаки ижодининг кўпгина достонларида «ҳомий» образи мавжуд бўлиб, у достон сюжетидаги муҳим обаразлардан бири ҳисобланади. Ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонларига ёрдам берувчи афсонавий ҳомий кўпинча оқ соқолли нуроний мўйсафид, қаландар, дарвеш сифатида тасвирланади. Қаландар образи эртак қаҳрамониниг ғайритабиий туғилиш мотивининг бадиий талқинида ҳам иштирок этади. Хусусан, қаландар берган олмани еб ҳомиладор бўлиш, қаҳрамонга қаландар томонидан исм қўйилиши мотивлари юқоридаги фикр далилидир.

 

Эпоснинг ҳаракатлантирувчи қувват кучлари

 

Алпомиш, Қалдирғоч, Барчин учлиги эпоснинг ҳаракатлантирувчи қувват кучлари сифатида талқин этилади. Алп бир ўзи ғалаба қозона олмайди. Унга руҳан кўмак берувчи – Қалдирғоч, алпга таянч – Барчин образлари алпнинг қувватини тўлдириб турувчи вакиллар ҳисобланади.

 

Эпосда Барчин ва Қалдирғочга юклатилган вазифанинг ўрни ва аҳамияти катта. Бундан шуни англаш мумкин-ки, эпосда феодализм, патриархат уруғчилик даври ёритилган бўлсада, унинг негизида матриархат давридаги аёлларга бўлган ҳурмат, уларга таяниб иш бажариш, уларнинг ақл-заковатидан кўмак олиш анъанаси сақланиб қолган. Шунингдек, илк ибтидоий даврларданоқ аёлларга зийраклик, зукколик ва жамият ҳаётида фаоллик хусусиятлари Ўрта Осиё халқларининг қадимги ёдгорлиги «Авесто» даги аёл маъбудалар, оилапарвар, оиладаги ўрни фарзанд дунёга келтириб, уни эзгулик йўлида тарбияловчи аёллар тимсолида талқин этилган:

 

«Дастлабки кундаёқ Ахурамазда аёлларга буюрди: эй аёл! Сени эътиқодли ва паҳлавон эркакларни вужудга келтириб, меҳр тўла оғушингда парвариш эт, деб яратдим, токи улар нодурустлик ва нопоклик илдизини ер юзидан йўқотсинлар».

 

Қалдирғоч образи ҳам эпосда халқнинг қадим мифологик инончларини ўзида мужассам этган ҳолда, аканинг эгизи, жонининг бир бўлаги, кўмакчиси бўлган.

 

Алпнинг руҳий олами ва қувватини англашда унинг эгизиданда муносиб вакил йўқ. Эпосда этноснинг орзу-истакларини ўзида мужассамлаштирган алпга сингил бўлиш ҳам шарафли ҳам машаққатлидир.

 

Алп беҳад улкан куч-қудрат. Алп бир ухласа, қирқ кунлаб ухлайди. Алп ухлаётган тоғ. Бу тоғ ухлагани сари катталашаверади. Уйқудаги тоғни уйғотиш осон эмас. Алпни уйғотиш миссияси Қалдирғочнинг сингилнинг зиммасига тушган. Барчиндан келган мактубни унга етказган, чечасининг қийин вазиятда қолганлигидан огоҳлантирган ҳам Қалдирғоч. Алпомиш Барчиннинг мактубига эътиборсизлигини кўрган сингил унга журъат бериш, ғурурини уйғотиш, алпни муқим ўрнашиб олган маконидан силжитиш осон бўлмаслигини яхши англай оларди:

Мард йигитнинг ёри талаш бўларми,

Эр йигитнинг ёрин қалмоқ оларми,

Барчин чечам талаш бўлиб қоларми,

Сендай беклар бул бехабар турарми?!

 

Шундай бўлишига қарамай, Қалдирғоч Алпнинг қувватини сезган, алпга ҳам сездирган унинг ердаги ҳомий вакиласига айлана олди. У бошқа ҳомий руҳлар сингари алпни сафар олдидан керакли нарсалар: назаркарда от танлаш (Бойчибор), алпни муносиб кийинтириш, қурол аслаҳасини тайёрлаб бериш вазифалари ҳам унинг зиммасида. Қалдирғоч оддий аёл эмас, Алпомишнинг илоҳий ҳомийларидан бири эканлигини кўрсатади. Зеро, Алпга сингиллик қилиш, Алпомишдек Алпнинг тулпорини эгарлаш, уни ўқ ўтмайдиган, сувда чўкмайдиган, оловда куймайдиган қилиб кийинтириш, яъни қаҳрамонни илоҳий асбоб-анжом ва от билан таъминлаш – ҳомий образ ҳақидаги тасаввурларнинг кўмакчи қаҳрамондаги бадиий ифодасидир.

 

Эпоснинг биринчи қисмидаги Барчиндан келган мактубни Алпга етказиб, уни сафарга отлантириш ҳам «ҳомий илоҳа»нинг зиммасига юклатилган. Эпоснинг иккинчи қисмида ҳам Қалдирғоч яна асосий ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажаради. Қалдирғоч исми шу номдаги баҳордан хабар берувчи қушнинг номига қиёс этиб қўйилган. Фольклорда қалдирғоч қуш номи «хабарчи» қуш сифатида қаралиб, бу қуш образи ўзида қадимий мифологик тасаввурларни сақлаб қолган. Алпнинг синглиси ҳам Қалдирғоч исми ҳомий эранлар томонидан қўйилишида алпнинг ердаги кўмакчи илоҳаси сифатида талқин этилишига ишора бор. Алпомиш учирган ғоз Қалдирғоч ёнига келиб қўниши, бундан Қоражонни хабардор этиб, уни алпни қутқариш учун сафарга ундаши ҳам унинг зиммасида: Ғоз яхши хабар, дўст. Муайян матн таркибида «эзгу ният», «ҳамфикр дўст» ва шу кўламда семантик доирасини кенгайтириш мумкин. Қадим халқ тасаввурига кўра ғоз – эзгу кучлар (руҳнинг) элчиси ҳисобланган. Ғоз халқнинг мифологик дунёқарашлари асосида пайдо бўлган ўзак рамзлар сирасига киради.

 

Алпомиш достонида ҳам эзгу хабар Қалдирғочнинг, алпнинг ёрдамчи қуввати, эгизини қошига етади. Қувватлар занжири яна сергакланиб, Алпни чоҳдан чиқиб, зулм-адоват ботқоғига ботган Бойсун-Қўнғиротга эркни, ҳурликни, қаҳратон қиш ниҳояси баҳорни олиб келиш учун уни эврилиш ҳолатидан фаоллантиради. Алпнинг дараксиз етти йил ғойиб бўлиши, Бойсун-Қўнғирот элига заиф кучларни ҳокимят тепасига келишига, натижада алпнинг ҳомий кўмакчилари энг кўп азият чекишига олиб келади. Қултой кўкдан ерга инган, Қалдирғоч ердан кўкка интилган Бойсун-Қўнғиротнинг қувват «ташувчи»ларидир. Давлатнинг таянчи қонун, лашкар ва унинг ички бутунлигини таъминловчи маънавиятда мужассамдир. Қултой ва Қалдирғоч – этноснинг маънавият қўрғонлари эди. Ултонтоз даврида энг қадрсиз ҳолатга Қултой ва Қалдирғоч тушди. Чунки Ултонтоз сиёсати айнан ана шу икки қадрият зиддига қурилган. Ултонтоз ушбу икки қадрият асосларини оёқ ости қилиш ҳисобига тахтни эгаллади. Қалдирғоч Ултонтознинг ҳам жигари эди. Ултонтоз – заиф, қувватини фақат ўзидан ожизларга кўрсатиб, жигарчиликнида унутган. Қалдирғоч унинг қўл остида анча зулмни кўради, ўз суянчларидан ҳимоясиз қолади:

 

«Бектемир бойбачча Алпомиш билан, қирқ йигит билан бирга бориб, у юртда ўлиб кетди, энди ҳамма Ултонтозга тобе бўлибди. Қалдирғоч ойим ҳам Ултонтознинг қўлида қолиб кетди. Қалдирғоч ойимни Ултонтоз Бобир кўлига буюриб, туя боқтириб қўя берди».

 

Достон гарчи феодализм даврида яратилган бўлса ҳам, амалда давлатчилик ҳали тўлиқ шаклланмаган. Ҳокимят бесоҳибларнинг қўлида, амалдаги оқсоқолларнинг Ултонтознинг сиёсатига қарши бора олмаганлигидан ҳали Бойсун-Қўнғиротда мукаммал давлатчилик тузуми шаклланиб улгурмаган. Достонда Бойсари тилидан: «Давлат қўнса бир чибиннинг бошига, Семруғ қушлар салом берар қошига» деб айтилган шоҳбайтининг маъно кўлами кенг. Бу чивинда бир «ёввойи» қувват, ғужур, қобилият борки, давлат бошига қўнди. Қолаверса фуқаронинг феъли, аъмоли шунга муносиб. Яна ҳикмат келади: «Эшагига яраша тушови…» «Энди у – чивин эмас – куч, давлат».

 

Ўз уруғи, оиласига зулм бериш орқали ҳаловатини қурган Ултонтоз

 

Ултонтоз ўз уруғи, оиласига зулм бериш орқали, ўз ҳаловатини қурган. Қалдирғоч қабила сардорининг қизи, алпнинг синглиси энг кўп Ултонтознинг ҳокимят даврида азият чекади. Бул туя боқиб юрган Қалдирғоч ойим, бекнинг синглиси, устида жарамли кийими йўқ, аъзойи бадани кўринади, туянинг кейининдан эргашиб, ҳала, деб туяни қайтаролмай, бу сўзларни айтиб бораётир:

 

«Ҳала, дейман, бесоҳибнинг туяси,

Қачон келар бу туянинг эгаси,

Кумушдандир қарчиғайнинг чегаси,

Олтиндандир кировканинг ёқаси,

Бесоҳиб дегани оғзим бормайди,

Ўлмаса Ёдгоржон бўлар эгаси».

 

Юқоридаги парчада келтирилган «жарамли кийими йўқ, аъзойи бадани кўринади» – жумладаги либос – Қалдирғочнинг амалда ҳимоячиларига ишора. Суянган ёри, Бектемир Алпомиш билан кетиб вафот этди, Алпомишдек ҳимоячи аканинг на ўлигидан, на тиригидан хабар бор. Лекин сингилнинг ҳали умиди узилмаган. Чунки алпнинг давомчи Ёдгори тирик. Улғайса отасининг ўрнини босадиган фарзанд бўлишига умид боғлайди. Чунки, у – амма. Аканинг боласига аммадек жонкуяри бўлмайди. Ёдгорнинг сийратида Алпомишнинг куч-қуввати кун келиб камол топишига ишонади.

 

Алпомиш Қўнғиротга кириб боришда Қалдирғоч билан учрашади, ака ўз синглиси ҳолини кўриб, қалби узоқ соғинчдан эзилсада, кимлигини сир тутишга мажбур, уни таниб келган қора норнинг кетқазиш мақсадида Қалдирғочни олмайсанми туянгни деб койиб бериши ҳам мажбуриятдан:

 

«Сен ҳам бир яхшининг кўрар кўзисан,

Балки кўрар кўзи, сўйлар сўзисан,

Чангалнинг остига ётган мунглигим,

Қўнғирот элда о ъзинг кимнинг қизисан?

Устингга кийганинг яшил-кўкмиди,

Қўнғирот элда ҳеч раҳбаринг йўқмиди».

 

 

Алпомиш «мунглигим» деб, меҳрибонларча сингилга бирорта ҳимоячинг йўқмиди деб савол беришига жавобан, Қалдирғоч ҳам унга қуйидагича жавоб қайтаради:

 

«Бек Алпомиш деган акам бор эди,

Кашалнинг юртига сафар қилганди,

Эшитамиз бориб зиндон бўганди,

Ўлди деб хабари бунда келганди,

Бориб кўролмадик, унда зиндонди[р],

Яна бир тирик деб хабар келганди,

Шуваққача ҳеч бир хабар бўмади,

Энди билдик, эмикдошим ўлганди[р]».

 

Қалдирғоч бек акасини эслади, қаршисида турган алп ўзининг жигари эканига ҳам ишончи комил, лекин Алпомиш ўзини таништирмади: Алпомиш қайтди, Қалдирғочнинг кўнгли «бу йўловчи аканг», деди, юпунлигидан ийманиб юзма-юз бўла олмади. Алп синглисига ўзини танитмай ўтди, ҳали танишув, таништирув дами пишмаган эди. Яъни, бу ерда Алпомишнинг ҳали кураши олдинда эканлигига, ҳокимятни эгаллаб олган ички ғанимларни енгиб, кейин ўзини намоён этишига ишора бор эди.

 

Қалдирғочсиз Алпомиш алплик мақомида бўлмасди

 

Хулоса қилиб айтганда, Қалдирғоч образи шунчаки, бош қаҳрамоннинг оддий синглиси эмас, балки уни ҳаракатга келишга ундовчи асосий кўмакчи образ бўлган. Қалдирғочсиз Алпомиш алплик мақомида бўлолмасди. Бу уларнинг эгиз фарзанд эканлигидан тортиб, бутун бошли эпоснинг таг заминидаги мазмун-моҳиятда бўй кўрсатади. Қалдирғоч образи эпосда эзгуликни тарғиб этувчи унинг асосий занжир қувватидан бири ҳисобланади. Унинг вазифаси – алпга кўмак бериш, уни таъсир қувватини оммага ошкор қилишдир. Ҳомий руҳлар томонидан Қалдирғочнинг ҳам эгиз сингил, ҳам кўмакчи қилиб танланиши – образда ҳам ўзига хос мифологик қувват борлигини акс эттиради. Алпни айнан кўмакчи вакила ҳаракатга келтиради, унга мадад, ишонч, мардлик туйғусини сингдиради. Бу билан сингил аканинг энг яқин суянчи эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топади.

 

Шоҳинур РАҲМАТАЛИЕВА,

ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти

ва фольклори институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14887
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//