Инсоният бошига мислсиз кулфат ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши миллатчилик қутқуси сабаб рўй бергани маълум. Уруш якунлангач, дунёнинг тараққийпарвар олим ва сиёсатчилари этник ихтилофларни бартараф этиш йўлларини қидирмоққа бел боғлади. БМТ Бош ассамблеяси 1948 йил 10 декабрда қабул қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида турли миллат ва элатларнинг тенглиги тамойили белгиланди. “Барча инсонлар қадр-қиммат ҳамда ҳуқуқлар борасида эркин ва тенг бўлиб туғилади. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин, бир-бирларига биродарлик руҳида муносабатда бўлмоқлари лозим”, дейилади унинг илк моддасида (https://constitution.uz/uz/pages/humanrights).
XX асрнинг иккинчи ярмида Шимолий Америка ва Ғарбий Европа давлатларида амалга татбиқ этилган мультикультурализм сиёсати ҳам миллатлараро низоларни соғлом тафаккурга таяниб ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар маҳсули cаналади.
Замонавий давлатлар тил ва маданият борасида устун мавқега эга бўлган (доминант) миллатлар томонидан тузилган. Бундай муҳитда кам сонли этник гуруҳларнинг ўз тили, маданияти ва қадриятларини сақлаб қолиши қийин кечади. Мультикультурализм (инглизча “multiculturalism” cўзидан олинган бўлиб, кўпмаданиятлилик маъносини билдиради) таълимоти айнан этник, миллий ва диний хилма-хилликни ёқлаши билан аҳамиятлидир.
Дунёда сўнгги асрларда ҳукм сурган ассимиляция сиёсати кам сонли этник гуруҳларнинг титул миллатга қўшилиб-қоришиб кетишини кўзда тутади. Масалан, XX аср бошларида АҚШда кенг тарғиб-ташвиқ қилинган “эритувчи қозон” (melting pot) моделига мувофиқ турли этнос ва элатлар қўшилган ҳолда инглиз тилида сўзлашувчи ягона миллатни вужудга келтириши керак эди. Аммо турфа миллатларни “бир қозонда қайнатиш”, жамиятни якранг тусга киритиш сиёсати ўзини оқламади. Билъакс, бу модель қора танлилар, ҳиндулар ва Осиё давлатларидан борган муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келди (The Myth of the Melting Pot: America’s Racial and Ethnic Divides // The Washington Post. February 22, 1998. P. A1).
Этномаданий ассимиляция ғоясига муқобил ва мухолиф таълимот сифатида вужудга келган мультикультурализм “Кам сонли миллатлар ҳам ўзлигини сақлаб қолишга ҳақли” деган қоидага таянади. Мазкур сиёсий модель тарафдорлари муайян бир давлатда яшаётган турли миллат ва маданият мансублари ўртасида тотувликка эришиш, этник озчиликларнинг ўзлигига дахл этмаган ҳолда уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш ғоясини илгари суради.
Мультикультурализмнинг яловбардорларидан саналган сиёсатшунос Уилл Кимлика фикрича, ҳар бир этник жамоа бетакрор тил, қадрият ва анъаналарга эга. Мамлакатда кам сонли миллатлар учун бағрикенглик муҳити яратилиши етарли эмас. Давлат турли этник гуруҳлар вакилларининг она тилида таълим олиши, ўзлигини сақлаб қолиши учун зарур шарт-шароит яратиши, кам сонли элатлар вакилларига қонунчилик ва ижроия идораларида квота ажратиши лозим (Kymlicka W. Multicultural Odysseys. Navigating the New International Politics of Diversity. New York, Oxford University Press, 2009. Р. 16).
Фаранг ва инглиз колониялари негизида ташкил этилган Канада мультикультурализм сиёсатининг ватани ҳисобланади. Айирмачилик ва миллий низолардан кўп жабр чеккан Канада ҳукумати 1971 йилда мультикультурализмни давлат сиёсати деб эълон қилди. “Бир давлат, икки тил, кўп миллат ва маданиятлар” деган шиор остида миллий, ирқий ва диний хилма-хилликни муҳофаза этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. 1982 йили қабул қилинган Ҳуқуқлар ва эркинликлар тўғрисидаги хартияда кўпмаданиятлиликка асосланган қадриятлар устуворлиги белгиланди. 1988 йили Канада парламенти дунёда илк бор “Мультикультурализм тўғрисида” қонун қабул қилди (Dewing M. Canadian Multiculturalism. Ottawa, Library of Parliament, 2009. P. 5).
Канаданинг қарийб 40 миллион аҳолисидан 8,3 миллиони ёки 23 фоизини кейинги ярим асрда кўчиб келган муҳожирлар ташкил этади. Давлатчилик асосини ташкил этган инглиззабон ва фарангзабон ҳудудларда яна ўнлаб миллатларга мансуб аҳоли вакиллари истиқомат қилади. Канада тажрибаси миллатлараро робиталарни оқилона йўлга қўйиш усули сифатида тан олинган.
1980–90-йиллардан “бир давлат – кўп маданият” тамойили Ғарбий Европа, жумладан, Германия, Буюк Британия ва Францияда амалиётга жорий этила бошлади. Аммо “янги дунё” давлатларидан фарқли ўлароқ “кўҳна қитъа”да мультикультурализм кутилган натижани бермади. Кўп миллионли муҳожирларнинг мезбон давлат тилини ўрганмагани, жамоавий қобиқни ёриб чиқа олмагани оқибатида Европа давлатларида “параллел жамият”лар (олмон социологи Вилҳелм Ҳайтмаер таъбири) вужудга келди.
Колумбия университети профессори, сиёсатшунос ва файласуф Жованни Сартори кўпмаданиятлилик ғоясини Европа сиёсий давлатчилик модели ва ўзлик концепциясига таҳдид деб атайди. Миграция сиёсати, хусусан, мусулмон муҳожирларига муросасиз кайфиятда бўлган олим мультикультурализм Европа давлатларини маданий жиҳатдан парокандаликка олиб борганидан баҳс этади (Sartori G. Pluralism, Multiculturalism and Foreigners: An Essay on Multiethnic Society. Editura Humanitas, 2007).
2001 йил 11 сентябрь куни Ғарб цивилизациясининг юраги саналган Нью-Йорк шаҳрида рўй берган терактдан кейин дунё геосиёсатида туб ўзгаришлар рўй берди. Бу ҳодиса сиёсий доираларда кўпмаданиятлилик таълимотига нисбатан эътирозлар кучайишига ҳам сабаб бўлди.
Мультикультурализмнинг мухолифи бўлган олимлар ҳамда сиёсатчилар Европа, Шимолий Америка давлатларида қўним топган муҳожирлар Ғарб тамаддуни қадриятларини тўлиқ қабул қилмаётгани, ҳатто мезбон давлат тилини ҳам ўрганмаётганини танқид қилади. Жумладан, америкалик сиёсатшунос Патрик Бьюкенен турли ирқ, эътиқод ва маданиятларга мансуб кишиларнинг оммавий иммиграциясини Ғарб тамаддуни учун жиддий хатар деб баҳолайди. У фикрини далиллаш учун “Тамаддунлар тарихи” китобидан ушбу иқтибосни келтирган: “Рим варварлар босқини туфайли ҳалокатга юз тутмаган. У империяда варвар аҳолининг кўпайиши оқибатида инқирозга учраган. Жадал суръатлар билан кўпайиб бораётган варварлар мумтоз маданиятни тушунишни ҳам, қабул қилишни ҳам, тарқатишни ҳам истамас эди” (Бьюкенен П. Ғарбнинг ўлими. Тошкент, “Илм-Зиё-Заковат”, 2021. 238-бет).
Сиёсатшунос У.Кимлика мультикультурализм ғояси ишончни оқламагани ҳақидаги фикрларни рад этади. Унга кўра, Канада, Австралия ва Янги Зеландиядан фарқли ўлароқ Ғарбий Европа давлатлари кўпмаданиятлилик концепциясини амалга татбиқ этишда хатоларга йўл қўйди, жумладан, муҳожирларни жамиятга интеграция қилиш борасида керакли чоралар кўрилмади. Олим муаммо мультикультурализм мафкурасининг ўзида эмас, балки уни янглиш тушунишда деб ҳисоблайди (Кимлика У. Взлет и падение мультикультурализма // Дискурс-Пи. 2013. №11. Стр. 71–82).
Дунё бўйлаб миграция кенг қулоч ёзган ҳозирги даврда кўпмаданиятлилик концепцияси теграсидаги баҳслар ҳам тобора кучаймоқда.
Собиржон ЁҚУБОВ,
мустақил тадқиқотчи
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.
“Бир давлат – турфа маданият” мақоласи
Мафкура
Тарих
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Ватандош
Тарих
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ