
Адиб Мурод Муҳаммад Дўст ижодининг бир қисмини унинг кинодраматургияси ташкил этади. Айтиш мумкин бўлса, насрий асарлари замонавий ўзбек адабиётида қандай мавқе касб этса, сценарийлари асосида тасвирга олинган фильмлар ҳам миллий кино соҳасида шундай ютуқ ҳисобланади. Ҳар қалай, ўзбек бадиий киносининг яқин тарихдаги умумий манзарасини кўз олдимизга келтирсак, муаллифнинг кинога қўшган ҳиссаси ўзининг савия-салмоғи билан алоҳида фарқланиб туради.
Бир пайтлар улуғ ёзувчи Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романида Вронскийнинг тасвирий санъатга майли ва машқлари ҳақидаги саҳифаларни ўқиётиб, ўзимга шундай хулоса олган эдим: ижодкор илҳомни ҳаётдан ҳам, бошқалар яратган санъат асарларидан ҳам олиши мумкин. Лекин ҳаётдан олинган илҳом билан яралган асарлар асилроқ, ҳақиқийроқ ва абадийроқ бўлади. Ҳа, ижодкор, санъаткор учун ҳаётдан кучлироқ илҳам манбаи йўқ. Сўз бошлаганимиз Мурод Муҳаммад Дўст сценарийлари ҳам айнан ҳақиқий ҳаёт ўзанида туғилган ўйларнинг бадиий инъикоси бўлиб, одамлар севиб кўрадиган фильмларга айланди.
Сценарийнавислик ҳам ёзувчиликнинг бир шакли, аммо насрга қараганда анчайин мураккаб, “инжиқ” тури. Саҳналаштириш ё тасвирга олишга мослаб ёзишнинг мушкулоти ўқувчи-китобхонга мўлжаллаб ёзишдан кўра кўпроқ бўлади. Романда, қиссада муаллиф эрки кенгроқ, драматургия эса қатъий қонуниятлар ичида тафаккур қилишни талаб этади. Америкалик режиссёр Эндрю Девис топиб айтганидек, бу худдики “филни жомадонга жойламоқ”дай иш. Шу боисдир аксарият ёзувчилар бадиий ижоднинг бу турига кўп ҳам қўл уравермайди.
Биламизки, Мурод Муҳаммад Дўстнинг сценарийнавислик фаолияти анча аввал, ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган. 1986 йилда суратга олинган “Галатепалик авлиё” фильми адибнинг илк сценарийларидан, шунингдек, таниқли режиссёр Темурмалик Юнусовнинг ҳам дастлабки ишларидан ҳисобланади. Ушбу қисқа метражли фильмда муаллифнинг худди насрий асарларидагидек характерлар топиш, сўзни моҳирона қўллаш, пишиқ-пухта ноодатий сюжет яратиш ва мазмунга миллий руҳ, юмористик кайфиятни сингдириш маҳоратини кўриш мумкин.
Донолиги, фаҳму фаросати билан ҳурмат қозонган, қишлоқдошлари наздида “авлиё” бўлиб туюлгувчи оқсоқол устанинг ёш бева аёлга ўзганинг номидан совчиликка бориши билан боғлиқ кичиккина ҳангома акс этган бу картина кўнгил тилсими, муҳаббат ва инсон закоси ҳақида ҳикоя қилади. Ундаги ҳар бир образ, персонажлар тилию муносабатларидаги табиийликни режиссёр муносиб шаклда визуал қатламга кўчирган. Бот-бот телеэкранларда айланиб турадиган бу фильм, Махсум (Ҳамза Умаров), Зубайда (Сайрам Исаева), Сайфил Мулук (Муҳаммаджон Раҳимов), Ҳожиқул (Ҳусан Шарипов) каби образлар жозибаси ва уларни жонлантирган актёрларнинг ижроси ҳануз томошабинни таъсирлантиради. Умуман, “Галатепалик авлиё” яралганига салкам қирқ йил бўляптики, ғоя-мазмуни, тасвирий талқини, ижро хусусиятларига кўра ўз қийматини йўқотмади, миллий киномиз тарихидаги яхши асарлардан бири бўлиб қоляпти.
Ёзувчининг фаолияти бевосита кино билан боғланган 2000-йилларни мустақиллик даври ўзбек кинематографиясида алоҳида босқич десак бўлади. Мурод Муҳаммад Дўст шу йилларда соҳанинг раҳбари ўлароқ киноижодкорлар изланишларига бош-қош бўлиш билан бирга ўзи ҳам бир нечта сценарийлар ёзди. Нафақат адибнинг фильмлари, умуман, янги аср аввалида суратга олинган қатор бадиий фильмларда, шахсан менда миллий кино деган тушунчанинг мазмуни амалда сезиларли ойдинлашгандай, янги қиёфа касб этгандай таассурот қолдиради. Яъни, “Миллий кино қандай бўлиши керак?” деган жиддий ва ҳануз баҳсли саволнинг жавоби шу йиллардаги фильмларда бўй кўрсатгандай туюлади. Негаки, уларда акс этган ҳамма нарса ўзбекка хос, қаҳрамонларнинг ўй-ташвишлари ҳам, муомала-муносабатлар, ҳаётий тутумлар – бари-бари ўзбекники. Энг муҳими, ҳаёт ҳақиқатини, давр муҳитини бўяб-бежамай, яхши-ёмони билан борича ифода этишга интилиш, инсон қалби ва қадрини бош масала сифатида кўтариш, савияда сезиларли силжиш кузатилади. Бу даврда кино имкон қадар халқнинг, одамларнинг ҳамдарди бўлишга, ростгўйликка интилганини кўриш мумкин. Ижодда эркинлик, дид, журъат уйғунлашса натижа қандай бўлиши шу йилларда яратилган қатор кинофильмларда намоён бўлди.
Хусусан, Мурод Муҳамамад Дўст муаллифлигидаги фильмларга назар ташласак, уларда кино билан реал ҳаёт ўртасидаги масофа қисқаргани, санъат воситасида бугун ҳақида бугун рост сўз айтишга бўлган журъат сезилади. ХХI аср аввалида ўзбек жамияти қандай эди, одамларнинг турмуши, дарду қувончлари нималардан иборат эди – ҳаммаси бадиий шаклда ўз аксини топди.
Муаллифнинг шоир Александр Файнберг билан биргаликда ёзган “Дев билан пакана” (2003) комедияси худди шундай замона манзараси, оддий одамларнинг турмуш ташвишлари ижтимоий-фалсафий кўламда ифода этилган, миллий руҳ балқиб турадиган ўзгача фильмдир. Картинанинг пишиқ композицияси, персонажларнинг характери, тили-диалогларида уста ёзувчининг маҳорати яққол кўриниб туради. Айтиш мумкинки, бу жиҳатлар фильм бадииятининг энг устувор, таъсирчан жиҳатига айланади.
Картина етакчи қаҳрамонлари – бири чекка қишлоқдан шаҳарга ризқини қидириб келган девқомат Полвон, иккинчиси омади чопмаган шаҳарлик шоввоз пакана Зулфиқор. Фильм сюжети шу бўй-бастда, ақлу ёшда номутаносиб, лекин ҳолу дардлари ўхшаш икковлоннинг бирлагикда бошидан кечирган гоҳ кулгули, гоҳ қайғули саргузаштлари асосига қурилган. Улар воқеалар оқимида дуч келадиган турли вазиятлар, персонажлар орқали давр муҳити, инсон, жамият, ҳаёт ҳақида теран мушоҳада юритилади.
“Катта одамлар уч хил бўлади, – дейди фильм қаҳрамонларидан бири Муродхон ака (Баҳодир Йўлдошев) – амали билан катта одамлар, мол-давлати билан катта одамлар ва ўзи катта одамлар”.
Бу фильм айни шундай катта-кичик одамларни кўрсатади. Актёр Нодир Сайдалиев ижро этган Полвон баҳайбат сумбатига зид тарзда бироз гўл, нозик кўнгил, тўғрифеъл, жўмард йигит. Обид Асомовнинг Зулфиқори эса айёргина, хийла гапга чечан, тили ва ақли бўйидан узун, шу билан бирга мард, тийнати тоза ёрқин характер эгаси. Улар ишсиз, пулсиз, йўлсиз бўлса-да, орияти баланд, кўнгиллари кенг, руҳан катта одамлар. Шунинг учун ҳам мунофиқ, лаганбардор, шарафсиз турли майда кимсалар дунёсига сиғишиб, муроса қилиб кетолмайди. Томошабин уларни шунинг учун ҳам яхши кўриб қолади. Уларнинг оғриқларига шерик бўлади.
Фильмда кимнингдир жияни бўлгани учун “юлдуз” бўлган Панжилар, амалдор пинжида гирдикапалак Нурматлар, шон-шуҳрату унвон учун ўзларини бозорга солган она-қиз раққосалар – умуман, катта-кичик ҳар бир персонажнинг сюжет мозайкасида ўрни ва томошабинга айтар муҳим гапи бор.
Аввалига салбий характер бўлиб кўринадиган Муродхон ака фильмдаги эътиборга молик образлардан бири. Мансабига кўра ҳам, давлатига кўра ҳам, ўзи ҳам катта бўлган бу шахс одамни одамдан фарқлайди, атрофидаги лаганбардорларни, мунофиқларни ҳам, шунингдек, Зулфиқор ва Полвон кабиларнинг инсоний устунликларини ҳам кўра олади. Бу Муродхон образини муаллифнинг бошқа фильмларида ҳам учратиш мумкин. Ёзувчи нечук бир истеҳзо ила ўз исми билан атаган (айрим фильмларида ўзи ўйнаган) бу қаҳрамон ҳар бир фильмда “катта одам” позициясида қолади, муайян тагмаъно фикрни ташиш билан бирга бошқа характерлар ҳақида томошабинга хулосалар бергувчи қандайдир призма вазифасини бажаради.
“Дев билан пакана”да жамланган турфа хил характерлар яхлитликда кўз ўнгимизда ўзбек характерини чизади. Зулфиқор ва Полвон – дарбадар жуфтликнинг дарди умумнинг, оддий одамларнинг дарди бўлиб аксланади. Фильм якунида японлар олиб кетган Полвон омадли самбочи бўлиб қайтишини кўрамиз. Кинокомедиянинг бундай ечимидан “ўзингникини ўзинг қачон қадрлайсан” деган фикрни ўқиш мумкин. Умуман, “Дев билан пакана” чин инсонлик ҳақидаги андак қувлик ва қувноқлик билан айтилган хазин бир ҳикоядир.
Сценарийнинг бутун мазмун-фалсафаси, табиийлиги, ҳаётийлиги тасвирга санъаткорона кўчирилгани боис фильм осон кўрилади, фикр, дард ва завқ томошабинга тенг таъсир кўрсатади. Албатта, бунда режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг ижодий салоҳияти, профессонал ёндашувини эътироф этмаслик мумкин эмас. Ҳақиқатан ҳам режиссёр фильмнинг бутун маъно қатламини бадиий тасвирда чуқур очиб берган. Буни ҳар бир образ характерига мос актёрлар танлаганида, кадрлар мазмуни ва актёрлар ижросида табиийликка катта аҳамият берилгани, жанр кайфияти ва мазмуннинг яхлитлиги, умуман, фильм поэтикасининг барча жиҳатларида кўришимиз мумкин.
Муаллифнинг режиссёр Ҳилол Насимов суратга олган “Пўшт, арава” фильми эса бир қарашда “Дев билан пакана”нинг иккинчи қисмидек таассурот уйғотади. Жаҳон киносида “спин-офф” деган йўналиш бўлиб, бирор фильмдан сюжетнинг қайсидир бўлаги ёки бирор персонаж узиб олиниб, шунинг асосида алоҳида фильм яратилади. “Пўшт, арава” ҳам “Дев билан пакана”дан кейин ишланган шундай спин-офф характеридаги фильм бўлиб, унда томошабинга яхши таниш Зулфиқор образининг бошқа кечмишларини кўрамиз. Тегирмонга тушса бутун чиқадиган бу қаҳрамонни бу фильмда ҳам Обид Асомовнинг ўзи ижро этган.
2006 йилда катта экранларга чиққан мазкур комедияда ўзбек жамиятининг бозор иқтисодиётига ўтишдаги қийинчиликлари бадиий акс эттирилган дейиш мумкин. Кулгу фонида кўпгина ижтимоий иллатлар танқид қилинади. Шоввоз Зулфиқор энди жамиятда илдиз отган таниш-билишчилик, порахўрлик, лаганбардорлик, адолатсизликларга чап беришни ўрганган уддабурон кичик тадбиркор сифатида гавдаланади. Комедия сюжетини унинг бозорда уриниб-суриниб ризқини териб юрган аравакаш-ҳаммолларга бош бўлиб, аравакашлар ширкатини ташкил этиши билан боғлиқ воқеалар ташкил этади. Зулфиқор ўз имконияти даражасида адолатпарварга, оддий одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячисига айланади, унга қарши чиққан кимки бор, додини беришга тушади. Бою қашшоқларнинг макони бозор фильмда қайсидир маънода жамият рамзига айланади. У ердаги ҳар турли ғирромлик, тартибсизлик ижтимоий маъно касб этади.
Картинада Зулфиқордан ташқари бир-биридан қизиқарли характерлар жамланган. Айниқса, Ноила Тошкенбоева ижро этган Мастура ая ва Фарҳод Абдуллаев ўйнаган унинг ажабтовур ўғиллари образларида шунчаки одамлар эмас, ҳаёт тарзини коммунизмдан капитализмга ўзгартириб, бошқа инсонга айланмоқчи бўлаётган авлоднинг сатирик тимсолини кўриш мумкин. Шунингдек, Мамасоли Юсупов ижросидаги Сафарқул, Ражаб Адашовнинг Аброр буваси – умуман аксарият персонажлар типик характерда бўлиб, фильмнинг бадиий-ғоявий асосини очиб беришга хизмат қилади.
Мазкур фильмда ҳам “Дев билан пакана”дан бизга яхши таниш бўлган айрим персонажлар кезиб юради. Масалан, Муродхон ака образи (Баҳодир Йўлдошев) ўша эски шотири Нурмат (Фотиҳ Жалолов) билан бирга Зулфиқорни излаб келадиган эпизодда қаҳрамоннинг инсоний жиҳати яна ҳам чуқурроқ очилади. “Пўшт, арава” комедияси шу каби ранг-баранг ёрқин характерлар ва актёрларнинг ижроси билан томошабинни ўзига жалб этади. Картинанинг умумий режиссёрлик талқини услубий жиҳатдан телевизион фильм форматини эслатади.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг Жаҳонгир Қосимов билан ҳамкорликда яратилган энг яхши фильмларидан бири шубҳасиз “18-квадрат”дир. Жаҳонгир Қосимов адибнинг сценарийларини ҳар томонлама тўғри идрок эта олган энг муносиб режиссёр эканини ҳар икки фильмнинг бадиий даражаси кўрсатади. 2007 йилда экранларга чиққан бу кинодрама ҳарбий-ватанпарварлик мазвусидаги бошқа ўзбек фильмларидан тубдан фарқ қилади.
Фильм қаҳрамони майёр Тош (Саид Мухторов) тимсолида оғир-босиқ, бироз қўрс, шунчаки ўз вазифасини масъулият билан бажарадиган инсонни кўрамиз. У ва фильмнинг бошқа етакчи персонажлари қаҳрамонликларини буни даъво қилмасдан кўрсатадилар, ўз хизмат вазифаларини адо этиш асносида уларнинг мардлиги, ватанпарварлиги кўринади.
Фильм воқеалари, қаҳрамонларнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари, юриш-туришлари табиий, ҳаётий тасвирланади. Асосийми, эпизодикми – ҳар бир образ аввало инсон ўлароқ гавдаланади. Хусусан, Тош ўз жонидан ҳам унга қўшилиб келган ходими Зиёдов (Жавоҳир Қосимов)ни асрашга бўлган ҳаракати, ҳарбий отряд бошлиғи Алиев (Тоҳир Саидов) билан суҳбатлари, гоҳ даҳанаки тортишувларида унинг шахси янаям жонлироқ очилади. Воқеалар давомида ҳеч бир персонаж тилидан ватан сўзи айтилмайди. Улар ўз ватанпарварлигини тилда эмас, жараёнда, амалда кўрсатади ва шу йўл билан томошабинга кучлироқ таъсир ўтказади. Ҳар бир инсон кўнглида пинҳон ватанга муҳаббат, жасорат ҳиссини чўғлантиришга эришилади.
Жанг саҳналарининг ишонарли тасвирга кўчирилгани, актёрлар ижроси, сўз ва кадрлардаги уйғунлик картина бадиий яхлитлигини таъминлайди. Фильм режиссёрлари Жаҳонгир Қосимов ва Аҳмад Ўнарбоевлар ишонарли тасвирий-бадиий воқелик, жонли образлар билан мазмунли кинонарратив яратди, юрт тинчлиги, ватан туйғуси ҳақида ҳеч бир ясама шиорлар, баландпарвоз сўзларсиз ҳам таъсирли очиб бериш мумкинлигини кўрсатди. “18 квадрат” менинг назаримда, ўзбек киносида ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида ҳозирги пайтгача ишланган фильмларнинг энг яхшиси бўлиб қоляпти.
Режиссёр Мирмақсуд Охунов суратга олган “Акахон” (“Рўё”) фильмида эса бошқа бир жиддий мавзу акс этади. Мазкур ижтимоий-психологик драма ўзи ўйлаб топган ёлғон туфайли ҳаёти, ўзлиги таназзулга юз тутган инсон кечмиши ва кечинмаларини ҳикоя қилади. Фильм қаҳрамони Воҳид (Фахриддин Шамсиматов) иши, омади юришмай қолган оддий бир тадбиркор. Охир-оқибат замон зўрга боққан муҳитда катта амалдорнинг мавҳум тимсоли бўлган Акахонни ўйлаб топишга мажбур бўлади. Шу ёлғон ҳамма эшикларни очувчи калитга, ҳамма ғовларни йўлдан олиб ташловчи халоскорга айланади. Бироқ шу Акахоннинг соясига айланиб эришган тўкис ҳаётида ўзи йўқолиб боради. Ёлғон унинг ҳамма нарсасига эгалик қила бошлайди. Атрофидаги ҳамма хушомадлар, эҳтиромлар унинг учун, ҳатто шахсий ҳаётида ҳам акахон номи ҳукм суради. Бундан ўзлиги таҳқирлана бошлайди. Қаҳрамоннинг ташқи курашлари бора-бора ичига кўчиб ўтади. Фильмдаги асосий зиддият шу ўз ёлғони билан ички курашида бўй кўрсатади. Акахон туфайли келган омад, охир-оқибат у туфайли шахс фожиасига айланади.
Уни шу ёлғонни яратишга аввало, мавжуд муҳит, жамият мажбур этган эди – таниш-билишинг, заринг ё зўринг бўлмаса ҳеч ким менсимайдиган жамият. Лаганбардорлар, ким зўр бўлса, кимдан манфаат келса шунга эгиладиган, юзи минг ўзгарадиган мунофиқлар ҳар қандай муҳитда яшаб кетишлари мумкин. Аслида ҳаётни мураккаблаштирадиган, жамиятни шундай аҳволга келтирувчилар ҳам шундайлар эканини фильмда Таваккал Султонов, Мамасоли Юсупов, Собир Отажонов, Дилмурод Эргашев каби актёрлар жонлантирган типлар тимсолида кўрамиз.
Картина қаҳрамоннинг айни шундай руҳий таназзул жараёни кечаётган нуқтадан бошланади. Фильм экспозициясида у муаллифнинг ўзи ижро қилган Муродхон ака образи билан суҳбатидан сўнг бутун воқеалар қаҳрамоннинг хотиралари шаклида баён қилинади.
Мирмақсуд Охунов кино тилидан – рамзлар, шартли ечимлардан ниҳоятда ўринли ва маромида фойдаланади. Фильм якунида рамзий атрибут – тилла ёндиргич бир пайтлар Воҳид қўлига қандай тушиб қолган бўлса, яна шундай бошқа бирининг қўлига ўтиб қолади. Бу ечим билан акахон ҳам бир “омад” экани, бу омад туфайли фильм қаҳрамони бошига тушган фожиа бошқаларда ҳам такрорланиши мумкинлигига ишора қилади гўё. Умуман, “Акахон” ҳаётимизнинг аччиқ ҳақиқати, жамиятда илдиз отиб кетган ахлоқий иллатлар ҳақида баралла гапирилган жиддий фильм бўлди. Бошқача айтганда, реаллик юзига жуда яқин олиб бориб тутилган катта ойна эди. Бу ойна кимларнингдир кўзини қамаштира олгани учун ҳам анча кечикиб, 2018 йилда экран юзини кўрди.
Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида дунёга келган яна бир фильм – “Кўргим келади” муаллифнинг бошқа фильмларидан жанри, қаҳрамони, ифода усулига кўра фарқли. 2014 йилда ёш режиссёр Жавоҳир Қосимов томонидан суратга олинган бу драмада давр ижтимоий фонида аёл кечмишлари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм қаҳрамони Зиёда (Дилноза Кубаева) хонанда. У шафқатсиз шоу-бизнес оламида ўзлигини, ғурурини сақлашга интилаётган аёл, оғир хасталикка чалинган фарзанди учун қўлидан келганини қилаётган она, ташлаб кетилган рафиқа. Севган ёри Америкага кетиб, уни, фарзандини унутган. Лекин қалбининг туб-тубида ожиз илинж толалари бордай, қачондир қайтишидан умидвор яшайди. Муаллифнинг бошқа фильмларида санъаткор, хусусан қўшиқчи, раққоса каби персонажларни учратганмиз ва улар истеъдодсиз, ориятини йўқотган кимсалар сифатида истеҳзоли усулда талқин этилган бўлса, “Кўргим келади”да ижодкор аёлнинг инсоний изтиробларига самимий назар ташланади.
Фильмда яна даллол аёл (Маҳфуза Боботиллаева), савдогар Барно (Зуҳра Солиева) тимсолида ҳам ёлғиз аёлнинг ҳаёт учун якка курашларини кўрамиз. Бири эрта бева қолиб, фарзандлар тарбияси, тирикчилик юки елкасига тушган бўлса, бошқасининг оиласида эркак ва аёл ўрни алмашиб қолган. Актёр Тоҳир Саидов ўз бурчини аёл елкасига ортмоқлаб қўйган ва бундан заррача хижолат туймайдиган эркак тимсолини гавдалантиради. Шунингдек, не бир сабаб билан жиноятчига айланган қамоқхонадаги аёлларнинг ҳам турфа тарихлари бор. Умуман, фильм ижодкорлари картина орқали оилада, жамиятда эркакнинг ўрни деган жиддий масалани кўтаради. Бугуннинг шу оғриқли саволига жавоб излайди. Фильм оптимистик ечимда тугатилади, Камол (Ҳусан Жўраев) тимсолида ҳали инсон, оила, аёл олдидаги масъулиятини унутмаган эр-йигитлар борлигига ишонч билдирилади.
Кино ўзгача жозибали, лекин ҳақиқат ҳам мураккаб санъат. Албатта, кино асарнинг ижодкори биринчи навбатда режиссёр бўлади. Лекин яхши сценарийсиз яхши фильм ҳам бўлмайди. Мурод Муҳаммад Дўст сценарийлари асосида олинган мазкур кинофильмларда ҳар хил режиссёрларнинг ўзига хос талқини ва маҳорат даражаси акс этса-да, барида муаллиф услубига хос умумий жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Уларда катта ёзувчининг нигоҳи билинади, ҳаёт қамрови кенг, тақдирлар, даврлар мушоҳадаси теран, кечинмалар самимий ва рост ифода этилади. Адибнинг ўзи “мен ўзим орзу қилган миллий кинони табиийликдан излаган эканман” дея эътироф этганидек, фильмларининг энг хос, устун томони ҳам шу табиийликда кўринади. Табиийлик – тилда, характерларда, ифода йўсинида ўзгача уфуриб туради.
Мурод Муҳаммад Дўст кино орқали идеал қаҳрамонлар яратишга уринмади. Аксинча, киноқаҳрамонлари орқали одамларнинг дардкаши, ҳақиқат изҳорчиси бўлишни афзал кўрди. Уста рассом мисоли ўзбекона характерларни, давр манзараларини аниқ-тиниқ чизиб берди. Ўзбек киносини Полвон, Зулфиқор, Муродхон, Акахон, Воҳид, Нурмат каби “замондош экран қаҳрамонлари” билан бойитди. Энг муҳими, кино орқали ҳаёт ҳақиқатини кўрсатишга, томошабинни алдамасликка ҳаракат қилди. Гарчи адибнинг ўзи кино менинг ишим эмас, деб ҳисобласа-да, ўзбек киноси учун бир ижодкор шахс қила олиши мумкин бўлган ишни қилди – ҳам сценарист, ҳам соҳанинг маълум даврдаги раҳбари бўлиб кино асар деб айтишга арзирли беш-олтита савияли фильм яралишига сабабкор бўлди. Шунинг ўзи катта гап, санъатга ва халққа қилинган чин хизмат асли.
Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ