Бола тарбияси – бугун экиб, пешиндан кейин ҳосили ўриб олинадиган мавсумий иш эмас


Сақлаш
22:29 / 24.10.2024 74 0

Бир йиғинда маърузачи ислом динида олимлик бағоят юксак мартабага эгалигини ўта таъсирчан мисоллар билан тушунтириб берди. Эркенсал деган  олим бундан кўп йиллар аввал: “Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир”, деб ёзган. Аллен Дебуснинг бу хусусдаги фикри янада ғурурли: “Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлган технологик ўсишлар эшигини очиб беришди. Афсуски, кейинчалик жоҳиллик деган иллат урчиди. Илм-маърифат йўлларида ғовлар пайдо бўлди, ухровий ва дунёвий илмлар ўртасида ўтиб бўлмас девор тикланиб, улар бир-бирига зид қўйилди. Дин олими замона илмига эътибор бермади, дунё олими, аксинча, моддапарастликни “чин илм” деб байроқ қилди, бошқаларни ҳам шу фикрга чорлади”.

 

1922 йили “Ҳақиқат” журналида чоп этилган мақолалардан бирида бундай жумлалар бор: “Сўнгги асрлардаги маърифатсизлик, жоҳилликнинг сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этишганидир”.

 

Аллома Алихонтўра Соғуний бу фикрни янада ривожлантиради: “Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.

 

Донишмандлар “Илм очилмаган қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматга нур бағишловчидир, заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда яхши кишилар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”, деб аллақачон айтиб  қўйишган. Демак, биз бугун – Учинчи Ренесанс остонасида технологик ўсишлар эшигини янада кенг очиб, ёшларни унинг беқиёс имкониятларидан баҳраманд этишимиз керак. Миллат ривожининг бардавомлиги учун бундан бошқа йўл йўқ.

 

 

Ўринсиз хавотир

 

Таҳририятга шикоят хати билан келган ўрта ёшли кишидан касб-корини сўрасам, ўйлаб ўтирмай: “Олти боланинг отасиман, биродар”, деб жавобни қисқа қилди. Суҳбатдошимнинг фикрини англаб, кўнглим кўтарилди. Худо берган олти фарзандни “қушга чўқитмай, йўлда қоқилтирмай” вояга етказиш, одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиб тарбиялашнинг ўзи ғоят масъулиятли лавозим эмасми?! Бугуннинг ва, шубҳасиз, эртанги кунимизнинг, ундан кейинги даврларнинг ҳам энг муҳим вазифаси шу.

 

Тасаввур қилинг, агар ўша олти фарзандли ота болалари тарбияси билан шуғулланмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйса, ёш ғунчалар кўча “тарбия”сини олса, эртага жамият олдида олтита жиддий муаммо пайдо бўлмайди, деб ким айта олади? Гоҳо бола тарбияси билан шуғулланиб, уйда қолаётган аёлларга беписанд муносабатда бўламиз. Келажакда қайси бир оиланинг бахти, ҳаловати, жамият учун керакли шахснинг камолга етиши айни шу – бугун уйда фарзандига тарбия бераётган, ўғли, қизи, набирасини ҳидоят йўлига бошлаб, уларни ғаразли, бузғунчи “шамол”лардан асраётган аёлга боғлиқлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

 

Бола тарбияси – бугун экиб, пешиндан кейин ҳосили ўриб олинадиган мавсумий иш эмас. Болани тарбиялаётиб, ўзимиз ҳам тарбия оламиз. Бизнинг хуш-нохуш ҳаракатларимиз, айтган-деганларимиз фарзандларимиз кўз ўнгида, қулоғи остида кечади. Эр-хотин ўртасидаги муомала, сўзлашув одобимиз, кийинишимиз, юриш-туришимиз, даромаду буромадимиз, рост-ёлғонимиз – буларнинг ҳаммаси болалар шуурига маржондек тизилиб боради. Ота-она фарзандига иймон-эътиқоддан насиҳат қила туриб, ўзи шу айтганларига амал қилмаса, бола қалби жароҳатланади, кўнгли чўкади, вужудини кетмас бир ўкинч чулғайди.

 

Бундан уч минг йил аввал дунёга келган “Калила ва Димна” асарида уч минг йил аввалги бир хавотир келтирилади: “Ёшлар тарбияси айниб кетди, бу кетишда дунё ҳадемай бузилиб кетади...”. Буюк Геродот Миср эҳромларидаги ёзувларни ўқиб, уларни келажак авлодларга қолдириб кетган: “Ёшлар бузилиб кетди. Нима қилиш керак?”

 

Бу хавотир ҳозир ҳам бор. Дунё  эса бузилганича йўқ. Улуғ муаллим Конфуций: “Дунёни фаросатсизлар бузганчалик бошқа ҳеч ким буза олмайди”, дейди. Шу эътирофни унутмаслигимиз керак.

 

 

Ҳар кимники ўзига...

 

Ғарбда оилавий муносабатлар бутунлай бошқача. Масалан, никоҳсиз яшаб, фарзанд кўриш айб саналмайди. Кўнгиллари бошқани тусаб қолса, бир-бирларига кулиб қараб, “бай-бай” дейишади-да, шод-хуррам икки томонга бурилиб кетишаверади. Ажрашиш − бир чойнак чойни охиригача ичмай, ярмини совиб қолди, деб сепиб юборишдай гап. Ўзларининг нечоғли эркин эканини намойиш қилиш учун баъзи ҳолларда ажрашиш маросимига дўст-қадрдонларни таклиф қилиб, дастурхон ёзиш одатлари ҳам бор. Телекамералар улар бир-бирини сўнгги бор бағриларига босаётганини суратга туширади. Эрта ўтиб индинига ёки сал кейинроқ кўнгиллари тусаб қолса, қайтиб ҳам келаверадилар. Матбуот янги ишқий саргузаштлар ҳақида бонг уради.

 

Ғарбда фарзанд тарбиясида ҳам ажиб айричиликлар мавжуд. Бола вояга етдими, у ота-онаси қай ҳолатдалигидан қатъи назар, алоҳида яшашга интилиши керак. Шундай қилган фарзандга раҳмат дейилади. Алоҳида яшашга, ўз қозонини ўзи қайнатиш тараддудига тушиб қолган бола – бўладиган бола, ота-онаси атрофида ўралашавергани эса – ношуд.

 

Ўтган аср тўқсонинчи йилларининг бошида Тошкентга келиб, ўзбек хонадонларидан бирида ярим йил истиқомат қилган хорижлик бир ҳамкасбимиз юртига қайтиб борганидан кейин ўзи ишлайдиган газетада ўзбек оиласи тўғрисида бир неча мақола эълон қилди. “Ўзбек оиласидан кўп нарса ўрганиш мумкин,− деб ёзади у хотираларида. − Аммо менга бир одатлари тушунарсиз бўлди. Мен яшаётган хонадон соҳиблари − чол билан кампирнинг икки қиз, бир ўғли бор. Ҳаммалари аллақачон уйли-жойли бўлиб кетишган, шаҳарнинг турли мавзеларида яшашади. Аммо эрталаб, тушликда, кечқурун келиб, кексалардан хабар олишади. Биттаси иссиқ нон, қаймоқ олиб келса, бошқаси бошқа бир егулик кўтариб келади. Якшанба кунлари ҳаммалари йиғилиб, ҳовлида таом пиширишади. Қизлар кир ювади, ҳовлини супуриб-сидиришади. Ота-она “Ҳой, бундай қилманглар, ишларингдан қолиб кетасизлар”, демайди...”.

 

Биз шундай яшаймиз. Ишқилиб, ҳар кимники ўзига буюрсин-да. Шундай дейман-у, гоҳ-гоҳ у ер-бу ерда бизга мутлақо тўғри келмайдиган янги “қадриятлар” бўй кўрсатаётгани, биз уларга аста-секин кўникиб, бир-биримизга қараб, “Ҳа, энди, бугун шунақа, эҳ, ёшлар”, дея ўзимизни ўзимиз овутаётганимиз ва бу билан миллий карахтлик сари қадам қўяётганимиз кўнгилни ғашлайди.

 

 

Болангизни биласизми?..

 

Бузилган кўприк ёки йўлни тузатиш мумкин. Тадбиркорлик билан иш тутилса, ҳар қандай тақчиллик ҳам барҳам топади. Аммо оиладаги носоғлом муҳит оқибатларини тугатиш осон кечмайди. Бола эсини таниганидан бошлаб унга нон азиз, ушоғи янада азиз, деб уқдирамиз. Сувга тупурма, ўзингдан  катталарга салом бер, олдиларини кесиб ўтма, иш буюришса “хўб” дегин, деймиз. Бу насиҳатлар бола хотирасида нақш боғлайди ва кейинчалик ҳеч нарса уларни ўзгартира олмайди.

 

Болалар тарбияси муаммолари билан шуғулланувчи бир олима юздан ортиқ боғчада бўлиб, ота-оналар ҳар куни кечқурун фарзандларини олиб кетишга келишганида тарбиячиларга қандай савол беришларига қизиқибди. Маълум бўлишича, сўралганларнинг деярли барчаси болалари кун давомида нима овқат еганига қизиқар экан. Ҳеч ким: “Болам бошқа болалар билан яхши ўйнайдими, қизғончиқ эмасми, ўзидан кичикларга муносабати қандай?” деб сўрамас экан...

 

Дўппини бошдан олиб ўйлашга арзирли тадқиқот. Бу бозор-дунёда ҳеч бир сотарман ўз молини ёмон демаганидек, ҳеч ким ўз пушти паноҳидан бўлган боласини ўзи ёмонотлиққа чиқармайди. Болалар ҳовлида, кўчада, мактабда жиққамушт бўлишса, жанжал сабабини билсак ҳам боламизни ҳақ деб, ҳамманинг олдида унинг ёнини оламиз, Тарбиячилар: “Болангизнинг хулқи ёмон бўлиб кетяпти”, дейишса, жаҳл билан: “Боламда айб йўқ, фалончи-фалончиларнинг боласига қўшилди-ю, айниди”, деймиз. Шу пайтда ўша фалончи-фалончи ота-оналар ҳам қўлларини биз томонга бигиз қилиб, айбни ўз боласидан соқит қилиб турган бўлади.

 

Вақт чархпалаги тўхтовсиз айланади. Болалар улғаяди. Дунёқараши, характери шаклланади. Ўшанда “Туппа-тузук болам нега ёмон йўлга кириб кетди”, деб бошимизни қашлаб қолмаслик учун бугун ҳаракат қилишимиз керак.

 

 

Марлборо

 

Тўқсонинчи йилларнинг бошида Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Дархон мавзесида турардик. Олти қаватли “московча” уйлар. Қўшнилар ҳам шунга яраша – вазир, вазир ўринбосари, прокурор, судья, юқори лавозимли ҳарбий, энди-энди оёққа тураётган янги ўзбек бойлари. Қўшничилик билинар-билинмас даражада. Кўпчилик ўзи билан ўзи овора. Кирди-чиқди йўқ ҳисоби. Баҳорда ҳовлини тозалаш учун ҳашар уюштирган эдик, элликдан ортиқ хонадондан атиги уч-тўрт киши пастга тушди. Бир-иккита хонадон эгалари мардикор ёллашибди.

 

Ҳа майли, шунисига ҳам шукр, деб ҳовлини тозаладик, сув йўлларини очдик, дарахтлар тагини юмшатдик. Кўрган кишининг баҳри-дили очиладиган ҳовли бўлди. Аммо... Орадан уч-тўрт кун ўтиб-ўтмай, ҳовли яна ифлослана бошлади. Кимдир балкондан отганми, йўлакда консерва банкалари, қиммат конфет, сигарета, колбаса, қора-қизил увилдириқ ва яна бошқа – оддий одамларнинг шу чоққача кўзи ҳам тушмаган егулик, ичгиликларнинг идишлари.

 

Ким шундай қилиши мумкин? Ўзимча журналист текшируви ўтказдим. Олти қаватли уйнинг ҳар қаватида иккитадан хонадон бор. Биринчи қават – йўқ, бу қўшнилар бундай қилишмайди. Иккинчи қаватда ўзимиз турамиз, Учинчи қаватдагилар ўта маърифатли.

 

Аста юқорига кўтарила бошладим. Ўзбекистонга тартиб ўрнатиш учун келган десантчи прокурор яшайдиган хонадон эшиги олдида тўхтадим. “Ҳа, шу оиланинг иши. Домимизда “Марлборо” сигаретасини шу “тартибчи”дан бошқа ҳеч ким чекмайди. Қиммат конфетлар, колбасалар шундайларнинг дастурхонида бор, холос”.

 

Хулосам аниқлигига ишонч ҳосил қилгач, сочилиб ётган чиқиндини пакетга жойлаб, эшик қўнғироғини босдим. Қўлимдаги пакетни менга ёвсираб қараб турган хизматкор аёлнинг қўлига бериб, орқамга қайтдим.

 

Эртасига эрталаб десантчи прокурор билан ҳовлида учрашиб қолдик. У менга ўдағайдаб, пўписа қилди, “Менинг уйим сенга мусурхонами?” деди.

 

Мен ҳарбийчасига: ”Худди шундай, жаноб прокурор”, деб баттар жазава қўзғадим. Шўртаккина бир-иккита гап айтдим. Попуги пасайди. Чунки... қўлидаги сигарета уни аллақачон фош қилиб бўлганди.

 

 

Ўртадаги одам

 

Бир вақтлар “Чеккадаги одам” деган мақола ёзган эдим. “Чеккадаги одамга яхши, чеккага чиқиб қараб тураверади, ҳеч нарсага жавоб бермайди, зиммасига ҳеч қандай масъулият олмайди. Агарки, биров унга танбеҳ бергудек бўлса, “Ака, мени нега тергайсиз, мен бир чеккада турган одам бўлсам...”, дейди-қўяди.

 

Ўйлаб кўрсам, ўртадаги одамга яхши экан. Бундай одамнинг умри ҳузур-ҳаловатда ўтади. Ҳеч ким унга: “Ҳой, сен нега имиллаяпсан, тезроқ қимирласанг-чи”, деб танбеҳ бермайди. Тўда ичида бор-йўқлиги гоҳ билинади, гоҳ билинмайди. Ғазаб отига минган бошлиқнинг кўзи унга биринчи бўлиб тушмайди. Олдинга чиқиб кетиб, пешонасига тош, кесак тегмайди ҳам.

 

Ўртадаги одам кам хато қилади. Чунки у ҳамиша орқа-олдига қараб туради. Ўзича бир иш қилмайди, бир нима демайди. Зарур бўлса, ўзини эслатиб қўйиш учун аввал олдиндагиларга яқинлашади, кейин ортда қолаётганларга “тезроқ бўлмайсизларми”, дея сигирқараш қилади. Бундай одамлар димоғдор бўлади ҳам. “Ўртада, мана, биз турибмиз, ташвиш қилманг”, дейишади. Эътироз билдириб кўринг-чи...

 

 

Китоб

 

Бир ота таҳририятга қизини етаклаб олиб келди. “Кенжатойимиз, шоира, ҳар куни  шеърлар ёзади. Учта китоб чиқардик. Тўртинчиси ҳам тайёр. Мукофотга қўймоқчимиз. Шеърларини чиқаришга ёрдам беринг, қанақа хизмат бўлса, тайёрмиз”, дея менга виқор билан қаради.

 

Бир даста шеърни икки-уч бор ўқиб, аранг биттасини танладим. “Майли, овора бўлиб келибсизлар, таҳрир қилиб, тузатиб, шу биттасини чиқаришга ҳаракат қиламиз”, дедим.

 

Бу гап ота учун томдан тараша тушгандек бўлди.

 

– Қизим, хафа бўлма, газитга ўтмаса, китобга ўтади. Юр, кетдик, – деди.

 

Китоб шўрликка раҳмим келиб кетди.

 

 

Сўз

 

Сўзнинг қудрати тўғрисида жуда кўп ёзилган. Жалолиддин Румий бундай деган: “Сўз ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир... Мадомики, соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади...”.

 

Бу улуғ мутафаккирнинг фикрича, одам ва оламни идрок этишда сўзга эҳтиёж борлиги учун ҳам сўз бор. Сўзсиз идрок этувчига сўзнинг эҳтиёжи йўқ. Идрок эта билган(лар) учун кўкларнинг, ернинг ҳаммаси сўздир. Ҳафиф бир сасни эшита олувчига бақириб-чақиришнинг ҳожати йўқ. Ҳазрат Навоийда ўқиймиз: “Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънийда сўз, Дурри маъни истар ўлсанг, айлагил гуфтор бас” (Яъни: сўзда маънони тўла акс эттириб бўлмас, маънога сўз имкониятларини сиғдириш мумкин. Маънолар дурини истасанг, сўзлашни бас қил).

 

Тоғай Мурод анча йиллар аввал адабиётга шунчаки ҳавас билан кириб келаётган, амалдорликка иштиёқи баланд ижодкорларга қарата бундай деган эди: “Сизда аввало сўз бўлсин, уларни маржондай теринг, нарвон ясанг ва шу нарвон орқали юқорига кўтарилинг...”.

 

 

Анкета

 

Йиллар давомида сон-саноқсиз тафсифномаларни ўқиганман, аммо уларнинг бирортасида бўлсин: “Зеҳни баланд, фаҳм-фаросатли, ҳалол-покиза, биров бир нима дейишини кутиб ўтирмайди, бажариши лозим бўлган ишни ўзи фаҳмлайди”, деган таърифни учратмаганман.

 

Ҳаётда ҳар биримиз сон-саноқсиз саволларга жавоб қайтарамиз. Бирор муносабат билан навбатдаги анкетани тўлдираётиб, қаерда ва қачон туғилганимиз, миллатимиз, жинсимиз, маълумотимиз, ота-онамизнинг кимлиги, оламдан ўтишган бўлишса, қаерга дафн этилгани, қайси хорижий давлатларда бўлганимиз тўғрисидаги саволларга аниқ ва лўнда жавоб қайтарамиз. Бунга шу қадар ўрганиб кетганмизки, ёшимиз бир жойга бориб қолган бўлса ҳам жинсимизни сўрашса ажабланмаймиз.

 

Вақт ўтиб боради, аммо анкета саволлари ўзгармайди. Бу муҳим ҳужжатда “Характерингизни қандай баҳолайсиз, одоблимисиз, хулқингиз яхшими, жаҳлингиз чиққанида ўзингизни бошқара оласизми, айб сизда бўлса, узр сўрашга тобингиз қалай, китоб ўқийсизми, охирги марта қачон театрга боргансиз...” каби саволлар ҳеч қачон учрамайди.

 

Анкетада учрамаса учрамасин, аммо кўнгилда бўлиши керак бундай саволлар.

 

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

ёзувчи

 

Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 24 октябрь, 214-сон.

Кўнгил мулкига саёҳат” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 42
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10397
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//