Бу йили Туркистон халқининг миллий қаҳрамони, жамоат, маданият ва маориф арбоби, уламо, биринчи ўзбек драматурги, миллий театр муассиси, улуғ матбуотчи, таржимон Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Номи нафақат Туркистон зиёлиларига, Осиё ва Европанинг кўпгина мамлакатларида ҳам маълум ва машҳур бўлган Беҳбудийнинг ҳаёти ҳамда фаолияти деярли бир асрдан буён тарихчи, адабиётшунос, сиёсатшунос, санъатшунос, ҳуқуқшунос олимлар, кенг жамоатчилик эътиборида. Қуйида сиз азиз муштарийларга Беҳбудийнинг миллий ва диний қадриятлар, замонавий таълимнинг мамлакат тараққиётидаги аҳамияти хусусидаги айрим қарашларини ҳавола этамиз. Умид қиламизки, ушбу баёнимиз Беҳбудий шахсиятини янада чуқурроқ билишга, тарихий тафаккурингизни бойитишга хизмат қилади.
Маълумки, миллий қадриятлар кишиларнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган этник маконда шаклланади. Ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб келган миллий қадриятининг такомиллашиб боришида ислом динининг аҳамияти ва ўрни жуда салмоқли эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Зеро, миллатимизнинг маънавий мероси, анъаналари, урф-одатларини мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз.
Ватанимиз тарихининг ўта зиддиятли, таҳликали, турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар юз берган даври – XIX асрнинг охири – XX аср бошларида Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракатининг аксар намоёндалари айнан ислом шариати аҳкомларини миллий-анъанавий қадриятларни сақловчи восита деб билганлари ҳам бежиз эмас. Ҳатто айрим жадидлар ўз фаолиятларини шариатдан четга чиққан ҳолда тасаввур этган эмаслар.
Ўз даврида маиший турмушни, миллий урф-одатларни ислоҳ қилиш борасида жадидлар талайгина ишларни амалга оширдилар. Масалан, маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликларни кескин танқид қилдилар.
Туркистон жадидчилигининг асосчиси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойна” журналининг 1913 йил 6-7-сони, “Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласида мусулмонларга қарата “Кулу ва ишрабу ва ло тусрифу” [“Қуръони карим”, “Аъроф” сураси 31-оят. Маъноси: Енглар, ичинглар лекин исроф қилманглар!] оятига риоя қилган ҳолда исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақиради. “Тўй ва таъзияга сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб [қисқа фурсатда] оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар”, деб халқни даъват қилади Беҳбудий “Бизни кемирувчи иллатлар” сарлавҳали мақоласида [“Ойна” журнали, 1915 йил, 13-сон].
Умуман олганда, ўша даврда жадидлар, тараққийпарвар уламолар асрий миллий қадриятлар ҳамда маҳаллий аҳолининг менталитетига хос бўлган ахлоқ-одоб меъёрларининг ҳимоячиси бўлиб чиқдилар. Бу хусусда маърифатпарварлардан Чўлпоннинг қуйидаги сўзлари фикримизни далиллайди: “Эй қариндошлар... катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоғимиз лозимдур. Оврўпонинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!!!” [Ватанимиз Туркистонда темир йўллар // “Садойи Фарғона” газетаси. 1914 йил 6 июнь].