“Кўҳна қитъа”даги “ўнгга бурилиш” тенденцияси – кескинликми ё муроса?


Сақлаш
17:29 / 17.10.2024 140 0

Йигирма етти давлатни ягона байроқ остида бирлаштирган, салкам 450 миллион нуфусга эга Европа иттифоқи (ЕИ) ҳудудида сиёсий иқлим кескин ўзгармоқда. Сўнгги йилларда Австриядан Италиягача, Венгриядан Франциягача – кўплаб давлатларда ўта ўнг қанотга мансуб сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг таъсири ошди. Бу хавфли тенденция сиёсатшунослик илмига “ўнгга бурилиш” (ингл. right turn) деган истилоҳ билан кирди.

 

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа мамлакатларида ўта ўнг йўналишдаги сиёсий партиялар давлат бошқарувидан буткул четлатилган эди. Зеро, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган қирғинбаротга айнан ашаддий ўнглар бошлаган миллатчилик васвасаси сабаб бўлгани маълум. “Кўҳна қитъа” кечаги кун сабоқларини унутдими, “тарих қабристонига дафн этилган” партиялар яна қайта бош кўтармоқда.

 

Фашизм аталган вайронкор таълимотдан кўп ва хўб азият чеккан Италияда 2022 йилги сайловда Жоржа Мелонининг миллатчиликка мойил “Италия биродарлари” (Fratelli d'Italia) партияси ҳокимиятга келди. Ж. Мелони нафақат Италиянинг илк аёл бош вазири, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ғарбий Европада ҳукумат раҳбарлигини эгаллаган илк ўта ўнг партия етакчиси ҳамдир.

 

ЕИнинг локомотивларидан бири Францияда муҳофазакор ўта ўнг қанотга мансуб “Миллий бирлашув” (Rassemblement national) партиясининг нуфузи йил сайин ошиб бормоқда. 1972 йилда ташкил этилган сиёсий ҳаракатнинг глобаллашув, миграция ва исломий қадриятларга қарши қаратилган доктринаси ўн йилликлар мобайнида жамиятнинг онгли қатлами томонидан рад этилган. Аммо француз жамиятининг сиёсий тафаккури турли ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсирида эврилишга учрамоқда. Яқингача “Миллий бирлашув”нинг миллатчи ва популист деб қораланган етакчиси Марин Ле Пен 2017 ва 2022 йилги президент сайловида Эммануэл Макронга асосий рақиб бўлди. 2024 йил июнь ва июль ойларида бўлиб ўтган парламент сайловида мазкур партия 143 та депутатлик мандатини қўлга киритиб, қонунчилик идорасидаги учинчи йирик фракцияга айланди.

 

Иккинчи жаҳон урушининг асосий сабабчиси бўлган Германияда миллатлараро муносабат ўта ҳассос мавзулар сирасига киради. Нацизм балосининг оқибатларини ўз танасида ҳис этган олмонлар ҳатто миллатпарварлик ташаббусларига ҳам жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиб келган. Аммо кейинги йилларда мазкур мамлакатда ҳам ўта ўнг йўналишдаги партияларнинг таъсир доираси кенгайиб бораяпти. Хусусан, 2013 йилда ташкил этилган “Германия учун муқобил” (Alternative für Deutschland) партияси муҳожирлар, қочқинлар ва мусулмонларга нисбатан “темир мушт” сиёсати тарафдоридир. 2017, 2021 йилги парламент сайловида учинчи ҳамда бешинчи ўринни эгаллаган партия 2025 йилги сайловда ҳатто федерал канцлер лавозими учун курашмоқчи.

 

2024 йил 6–9 июнь кунлари бўлиб ўтган Европа парламенти сайловида ҳам ўта ўнг йўналишдаги партиялар Франция, Германия ва Италияда кўп сонли овоз тўплаб, депутатлик мандатларининг қарийб чорак қисмини қўлга киритди (“Миллий бирлашув” – 81 та ўриндан 30 та, “Германия учун муқобил” – 96 та ўриндан 15 та, “Италия биродарлари” – 76 та ўриндан 24 та).

 

Парламентда ўта ўнг қанот фракциялар сафининг кенгайиши ЕИ учун жуда муҳим аҳамият касб этган яшил иқтисодиёт, миграция каби йўналишларда қонунлар қабул қилишни қийинлаштиради. Бу – “ўнгга бурилиш”нинг ҳуқуқий оқибати, холос. Ушбу тенденциянинг жамият учун сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий асоратлари бир неча карра хатарлироқдир.

 

Ўта ўнг категорияга мансуб сиёсий партиялар дастурида анъанавий равишда миллий ўзлик муҳофазасига катта ўрин ажратилади. Улар ўзи мансуб доминант ёки титул миллат ўзлигини биринчи ўринга қўйгани ҳолда, бошқа миллий ҳамда этник жамоаларнинг қадрият ва анъаналарини чеклаш, умуман, тақиқ ва табу усулларини ёқлайди. Сиёсий мезонларга мувофиқ марказга яқин ўнглар миллий ўзликни мўътадил кураш услуби орқали ҳимоя қилишга интилса, ашаддий ўнглар бу борада ҳатто куч ишлатишни маъқул кўради.

 

Европадаги ўта ўнг партиялар ҳам миллатлараро низо қўзғаб, жамиятдаги бирликка рахна солаётгани билан хавотир уйғотмоқда. Моҳият эътиборига кўра “биз – устун, улар – остин” тамойилини байроқ қилган ашаддий ўнглар аксар муаммолар учун муҳожирларни айбдор деб билади.

 

1990-йилларда Европа давлатлари тараққиётнинг постиндустриал босқичига қадам қўйди. “Кўҳна қитъа” аҳли янги тараққиёт меваларидан тўла-тўкис баҳраманд бўлиб улгурмай, 2008 йили жаҳон иқтисодий бўҳрони рўй берди. Бир неча йилга чўзилган инқироз жароҳати ҳали битмасдан коронавирус пандемияси бошланди. Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган паллаларда эса ҳар қандай жамиятда ишсизлик кучаяди.

 

Миллатлараро муносабатлар катта сиёсатда ҳамиша тош босадиган масала бўлиб келган. Ўта ўнг партиялар “Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг асосий айбдори – муҳожирлар” деган қарашни илгари суради. Долзарб муаммоларга ечим топа олмаётган омма бу каби популистик баёнотларга ишонади. Пировардида жамиятда миллатчилик, этник айирмачилик, ксенофобия, исломофобия каби иллатлар янада чуқур илдиз отади.

 

Европа ҳамжамиятида ўта ўнгчи партияларнинг миллатчилик руҳини кучайтиришга уринаётгани ўт билан ўйнашиш демакдир. Чунки бу ҳол ижтимоий парокандаликка олиб келади. 2021 йилда Франция аҳолисининг 7 миллиони ёки 10,3 фоизи муҳожирлар бўлган. Таъкидлаш жоизки, уларнинг салмоқли қисми Франция фуқаролигига эга. Германияда эса мигрантлар улуши янада юқори: 2022 йилда 83,8 миллион аҳолининг 20,2 миллиони муҳожирлик ўтмишига эга бўлган ёки олмон заминида муҳожирлар оиласида туғилган фуқаролардир. ЕИнинг бошқа мамлакатларида ҳам муҳожирлар салмоғи катта экани инобатга олинса, ўта ўнг партияларнинг дастурлари бирлик ва тотувликка қанчалик улкан зиён етказишини тасаввур қилиш мумкин.

 

Танганинг иккинчи томони бўлганидек, мутаассиб кайфиятдаги партияларнинг кучайишида мейнстрим йўналиш, мўътадил оқимга мансуб сиёсатдонларнинг ҳам айби бор. Яъни электоратни қийнаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ўз вақтида, қониқарли ечим таклиф этилмагани ўта ўнг қанот партияларига қулай  имконият туғдирмоқда.

 

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида Ғарб давлатларида татбиқ этилган мултикултурализм сиёсати муайян мамлакатда турли этник гуруҳларнинг ўз анъана ва қадриятларини сақлаган ҳолда ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган. Мултикултурализм кичик этносларнинг катта миллатларга қўшилиб кетишини ёқловчи ассимиляция сиёсатининг муқобили, мухолифидир.

 

Мултикултурализмга хос ҳаддан зиёд бағрикенглик сабаб Европа мамлакатларида муҳожирлар мезбон жамиятга мослаша олмагани, замонавий геттолар юзага келганини рад этиб бўлмайди. Аммо, бизнингча, ушбу сиёсатга хос камчилик ва хатоларни ислоҳ этган ҳолда, ундан миллатлараро ихтилофларни ҳал этишнинг мақбул усули сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки ҳозирги вазиятда “Европа уйи” учун этник ва маданий плюрализм сув билан ҳаводек зарур.

 

Аксар олим ва тадқиқотчилар таъкидлаётганидек, қалтис дилеммага дуч келган Европа ҳамжамияти миллий масалада зиддият, мужодалани бас қилиб, муроса йўлини танлаши, соғлом тафаккур ўзанига қайтиши керак. “Ўзимизникилар ва ўзгалар” тарзидаги янглиш мезон қутблашувни янада кучайтириши аниқ.

 

Собиржон ЁҚУБОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти

мустақил тадқиқотчиси

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Дилемма: мужодалами ё муроса?мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10767
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//