Чингиз Айтматов туҳматдан ҳимоя қилган “наср деҳқони”


Сақлаш
15:38 / 25.10.2024 297 0

Бундан 47 йил муқаддам, 9-синфда ўқиб юрган кезларимда, Шаҳрисабзда адабиёт фани бўйича олимпиадада илк марта Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров билан учрашганман. Олимпиаданинг охирги кунларида Пиримқул ака машҳур олим Матёқуб Қўшжонов билан бирга Шаҳрисабзга келди. Ўзбек адабиётининг бу икки дарғаси билан бўлган учрашув орзулар осмонида учиб юрган биз ўқувчиларга қизғин ҳаяжонлар бағишлаган эди. Учрашувдан сўнг адиб илғор ўқувчилар билан алоҳида гаплашди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Пиримқул акага маъқул келдим шекилли, менга уй манзилини бериб: “Менга хат ёзиб туринг, шеърларингизни юборинг” деди. Шундай катта ёзувчининг бир ўқувчи болани сизлаб гапириши ва мулоқотга ундаши мени ҳайрон қолдирган. Бу эътиборнинг ўзи уч-тўртта хом машқлари ҳавосида масрур юрган ғўргина бола учун арча байрам эди. Сўнг олимпиада тугаб, ўқувчилар уй-уйига – капа тўйига тарқалишди.

 

Кейинроқ... Сурхондарёнинг чеккадан чекка бир қишлоғи Боймоқлига, “тўғри келган нарсани шеър деб куйлаб”, қоғоз қоралаб юрган туйнак бир ўсмирга кимсан Ўзбекистоннинг улкан адиби Пиримқул Қодировдан бир неча марта хатлар борган. Шундай машҳур ёзувчининг бир мактаб боласи учун вақт ажратиб хат ёзиши, йўл-йўриқ кўрсатиб, машқларига фикр билдириши катта гап эди. Бундай меҳр ва самимият ҳар кимнинг ҳам ҳадди эмас. Баъзан мен ҳозирги ёшимда чекка бир қишлоқдаги бирор бўз болага шундай ҳиммат ва рағбат кўрсата оламанми, деб ўзимга савол бериб кўраман ва жавобда иккиланиб қоламан. Бу хатлар менга қанот берган. Уларни сақлаб қололмаганимга мудом ачинаман. Бу хатлар менга қадрдон хатлар эди. Гарчи йиллар шамоли уларни қайларгадир қушлардай учириб кетган бўлса-да, қалбимга муҳрланган хатлар эди.

 

Менга Пиримқул аканинг кўп яхшиликлари ўтган. Мактабни битирган йилим мамлакатнинг энг нуфузли журнали “Гулистон”да шеърларим чиқди. Мен “Гулистон” журналининг манзилини ҳам билмас эдим. Таҳририятга шеър юборганим ҳам йўқ эди. Бу мен учун кутилмаган ҳаяжонли воқеа бўлди. У пайтлар “Гулистон”да чиқиш дегани катта йўлга чиқиш учун фатводай гап эди. Чунки бу журналнинг бошида аср донишманди Асқад Мухтор турарди. Кейин билсам, Пиримқул Қодиров Асқад Мухторга менинг машқларимни тавсия қилган экан.

 

Тошкентга ўқишга келганимдан сўнг Пиримқул аканинг кўп гурунгларини олганман. Жуда маданиятли, бағрикенг, доимо фикри-зикри ёзаётган асари билан банд бўладиган заҳматкаш бир инсон эди. Ҳамма нарсани теран нигоҳ билан кузатарди. Бир куни Пиримқул аканинг Асқад Мухторга қўшни уйида ўтирганимизда, у киши менга ўша кунлари ёзаётган янги асарининг қўлёзмасини кўрсатди. Қўлёзмани кўздан кечира туриб, бир нарсадан ажабаланганман. Бир варақ оқ қоғозда бор-йўғи 8 ё 9 қатор ёзув ёзилган, ҳар бир қатор ораси 3-4 сантиметр очиқ қолдирилган. Аслида қўлёзмада бир саҳифага 30 қаторгача ёзувни сиғдирса бўлади. Лекин бу қўлёзманинг ҳамма саҳифаларида очиқ қолиб кетган жойлар деҳқоннинг экин экилмай қолган еридай бўш ётарди. Кўнглимдан “Пиримқул ака қоғозни роса исроф қилар экан-да”, деган ўй ўтди. Кузатувчан, фаросатли одам эмасми, дарров дилимдагини фаҳмлади. “Мен атайлаб қатор орасини очиқ қолдираман – деди у қўлёзмага қўли билан ишора қилиб, – Бунинг боиси кейин ёзганларимни қайта ишлаётганимда варақдаги очиқ жойлар менга жуда асқотади. Таҳрир талаб жойларини ўзгартираман, сўзлар ва жумлалар устида ишлаганимда қоғозда бўш жой кўп керак бўлади. Шунинг учун шундай ёзаман. Баъзида бир қўлёзмани ўн марталаб қайта ишлашга тўғри келади”. Сўнг Пиримқул ака жавондан эски бир қўлёзмасини олиб кўрсатди. Ҳақиқатан, бутун бошли саҳифада бир сантиметр ҳам очиқ жой йўқ эди. Ўчирилган, чизилган, қайта ёзилган, сўзлар бўяб ташланган, бошқа сўзлар қўшилган, нақ асалари уясидай миллиметрларгача ҳисобда. Мен заҳматкаш, фидойи адибнинг қўлёзмаси билан юзма-юз турардим. Бу мен учун улуғ мусаввирнинг тсавирий асарини томоша қилишдай завқли эди. Шунда мен Пиримқул аканинг қандай меҳнат қилишини ҳис қилганман. Бир сўз билан айтганда, Миртемир домла “назм деҳқони” деб таърифланганидай, Пиримқул ака наср деҳқони эди.

 

Адибларнинг қўлёзмалари кўп кечинмаларга гувоҳлик беради. Уларнинг ишлаш низомини, ижодий салоҳиятини, сўзга муносабатини, бадиий дидини, фаросатини кўрсатиб туради. Қўлёзма инсоннинг ички қиёфасининг ойнаси кабидир. Лекин афсуски, биз қўлёзмалар йўқоладиган асрда яшаяпмиз. Кейинги асрда қўлёзмалар бўлмайди. Ҳатто имзолар сақланиб қолиши ҳам даргумон. Бу эса бани башарнинг катта йўқотишларидан яна бири бўлиши тайин.

 

Бир гал Пиримқул аканинг уйига борганимда, у кишини қаттиқ хафа ҳолда кўрдим. Жуда маданиятли, вазмин, сабрли, ҳар нарсага маърифат кўзи билан қарайдиган бу дониш адиб одатда ранжини бировга сездирмас эди. Унинг теран нигоҳли катта-катта кўзларини мунг қоплаган эди. Ҳамма нарсани ичига ютадиган тоғдай оғир бу одам портлаш олдида турарди. Унинг атрофида кечаётган суронлардан хабарим борлиги учун не деримни билмай турганимда, бирдан ўзи ёрилиб қолди: “Мен Бобурни нотўғри улуғлаган эмишман. У император, ёвуз подшо эмиш. Мен Бобурни идеаллаштирган эмишман. Подшолар ҳақида бундай асарлар ёзиш мумкин эмас эмиш.” 

 

Ўша кунлар “Юлдузли тунлар” романи аёвсиз танқиду таъқибга учраган, шахсан Марказқўмнинг идеология котиби ғазаб отига миниб олиб, мамлакат бўйлаб чанг-тўзон кўтарган, қизил минбарларда пишқириб Бобур Мирзога қарши қилич яланғочлаб чиққан кунлар эди. Аслида Бобурнинг битта нигоҳи қаршисида етти букилиб қоладиган бундай кимсалар беш юз йил аввал хоинлар хиёнати билан ватандан кетишга мажбур бўлган Бобурнинг номини энди китоблардан, матбуот саҳифларидан, телевизор экранларидан, янаям аниқроғи, миллат хотирасидан ҳайдаб чиқаришга бел боғлаган эдилар. Ўн йиллик жуда машаққатли меҳнатнинг самараси бўлган “Юлдузли тунлар” романи бу сиёсий фитнанинг марказига тушиб қолган эди. 

 

Мен ўшанда Пиримқул аканинг аҳволини тушунганман. У ўзини ҳақоратлангандай, хўрлангандай ҳис қиларди. Шундай катта хизматни қилган одам туҳматга қолиб ўтирарди. Ҳолбуки, Ойбек домла “Навоий” романи билан Алишер Навоий сиймосини қандай порлатган бўлса, Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар” романи билан буюк Бобур сиймосини шундай порлатди. Ҳукмрон салтанат учун бундай улуғ сиймоларнинг зиёси қайсидир хандақларда кўмилиб кетиши муҳим эди. Лекин бу таъқибу тазъйиқлар қанчалик хатарли бўлмасин, роман халқ қалбидан жой олиб бўлганди. Энди уни йўқотиш ўртоқ Бойкенжаевнинг “аралаш қабристони”ни очишдай жўн эмасди. Ўша вақтларда “Юлдузли тунлар” асарига қилинган зулмга нисбатан буюк адиб Чингиз Айтматов ўз муносабатини билдириб чиқди ва Пиримқул Қолдиров ишини ҳимоя қилди.

 

Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Қора кўзлар”, “Олмос камар” каби романлар, қатор қиссалар ва ҳикоялар ёзиб миллий адабиётимиз хазинасига ҳисса қўшиш билан бирга мустақилликнинг дастлабки кунларидан “Лаббай” деб юрт хизматини зиммасига олган фидойи адиблардан биридир. У Олий Мажлисда мамлакат келажагига дахлдор муҳим Қонунларнинг қабул қилинишида, Ўзбекистон байроғининг лойиҳасини ишлашда, Конституция, Давлат тили билан боғлиқ масалалар ва бошқа жараёнларда фаол қатнашган. Пиримқул Қодировнинг ижтимоий фаоллигининг ўзи алоҳида ўрганилиши керак бўлган мавзу.

 

Пиримқул Қодиров ҳақида гап кетганда, мен ўзим иштирокчи бўлган яна бир воқеа борки, уни айтиб ўтиш менинг қарзим деб биламан. Бу воқеа Пиримқул аканинг инсон сифатидаги ёрқин жиҳатини, самимияти ва меҳр-оқибатини намоён қилади.

 

Тошкентга оилам билан кўчиб келган пайтларимиз эди. Бир фарзандимиз бор. Турар жойимизнинг тайини йўқ. Адашган қушлардай у шохдан бу шохга учиб-қўниб юрган кезларимиз. Энди ишга кирган вақтларим. 100 сўмча маошим ойнинг ярмидан ўтмай, адо бўлади. Декабрнинг охирлари эди. Девори сувоқ қилинмаган, деразасининг бир кўзига ойна қўйилган бўлса, бир кўзига картон қоғоз қоқилган, куни темир печкага қолган, битмаган уйда яшаймиз. Буёғи янги йил байрамига жуда яқин қолган. Ҳамма уйларда байрам тайёргарлиги бошланиб кетган. Шундай кунларнинг бирида Пиримқул ака мени уйига чақирди. У ёғ-бу ёғдан гурунглашганимиздан сўнг, у киши менга чек ёзиб берди. “Навоий 30га бориб, омонат кассага учрайсиз, шу чекни кўрсатасиз?” Мен Пиримқул акага “йўқ, қўйинг, ака” дегандай савол аломати билан қараб турардим. У киши буни ҳам дарров сезди. “Бу сизларга, келинга, ўғлингизга биздан янги йил совғаси. Янги йилни яхшилаб кутиб олинглар” деди. Мен ўша куни “Навоий-30”даги омонат кассадан 120 сўм пул олдим. Сўнг тўғри Марказий Универмагга бориб, 67 сўмга кўкимтир рангдаги, нимчали костюм-шим сотиб олдим. Бу костюм-шимни “Пиримқул акам оберган костюм” деб мақтаниб, узоқ вақт кийиб юрдим. Қолган пулга баракали бозор қилиб, оилам билан янги йилни кутиб олганмиз. Бу байрам оиламиз ҳаётидаги ажойиб байрамлардан бири бўлган

 

Эшқобил ШУКУР

 

“Jadid” газетаси, 2024 йил 24-октябрь, 44-сон.

“Олис ва яқин хотиралар” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16637
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//