Бугунги ёшларимиздан нолимайман, булар ўзимизнинг ҳосилларимиз


Сақлаш
15:20 / 03.12.2024 18 0

Умр бўйи адабиёт, маънавият соҳасидан ризқ териб юрган бир киши сифатида бугунги тезкор замонамизга, ёшларимизнинг маънавият тушунчасига бўлган муносабатига ўз қарашларимни айтгим келди. 

 

Уруш йилларидан кейинги очарчиликни, болалар ва аёлларнинг эркаклар билан тенг хизмат қилганини кўриб, шулар қаторида униб-ўсдим. Омоч тортдим, ғаллани галагов* қилдим. Ҳаёт мажбур қилган, яшашга умидни рағбатлантирган ҳеч юмушдан бош тортмадим. Бунинг учун бировни айбламайман, аксинча, қаттиққўл ҳаётдан розиман. Гарчи, ўша пайтлар маънавият деб аталмаган бўлса-да, инсонни тарбиялашга хизмат қилган ҳар қандай катта-кичик ҳаёт сабоғидан, одамларнинг иши, сўзи билан берган тарбиясидан маънавий куч олганман, десам хато бўлмайди.

 

Қишлоғимизда бир кенгфеъл бригадир бўларди. Ғалла пишган чоғлар у хирмонбоши бўлиб, галагов бошида турарди. Бир-икки кило буғдой учун одамлар отилиб кетадиган замонда шу одам ота-оналаримизга тайинлар экан: “Болаларингга айтинглар, оёғига каттароқ калиш кийиб келсин! Хирмонжойдан қоронғида кетсин!” Чунки катта калиш билан галаговда қатнашсак, ичига ғиж-ғиж буғдой тўлади. Уни биров, дейлик назоратчилар кўрмайди. Қоронғи тушганда шу буғдойни белбоққа тўкиб оламиз. Битта нон бўладими, бир коса аталага етадими, шу буғдой бизнинг кунимизга яраган.

 

Шу бригадир биз ўспиринларга ёлғондакам дағдаға билан “Нимага партия қўшиқларини билмайсанлар, ким ўқитаяпти сенларни?” деб дўқлаб ҳам қоларди. Биз буғдой янчаётган эшак ё ҳўкизларни қамчилаб, дўриллаб хиргойи қиладиган “Хирмончи”, “Ҳо, майда” каби халқ қўшиқларини бас қилиб, партияни мадҳ этувчи қўшиқларни билганимизча куйлаб қоламиз. Бу қўшиқдан мурод эса янада ғалати: ковушларимизда ғижирлаётган, ё бехос ерга сочилиб кетаётган доннинг шитирлаган товушини билдирмаслик! Қолаверса, хирмонжойда айланиб юрувчи партия вакиллирини чалғитиш. Ана сизга партия қўшиғи-ю, ўлмай яшаб қолиш учун минг бир ҳийла...

 

Бу бригадир ҳам кўп қатори чаласавод одам эди. Аммо инсоний меҳр, шу эл болаларининг илиги тўқ ўссин, деган оддий ватанпарварлиги билан менга маънавият сабоғини берган.

 

Мактабдаги, кейин олий даргоҳлардаги айрим устозларнинг ич-ичидан ўксиниб, мустақиллик ҳақида пинҳон бир оғриқ билан, ҳар сўзини ўн қат қоғозга ўраб гапириши ботинимизга сингиб борди.

 

Маънавият дегани, биринчи навбатда Ватанпарварлик, деган хулосага келгунимча анча-мунча йўлни босиб ўтдим. Чунки ватанпарвар дегани, аввало Худони таниш, инсонни севиш, бандасидан ҳаё қилиш, дегани экан-да...

 

Айтмоқчи бўлган мавзумдан бироз чалғидим, шекилли, аммо юқоридаги гаплар ҳам зиён қилмайди, деб ўйлайман.

 

Мен бугунги ёшларимиздан нолимайман, балки уларга ҳайрат ва ҳавас қилиб яшайман. Нолимаслигимга сабаб – булар ўзимизнинг ҳосилларимиз. Нимани эксанг, шуни ўрасан! Аммо уларнинг ҳаётга қараши, ўзгаришларни қабул қилиш даражаси, тарзи мени барибир безовта қилади.

 

Маънавий комиллик ҳақида гапирганда, моддий тўкислик масаласи ҳам ўртага қалқиб чиқади. Халқимизда шундай нақл бор: “Туянинг юки енгил бўлса, бақироқ келади.” Яъни, юки енгил туя шўх бўлади, шаталоқ отади, бақириб, эгасига ҳам бўйсунмай, оламни бузгиси келади. Бу нақл асли туя ҳақида эмас. Туя шунчаки рамз. Гап биз ҳақимизда, одамлар ҳақида.

 

Айтадиларки, одамлар орасидан меҳр-оқибат, бегидир муҳаббат, бетаъма яхшилик кўтарилиб бормоқда. Бунга бироз ҳаётни кўрган одам сифатида мен ҳам қўшиламан. Нега десангиз, ҳаётимиз яхшиланди, яшаш осонлашди. Минглаб юмушларни техника ўз зиммасига олди. Бироқ одамларни менинг ақлим етмайдиган ёлғизлик ҳам қуршаб бораётгандай. Бемор қўшнидан хабар олиш учун қўлимиздаги телефон тугмасини босиб, аҳволлашишга эриняпмиз ёки вақт тополмаймиз. Ваҳоланки, кўнгилни кенг қилсак, бугун ҳамма нарсага қўлимиз етади.

 

Узоққа бормайлик, салкам 6 миллион тонна пахта етказиб берувчи юртимиз Мустақилликнинг илк йилларида ғалла етишмовчилигига дуч келган эди. Марказий таъминотдан узилган мустақил давлат қарийб йигирма миллионлик аҳолини нон билан таъминлаёлмай қолди.

 

Ўшанда раҳбарларимиз бир йилнинг ўзида 300 минг гектар майдонни шахсий томорқа хўжаликларига ажратиб берди. Томорқали бўлган одамлар сал бўлса-да, овунди, ўз аравасини торта бошлади. Пахта майдонлари кескин қисқарди. 1 миллион гектар суғориладиган, 500 минг гектар лалми ерга ғалла экилди. Кўрпани бошингга тортсанг оёғинг очилиб қолаётган, ғалла ҳам керак, кийим-бош ҳам зарур, таълим ислоҳоти ҳам кутиб турмайдиган бир паллада бундай таваккал қилиш ҳам бир жасорат эди.

 

Ушбу рақамлар ва мисолларни нега келтиряпман? Шаҳарликлар бўлка нонга навбатда турган, қишлоқларда буғдойга арпа, жўхори, ҳатто, супурги уруғини қўшиб, тегирмонга элтаётган 90-йиллар воқелиги менинг талаба ёшидаги неварам учун эртакнинг ўзи? Бу неварам, “Қўйсангизчи, бобо?” деб менга истеҳзоли кулиб қараши мумкин. Аммо бу йигит ёки қиз, замонавий технологиялар ўстираётган авлод, инглиз тилини ҳам, комьпютерни ҳам балодек биладиган бу дилбандлар маънавий қадриятлар, деган табаррук сўзларга қандай қараяпти?

 

Нега улар Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидасини титраб, англаб ўқиш, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”ини Шерали Жўраев ижросида  тани жимирлаб тинглаш ўрнига, хорижда ўқиш имкониятини суистеъмол қилиб, борган жойи Америка, Европа давлатларида қолиб кетишяпти? Ёки шу нарса уларнинг орзусига айланиб қоляпти? Ёки оила қадриятлари деган шарқона катта меросимизга нописанд қараб, олти ой ҳам яшамай ажрашиб кетаяпти? Ёхуд мактабда, олий ўқув юртларида устоз-муаллимнинг бир оғиз даккиси учун уни ҳақоратлаб, ҳатто, судга беришгача боришяпти?

 

Бу каби ўйлантирадиган маънавий муаммоларимиз талайгина. Балки ушбу сатрларни ўқиган бугунги замонавий ўқувчи мени замондан ортда қолганликда айблар. Бироқ шу замондан ортда қолиш саналса, мен бу иддаога розиман.

 

Халқимизда “Қўйни ўзининг ёғига қовурадилар” деган ажойиб ибора бор. Бу дегани ҳамма сабаблар ўзимизда, яъни ҳамма саволга жавоб биз катталарда, десам хато бўлмайди.

 

Биз қаерда хато қилдик ёки қиляпмиз?

 

Яқинда Термизда истиқомат қиладиган бир ёш дўстимиз билан қилган мулоқот мени айрим фикрларга ундади. Банк тизимида ишлайдиган бу 30-35 ёшлардаги йигитнинг учта фарзанди бор экан. Бу гўдакларнинг энг кичиги 3 ёшда. Ингилиз тилига мослаштирилган пуллик боғчада тарбияланаётган экан. Ҳатто ўша тилда юзгача санашни биларкан. Қолган икки фарзандининг каттаси рус синфида ўқийди, кичиги инглиз тили мактабига қатнайди. Кўзу қоши мана-ман, деб ўзбеклигини айтиб турган бу гўдаклар уйда ҳам қарийб ўша тилларда сўзлашади, она тилини эплаб гапиролмайди. Ота-онаси эса бундан жуда хурсанд, албатта.

 

Мен халқимизнинг улуғ эпоси “Алпомиш” достони билан шуғулланганман. Бахшиларимиздан бу сеҳрли достонни ёзиб олганман. Бу достон ўзбек тилининг, маърифати, маънавиятининг жуда катта хазинасини ўзида яширган. Бу каби достонлардан умрида бир мартагина бўлса ҳам мириқа олган инсон, юрт ҳақида, миллий руҳ ҳақида, халқимиз ҳақида шунчаки ўйлай олмайди. Юрт ҳақида қайғурмай ўтолмайди.

 

Мен танишган учала гўдакнинг даврада ёки телевизорда “Алпомиш” тинглаб, мириқишига эса ишонгим келмайди.

 

Қарийб йигирма ёшимизда, ҳарбий хизматда рус тилини чала-чулпа ўргандик. Қолганини эса кейинчалик ҳаётий эҳтиёж сабаб билиб кетдик. Ёшим саксондан ошган бўлса ҳам, компьютерда ишлашни ўзимга керак даражада биламан. Буни ўрганганимга ҳам кўп бўлгани йўқ. Рус тили ёки комьпютерда ишлашни ўргатиш учун ота-онамиз бизни сираям пуллик мактабларга бергани йўқ. Унақа мактабнинг ўзи йўқ эди.

 

Кейинги 15-20 йилда ёш оилалар орасида ўз фарзандларини рус тили, инглиз тили, ахборот технологияларига, пуллик таълимга йўналтириш жуда урф бўлди. Бу албатта керак. Болаларимиз қанча кўп тил билса, замонавий технологияларни қанча кўп ўзлаштирса,  шунча яхши. Бироқ...

 

Нима демоқчиман? Биз шу юртнинг фарзанди эканмиз, шу юртни ватан деб биларканмиз, ота-боболар қабри-ю қадамжоси шу юртда экан, Янги Ўзбекистон деган овоз тобора жаҳонни заб этиб бораётган мамлакат бизнинг диёримиз экан, бу юртни ким асрайди, ким қўриқлайди, ким бу юртга жонини фидо этади, ким бу юртни шарафлайди? Албатта, бетаъма меҳри билан шу маконни севганлар қилади бу ишни. Битта нарсага қаттиқ ишонаман: Ҳамма эзгулик она тили билан инсон руҳига сингиб боради. Тилсиз қолиш, руҳнинг таназзулига олиб келади.

 

Айтиш мумкин, Абу Наср Форобий етмишдан ортиқ тилни билар эди, деб... Бироқ бу зот шунча тилни билгани ҳолида, аввало ўз она тилини азиз туган, ўз руҳини омон сақлаган тоза мусулмон, эл-юрт равнақи учун умрини бағишлаган аллома эди.

 

***

Хулоса ўрнида ушбу сўзларни айтмоқчиман:

 

Маънавият инсоннинг ҳаётидаги иккинчи қуёшдир. Бу қуёш ҳаммага тегишли, ҳамммани танийди. Бу қуёш нури етиб бормаган манзилларда майсаларнинг ранги сариқ, беҳосил бўлади. Бу қуёш нури тушмаган дарёнинг сувини ичиб бўлмайди.

 

Биз ўзимизни бу руҳга қувват бўлувчи, танни озод сақловчи қуёш нуридан бебаҳра қилмаслигимиз керак.

 

Бир тиш қоққан, оқсоқол ёшидаги биродарингизнинг сизга айтар сўзлари шу!

 

                                                                  Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

Маънавий ҳаёт журнали, 2024 йил 3-сон.
Қуёш ҳаммамизни танийди! мақоласи

 

*Галагов – комбайнлар пайдо бўлмаган пайтда, ғаллани от, ҳўкиз кўмагида янчиш жараёни.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//