Эколог олим, Термиз давлат университети профессори Холмат Зокиров билан суҳбат.
– Домла, аввало маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз...
– Мен экологман, табиатшуносман. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтар бўлсам, маънавият инсонни ҳайвонзотдан ва ўсимликдан фарқлайдиган куч. Набобот ва ҳайвонот оламида инсонга хос асил нарсаларнинг кўпи йўқ. Дейлик, одамнинг хотираси, тил имкониятлари, яратувчанлик, ижодкорлик хусусиятлари ҳайвонга бегона, ўсимлик ҳам бундан мосуво. Ҳолбуки, ҳайвон ҳам, ўсимлик ҳам инсон каби тирик жон. Бир сўз билан айтганда, маънавият одамнинг одамлик қиёфаси. Аммо гап бу юксак даражани қандай тутиб туришида. Бизнинг Сурхон воҳасида босар-тусарини билмай, одамларнинг ҳаққини унутган кишига дакки беришнинг ажойиб шакли бор. Яъни, бир оғизгина савол беришади: “Инсофинг борми?”. Ушбу сўз менга доим “Маънавиятинг борми?” дегандай эшитилади. Бу савол аслида ўзини билган одамга жуда оғир ботади. Қалбида иймони бор одамнинг бу саволдан кейин, шубҳасиз, пешонасидан тер чиқиб кетади. Аслида шунинг ўзи катта гап.
– Сиз туманда ёки ўрта таълим мактабларида маънавият ишлари бўйича фаолият юритсангиз, ишни нимадан бошлаган бўлардингиз? Умуман, маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?
– Маънавиятга интилиш, маънавиятни бойитиб бориш аслида ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз. Бунинг учун маънавият бўйича бирор соҳага масъул бўлиш шарт эмас. Агар сиз айтгандек маънавият соҳасига раҳбар бўлиб қолсам, аввало ишни ўзимнинг сўзим билан амалимнинг бир-бирига мувофиқ келишидан бошлардим.
Бир оғриқли масалани ҳам айтиб қўяй, маънавият мажлисбозлик билан сингдирилмайди. Маънавият ҳар бир инсонни инсон сифатида тушунишдан бошланади.
– “Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор!”. Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап. Аммо бу мерос асли нималардан иборат, уни биз бугун қандай қабул қилаяпмиз, қай йўсинда ундан фойдаланаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?
– Бизнинг узоқ тарихимиз, серқирра оғзаки ижодимиз, алломаларимиз битиб кетган минглаб жилд китоблар – ҳақиқий маънавий хазина. Аслида ҳар бир инсоннинг ички дунёси ўзгача бир олам, демак, биз ҳар бир кишига индивидуал ёндашмоғимиз керак.
Маънавият ибрат ва намуна орқали ёшлар ҳаётидан ўрин эгаллайди. Отаси қарта ўйнаб, онаси сериал кўриб ўтириб ўғил-қизларини ўқимишли бўлишга ундаши кулгили ҳолат. Бу худди ёриқ кўза билан сувга боришга ўхшайди.
Зотан, муқаддас китобларда урғу бериб айтилганидек, “Ислоҳни ўзингдан бошла!” деган сўзларга жиддий эътибор беришимиз шарт. Биз ҳамиша ислоҳотни ўзимиздан, оиламиздан, фарзандларимиздан бошлашимиз керак. Ана шунда мақсадга эришамиз, аксинча сафсатабозликдан бошқаси бўлмайди.
Бугунги глобал исиш, табиат синовлари, эпидемик ҳолатлар қаторида глобал қадриятлар ҳам бор. Бу дегани бутун башариятнинг бой тажрибаси, мероси умумий бойликдир. Берунийнинг “Минералогия” асари ҳам, Нютоннинг қонунлари ҳам барчага тенг илмий обидалар. Шу билан бирга ҳаммани эсдан оғдирадиган, бешармликни, бешафқатликни тарғиб этадиган ва жуда юқумли бўлган иллатлар ҳам борки, буларнинг зиёни “Ковид-19”дан кам эмас. Ва бу кўз илғамас фалокатлар ҳам умумийдир. Шу боисдан ҳам ўзлик деган катта маънавий заминда туриб дунёнинг инсон иқболи учун хизмат қиладиган қадриятларидан ҳам унумли фойдаланишни ўрганишимиз зарур.
– Республикамиз илм аҳли сизни аввало она табиатимизнинг жонкуяри, эколог олим сифатида танийди. Олимлик шарафи ҳамиша улуғ саналган. Айниқса, бугунги табиат ва инсон ўртасида катта кураш кетаётган бир пайтда. Сизнинг – эколог олимнинг қалбидаги маънавият бевосита она табиат билан уйғун. Шундай эмасми?
– Эътибор беринг, аслида биз киммиз, табиатнинг бир заррасимиз, агар табиатга қарши курашамиз десак аслида ўзимизга қарши курашамиз, келажак авлодимизнинг ҳаётига қарши курашган бўламиз. Табиатни она деймиз. Она дейишга деймиз-у, баъзан хизматкор даражасида ҳам қадрламаймиз. Бугунги кунда дарахтларга ҳам паспорт бериш йўлга қўйилаётган, уларни ҳимоя қилиш бўйича қарорлар қабул қилинаётган оғриқли даврда турибмиз. Бир туп арча бир йилда ўзида 6 тоннагача сув тўплайди. Муттасил кислород ишлаб чиқаради. Бир тилсиз арча умри давомида инсонга хизмат қилади, унинг ҳаёти учун ўзини бағишлайди. Бироқ бир валломат боради-да, 100 йиллик арчани беш-олти дақиқада саранжом қилади. Унинг бор мақсади арчадан уйига устун қилиш ёки шу тилсиз-жағсиз дарахтнинг икки-уч метрлик уйини – ерини тортиб олиш. Ўткинчи умрида бир туп ниҳол экмаган бу одам ватанга ҳам наф бермайди, бировга яхшилик ҳам қилмайди. Дунёда ҳарорат кейинги 40 йилда 0,04 даража кўтарилди. Музликлар эриб бораяпти. Ноёб турлар қирилиб кетмоқда. Буларнинг ҳаммаси инсоннинг ўзига зиён.
Ана энди ўйлаб кўринг, бу фалокатларнинг олдини олиш учун нима керак? Энг таъсирчан омил нима? Бу – маънавият! Жамики юксалишлар асосида маънавият турса, барча йўқотишлар ортида маънавий таназзул туради.
Шу ўринда Қуръони каримга мурожаат қиламиз: “У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен “Сизлар ўлимдан кейин қайта тирилтириласизлар” десанг, куфр келтирганлар албатта “Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас” дерлар” (Ҳуд сураси 7-оят). Ушбу илоҳий амрларнинг нозил бўлиши бежиз эмас, албатта. Фасоҳат билан разм солинса, бу қутлуғ матнларда бугунги кунимиз учун ҳам жуда катта ибрат ва хулосалар мавжуд. Инсон кўп асрлик илму заковати билан биттагина чумолини ҳам яратолмайди. Шундай экан, муқаддас сўзларга амал қилган ҳолда иш кўриши ҳам керак.
– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?
– Ғурур билан кибр аслида икки нарса. Ғурур ўзидан рози бўлиш, ўзи бажарган ишдан мамнуният ҳиссини туйиш, ўз фаолиятидан, тақдиридан кўнгли тўлиш.
Кибр эса ўзини баланд қўйиш, атрофдагиларни менсимаслик. Ғурур – фазилат, кибр эса – иллат, бу икки тушунчани ҳеч қачон аралаштирмаслик керак.
Биргина Термизийларнинг илмий меросини олиб қаранг – уммон қадар чексиз. Бугунга қадар бир юз элликка яқин Термизий алломанинг номи аниқланди. Улар қолдирган мерос қанчалик буюклигини билаяпсизми? Бундай тарих билан, бундай аждодлар билан ғурурланмай бўладими? Аммо биргина ғурурнинг ўзи етарли эмас. Ушбу меросга муносиблик ҳисси ҳам бўлиши керак ва у бугунги авлод томонидан ижодий ривожлантирилиши лозим. Фарзанд отанинг обрўси ва меросига суяниб қолса ношудлашади, аксинча, ўша меросга ҳамоҳанг ривожланса эл аро обрў топади, ризқи бутун бўлади.
– “Одамнинг табиати тупроғи олинган жойига ўхшайди” деган нақл бор. Шу маънода, халқимизнинг феъл-атвори бизга маълум. Аммо бугун ҳам хулқимизга, ҳам биз мансуб заминга ёт бўлган турли ҳодиса ва воқеалар ҳам содир бўлаяпти. Маънавият ва қадриятларимиз, анъаналаримизга таҳдидлар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Сизнинг табиат билан уйғун ҳаётингизга, илмий фаолиятингизга бу нарсалар қандай таъсир этаётир?
– Бундай пайтда инсоннинг онгини, тафаккурини ҳимоя қиладиган бирдан бир куч сифатида теран ақл, юксак маънавият, мустаҳкам иймон-эътиқод ва чинакам инсоф-диёнат майдонга чиқиши зарур. Ўзингиз ўйланг, узоқ тарих давомида халқимиз бошидан не кунлар кечмаган, бу халқнинг динини, эътиқодини, тилини, урф-одатини, анъана ва қадриятини йўқотишга уринган барча босқинчиларнинг режалари саробга айланган.
Бугунги кундаги айрим дилни хира қиладиган ҳолатларга боқиб туриб, халқимизнинг чапани бир гапи эсимга тушади. “Туянинг юки енгил бўлса, бақироқ келармиш” дейди халқ. Одамларнинг турмуши чинакамига яхшиланди. Саксонинчи, ҳатто тўқсонинчи йилларни эсланг... одамлар кун кўриш учун қанча заҳмат тортар эди. Рисоладагидай битта тўй қилиш кўпларга армон эди. Бугунги ҳаётимиз билан солиштириб бўлмайдиган бир тушкун ҳаётимиз бор эди-ку... Аммо одамларда инсоф, оқибат бор эди. Бугун биз излаётган асосий нарса ҳам ана шу ноёб туйғулар эмасми? Бу билан оғир турмушни ёқламайман, албатта. Бироқ шукр камайди. Ватан тушунчаси енгиллашиб кетгандай бўлаяпти. Бу ҳаммамиз ўйлаб кўришимиз керак бўлган масалалар...
Халқимизни ҳамиша нима сақлаб қолган? Кучли ирода, мустаҳкам сабр, зўр шижоат ва ғайрат, тоза эътиқод ва албатта яхши кунларга умид... Шу нарсалар халқнинг кўксини кўтарган. Биз Xудога маъқул бўладиган бу ҳис-туйғуларсиз муродга етолмаймиз. Негаки, табиатнинг ўз равиши бор...
“Авесто”да тупроқ, сув, олов ва ҳавони муқаддас билиш, пок сақлаш борасида муҳим кўрсатмалар бор. Ёки халқимизнинг мақолларига бир эътибор беринг: “Бирни кессанг, ўнни эк”, “Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ”, “Дарёнинг бўйида ўтирсанг ҳам сувни исроф қилма”, “Сувни ифлослама, Сулаймон ота тутади” ва ҳоказо... Бир сўз билан айтганда халқимизнинг ҳар соҳадаги донолигидан куч оламан ва ана шундай бағрикенг халқнинг вакили эканимдан фахрланаман.
– Халқнинг якдиллиги ҳаммасидан муҳим. Унинг бутунлигини нималарда кўрасиз? Бугун шу бутунлик бизда мавжудми, қониқарлими?
– Тўғри, бирдамлик, жипслик, якдиллик халқнинг бутунлигини белгилайди, барча ғалабаларнинг гарови. Бизнинг якдиллигимиз шундаки, қанча босқинлардан, истилолардан омон чиқдик, баъзан ютдик, баъзан ютқаздик. Аммо ўзлигимизни йўқотмадик. Тилимизни унутмадик, баъзи зиёли ниқобидагилар унутса ҳам халқ унутмади. Динимиз ҳам, анъаналаримиз ҳам шу халқнинг қалбида асрлардан асрларга ўтиб омон келди.
Энг муҳими ўз давлатимизга эга бўлдик. Бугун бизнинг бирдамлигимиз юртимиз тараққиётига камарбаста бўлишимиз, ватанимизни ҳар қандай хавф ва хатардан ҳимоя қила олишимиз, шахсий манфаатдан ватан манфаатини устун қўя олишимизда кўриниши лозим. Эл-юртнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйиш чинакам маънавият деб ўйлайман. Яна гап миллий ғурурга бориб тақалади: ўзимиздан ғурурланишни фарзандларимизга ўргатайлик. Чинакам жипслик шу фарзандлар юрагида илдиз отиши керак.
Шодмонқул САЛОМ ёзиб олди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ