Хоразм, меҳр, радиус – Қуёш худоси Ра исми асос бўлган номлар


Сақлаш
15:06 / 14.11.2024 101 0

Қадимги Мисрнинг асосий илоҳларидан бири Амон бўлган. У Фива шаҳрига ҳомийлик қилади ва барча эҳтиёжларни қондиради, деб ҳисобланган. Амон билан бир вақтда Ра ҳам қадимги мисрликларнинг қуёш худоси эди. Кейинчалик иккаласи ўзаро бирлаштирилиб Амон-Ра бўлган. Русча википедияда ёзилишича, «Ра» сўзи айнан қуёш маъносини англатади. Ҳиндларнинг муқаддас китоби «Веда»да Индра момақалдироқ, чақмоқ ва ёмғир худоси дея таърифланади. «Инд» сўзи ҳинд сўзининг ўзаги, «Индиа» Ҳиндистонлигини ҳисобга олсак, Ра бу ерда ҳам худо деган маънода келяпти. Ўрта Осиё халқлари, жумладан, зардуштийларда Митра қуёш ва ёруғлик худоси экани маълум. Мит сўзидаги «Ра» эса қуёш дегани. 

 

Ҳиндистонда охирги бўғини «ра» билан тугайдиган жой номлари талайгина. Улардан бири ибодатхоналари билан машҳур бўлган Брахмапутрадир. Брахма (ёки брахман) ҳинд коҳини демакдир. Пут эса биздаги хон, бек каби киши исмига қўшимча. Шимолий Ҳиндистондаги эфталийлар сулоласига хотима берганлар айнан ҳинд Ражпутларидир. Пут сўзини алоҳида ажратиб олсак, охирида табиийки «ра» қоляпти. Паталипутра шаҳри ҳам худо Ра исми берилган шаҳарларга мисол бўла олади. Ўзбекистон заминида ҳам «ра» сўзи қатнашган жой номи мавжуд. Бу Хоразмдир. Олим Сергей Павлович Толстов «Хоразм» номи талқинлари орасида «Қуёшли ўлка», «Қуёшли ер» деб аталгани ҳақиқатга энг яқинидир, деб таъкидлайди. Бундан кўринадики, Хоразм номи қуёш худоси шарафига қўйилган бўлиши мумкин.

 

 

Қадимги ҳинд афсоналарига кўра, қуёш худоси Ра ҳар куни эрталаб шарқдан от қўшилган олтин аравада кўтарилади ва оламни кузатганча ғарбга ўтиб кетади. Бу миф форс тилида феъл ясалишига асос бўлган десак нима дейсиз? Форсчада «рафт» юрмоқ, бормоқ дегани. «Меравам», «мерави», «меравад» учта шахсда тусланганда ишлатилади. Айнан қуёш худосининг ҳаракати ушбу феъл ясалишига асос бўлган эҳтимол. Бу фикр тиллар пайдо бўлишининг «Спонтан назарияси»га мос келади. Ҳозирги ўзбек тилидаги «равиш» (тарз, йўсин, суръат) ҳам «Ра» сўзининг тараққиёти натижасида юзага келган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «равнақ» сўзига «порлаш», «ялтираш», «ҳусн», «кўрк» дея таъриф берилган. Бундан келиб чиқадики, «Равнақ топиш» кутилган ёруғ кунга етиш демакдир. «Чеҳра» калимаси эса нурли юзга нисбатан ишлатилади. «Равшан» каломи эса ёруғ, ёрқин маъносини билдириб, кейинчалик эркаклар исмига ҳам кўчган.

 

Ҳиндлардаги «Рам» исми ёруғ, порлоқ маъносини англатади, Кўплаб ҳинд киноларида «Меҳра соҳиб» деган жумла учрайди. Айнан шу исм қуёш худоси Рага ўхшаши, ҳиндлар эътиқодича, худди унингдек шарафга эришиши учун қўйилган. Вақтлар ўтиб бу исм форсларга кўчган. Охиридаги «а» товуши тушган Меҳр сўзи айнан қуёш маъносида келади. Гупталар сулоласи асосчиси, ҳинд саркардаси Чандрагуптанинг исмида ҳам «ра» учрайди. «Гупта» сўзи унга унвон, уруғ-қабила номи сифатида берилган десак, Чандра исми қоляпти. Исмнинг «Чанд» қисми асос ва бу сўз ҳам ўз навбатида бошқа исмларга қўшилади (биздаги бек, жон, хон, шоҳ каби). Мисолларга юзланамиз: Ангарчанд, Лаъл Чанд, Карамчанд (Ганди).

 

Нега мисолларнинг кўпчилигини ҳинд ва форс тилларидан келтирдик. Боиси, улар орий қавмларига мансуб бўлиб, милоддан аввалги 1500 йилларда Касбий денгизи орқали Урал тоғларидан жанубга силжишган. Дастлаб, Қозоғистон даштлари ва Ўрта Осиё кенгликларида ўрнашган. Кейинчалик бу халқнинг бир қисми жанубга – Ҳиндистон ҳудудига, яна бир қисми эса жануби ғарбга – Форс ерларига кўчган. Шу боис Ҳинд-Европа тиллар оиласи деганда айнан орийларга тегишли тиллар тушунилади.

 

Бундан бир-икки минг йил олдинги даврни тасаввур қилинг. Инсонлар қоронғиликдан қўрққан, қуёш эса уларга ёруғлик, умид бахш этган. Нурнинг зулмат устидан ғалабаси (қуёш чиқиши) эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси каби талқин этилган. Ўшандан буён ёруғлик – яхшилик, қоронғилик – ёмонлик рамзи ҳисобланади (оқ ва қора). Инсоният ана шундай «буюк хизмати» учун қуёшни худо дея қабул қилган. Баҳорнинг келиши, ўт-ўланнинг униши, ҳосилнинг пишиб-етилишига айнан у сабаб бўлгани учун қуёш олий яратувчи, яшатувчи, жон бахш этувчи илоҳ деб ҳисобланган.

 

Ҳозирги шарқий славян (рус, украин, Беларусь)ларда ҳинд эпослари Маҳабҳарата ва Рамаянага ўхшаш эртаклар ва бошқа фольклор намуналари борлиги ёхуд улардаги қаҳрамонлар ва сюжетларнинг айнан такрорининг гувоҳи бўламиз. Уларнинг азалдан бир қавмга мансуб эканлиги сўзлардаги ўхшашликда ҳам акс этган. Русчада «рай» жаннат дегани. Барча халқларнинг диний эътиқодига кўра жаннат ёруғ ва чарағон жой дея тасаввур қилинади. Ёруғлик эзгулик тимсоли бўлганидан жаннат ҳам шундай таърифланган. «Район» сўзи ҳам қуёш нури тушадиган водийни англатган. Дастлаб бу сўз лотин тилида «радиус» шаклида пайдо бўлган. Унинг ҳам маъноси «нур» дегани. Кейинчалик бу калима французчага кўчган ва «туман» мазмунида қўлланган. Энди рус тилидаги мисоллардан яна бирига юзланамиз: «Раб» сўзи русчада «қул» деган маънони англатади. «Рабство» деганда коҳинлар қуёш худоси Ра учун меҳнат қилишни тушунишган ва «раб»(банда)ларни шунга даъват этишган. «Раб» эса ўз навбатида «работа», «рабочий» каби сўзларнинг ясалишига асос бўлган.

 

 

Энди унданда қизиқ маълумот: Қадимги халқларнинг диний маросимлари бевосита қуёш худоси шарафига ўтказилган. Бу жараён эса «рақс» сўзи пайдо бўлишига олиб келган. Турли давр, турли минтақада яшовчи қадимги аҳолида айнан шу жиҳатдан ўхшашлик кўзга ташланади. Ёқутистон шаманлари ҳам, Теночтитлан ёхуд Аксумдаги коҳинлар ҳам ибодат даврида турли рақсларни амалга оширган (актёр Гойко Митич қатнашган киноларни эсланг). Ўзбек халқ фольклорида ҳам мавжуд маросим қўшиқлари табиатдан, кўринмас кучлардан ниманидир сўраш, нимадандир асраш учун ижро қилинган. Бундан қуёш худоси Ранинг номи рақс ва раққос сўзлари ясалишига туртки бўлган, деган хулосага келишимиз мумкин. Рақс ибтидоий динларнинг асосий ибодат расм-русуми бўлган. Балки, шу сабабдандир исломда қўшиқ айтиш ва рақсга тушиш ҳаром қилинган.

 

Анвар ЭШНАЗАРОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10730
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//