Адабиёт
Сўзимиз аввалида айрим рақамларга эътибор қаратсак: 2023 йилда дунё бўйича ҳар сонияда 8,4 нафар киши турли ижтимоий тармоқларга обуна бўлган. Йил давомида уларнинг сони 5,6 фоизга ўсиб, 266 миллион нафарга кўпайган. Ҳозир ер юзида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони 5,04 миллиард нафардан зиёд. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир кунда ўртача 2 соату 23 дақиқа вақтини интернет учун сарфлайди. Агар бу рақамларнинг умумий йиғиндиси ҳисоб-китоб қилинса, 2024 йилда инсоният 500 миллион йил вақтини турли ижтимоий тармоқларда ўтказар экан.
Ҳа, интернет, ижтимоий тармоқ ва мобил телефонлар аллақачон одамлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бизнес, ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, ахборот алмашинуви каби қатор соҳаларни ўргимчак тўрисиз тасаввур қилиш мушкул. Ҳатто юриш-туришимиз, еб-ичишимиз, кийинишимиз, энг муҳими, дунёқарашимиз шаклланишини ҳам интернет белгилаб бераётир. Кунда, кунора янги технологиялар яратилаётган шиддатли даврда оқимга қарши сузиш, ҳар қадамда ўзингни иҳоталаб яшашинг имконсиз.
Диққат билан қарасангиз, биз ҳам дунё аҳли сингари ўргимчак тўри ичра яшамоқдамиз. Гўё кенг дунё ўргимчак инига айланиб қолгандай, ҳамма томонни кўзга кўринмас тўр қоплаган. Лекин бу жараённи ўргимчак тўри эмас, билим ва имконият манбаи сифатида кўрса ҳам бўлади. Фақат кимга қандай?
Икки йил бурунги маълумотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг интернетдан фойдаланувчилари сони 31 миллион нафар бўлиб, уларнинг 29,5 миллиони мобил телефон орқали мазкур хизматдан фойдаланади. Хўш, юртдошларимиз интернетдан қандай фойдаланмоқда?
Танганинг икки томони бўлгани сингари, интернетнинг ҳам яхши ва ёмон томонлари бор. Ундан қандай мақсадда фойдаланиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Шоир айтганидай “ҳикмат излаганга ҳикмат, ғурбат излаганга ғурбатдир дунё”. Интернет ҳам кимдир ҳикмат топса, кимдир ғурбат топадиган дунёга айланди. Интернетнинг узоғимизни яқин, оғиримизни енгил, кўп юмушларимизни қўлимиздан олган дастёр сифатидаги яхши имкониятларини инкор этмай, айрим юртдошларимизнинг калтабинлиги, савиясизлиги, носоғлом фикр юритиши сабабли миллий тафаккур ва маънавий ҳаётимизни ботқоққа тортишда восита бўлиб қолаётганини айтиб ўтиш ўринли. Шунинг учун биз бу мақоламизда кўпроқ хатарли, хавотирли жиҳатлар ҳақида тўхталмоқчимиз. Мақсадимиз – огоҳлик.
Кўп ҳолларда одамларимиз, яъни катта-кичик юртдошларимизнинг қош қўяман деб кўз чиқариб қўяётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ҳар ҳолда ижтимоий тармоқларда халқимизнинг турли қатлами вакиллари томонидан ёзилаётган, фото ва видео кўринишида жойлаётган бачкана ва дидсиз ахборотлар шундай хулосага келишимизга асос бўла олади. Келинг, қуйида ана шундай баъзи мисолларни таҳлил қилиб кўрайлик.
“Youtube” тармоғида 509 мингдан ортиқ обуначига эга бир каналда юртимизда анчагина таниқли бўлган хонанда билан уюштирилган суҳбатга эътибор қаратайлик:
– Оилангиз ҳақида гаплашсак? – канал номини фамилияси билан атаган бошловчи хоним савол сўрайди.
– Ҳозирги кунда оилам йўқ, – деб жавоб беради ёлғондакам бўлса-да афсусланишни хаёлига келтирмаётган ҳалиги хонанда.
– Ажрашгансиз? Агар сир бўлмаса, айтинг-чи, неча марта турмуш қургансиз ўзи? Болаларим кўп деб доим гапириб юрасиз.
– Санаб кўришим керак! Чунки дабдурустддан бу саволга жавоб беришим қийин. Аслида тўғриси ҳам шу. Аллоҳдан яширмаган, бандасидан яширармидим?
Хонанданинг жавобларини эшитиб бошловчи кулиб қўяди.
– Ҳамма болаларингизни ўзингиз юз фоиз таъминлайсизми?
– Икки боламга алимент тўлайман. Бир қизим Германияда яшайди. Ҳозир 19 ёшда. Шу кунгача унга бирор нима қилиб бердим деб катта гапиролмайман.
– Ўша қизингиз биринчи турмушингиздан, шундайми?
– Ҳа, шундай. Онаси билан ажрашганмиз. Иккинчи турмушимдан эса уч нафар фарзандим бор. Уларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туриш бўйнимда. Учинчи ва тўртинчи турмушимдан ҳам бир нафардан ўғлим бор. Уларга алимент тўлайман. Бешинчи турмушимдан яна бир қизим бор. Унинг ҳол-аҳволидан хабар олиб тураман. Олтинчи турмушимдан яна бир нафар ўғил фарзанд бор. Онда-сонда кўришиб туришимизни айтмасам, очиғи, мутлақо хабарлашмаймиз.
– Ўғлингиз биланми?
– Ҳа.
– Ҳозир ўша ўғлингиз неча ёш?
– Билмадим. Икки ёш бўлдимикан-а?..
Ё тавба! Элликка кирган одамнинг гапларига қаранг-а! Фожеали тақдири ҳақида ҳеч хижолатсиз, уялмасдан, гўё бир ишни дўндириб қўйган қаҳрамондай мардонавор гапириб ўтирибди. Ҳаётидаги хатоларидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига қилган ишидан мамнундай. Олти марта уйланганидан масрурдай! Ҳаётнинг оқу қорасини кўрган одам оммага шу гапларни тортинмай айтиб турса, ҳали ҳаёт қозонида қайнаб кўрмаган ёшларимиздан нимани кутиш мумкин?
Афсуски, бундай ҳолат биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Сал илгари яна бир ашулачи беш нафар хотини, 15 нафар фарзанди борлигини айтиб мақтанган эди. Бошқа бир яллачи умрида умуман китоб ўқимаганидан фахрланиб гапириб чиқди. Эл ичида таниқли бўлган бир тадбиркор эса мактабда “икки”чи бўлганини тан олди.
Афсуски, сўнгги пайтларда бу шакл ва мазмундаги гурунглар интернетнинг ўзбек сегментида жуда кўпайиб кетди. Ҳар ким оғзига келган гапни ўйламай-нетмай гапириб ётибди. Кимдир эътироз билдиргудай бўлса, сўз эркинлигини пеш қилиб дарров оғзингизга уради. Оҳанжамага ўч юртдошларимиз эса билиб-билмай, гапнинг маънисига етмай, уларнинг пилигига мой қуйиш билан банд. Бундай қора ташвиқот эртага фарзандларимизнинг келажагига салбий таъсир қилиши ҳақида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Маълумки, омма азал-азалдан машҳур, таниқли кишиларнинг ҳаёти, улар ҳақидаги маълумотларга қизиқади. Кўп ҳолларда уларнинг ибратли ишларидан, юриш-туришидан, ўрни келса, хатоларидан хулоса чиқарган одамлар ёмондан яхшиликка, ўғриликдан тўғриликка ўтган. Бугун одамларимиз машҳурлардан нималарини ўрганиши мумкин? Қайта-қайта хотин олишними? Фарзандлар ҳолидан хабар олмаслик ва уларнинг тарбияси билан шуғулланмасликними?
Ўзбек халқи мудом оилани муқаддас санаб келган. Оиланинг мустаҳкамлиги, фаровонлиги йўлида не-не машаққат ва синовларга дош берган. Ўрни келса, аёлнинг ёки эркакнинг айби, хато ва камчиликлари яширилган. Таажжубки, ҳозир эр-хотин тинмасдан айбни бир-бирига ағдаради, етмаганига бутун омманинг олдига чиқиб, бир-бирини ер билан яксон қилади. “Урсанг эти, гапирсанг бети қотади” деганларидай, интернет тармоғида кун сайин урчиб бораётган бундай бемаза ва тутуруқсиз видеолар бошқа оилалар муҳитига у ёки бу даражада салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Ўзи шундоқ ҳам юртимизда муаммоли оилалар кўпайиб кетаяпти. Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ оила бор. Йилига 250–300 минг янги оила қурилмоқда. Аммо шу билан бирга, ҳар йили ўртача 45–49 минг оила бузилиб, ажрашиб кетаяпти. Шунча оиланинг барбод бўлиши бутун жамиятга таъсир қилади.
Интернет оламидаги яна бир мавзу катта-кичикнинг эътиборини жалб этди. Гап шундаки, бир ёш футболчининг аёли “Youtube” тармоғидаги бир каналга интервю бериб, қайнотасини унга шилқимлик қилганликда айблади. Ана кўринг-да томошани. Аввалига ўзбек сегментидаги барча сайтлар, каналлар, борингки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўз саҳифаларига бу хабарни яшин тезлигида жойлаб, шов-шув кўтариб юборди. Сўнгра турли гуруҳ ва давраларда муҳокамалар бошланиб кетди. Кимдир келинчакнинг тарафини олиб иддао қилса, бошқа биров ҳали ўзбек эркакларининг ор-номуси ўлмаган деб қайнота томонда туриб бақир-чақирни бошлаб юборди. Қисқаси, юз минглаб юртдошларимиз икки-уч кун ана шу видео билан овора бўлиб яшади.
Орадан тўрт-беш кун ўтиб, лойқа сувлар тингандай эди. Аммо кутилмаганда яна ҳаммаси қайтадан бошланди. Ўша видеони интернетга жойлаган кишилар бу сафар ҳар икки томоннинг мазкур воқеага муносабатини эълон қилди. Табиийки, ҳеч ким айбдор эмас, томонлар бир-бирига тош отиш билан овора. Хуллас, боши-охири йўқ “деди-деди”лар.
Уч кун ичида икки юз эллик минг одам кўрган бундай видеолар ўзбек жамияти учун ярашмайди, албатта. Икковора гурунгда ҳам тилга олиш уят бўладиган бундай мавзуларнинг оммавий эфирга тарқатилиши яхшилик аломати эмас. Аста-секин юқумли тус олиб, оммалашиб бораётган бундай иллатлар бориб-бориб миллий қадриятларимиз, миллий онгимиз ва маданиятимизнинг ич-ичидан емириши мумкин. Миллат тафаккурига ёт ғояларни, “оммавий маданият” ниқобидаги бўлмағур ҳаёт тарзини, Ғарбнинг ўзини-да довдиратиб қўяётган ғарбона бузғунчи одатларни турмуш тарзимизга сингдириб юбориши эҳтимол. Галдаги мисолдан ҳам хавотиримиз нечоғли ўринли эканини англаса бўлади.
Беш-олти ой илгари турли ижтимоий тармоқларда дилни хира қиладиган бир видео тарқалди. Ўзганинг уйига кириб, шкафга беркиниб олган бегона йигит ушлаб олиниб, тўрт-бешта киши томонидан тергалган ҳолат тасвири жамоатчиликда ғазаб уйғотди. Кутилмаганда эса...
Орадан кўп фурсат ўтмай бировнинг уйига кўз олайтиргич ўша йигит кутилмаганда айрим бефаросат юртдошларимиз томонидан салкам қаҳрамон даражасига кўтариб юборилди. Дастлаб бир блогер у билан ҳамкорликда видеоролик олиб, сотиладиган уйни реклама қилди. Сўнгра бошқа одамлар ҳам унинг исмини қўшиб, мисоли бировнинг уйига яширинча кириб олгандек бўлиб ўнлаб, балки юзлаб видеолар тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатди. Улар орасида ўзбек аёл ва қизларининг ҳам борлиги жуда ачинарли.
Ҳа, бугун газета-журналлар, китобларни бир четга қўя турайлик, кўпчилик телевизор ҳам кўрмай қўйди. Чунки одамлар тафаккур қилишга, фикр юритишга эриниб қолди. Енгил-елпи, арзон-гаров маҳсулотларнинг харидорига айланди. Ҳаётнинг маъносини ижтимоий тармоқлардаги бачкана, савиясиз, дидсиз турли аудио ва видеолар билан ўлчайдиган бўлди. Ҳатто тадбиркорлар кўпроқ фойда олиш илинжида маҳсулотини ўшаларга реклама қилдираяпти. Пулнинг ҳидини олган айрим блогер ва вайнерлар мойли мижозни қўлдан бой бермаслик пайида қўлидан келганча тайини йўқ видеолар олиб, одамларнинг эътиборини тортишга уринмоқда. Оқибатда на мантиққа, на ахлоқ-одоб мезонларига тўғри келадиган, қўпол қилиб айтганда одам жирканадиган “ижод маҳсуллари” оммалашмоқда. Айрим видеоларда миллатнинг устидан кулиш, маҳаллийчилик қилиш, ҳатто қишлоқ одамларини овсар қилиб тасвирлаш тез-тез учраб турибди. Бу ҳақда таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмадов ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида куйиниб фикр билдирди:
“Одамларни овсар, ландавур, аҳмоқ, жинни, қолоқ, оми, бефаросат, саводсиз қилиб кўрсатмоқчи бўлишса, нега бошига дўппи кийдириб қўйишади?! Биронта туркнинг миллий бошкийимини кийволиб қийшанглаётганини кўрганмисиз? Мен ҳатто қозоқ, қирғиз қардошларимизнинг ҳам бундай қилишганини кўрмаганман.
Йигитлар, дўппи ўзбек миллати учун шунчаки бошкийим эмас, бу қадрият! Ақлни йиғиб олиш керак!”.
Ижтимоий тармоқлардаги яна бир оғриқли масалалардан бири – охирги вақтларда ҳиссиётни жунбишга келтирувчи дорилар рекламаси ҳамда эр-хотин муносабатларига бурнини суқиб, уларга ақл ўргатувчилар тоифаси кўпайиб кетди. Ҳадеганда қаршингиздан чиқиб келадиган бу рекламаларда таниқли артистлар иштирок этаётгани бироз ғалати. Бир филмда муаллим, бошқасида оқсоқол ролини ўйнайдиган кишиларнинг шу маҳсулотни ичсангиз ундоқ бўлиб кетасиз, бундоқ натижага эришасиз деб туришини, очиғи, ҳазм қилиш қийин. Уларнинг куйиб-пишиб бу дориларни реклама қилишини кўрган одам Ўзбекистонда бирорта соғлом эркак ва аёл қолмабди деган хаёлга боради. Ваҳоланки, ўтган йили қайсидир хорижий ташкилот бу борада ўзбекларда муаммо йўқ дея ҳисобот берган эди.
Қисқаси, интернетнинг ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқларни кузатиб барака топиш қийин. Тош босадиган чиқишлар бармоқ билан санарли. Мисолларда келтирилган каби “асар”лар оммага ёққани билан миллатнинг келажаги, юрт равнақи учун фойдасиз. Қайтанга, одамларнинг дидини, савиясини ўлдирмоқда. Кимдир истамасанг интернет ёки ижтимоий тармоқлардан нари тур дейиши турган гап. Лекин ёшу қарининг қўлида мобил телефони бўлган ҳозирги замонда бу имконсиз. Яхшиси, ҳар биримиз тафаккур қилиб, ўзимиз, болаларимиз тақдири учун хулоса чиқарайлик. Айтиб ўтганимиздай, интернет ва ижтимоий тармоқлардан ғурбат ё иллат эмас, ҳикмат топса ҳам бўлади.
Азим РЎЗИЕВ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ