Инсон яралибдики, ёлғизликдан халос бўлишга уринади. Шу сабаб ҳам Одам Ато учун Момо Ҳавво яратилди, уларга фарзандлар берилди. Индивидуаллашув ва ёлғизликдан халос бўлишга интилиш эҳтиёжи икки ўртада муҳаббатни юзага келтирди. Бу ёғи эса Ходи Тоқтош айтганидек: “Муҳаббат ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди”.
Муҳаббат ҳар бир даврда турланиб-тусланиб борди. Таниқли физик олим Блез Паскал ўз даври муҳаббатини геометрик ва назокатли дея таснифлаган бўлса, ёзувчи Стендал ҳам ўз замондошлари учун “кристалланган муҳаббат”ни таърифлаб берди. Бунда:
Геометрик муҳаббат – инсон эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисоб-китоб қилган ҳолда муҳаббатини энг мақбул инсонга “сарфлаш”идир. Масалан, Абдулла Қаҳҳор қаламига мансуб “Сароб” романи қаҳрамони бўлмиш Саидий ўз манфаатларига монанд Муродхўжа домланинг қизи Сорага уйланади.
Назокатли муҳаббат – гўзалликнинг ҳар қандай кўринишини севиш билан юзага чиқади. Масалан, Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” асарида Алимардон Тўраев Муқаддамни гўзал бўлгани учунгина севган.
Кристалланган муҳаббат – инсон ўз қадр-қимматини тўғри баҳолаган ҳолда муносиб йўлдош танлашига айтилади. (Инглиз тилида бу “right person” деб юритилади.) Масалан, Пиримқул Қодировнинг “Эрк” қиссасида Саттор ўзига қишлоқда қолган, молхона ҳиди анқийдиган хотинини эмас, дунёқараши, қизиқишлари ўхшаш шаҳарлик Робияни муносиб кўради.
Ўрта асрларга келиб, инсонлар ўз муҳаббатини топишда бевосита ва билвосита ҳаракат қила бошладилар. Бевосита усул – кўркам кўриниш, сўнгги урфда кийиниш, (қизлар учун) пардоз-андоз орқали эътиборни жалб қилишда намоён бўлса; билвосита усулда йигит-қизлар балларда учрашиб ёки совчилик орқали тақдирини боғлаганлар. Бунга яққол мисол сифатида Жейн Остиннинг “Андиша ва ғурур” романидаги тўрт опа-сингиллар ўзлари яшаётган муҳит анъаналарига биноан умр йўлдош топиш мақсадида баллга борадилар. Опа-сингилларнинг бири севгисини баллаpда учратиб севиб қолади. Бошқаси эса қариндошига турмушга чиқади.
Авваламбор севги инсонларга икки хил таъсир қилади. Биринчи турдаги инсонлар севганига муносиб бўлиш учун ўзини ўзгартиришга уринади. Бу ҳолат бизга Жек Лондоннинг “Мартен Иден”ини эслатади. Асарда бош қаҳрамон Мартин бой ва зиёли оила қизини – Руфни севиб қолади. Қизнинг муҳаббатига эришиш учун денгизчи Мартин ёзувчи Мартинга айланади.
Иккинчи турдаги одамлар эса худди Чингиз Айтмаёвнинг “Жамила”си каби севганини (чўлоқ бўлса ҳам) борича севади.
Психологлар муҳаббатни 4 турга таснифлаб ўрганадилар:
1. Шартли муҳаббат – “агар ... ...са”/“агар ... ...да” формуласидаги бу муҳаббатда инсон кимнидир шартли равишда, “агар менга муносиб бўлса, уни севаман” қабилида севади. Бу худди юқорида тилга олинган “Мартен Иден” романидаги Руфнинг муҳаббатига ўхшайди. Руф севгисини қозониши учун йигитни машҳур бўлишга, бой бўлишга ундайверади.
2. Сабабли муҳаббат – “сени ... учун севаман”/“сени севаман, чунки ...” формуласидаги муҳаббат “Тазкират ул-авлиё” тазкирасидаги Робия Адавиянинг муҳаббатига ўхшайди. У яратганга шундай илтижо қилади: “Ё Раб, мен жаннатингдан умидвор бўлиганим учун сенга ибодат қилаётган бўлсам, мени жаннатингдан маҳрум эт; агар мен дўзахингдан қўрққаним учун сенга ибодат қилаётган бўлсам, мени дўзахингга гирифтор эт; гар мен висолинг илинжида сенга ибодат қилаётган бўлсам, мени висолингдан бенасиб қолдирма”.
3. Шартсиз муҳаббат – “...га қарамай” формуласи бўйича инсон севгилисининг камчиликларига қарамай севади – худди Нодар Думбадзенинг “Кукарача” қиссаси қаҳрамонлари каби. Бу асарда ашаддий жиноятчи дорихонада ишлайдиган қизни севиб қолади, қиз эса назоратчи Кукарачани севиб қолади. Кукарача ҳам қизга меҳр қўяди. Лекин қиз ҳақида атрофда ёмон гаплар тарқалган эди. Кукарача миш-мишларга ҳам, рақибининг кимлигига ҳам парво қилмай уни севади.
4. Сукутли муҳаббат – изҳорсиз, таъмасиз, таънасиз севиш. Худди Гётенинг “Ёш Вертер...”и каби муҳаббатини ичига ютиш. Асарда Вертер ота-онасидан етим қолган қизни севиб қолади. Унинг кўнглига озор беришдан чўчиб, дил изҳор қилмайди. Оқибатда қизга Вертернинг дўсти уйланади. Муносабатларга путур етмаслиги учун ҳам яна жим бўлишга мажбур бўлган Вертер охир-оқибат дарди ичига сиғмай ўз жонига қасд қилади.
Шу билан бир қаторда, биз севгини “Боғланиб қолиш” ва “Кўникиш” билан адаштирмаслигимиз керак. Илм-фан тилида “Боғланиб қолиш” “Симбиотик алоқа” деб ҳам юритилади. Унинг пассив ва актив шакллари мавжуд. Пассив шакли мутелик, маъбудапарастлик, “Питер Пен” синдроми каби белгилар билан мазохизм кўринишида намоён бўлади.
Актив шакли эса садизм кўринишида учрайди. Садист ва мазохист инсонларнинг ўзаро муҳаббатини Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романи қаҳрамонлари бўлмиш Башор опа ва Почча никоҳида кузатишимиз мумкин. Башор опа эркакшода характерига эга. Турмуш ўртоғи эса аксинча, қўй оғзидан чўп олмаган инсон эди. Ҳатто Почча урушга кетаётган вақтда “Гитлерни ўлдирмасанг, талоқсан” деганидан ҳам унинг садистик характерини кўришимиз мумкин.
Кўникиш ёхуд масъулиятли алоқа – буни катталар учун фалсафий эртак номи билан танилган “Кичкина шаҳзода” асаридаги бир жумлани келтириб изоҳлаш кифоя: “Кимники қўлга ўргатган бўлсанг, ҳамиша унинг тақдирига жавобгарсан”.
Муҳаббат дейилганда одатда хаёлимизга қарама-қарши жинс вакиллари ўртасидаги ишқий муносабатлар келади. Лекин муҳаббат фақат шундангина иборат эмас. Бундан ташқари, она муҳаббати, ота муҳаббати, ўз-ўзига муҳаббат, Парвардигорга муҳаббат ва шу каби кўплаб турлари мавжуд.
Она муҳаббати – юқорида формуласи келтирилган “Шартсиз муҳаббат”нинг олий кўринишидир. Фарзанд она вужудида вужудга келгани туфайли туғилгандан сўнг ҳам она фарзандини ўзининг бир қисми деган онгости қарашидан қутила олмайди. Бола ҳаётининг илк даврларида кимнингдир тасарруфида бўлиши фойдага ишласа-да, улғая бошлагач, индивидуаллашув жараёнида она муҳаббатини бошқара олмаса, “танасининг бир қисми” шахс сифатида шаклланмай қолади. Бундай шахсларга психотерапияда “Питер Пен” синдроми ташхиси қўйилади. Бу шахсларнинг келажаги эса катта эҳтимол билан “ақлли кишиларнинг фарзандлари устидан қилған ишлари номақбул бўлмағай” дегувчи Отабекникига ўхшаш бўлади.
Ота муҳаббати. Ота билан муносабат тамомила бошқача. Она бизлар учун қадрдон бошпана, табиат, замин, уммон, отани қадрдон бошпана тарзида тасаввур қила олмаймиз. Дастлабки йилларда фарзанд билан ота йўллари деярли туташмайди ва бу паллада отанинг чақалоқ билан боғлиқлигини она билан муҳим боғлиқликка мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Бироқ табиат, табиийлик ифодаси бўлмаса ҳам, ота инсоний ҳаётнинг бошқа жиҳатларини намоён этади: фикр-мулоҳазалари, ўзи яратган оламини, қонун-қоидалар ва тартиб-тамойилларни, интизомни, саёҳатлар ва саргузаштлар оламини тақдим этади. Фарзандга ота таълим бериб, ҳаётга бошлайди.
Отанинг бу бурчи бошқа, ижтимоий-иқтисодий равнақ билан боғлиқ вазифага ҳам алоқадор. Хусусий мулк пайдо бўлиб, ўғиллардан бирига мерос бўлиб қола бошлагач, ота мол-мулкини ишониб қолдирадиган ўғилни истай бошлайди. Бу отанинг наздида, ворис бўла оладиган, бевосита ўзига ўхшайдиган ва айни шу боис севимли ўғил. Ота муҳаббати муайян шартларга таянади. Унинг қоидаси: “Сени яхши кўраман, чунки ишончимни оқлайсан, чунки ўз бурчингни адо этасан, чунки менга қуйиб қўйгандай ўхшайсан”. Онанинг “шартсиз” муҳаббати сингари отанинг “сабабли” муҳаббатида ҳам салбий ва ижобий жиҳатлар мавжуд. Салбий жиҳати шундаки, ота муҳаббатини қозониш ёки аксинча, умидларини оқламасанг, бой беришинг ҳеч гап эмас. Ота муҳаббатига кўра, итоатгўйлик асосий фазилатга, бўйин товлаш эса ота меҳридан жудо бўлишдек жазога мустаҳиқ этади. Бироқ ижобий жиҳати ҳам муҳим. Агар муҳаббат муайян шартлар асосида пайдо бўлса, уни қозониш, сазовор бўлиш учун нимадир қилиш, саъй-ҳаракатлар ила қўлга киритиш мумкин; она муҳаббатидан фарқли равишда ота муҳаббатини идора қилса бўлади. Бунга мисол тариқасида Стендалнинг “Қизил ва қора” романидаги Жюленнинг отаси билан ўзаро муносабатларини олишимиз мумкин. Асардаги ота кенжа ўғли озғин ва нимжон бўлгани, деҳқончиликка ярамаслиги сабабидан уни черков таълимига беради. Чунки у ерда боланинг барча харажатлари черков томонидан қопланган.
Ўз-ўзига муҳаббат бу нарсизм билан айни бир номдир. Атаманинг келиб чиқиши Юнон мифологиясига бориб тақалади. Унда келтирилишича, Наргис – дарё маъбуди Кефисса ва нимфа Лаврионнинг ўғли. У барно ва совуққон йигит бўлиб, ўзига бино қўйган эди. Авлиё Тиресий бу бола қисмати ҳақида: “Агар у ўз суратини кўрмаса, узоқ умр кўради”, дея башорат қилади.
Бир куни Наргис музалар яшайдиган Геликон тоғидаги бир чашмадан сув ичмоқчи бўлиб энгашади ва кўзгу каби тип-тиниқ сувда ўзининг бутун борлиғи, мукаммал гўзаллиги намоён бўлади. Наргис ўз аксидан кўз узолмайди, ўзини севиб қолади.
Парвардигорга муҳаббат. Муҳаббат эҳтиёжи бегоналашув кечинмаси ва шундан келиб чиқадиган хавотир ва бегоналик ҳиссини тавҳид воситасида бартараф этишга асосланишини юқорида кузатдик. Муҳаббатнинг эътиқод билан боғлиқ шакли – Худога муҳаббат – психологик жиҳатдан ҳам унинг бошқа шаклларидан ҳеч фарқ қилмайди. Бу туйғу ҳам бегоналашувни енгиш ва тавҳидга эришиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Амалда Худога муҳаббат инсонга муҳаббат сингари кўп қиррали ва хилма-хил. Бундай муҳаббатда ҳам тахминан айни шундай ранг-баранглик мавжуд.
Барча теистик – ҳам политеистик, ҳам монотеистик – динларда Парвардигори олам энг олий қадрият, барча талпинувчи илоҳий куч сифатида талқин қилинади. Шу боис Худони аниқ идрок қилиш инсон учун энг олий саодат нима эканига боғлиқ. Шундай қилиб, Худо концепциясини англаш, идрок қилиш учун диндор шахсиятининг хусусиятини таҳлил қилиш жоиз. Бадиий адабиётда эса бу ҳолатни Этил Лилиан Войничнинг “Сўна” романида кузатишимиз мумкин. Асарда Худога бўлган севгиси билан халқ орасида ном қозонган роҳиб ота Папа лавозими учун номзод бўлиб турган бир вақтда фарзанди борлигини ва у эртаси кун отиб ўлдириши кераклигини билиб қолади (Роҳиб ота бир умр ўзи сиғинган дин – улуғ Муҳаббат устига қурилганига ишониб юради. Лекин ўғли борлигини, у жамиятни уйғотиш учун ўзи қурбон бўлаётгани Роҳиб отага Исони эслатади. Исо ҳам инсонларни уйғотиш йўлида қурбон бўлди. Қурбонлик маросимини одамлар жимгина томоша қилди. Худди гладиатрларни томоша қилгандай. Ким ўлиши омма учун қизиқмас. Муҳими ўлгандан кейин унинг ҳақиқатини англаб етишлари... Роҳиб ота ҳам Албертнинг кўнглига инсонларни уйғотиш ҳиссини ўзи экканди. Унинг отилиши шу уруғнинг ҳосили эди. Масиҳийлик моҳияти ҳам шунда: униш учун аввал ерга қадалишинг; яшаш учун эса аввал ўлишинг керак.). Ана шундагина Масиҳлик моҳиятини – Ота ўз ўғлини гуноҳкор бандалар учун қурбон қилишдан мақсадини англаб етади.
Зиёдахон ТУРДИБОЕВА
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Тил
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ