Биз ишлатадиган ҳарфлар энг биринчи хизматкорлар ва қуллар учун яратилган – алифбо тарихи


Сақлаш
12:29 / 05.12.2024 57 0

Ёзув – инсоният тарихидаги энг буюк кашфиётлардан биридир.

 

Ер сайёрасида миллионлаб инсон, 280 га яқин мамлакат ва 1600 дан ортиқ миллат бор. Башарият шу кунгача 3 мингга яқин ёзув туридан фойдаланди.

 

Хўш, инсоният амалдаги ёзув даврига келгунига қадар қандай босқичлардан ўтди?

 

Товушларни ифодалайдиган ёзув босқичига келгунга қадар тугунли, тасвирли ёзув турларидан фойдаландик. Бу эса ўз ўрнида ҳарфли ёзувнинг пайдо бўлишига замин яратди.

 

Товушли ёзувнинг келиб чиқиши миль.авв. 2-минг йилликка бориб тақалади. Унга Левантда яшовчи семит тиллар оиласига мансуб халқларнинг хизматкорлар ва қуллар тоифаси учун ишлаб чиқилган Прото-Синай ёзуви асос бўлган. (Нега айнан хизматкорлар ва қуллар учун алоҳида ёзув ишлаб чиқилган?” дея савол туғилиши табиий. Чунки ўша даврда аҳолининг зиёли қатлами миххат, иeроглиф ёки пиктографик ёзувдан фойдаланганлар. Бу ёзувларни ўзлаштириш жуда қийин ҳамда узоқ давом этадиган жараён бўлиб, хизматкорлар ва қуллар учун ортиқча харажатни талаб этарди. Товушга асосланган ҳарфий ёзув эса осон ва содда эди. Шунинг учун бу ёзув Семит алифбоси деб ҳам аталади.)

 

 

Ўз ўрнида семит алифбоси ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Унга иeроглифлар билан боғлиқ бўлган Қадимий Миср иэратикаси, яъни товушларни ифодаловчи тасвирлар асос бўлди. Бунда тасвирда кўрсатилган нарсанинг Номи қайси товуш билан бошланса, тасвир ўша ҳарфни ифодалаган.

 

Семит алифбосидан Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва асосан, Финикия давлати кенг фойдаланган. Кейинроқ савдо муносабатлари ҳамда истилолар туфайли бу алифбо бошқа ҳудудларга ҳам тарқалган ва бу алифбони ўзлаштирган халқ ўз тил табиатидан келиб чиқиб унга ўзига хос ўзгартиришлар киритган. Натижада икки йирик ёзув оиласи вужудга келди. Булар:

 

Геъэз ёзув оиласи;

Финикия ёзув оиласи.

 

Геъэз ёзувидан, асосан, Шарқий Африка, Эфиопия ва Эритрея давлатларида фойдаланилган.

 

Геъэз алифбоси 26 ҳарфдан иборат бўлган қадимий ёзувлардир. Ҳар бир ҳарф бошқа бир ҳарфга унли ҳаракат билан боғланган. Ҳозирги кунда амалдаги амхара, тиграй, ҳарари ва тигриния ёзувларига асос бўлган.

 

 

Финикия ёзув оиласи бугунги кунимизда дунё бўйлаб истеъмолдаги деярли барча ёзувларнинг илдизидир. Ваҳоланки у ҳам икки йирик ёзув тизимига асос бўлди:

 

Абжат ёзув тизими;

Абугида ёзув тизими.

 

Абжат (бу атама 1996 йилда фанга киритилган) ёзуви – таркиби фақат ундош товушлардан иборат бўлган алифбодир. Иброний, сурёний, сомий, оромий, араб алифболари абжат ёзув тизимига мансубдир.

 

Абугида (бу атама фанга Питер Т.Дэниэлс томонидан киритилган) ёзув тизимининг бошланғич нуқтаси юнон алфабитидир. (Алфабит сўзи юнонча алифбонинг “alpha” ва “beta” номли биринчи ва иккинчи ҳарфлари қўшилмасидан олинган бўлиб, “alpha” – “ҳўкиз”, “beta” – “уй” маъносини ифодалайдиган сўзнинг биринчи товушига асосланади.) Греклар финикияликлар ўзлаштирган 22 ундош ҳарфли алифбога 4 та соф унли ва 2 ярим унли товушларни ифодоловчи ҳарф белгиларини қўшиб, 24 та унли ва ундош ҳарфдан иборат илк мукаммал алифбога асос солдилар. (Финикия алифбосидаги ундош товушларни ифодоловчи 4 ҳарф белгисини унлини {a, e, i, o} ифодоловчи ҳарф деб белгиладилар ва ярим унлини ифодоловчи икки янги ҳарф {y, h} қўшдилар. 22 ҳарф ичидан 4 ҳарф ўзгариши ва 2 ҳарф қўшилиши натижасида 24 ҳарфдан иборат алифбо яралди.) Юнонларнинг яна бир кашфиёти абжат ёзувидан фарқли равишда чапдан ўнгга томон ёзишни йўлга қўйгани бўлди. Албатта бу усул босқичма-босқич амалга оширилди: аввалига тоқ қаторлар чапдан ўнгга, жуфт қаторлар эса ўнгдан чапга томон ёзилган бўлса, кейинроқ буткул чап қўл қоидаси оммавийлашди. (Юнонлар металл, мато, тош, суяк каби буюмларга ёзишгани туфайли буюмни ўнг қўлда тутган ҳолда чап қўлда ёзишни қулай ҳисоблаганлар.)

 

 

Юнон ёзуви оммалашиб икки катта оқимга ажралди:

 

Шарқий оқим (Этруск);

Ғарбий оқим (Глаголит).

 

Шарқий оқимда юнон ёзуви савдо алоқалари туфайли қўшни мамлакатларга тарқалган. Лотин ёзуви пайдо бўлиш сабаби ҳам шундан бошланди. Рим империяси юнон алифбосини ўзлаштириб, ўз тил табиатига мослаштирди. Натижада ҳозирда ярим ер юзи фойдаланадиган ёзувга асос бўлган лотин алифбоси юзага келди. Ўз навбатида лотин ёзуви ҳам инглиз, франсуз, испан, италян, немис ва шу каби Европа давлатлари ёзуви шаклланишида пойдевор бўлди.

 

Ғарбий оқимда юнон ёзуви кўчманчилик сабаб бошқа ҳудудларга тарқалди. Бунда кўчиб борган аҳоли ёзуви ва ўзлаштирилган ҳудуд аҳолисининг маҳаллий  ёзувининг интеграллашуви натижасида янгидан янги ёзувлар вужудга келди. Бунинг яққол мисоли сифатида кирил ёзувини келтириш мумкин.

 

Кирил алифбосининг пайдо бўлиши IX асрга бориб тақалади. Бу ёзув славян халқларига масиҳийлик тарғиботи учун юборилган икки миссионер Кирил ва Методий исмли биродарлар томонидан яратилган. Уларнинг мақсади диний матнларни аҳолига тушунарли бўлиши учун қулай ёзувда тақдим этиш эди. Уларгача славян халқлари мутлоқ ёзувга эга эмас эдилар. Кирил ёзуви лотин ва юнон ёзувларининг интеграллашувидан ҳосил бўлган алифбодир. Ҳозирда ушбу ёзувдан Россия, Белоруссия, Сербия, Македония, Болгария ва шу каби бошқа славян халқлари расмий давлат ёзуви сифатида фойдаланади.

 

 

Финикия алифбоси кўплаб ёзув тизимларининг ривожланишига таъсир кўрсатган бўлса-да, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда мустақил юзага келган бошқа ёзувлар ҳам мавжуд. Булардан энг йириклари:

 

Хитой ёзуви;

Ҳинд ёзуви;

Турк ёзуви ҳисобланади.

 

Хитой ёзуви мил.авв. 2 минг-асрда шакллана бошлаган. У логографик туркум сирасига мансуб бўлиб, бунда ҳар бир белги маълум бир сўз ёки тушунчани ифодалайди.

 

Хитой ёзувининг қўшни ҳудудларга тарқалиши Япония, Корея ва Вьетнам ёзувларининг шаклланишига сабаб бўлди.

 

Ҳинд ёзуви тарихи Браҳми ёзув тизими билан бошланган ва кейинчалик Деванагари, Бенгали, Гурмукҳи, Тамил каби кўплаб ёзув тизимлари шаклланишида ўз таъсирини ўтказган. Бу ёзув тизимлари Ҳиндистоннинг турли тиллари ва маданиятлари билан боғлиқ бўлиб, унинг бой адабий мероси ҳамда диний матнларини сақлаб қолишда ҳалигача катта аҳамиятга эга.

 

Турк ёзуви қадимий турк халқларининг ёзув тизими бўлиб, Göktürk (Юқори Турк) хоқонлиги даврида, VI–VIII асрларда кенг қўлланилган. Ушбу ёзув тизими руник ёзуви сифатида танилган ва у 38 ҳарфдан иборат эди. Ҳар бир ҳарф маълум бир фонемани (товушни) ифодалаган. Бу товушлар ўзаро фарқланган ва ҳеч бири бошқасини такрорламаган.

 

Турк руник ёзуви ўз даврида бошқа халқлар, айниқса, Монгол ва Тибет ёзуви шаклланишига катта таъсир кўрсатган. Бугунги кунда ҳам Турк руник ёзувини ўрганиш жараёни давом этмоқда, чунки у турк халқлари тарихи ва маданий меросининг ажралмас қисмидир.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11136
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//