Фақат муҳаббат ҳақидаги фильм эмас – “Баҳорни қувиб” фильми таҳлили


Сақлаш
16:18 / 21.01.2025 68 0

Охирги вақтларда кинофильм формати ниқобида яратилаётган кўплаб медиа-маҳсулотлар орасидан санъат талабларига мутлақ жавоб берувчи асарларни ажратиб олиш мушкул бўлиб қолмоқда. Топганимизда ҳам иккиланиш кучли. Сабаби, тайёр ахборотлар оқимига ўрганиб қолган онгимизни саволларга кўмиб ташлайдиган асарлар бизга тушунарсиздек туюлаверади. Ичимиздан, “ёки даҳшатга солсин, эҳтирос уйғотсин ёки янги гаплардан гапирсин. Ўзинг тушуниб ол, дегани керакмас”, каби ўйлар ўтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу маънода кинодраматург Эркин Аъзамнинг киноқиссаси асосида суратга олинган “Баҳорни қувиб” фильмининг “ҳазми” жуда енгилдек туюлади. Аммо...

 

“Баҳорни қувиб” фильми бир қарашда ёшлик ўтида куйган кўнгилнинг армонли севги тарихи, пешонаси шўр Роҳатойнинг илк ва сўнгги муҳаббати ҳақидадек. Лекин, 60 га яқинлашган аёлнинг Арчалида ўтган икки йиллик ёшлик чоғлари эсланиши ортидан, уни бу манзилга етаклаган сир биргина бу эмаслигини тушунгандек бўласиз. Аниқроғи, бу ҳикоя орқали киноижодкорлар айтмоқчи бўлган чўнг тазарруларни ҳис этиш енгил эмас. Назаримизда, ёш умри ҳасад оловида куйдирилган, ҳатто севгани ҳам бир умрлик “тамға”дан асрай олмаган бир ўзбек қизи қисмати ўлароқ, бир қавмнинг униб ўсолмай, кўкаролмай, боғичини ечолмай қолган, қолаётган фарзандлари тақдири тўғрисидадек, бу фильм.

 

 

Киноқисса муқаддимасида драматург Роҳатой Шукуровани шундай таърифлайди: “Олтмишларга яқинлашганига қарамай, кўрку латофатини йўқотмаган, “ўзига қарайдиган” замонавий аёллар тоифасидан. Бирмунча ҳурпайтириб шаклга солинган сочлари маллага мойил бир тусда. Бўйнидаги ҳарир зангори шарф учмоққа шайланган қалдирғочсимон мақомда – бир ёнга қийшайтириб қўйилибди; қаншарида ойналари жилоли қора кўзойнак. “Бу таъриф ўқувчи кўз ўнгида ўзига бир оз бино қўйган, бутун ташқи қиёфасидан бадавлатман, деб турган бир оз шартаки, бир оз мағрур “пўрим опахон”ни гавдалантиради. Кейинги мисралар, тасаввуримизни янада ёрқинлаштиради: “Мана, Роҳат опамиз дўнг бошида чўнқайибгина ўтирибди. Қўлида узун сигарет, чекаётир. Жонсарак кўзлари ниманидир қидириб пастга боқади”. Фильмда илк марта қаҳрамонимиз чеҳрасини Арчалига тушиш йўлидаги дўнг устида кўрамиз – машинани бир зумга тўхтатган рулдаги 40-45 ёшлар чамасидаги аёл йўлга қарайди: “Шунча йил бўпти-я, буёқларга кемаганингга...” Кўзлар бир оз ёшланган, чеҳрада сирли андуҳ ҳукмрон. Актриса Раъно Шодиева ижросида киноқиссадан фарқли ўзгача қиёфа бўй кўрсатади – гўзал, маъюс чеҳра эгаси нимадандир ҳайиққан каби, ички қўрқувга бўйсунган каби йўлга отланган. Суҳбатдошлари билан ҳам ийманиброқ гаплашади – маданиятли тарбия намунасими, балки. Бошланишда ҳавас уйғотган шаҳарлик опанинг сирлари очила бошлагач, уни ёқтириш ёқтирмаслик ёки унга ачиниш-ачинмаслик томошабин ихтиёрига ташланади.

Роҳатой Шукурова 35 йил аввал мактабда бирга ишлаган ҳамкасби Қудрат аканинг қабрини зиёрат қилиш баҳонасида Арчалига келганини билганимиздан кейин, “Каптива”га миниб, ўзига адаш қизалоқ билан қишлоқ кўчаларида кетаётган “момо” ортидан кезган миш-мишлар унинг бу маконда ўтган ёшлик дамлари тарихини тахма–тах оча боради.

 

“Арчалига севги-муҳаббатни шу олиб келган, дейдилар-ку! Илгари севги-певги деган гаплар бўлмаган экан. Ўзи чиройли бўлгани учун опкелгандир-да...

– Эшитишимча, ана шу опкелган нарсаси ўзининг бошига етган!

– Опкелгану ташлаб кетган-да! Ана кейин бошланди севги-севги ўйини!”

 

Орадан анча йиллар ўтганига қарамай, Роҳатой Шукурова ва Қудрат Рамазонов ўртасидаги муҳаббат Арчалида унутилмаган. Энди шу аёл биргина қўнғироқ билан бировни ишга жойлаган, бошқасини касалхонага, хуллас қўлидан келганча иши тушганнинг оғирини енгиллатмоқда.

 

 

Режиссёр ўз услубига содиқ ҳолда атроф-муҳитни ўраб турган деталларга ортиқча урғу бермайди, ҳодисани шунчаки кузатади, киносценарийнинг ўзигина еча оладиган шифрларини ёзувчи ифодалаган ритмдан ўзи истаган ритмга кўчиради, ўз навбатида бу ритмни томошабин ўзича ҳис этади, тинглайди. Аюб Шаҳобиддиновнинг аввалги кинокартиналарни эсласак, режиссёр худди моҳир мусаввир мисол нафис рангларда композиция яратиши хотирга келади. Унинг картиналарида кескин – қизил ва қора, яшил ва сариқ, оқ ва кўк ранглар каби иссиқ ва совуқ туслар контрасти деярли учрамайди. Ҳолбуки, у суратга олишга жазм этган киноқиссалар, сценарийларга киритилган сирли кодларнинг ечимини турлича талқин этиш мумкин бўлса-да, А.Шаҳобиддиновнинг ёндашувида антагонистни ҳам, протагонистни ҳам бир ёқлама профилда кўрмаймиз.

 

“Баҳорни қувиб” фильмининг адабий асосида ҳам драматург ўз қаҳрамонлари тарҳини чизар экан, образлар характерини тўлақонли ифодаламайди. Воқеалар ривожини кузатиш асносида ўқувчининг ўзи керакли образни хаёлида гавдалантиришига имкон берилади. Лекин, режиссёр ўқувчидан фарқланади, албатта. Режиссёр ёзувчининг илмоқли тагмаъноларини кўпроқ англай билади, шу боис ҳам у томошабинга сценарий мазмунини янада кўпроқ намоён этишга даъвогарлик қилади.