Улар болалар учун ҳам ёзишган: машҳур ёзувчиларнинг биз билмаган асарлари


Сақлаш
17:10 / 05.11.2024 246 0

Болаликка қайтишни, болаларнинг сеҳрли оламига сайр қилишни ким ҳам қўмсамайди дейсиз. Шу сабабдан ҳам аҳён-аҳён болалар дунёсига йўл чизиб, кичкинтойлар учун асарлар қоралаган катта ёзувчилар талайгина. Қуйида баъзи улуғ адибларнинг кўпчиликка номаълум қирраларини кашф этамиз.

 

 1. Жеймс Жойс 

 XX аср жаҳон адабиётининг энг йирик намояндаларидан бири, “Улисс”, “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили”, “Финнеган маъракаси” каби асарлари билан китобхонлар ҳам севадиган, ҳам ҳайиқадиган адибига айланган Жеймс Жойс бўш вақтида мушуклар ҳақида ҳам ёзган. Унинг “Мушук ва иблис” ҳамда “Копенгаген мушуклари” номли икки асари неварасига аталган. Иккала асарда ҳам ихчамгина матн ва жозибали иллюстратсиялар ажойиб уйғунлик касб этган. Жойснинг “Мушук ва Иблис” номли дастлабки расмли китоби 1960-йилларда дунё юзини кўрган. “Копенгаген мушуклари” эса 2012 йилда чоп этилди.

 

 

 

2. Эрнест Ҳемингуэй 

 1951 йили “ Holiday Magazine” Ҳемингуэй қаламига мансуб “Одобли шер” ва “Виждонли буқа” номли икки ҳикояни эълон қилди. Муаллиф болалар учун бошқа асар ёзмаган. Тахминларга кўра, Эрнест уларни венетсиялик маъшуқаси Адриана Иванчич ва унинг жиянинг бағишлаган. “Одобли шер” ҳикоясидаги макаронхўр хонаки шервачча Африкага боради ва у ерда бошқа шерлар томонидан камситилиади. Ҳар қанча тазйиқ ва таҳдидга учрамасин, мулойимлигини сақлаб қолади. “Виждонли буқа” сюжети эса бошқа бир машҳур асар “Фердинанд ҳақида ҳикоя”ни эсга солиди...

  

3. Олдос Ҳаксли    

Ўзбек китобхонига “Ажиб янги дунё” антиутопик асари билан танилган Ҳаксли жиянига янги йил совғаси ўлароқ “Нашватигул қарғалари” (“The Crows of Pearblossom”) номли эртак ёзади. Муаллиф вафотидан тўрт йил ўтиб, Пенгуин Рандом Ҳоусе нашриёти мазкур асарни расмли китоб сифатида нашрга тайёрлайди. Эртак қаҳрамони жаноб Қарға ва хотини дарахтда тинчгина ҳаёт кечиришади, аммо жаноб Илон деган қўшни улар қўйган тухумларни ўғирлайвериб, ҳеч кун бермайди. Ахийри қарғалар оиласи сохта тухум билан тузоқ қўйишади ва жаноб Илон касалланиб вафот этади.

  

4. Жон Апдайк 

Жон Апдайк ўндан ортиқ асарлар битган, Пулитсер мукофотини қўлга киритган. Лекин кўпчилик унинг болалар учун ёзган асарларини назардан четда қолдиради: “Керакли буюмлар алифбоси”, “Боттомнинг орзуси”, “Сеҳрли най”, “Узук” ва “Болакайнинг тақвими” шулар жумласидан. “Керакли буюмлар алифбоси”да Апдайк кундалик фойдаланиладиган 26 буюм ҳақида алифбо тартибида шеърлар ёзган. “Болакайнинг тақвими” эса ойлар ҳақидаги 12 та шеърдан иборат.

 

 5. Салмон Рушдий

 Кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Шайтон оятлари” китоби дунё юзини кўрганидан икки йил ўтиб, Рушдий болаларга аталган “Ҳорун ва ҳикоялар денгизи” асарини оммага эълон қилди. Асарда эртак тўқиш қобилиятидан айрилган моҳир эртакчи Рашид ҳақида ҳикоя қилинади. Рашиднинг ўғли Ҳорун эса, отасини илҳомлантириш мақсадида саёҳатга етаклайди. Шуниндек, Рушдий 2010 йилда ўсмирлар учун “Лука ва ҳаёт олови” романини чоп эттирганди.

 

  

6. Умберто Эко 

 Файласуф адиб Умберто Эко ўзбек ўқувчиларига “Атиргулнинг оти” ва туркум ҳикоялари билан таниш. Бироқ ижодкор болалар учун ҳам нақ учта асар ҳозирлаган: “Уч фазогир”, “Бомба ва қўмондон” ҳамда “Гну гномлари”. Учала асар ҳам нозик сиёсий характерга эга. “Уч фазогир”да толерантлик ва мултикултурализм сабоқлари мавжуд. “Бомба ва қўмондон” тинчликпарварликни улуғлайди. “Гну гномлари” эса Эконинг атроф-муҳит ҳақидаги масали, дейиш мумкин.

 

 7. Т.С. Элиот 

 Худди Жойс каби, Томас Стернз Элиот ҳам мушуклар ҳақида ҳикоя тўқишни хуш кўрган. асрнинг ўттизинчи йилларида жаноб Элиот Кекса Опоссум тахаллуси билан мушуклар ҳақида бир қанча эртак ва ҳикоялар ижод қилади. 1939-йилга келиб унинг ёзганлари “Кекса Опоссумнинг мушуклар ҳақида китоби” номи билан чоп этилади.

  

8. Гертруда Стейн 

 1938 йилда “ Young Scott Books” нашриёти бир неча машҳур муаллифлардан болалар адабиётида бирор нима ёзиб беришни сўрайди. Баъзилар таклифни рад этади, аммо Гертруда Стейн буни мамнуният била қабул қилади, чунки унинг ёзув столида аллақачон яримлаб қолган болаларбоп асар бор эди. Ўша қоралама “Дунё дум-думалоқ” номли мажозий саёҳатномага айланди. Унда дунёни англашга уринган Роуз исмли қизалоқ ҳақидаги сўз боради.

 

 

 

  

9. Жеймс Балдуин 

 “Муаллиф фантастик асар ёзишни мақсад қилмаганди. Бу шунчаки бахтсиз болалик ҳақиқатлари тилга олинган китоб эди”, дейди Балдуиннинг жияни Аиша Карифа-Смарт “Кичик одам, кичик одам” асари ҳақида “ The New York Times” нашрига берган интервюсида. Асарда Т.Ж исмли тўрт ёшли болакай ҳақида. Болакай кўчаларда тўп тепиб юради, катта болаларнинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилишини кўради, кечалари тушида миршабларни кўриб босинқираб чиқади. Асар дастлаб 1976 йилда китобхонлар эътиборига ҳавола этилган. Тимес нашрида айтилишича, “танқидчилар катталар ва болалар адабиёти ўртасидаги чизиқда жойлашган мазкур экспериментал, жумбоқли китобга қандай баҳо беришни билишмади.

 

10. Лев Толстой 

Граф Толстой болаларни севарди. 1859 йилда у ўз мулкида деҳқон болалар учун мактаб очади. Шунингдек, ўқувчилари учун дарсликлар ҳам тайёрлайди. Толстой ўз болалиги ҳақида ёзди, Эзоп масаллари ва ҳинд эртакларини қайта ишлади, “Аҳмоқ Иван” ҳамда “Деҳқон ва бодринглар” каби бир-биридан қувноқ эртак-ҳикоялар битди. Асарларини тамомлагач, Толстой уларни энг биринчи танқидчилари  мактабидаги болаларга ўқиб берарди. Улардан маслаҳат олиб, ёзганларини қайта-қайта ишларди. Ниҳоят Толстой болалар учун асарларини “Алифбе китоби” ва “Янги алифбе китоби” номли икки дарслигига киритди. Бу дарсликлар кейинчалик Россия мактабларида асосий қўлланма сифатида фойдаланилди.

 

 

 

***

Ўзбек адиблари орасида ҳам асосан катталар учун қалам тебратиб, ора-орада болаларбоп асарлар ёзган адиблар топилади. Жумладан, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Иқбол Мирзо, Муҳиддин Омон кабиларнинг болаларга аталган туркум шеърлари, Абдулла Қаҳҳор (“Ўтмишдан эртаклар”) ва Ойбекнинг (“Болалик”) мемуар қиссаларини мисол сифатида келтириш мумкин.

 

Шоҳрух УСМОНОВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//