Замонамиз жадиди


Сақлаш
20:44 / 25.10.2024 130 0

Туркистонда жадид даври адабий жараё­нини ўрганиш ўзбек адабиётшунослигида алоҳида илмий йўналиш сифатида шаклланган. Устоз Озод Шарафиддинов йирик адабиётшунос олим Бегали Қосимовни яхши маънода “сўнгги жадид” деб атаган эди. Зотан, бутун илмий фаолиятини жадид маърифатпарварлиги тарихини ўрганишга бағишлаган олим шахсиятида миллат ойдинларининг характерли жиҳатлари мужассам эди.

 

Тўғрисини айтганда, бу профессор Бегали Қосимовга нисбатан хўб топиб айтилган ўхшатиш. Домланинг жадидларга менгзалиши одамни мамнун қиларди, аммо нима учундир номдаги “сўнгги” сўзи бироз мулоҳазали, назаримда. Шук­рим, миллат тарихини ўрганган ва ўргана­ётган олимларимиз “сўнгги” сўзининг зидди ўлароқ жиддий изланишлар олиб боришди. Ўзлари ҳам жадидлар сингари хулқланган улуғ олимлар Эрик Каримов, Бойбўта Дўстқораев, Наим Каримов, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмад сингари устозлар “сўнгги жадид” ижодий йўлини узайтиришга хизмат қилишди.

 

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида уюштирилган бир учрашувда ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад йиғин иштирокчиларига устоз Сирожиддин Аҳмадни “замонамиз жадиди” деб таништирди. Кўнгил бирдан ёришиб кетди. Сабаби, “сўнгги” жадид тушунчасини мазмунан янгилаган “замонамиз жадиди” атамаси ўта закийлик билан ўрнида қўлланган эди. Ҳақиқатан ҳам Сирожиддин Аҳмад чин маънода ярим асрдан ортиқ илмий фаолиятини жадидлик тарихига бағишлаган олим. Бегуноҳ қора рўйхатларга тиркалиб, шаҳид бўлган инсонлар исмини қайта тиклаш, хотирасини абадий­лаштириш, уларнинг юрт озодлиги йўлидаги хизматини кўрсатиш каби савобли ишларни устоз холис бажармоқда. Камтар ва камсуқум олимнинг илмга катта даъвоси йўқ. Барча меҳнатлари манфаатсиз, таъмасиз. Қилаётган ишларини эса муқаддас бурч деб билади. Муаллиф томонидан нашрга тайёрланган китоблар жадид адабиёти кутубхонасининг бир қанча жавонини тўлдиради. Устознинг жадидлик ҳаракати ҳақидаги китобларини миллий дурдона ва энг бой хазина деб билиш мумкин.

 

Сирожиддин Аҳмаднинг кейинги йилларда кетма-кет нашр қилинаётган бир қатор китоб­лари ҳам “замонамиз жадиди” тушунчасини кенгроқ англашимизга ёрдам беради. Устоз тарихнинг сирли саҳифаларини ўзида жамлаган қўлёзмаларни синчиклаб ўрганган. Доимо бирламчи манбаларга таяниб иш кўрган олим тагматн сирларини ўта нозиклик билан илғай олади. Заҳматкаш олим Туркистон тарихининг энг мураккаб даврини ўрганишга бутун умрини бағишлади. Миллат тарихидаги қонли саҳифалар ва юрт ойдинлари фаолиятини ёритиш, маърифатпарварлар ҳаётини чин мазмун­моҳияти билан очиб беришга ўзини масъул санади.

 

Олимнинг илми амали билан мутаносиб бўлса, соз устига соз. Устоз чин маънода­ги зиёли, камтар, амалини сўзига созлаган инсон. Устоз китоб тиклашда ҳам ўзига хос йўлдан боради. “Миллий ҳуррият ада­биёти” (2018) номли китоб тузилиши ва композицияси билан анъанавий мундарижадан фарқланиб, шаклдаги бундай айирма мазмунда ҳам аксини топган. Китоб давр муаммолари негизида тарихий-адабий жараённи бўй-басти билан кўрсатиб беради. Ундаги тарихий воқеа ва ҳодисалар ўтган асрнинг 20-йиллари матбуот материаллари, шу кунгача халқ кўзидан махфий тутилган ва ошкора манбалар асосида ёзилган. Китоб мундарижасининг ўзи эътиборни тортади: “Мухторият ва адабиёт”, “Миллий қарама-қарши туриш адабиёти”, “Ғорат ёхуд ҳарбий коммунизм даври адабиёти”. Тўғри, бўлимларнинг номида ҳали муомалага киритилмаган ўринлар талайгина, аммо ёндашув­нинг ўзиёқ ўқувчида айрича тасаввур уйғотади.

 

Олимнинг Мунаввар қори Абдурашид­хонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саттор Жаб­бор, Тоҳир Шокир ижоди билан боғлиқ тадқиқотлари қомусий характерга эга бўлиб, кемтикларни тўлдирувчи нодир манба сифатида аҳамиятлидир. Муаллифнинг “Икки империя асоратида” (2018) номли икки жилддан ибо­рат китобида Туркистон мустақиллиги йўлида фаолият юритган юрт қаҳрамонлари ҳақида маълумот берилади. Дукчи Эшон, Исҳоқхон Ибрат, Абдураҳмон Сайёҳ, Абдувоҳид қори Абдурауфқориев, Заҳриддин Аълам Қосимов (Чўлпоннинг тоғаси) каби инсонларнинг Туркистон озодлиги йўлида қилган хизматлари бирламчи манбалар асосида ёритиб берилади. Муаллиф асл нашрларга таянган ҳолда юрт истиқлоли йўлида кураш олиб борган бир ярим мингдан зиёд диний уламоларнинг “Қизил террор” асосида қатл қилинганини кўрсатади, уларни номма-ном тақдим қилади.

 

Китобда уламоларнинг миллат маънавий ва маданий равнақи йўлида олиб борган хизматлари очиб берилади. Босқинчилар юртда динга бўлган эҳтиром ва эътиқодни кўриб, аввал диний уламоларни йўқ қилиш ва уларни бадном этишни мақсад қилади. Заҳриддин Аъламнинг қу­йидаги фикрлари ҳам бизга баъзи нарсаларни ойдинлаштиради. “…Нимадандир бутун Шарқ улусидан кўз юмуб, қўл силтайдир. Ўртоқ ундай эмас, бечора Шарқнинг ўзига яраша анъанаси бор: моддий ёқда оқсағон бўлса, маънавий ва ахлоқиётига кунботар устодларингиз ҳам инсоф қилур… Сўнг замон мутаассиблари ул фанларни чи­қо­риб, мадрасаларни бадном қилғон экан, энди қайтадан тирилтириб, Шарқнинг ўз маданиятини тўплаб, етишмаганига Ғарбдан қўшсак, халқни-да қочирмағон бўлурмиз. Халқ билан бирликда маданийлашган японлар, мадрасадан қўл силтаб тараққий излаган усмонлилардан қанча юқорига чиқди…”. Устоз жадидлик ғоясини диний ва миллий қайғу, деб билади. Унинг изланиш­ларида мана шу ғоя бир бутунликда бўй кўрсатади.

 

Олим томонидан Тоҳир Шокирнинг “Танланган асарлар (Туркистонда турк мафкураси ва Алишер Навоий)” (1922) номли китоби нашрга тайёрланиб, чоп этилди. Муаллиф сўзбошида Тоҳир Шокир ҳақида қисқача маълумот ҳамда танланган мақолалари борасида шарҳ бериб ўтади. Тоҳир Шокир ҳазрат Навоий ижодига бағишланган мақоласида икки муаммони очиб беришни мақсад қилади:

 

1. Туркистонда турк мафкураси;

 

2. Алишер Навоий ижоди ва туркий тафаккур масаласи.

 

Олим Навоий феноменини очиб беришда туркий тафаккурнинг қадим илдизларига, турк улуси ва руҳи масаласи кесимида Туркистон тарихига назар солади. Туркистондаги туркликнинг Навоийгача бўлган маданий ва адабий даврининг йирик полотносини яра­та­ди. Олим “Қутадғу билиг”­ни “миллий руҳ ва миллий тафаккурнинг тимсоли”, дея баҳолаб, туркий қавм араб ва форс тили босими остида ўз руҳидан узоқлашиб кетаётган паллада Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавийнинг “кураш байроғини” кўтариб чиққанига ишора қилади. Шоир бутун фаолияти давомида миллий мафкурани шакллантиришга, “турк руҳи, турк ранги, турк фикр адабиёти”ни “якқалам” қилишга интилди ва муваффақият қозонди. “Иймони заифлашиб кетган сарой доираси мияларини тоза­лаб тўғри миллий йўлға солмоқчи” бўлди ва мақсадига етди.

 

Сирожиддин Аҳмаднинг Мунаввар қори Абдурашидхонов ижодига бағишланган “Мен сендамен” (2023) китоби ҳам жиддий тадқиқот саналади. Мунаввар қори Абдурашид­хоновнинг “Адиби аввал”, “Адиби ус-соний”, “Ер юзи”, “Ҳавойижи диния”, “Ўзбекча тил сабоқлиги” китоблари, хотира ёзишмалари ва турли мавзудаги публицистик мақолалари миллат маънавий меросининг таркибий қисмидир. “Тўпламдаги хотиралар унинг маҳбуслик даврида, узлатда ваҳ­шиёна қийноқлар остида ёзилган. Эски ўзбек имлоси дастхатни кирилл ҳарфига ўгириб, айрим арзимас таҳрир билан эълон қилинмоқда. Зеро, унинг қандай шароитда ёзилгани сезилиб турсин”.

 

Китобда аввал эълон қилинмаган мақолалар, хотира ва нутқлар, Мунаввар қорининг мажбурият юзасидан хорижда яшаб қолган шогирдларининг ёзишмалари илова қилинган. Тўпламда адабиётшуносликка оид мутлақо янги маълумотлар берилади. Хусу­сан, Ҳамза ва Мунаввар қори мактуб­ларини ўрганиш орқали кўп фактларни билиш мумкин. Ҳамза Мунаввар қорини ўзига “пир” деб билади. 1915 йил октябрь-ноябрь ойларида ёзилган мактубларда Ҳамза­нинг “Ферузахоним” номли насрий асари борлиги айтилади. Мунаввар қорининг Ҳамзага ушбу асар юзасидан тавсиялардан иборат йўллаган мактубидан парча келтириб, унинг нозик дидли мунаққид эканлигини тасдиқлайди. Сирожиддин Аҳмад “Ферузахоним” Ҳамзанинг тақдири номаълум романидир, буни топиш ва янада аниқлик киритиш ҳамзашуносларга ҳавола”, деган мулоҳазани ўртага ташлайди. Фикрларини асослаш учун бир қанча фактларни келтириб ўтади. Мунаввар қорининг мактубидаги “…чунки романга (таъкид бизники – С.А.) руҳ киритадурғон ва ўқувчини қизиқсиндирадурғон ўринлари шул…” сўзлари ҳам бунга далил. Мунаввар қори Ҳамзани шогирд сифатида тарбиялашга интилгани, унинг ижодкор сифатида униб-­ўсиши учун холис таклифлар бергани­га гувоҳ бўлиш мумкин.

 

Муаллиф хотираларни тайёрлашда ноёб архив материалларидан унумли фойдаланган. Неча йилларки архивда қоғоз чанглари ва гардлари орасидан ҳақиқат аталмиш нурни қидираётган олим захирасида миллат маънавияти хазинасини тўлдирадиган ҳали кўп маълумотлар бор. Буни устоз билан қилинган ўзаро суҳбатлар тасдиқлайди. Сирожиддин Аҳмад чин маънодаги замонамиз жадидидир. Олим­нинг Туркистон тарихи ва жадидларнинг ижтимоий-маънавий ҳаракатларини ёритиб беришга қаратилган асарлари билан танишиш ҳар бир ўзбек зиёлиси учун манфаатлидир.

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

филология фанлари доктори

 

“Жадид” газетаси, 2024-йил 18-октябрь 43-сон.

Замонамиз жадидимақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//