Мавлоно Румийнинг термизлик устози


Сақлаш
19:58 / 19.09.2024 168 0

Тасаввуф таълимоти нафақат илоҳиётшунослик ва ислом ҳуқуқшунослиги, фалсафа ва ахлоқ, тилшунослик ва адабиётшунослик, психология ва тарих каби илмларни бойитишга хизмат қилган, балки таълим-тарбия соҳасида “Муршид ва мурид одоби” мактабини, бугунги таъбир билан айтганда, “Устоз ва шогирд этикаси” анъанасини ҳам шакллантирган. Барча ирфоний мактабларнинг таълим усули, яъни тариқат асосчилари ҳамда пешволаридан мерос сифатида етиб келган илоҳий билимлар ва тариқат одобини кейинги авлодга етказиш, шу орқали силсила давомийлигини таъминлаш тартиби мазкур анъана асосида шаклланган. Тасаввуф тарихидаги ана шундай занжирли устоз-шогирд анъанасининг ёрқин намуналарини Баҳоуддин Валад (Мавлоно Жалолиддин Румийнинг падари бузруквори) – Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий (Баҳоуддин Валаднинг шогирди, Румийнинг устози) – Мавлоно Жалолиддин Румий – Султон Валад (Румийнинг фарзанди, шогирди ва тариқатининг давомчиси);  Шамс Табризий – Мавлоно Жалолиддин Румий; Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – Хожа Муҳаммад Порсо Бухорий; Мавлоно Абдураҳмон Жомий – Амир Алишер Навоий муносабатларида кўрамиз.

 

Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий тўғрисида нафақат уларнинг замондошлари ва кейинги давр тазкирачи, тарихчиларининг битикларида, ҳозирги давр тадқиқотчилари асарларида ҳам ҳайрат ва муҳаббат билан ёзилади. Бу cирада эронлик олимлар Абдулҳусайн Зарринкўб, Муҳаммад Истеъломий, Тақий Пурномдориён, Амир Қизилжи, Атоуллоҳ Тадайюн, турк олими Абдулбоқи Гулпинарлининг тадқиқот, мақола ва китобларини зикр этиш мумкин.

 

Ўзбекистонда бу борадаги илк мақолани таниқли шоир ва таржимон Асқар Маҳкам ёзган эди. Унинг “Шамс ва Мавлоно” (“Сино”, 2003, 12-сон) номли мўъжазгина мақоласи илмий услубдан узоқ бўлса-да, аммо таъсирли ва мароқли эди.

 

Орадан йиллар ўтиб, олим ва адиб Маъруфжон Йўлдошев “Шамс ила Мавлоно” бадиасини чоп этди (“Тафаккур”, 2023, 2-сон). Бадиий услубда ёзилган асарда икки улуғ зот ҳақидаги ривоятлар, тарихий маълумотлар ҳам ўрин олган. Бу икки мақола ўзбек китобхонлари ва айниқса, Румий тафаккур оламининг мухлисларида устоз – шогирдлик, маслакдошлик муносабатларига оид тасаввурларни бойитди.

 

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг дунёқараши ўта кенг эди. Балоғатли илм йиллар давомида устозлардан олинган сабоқлару Қуръони карим ва Ҳадиси шариф, шунингдек, фиқҳ, тафсир, калом, фалсафа, мантиқ, ахлоқ, тарих ва адабиётга оид юзлаб китоблар мутолааси, тафаккуру тадаббур натижасида ҳосил бўлган. Мутафаккирнинг дунёқарашини чуқурроқ тадқиқ этиш учун унинг устозлари илмий салоҳиятидан хабардор бўлмоқ лозим. Жумладан, Жалолиддин Муҳаммадга болалигидан таълим-тарбия берган, тасаввуф илмининг сир-асрорларини назарий жиҳатдан ўргатган устози Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга.

 

Муҳаққиқ Термизий номи ва мероси узоқ даврлар мобайнида Марказий Осиё илмий тадқиқот марказлари эътиборидан четда қолган эди. Шўро тузуми ислом маърифати билан боғлиқ буюк сиймолар меросини ўрганишга тақиқ қўйгани маълум. Ўзбекистонда Муҳаққиқ Термизийга оид илк маълумотлар 2000 йилдан илмий нашрлар ва матбуот саҳифаларида кўрина бошлади. Аммо аллома ҳаёти ва илмий мероси ҳақида шу вақтгача эълон қилинган маълумотлар мухтасар ахборот характерига эга бўлиб, асл манбаларга бевосита мурожаат қилинмаган. Жумладан, исломшунос олим Жўрабек Чўтматов Термизий алломалар ҳақидаги қимматли монографиясида бундай ёзади: “Кўня сафаридан сўнг Бурҳониддин Термизий Қайсарияга ўтди ва кичик бир ҳужрада истиқомат қилди. Салжуқийлар волийси Шамсиддин Исфаҳоний у зотга мурид бўлди. У зотнинг доимий жазба, важд ва истиғроқ ҳолатида яшаганлари айтилади. Вафоти борасида икки хил сана келтирилади: бири 638 / 1240, бошқаси 674 / 1275. Қабр тошларининг устига 561–638 / 1165–1240 саналари битилган” (Чўтматов Ж. Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи. Тошкент, “Yangi nashr”, 2017. 313-бет).

 

“Термиз тазкираси”да ҳам Муҳаққиқ Термизийга доир маълумотлар ва манбалар ўрин олган (Кенжабек М. Термиз тазкираси. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2001. 56–64-бетлар). Ушбу сиймо ҳақида олим Б. Муртазоев келтирган маълумотлар ҳам аҳамиятга молик (Муртазоев Б. Саййид Бурҳониддин Термизий. “Til va adabiyot ta’limi”, 2002, 5-сон. 88–91-бетлар).

 

XIII асрнинг улуғ амалиётчи сўфийларидан бири бўлган Муҳаққиқ Термизий “Саййиди сирдон” (сирларни билгувчи Саййид) лақаби билан машҳур бўлган. Унинг ҳаёт йўли султон ул-уламо, улуғ фақиҳ ва мутасаввиф олим, Имом Аҳмад Ғаззолий силсиласининг давомчиси Баҳоуддин Валад ва унинг фарзанди – буюк мутасаввиф ва мутафаккир шоир Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳаёт йўли билан чамбарчас боғланиб кетган. Саййид Бурҳониддин Баҳоуддин Валаднинг энг пешқадам шогирди ҳамда Румийнинг тасаввуф илми бўйича илк устози эди. Шу боис унинг илмий мероси ва фалсафий-ирфоний қарашларини Баҳоуддин Валад ва Мавлоно Румий ҳаёти, ижодини ўрганмасдан туриб тадқиқ этиш амримаҳол. Алишер Навоий бундай ёзади: “Ҳусайний саййиддур ва Тирмиздин эрди ва Шайх Баҳоуддин Валаднинг (қ.с.) асҳоби ва муридларидиндур. У хавотирға ишрофи (яъни ички ўй-хаёлларнинг баъзисини фаросат билан сезиши) жиҳатидин Саййиди сирдон номи билан машҳурдур. Ул кунки (Жалолиддин Румийнинг отаси) Шайх Баҳоуддин Валад оламдин ўтти, Саййид Тирмизда ўлтуруб эрди. Дедики, шайхим ва устодим ҳазратлари дунёдин риҳлат қилдилар. Ва неча кундин сўнгра Мавлоно Жалолуддин тарбияти учун Кўняға мутаважжиҳ бўлди. Ва Мавлоно Жалолуддин ҳазратлари тўққиз йилғача алар хидматларида бўлуб, иршодлар кўруб тарбият топтилар. Дебдурларки, чун Шайх Шиҳобуддин Суҳравардий Румға келди. Саййид ҳазратларини кўргали борди. Саййид кул устига ўлтуруб эрди, ўрнидин тебранмади. Шайх йироқдин таъзим қилди ва ўлтурди, ҳеч воқеъ бўлмади. Муридлар сукут мужибин (сабабин) сўрдилар. Шайх дедики, ҳол аҳли била сўзлашурға ҳол тили керак, йўқки (кифоя қилмаски) қол тили! Муридлар сўрдиларки, Саййидни нечук топтингиз? Шайх деди: дарёе топтуқ, маввожи маоний дурларидин ва Муҳаммад ҳақоиқидин бағоят ошкор ва асру яшурун. Шайх Салоҳуддин (ушбу) Саййиднинг муридларидиндур. Саййид дерлар эрмишки, ҳолимни Шайх Салоҳуддинға бағишладим ва қолимни Мавлоноға. Ва Саййиднинг мутабаррик мазори Қайсариядадур. (Унга ва барча солиҳ бандаларга Оллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин!)” (Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Тошкент, “Фан”, 2001. 318–328-бетлар).

 

Баҳоуддин Валад ҳижрий 628 йили (1232) Кўняда вафот этди. Жалолиддин Муҳаммад ўшанда йигирма тўрт яшар йигит эди. Султон ул-уламонинг ўрнини боса оладиган пешво устида сўз юритилар экан, “барчанинг кўзи Мавлонога қадалди. Баҳоваладнинг ўзи ҳам “Мендан кейин бу мақом Худовандгор Жалолиддин Муҳаммадга лойиқдир”, дерди. Бу гап муридларга ҳам мақбул эди. Боз устига салжуқийлар ҳукмдори Алоуддин Кайқубод ҳам шуни хоҳларди. Шу тариқа Мавлоно йигирма тўрт ёшида муфтий ва фақиҳ бўлди, мударрислик курсисига ўтирди. У отасининг мактабида илоҳий ва мажозий муҳаббат дарсини олган бўлса-да, бир мударрис эди, маъно аҳлининг асрорини ошиқ орифлар тилида баён қилишни хоҳламасди. Аммо бу фақиҳона сиймо замирида туғёну тўфонлардан ҳам кучлироқ бир шахс яширинган, ул “гўзал паричеҳра” зарурат юзасидан парда ортини ихтиёр этган эди. Бу ҳол Бурҳониддин Муҳаққиқ уни янги олам билан ошно этгунча давом этди (Муҳаммад Истеъломий. Жалолиддин Румий ҳақида. “Маснавий”га муқаддима. Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси. Теҳрон, “Islamic Thought Foundation”, 2000. 15-бет). Ота ўғлининг ўз ўрнини эгаллаши, мажлисларда ваъз ўқиб, фатво бериш усулларини ўрганишини истар, бу борада унга васият қилган эди. Шундай ҳам бўлди...

 

Бурҳониддин Термизийдан тасаввуф сир­асрорига оид “Маориф” номли форсча асар қолган бўлиб, у Эронда 1960 йилда тасаввуфшунос олим Бадеъуззамон Фурўзонфар томонидан тадқиқий нашр этилган. 1972 йилда Абдулбоқи Гулпинарли, 1995 йилда Али Ризо Карабулут томонидан турк тилига таржима этилган. Али Ризо Карабулут кириш қисмда асар мазмуни, қўлёзмалари ва нашри ҳақида маълумот берган, Бурҳониддин Термизий сўзлари, шеърларини истифода этган олим ва шоирларнинг номларини ҳам тўлиқ келтирган. Улар орасида термизийлардан Абу Бакр Варроқ, Муҳаммад ибн Ҳомид ва Муҳаммад Ҳаким Термизий бор (қаранг: Seyyid Burhaneddin Tirmizî. Maârif. Ali Riza Karabulut tercűmesi. 1995).

 

“Маориф” асари Муҳаққиқ Термизийга мансублиги баъзи олимларда шубҳа уйғотган. Жумладан, “Маснавийи маънавий” асарининг энг яхши илмий нашрларидан бирини тайёрлаган олим Муҳаммад Истеъломий румийшунос олим Бадеъуззамон Фурўзонфарнинг бу борадаги шубҳасига таяниб бундай ёзади: “Мавлоно унинг ҳужрасидан пароканда ёзувларни топиб ўзи билан Кўняга олиб келди. Эҳтимол, бу кейинчалик бошқа бир Бурҳоннинг сўзлари билан қўшилиб, “Маорифи Бурҳон Муҳаққиқ” номи билан маъруф бўлган асардир”.

 

Бизнингча, бу шубҳа ўринли эмас. Биринчидан, “Маориф” номли тасаввуфий асар ёзиш Баҳоуддин Валад мактабида урф бўлган ва бу анъанани унинг ўзи бошлаб берган. Иккинчидан, Муҳаққиқ Термизий Баҳоуддин Валаднинг пешқадам шогирдларидан ва табиийки, унинг қарашларида устозининг қарашлари ҳам ўз аксини топган. Бу ҳолатни Муҳаққиқ Термизий “Маориф”ида кузатиш мумкин. Учинчидан, Баҳоуддин Валад теграсидаги шахслар орасида яна бир “Бурҳон” ё “Бурҳониддин” исмли мутасаввиф бўлгани ҳақида манбаларда маълумот учрайди.

 

Термизий мероси ва фалсафий-ирфоний дунёқараши ҳақида маълумот берадиган тарихий, адабий манбалар саноқли. Буларга Мавлоно ҳақидаги илк маноқиб – Фаридун ибн Аҳмад Сипаҳсолорнинг “Рисолаи Сипаҳсолор ба маноқиби Худовандгор” асари, Шамсиддин Аҳмад Афлокий Орифийнинг “Маноқиб ул-орифин”и ҳамда кейинги даврда ёзилган “Тазкират уш-шуаро” (Давлатшоҳ Самарқандий) тазкирасини киритиш мумкин. Румийнинг “Маснавийи маънавий”, “Девони кабир” ва “Фиҳи мо фиҳи”, Румийнинг ўғли Султон Валаднинг “Валаднома” (“Ибтидонома”) каби асарларида ҳам Термизийга оид ишоралар мавжуд.

 

“Маноқиб ул-орифин” – Румийнинг ирфоний мақом ва мартабаси ҳақида тарихий-бадиий услубда форс-тожик тилида битилган насрий биографик асардир. Афлокий уни Мавлоно вафотидан саксон йил ўтгандан сўнг, яъни ҳ.қ. 761 / м. 1360 йилда ёзган. Биринчи жилднинг иккинчи фасли “Ҳазрати Саййиди сирдон Бурҳон ул-Ҳаққ ва-д-дин ал-Ҳусайн ат-Термизий (Оллоҳ унинг руҳини азиз айласин) маноқибида” деб номланади. Муаллиф мазкур фаслни қуйидаги қимматли маълумотлар билан бошлайди: “Ҳазрати Саййид Хуросон мулкида ва Тирмизу Бухорою бошқа жойларда машҳур эди... У доимо ботин олами, сифлий ва улвий ғайбиётдан сўзларди”.

 

Афлокийнинг ёзишича, Муҳаққиқ Термизий пири комили Баҳоуддин Валадга юксак ихлос ва муҳаббат қўйган, умрининг охиригача устози ва унинг хонадонига содиқ қолган. Шу боис бўлса керак, устозидан ўрганган ирфоний билимларни омонатдек сақлаб, кун келиб унинг фарзанди аржуманди Жалолиддинга етказишни фарзи айн деб билган. Шунинг учун у Кўняга, ёш Жалолиддин Муҳаммад дийдорига ошиқади. “Бурҳониддин келган пайтда Мавлоно Лоранда шаҳрида, қисқа муддатли хилватда ўтириб, оғир фикрий меҳнатдан бир оз фориғ бўлган ҳолда ўзига ёруғ йўл изларди. Ҳарҳолда, Бурҳониддиннинг мактублари Мавлонони Кўняга қайтарди. Бурҳон зукко ва ёқимтой гўдак ўрнида камолга етган донишмандни кўриб, мафтун бўлди” (Муҳаммад Истеъломий. Жалолиддин Румий ҳақида. 16-бет).

 

Афлокий ёзади: “Термиз улуғлари Ҳазрати Саййид фироқида оҳ-нолалар чекдилар. (Саййид Бурҳониддин) бир неча яқин дўсти билан йўлга чиқиб кўзлаган манзили сари ошиқарди. Кўния дорулмулкига етганида Шайхнинг оламдан ўтганига бир йил бўлган... эди. Ҳазрати Саййид бир неча ой давомида Санжорий масжидида эътикоф тутди. Сўнг Мавлонога турли ҳикматли маъно-мазмунларга тўла бир мактуб битиб, унда албатта унинг қайтиб келишини ва волидининг мозори ёнида бу куйган ғарибни топишини, Лоранда яшаш ва қолиб кетиш жойи эмаслигини, у (ердаги) тоғдан Кўня устига (вулқонли) олов отилишини тайинлаб, бир дарвеш ходим орқали Лорандага жўнатди. Мавлоно мактубни ўқигач, аввалига қаттиқ изтиробга тушди, сўнг хурсанд бўлиб, мактубни кўзларига суртди ва ўпди. Сўнг деди (шеър мазмуни): Ҳунар боғида сендек бир гулнинг давлат шохида униб­ўсиши учун минг йил керак бўлади. Ҳеч бир замон ва ҳеч бир асрда ҳеч ким оғир кунда етиб келишда сенга тенг бўлолмайди.

 

(Румий) зудлик билан йўлга тушиб, шаҳарга етиши билан Саййид ҳузурига шошилди. Саййид масжид эшигидан ташқарига отилиб Худовандгорга (Румий) пешвоз чиқди. Қучоқ очиб кўришишди ва ҳушдан кетишди. Дўст-биродарлар дод-фарёд чекди. Сўнг Ҳазрати Саййид қайси илмдан сўраса жавоб берди. Саййид ўрнидан туриб Худовандгорнинг оёқларини ўпа бошлади ва офаринлар айтиб деди: “Барча диний ва яқиний (аниқ ҳужжат ва аниқ далил-исботларга асосланган илм) билимларда отангдан юз ҳисса ўтибсан. Аммо отанг ҳам илми қолни (исботлаш йўли билан моҳиятини тушуниш ва тушунтириш мумкин бўлган илм), ҳам илми ҳолни (тасаввуф илми, ботиний илм, фақат эътиқод йўли билан моҳиятини тушуниш ва билиш мумкин бўлган илм) мукаммал эгаллаган эди. Эртадан бошлаб илми ҳолга қадам қўйишингни истардим. Бу илм анбиё ва авлиёнинг илми бўлиб, илми ладуний (ғайб илми) деб аталади. Ва бу илм менга Ҳазрати шайхимдан етган, сен эса уни ҳам мендан олиб, ҳам зоҳиран ва ҳам ботинан отангнинг вориси бўлмоғинг ва айнан унга ўхшамоғинг лозим”.

 

Румий Муҳаққиқ Термизий ҳузурида тасаввуфга доир билимларини қайта такрорлаб олгач, бу илмнинг янги босқичига ўтди. Бу орада “Бурҳон Мавлонога Шомга бориб бир неча йил маълумотини мукаммаллаштириб келишни тавсия қилди. Шундай қилиб, уни Ҳалабга жўнатди, ўзи ҳам Қайсариягача унга ҳамроҳ бўлди. Бундан сўнг тўққиз йил давомида гоҳида узоқдан, гоҳида эса яқиндан унга раҳнамолик қилиб турди” (“Жалолиддин Румий ҳақида”, 16-бет).

 

Мавлоно Ҳалабда зоҳирий билимларни ўрганишга киришди, сўнг Дамашқда таҳсил билан шуғулланди. Мавлоно етти йил шу икки шаҳарда яшагач, Кўняга қайтди. “Фақиҳлар ва шариат уламолари уни пешвоз олдилар, Мавлонони ўзига яқин тутган ботин аҳли эса унинг қайтишини муҳим воқеадай қабул қилдилар. Аммо Бурҳониддин Муҳаққиқнинг иши ҳануз поёнига етмаган эди. Бурҳониддин Мавлонодан илми қол захираси ҳали илми ҳол ғалвиридан ўтиб соф бўлмагани, акс ҳолда Мавлоно мадраса кибру ғуруридан қутулмаслигини... биларди. Бурҳон донишманд муридини чилла ўтириш, сукут ва узоқ хилватга ҳидоят этиб, уч чилладан сўнг бир оз хотиржам бўлди. Мавлонода ғурур ва худбинликдан асар қолмаган эди” (ўша манба, 17-18-бет).

 

Шом сафаридан сўнг “Бурҳониддин ҳидояти билан ўтирган чилладан кейин ҳам Мавлоно муридлари ва дўстларининг илтимосига кўра фақиҳлик, мударрислик ва раҳнамолик курсисида ўтирар, ҳануз отаси узоқ йиллар давомида босиб ўтган йўлдан борар эди. Аммо Бурҳон Муҳаққиқнинг ишора ва иршодларига таяниб, идроки унга “Сенинг сўзингдан ёруғроқ, шиддатлироқ шундай бир шуъла чиқиши, бу шуълани ёқиб юборадиган бирон кишининг келиш фурсати яқинлашмоқда”, дерди. Унинг дарсу баҳслари ҳижрий 642 (1244) йилгача давом этди. Мавлоно суҳбатларининг мундарижаси фиқҳнинг турли масалаларига оид эди” (ўша манба). У тўққиз йил Термизий ҳузурида бўлиб, 1230 йилда Румга қайтди. Бурҳониддин Термизий ўзи билган сирни Мавлонога топширгач, елкасидаги оғир юкдан қутулгандай енгил тортиб, Қайсарияга қайтди. Бир йилдан сўнг (ҳ. 638; м. 1240) унинг бу дунёдаги ҳаёт юлдузи шу ерда сўнди.

 

Румийшунос Абдулбоқи Гулпинарли тўғри таъкидлаганидек, эҳтимол, Саййид Бурҳониддин Румийга бир куни келиб Шамс Табризийдек бир киши келишини (исмини зикр этмай) хабар бергани учун “Саййиди сирдон” деган лақабни олгандир. Мавлавийларнинг энг қадимги маноқиби – “Рисолаи Сипаҳсолор”да эса у “Фахр ул-мажзубин” (мажзублар ифтихори) номи билан тилга олинади. Бунинг ўзиёқ орифнинг башарий даражадан юксакроққа кўтарилганини кўрсатади.

 

Устози вафот этгач, Мавлоно деярли беш йил аждодларидан қолган анъанага кўра мадрасада фиқҳ ва дин илмларидан сабоқ беради. Ҳар куни тўрт юзга яқин шариат илми толиби унинг дарсида ҳозир бўларди. Шунингдек, ўша замон фақиҳлари ва дин пешволари одати бўйича зикр уюштирилар, халқ тақво ва илм-маърифатга тарғиб этилар эди.

 

Румий отасининг муқарраб шогирди, унга болалик чоғидан меҳрибонлик кўрсатган устози Муҳаққиқ Термизийни бир умр катта ихлос ва улкан эҳтиром билан эслайди. “Маснавийи маънавий”да бир неча ўринда устозига ишора этиб ўтар экан, уни нурга менгзайди: “Нур бўл Бурҳон Муҳаққиқ сингари”. “Фиҳи мо фиҳи” асарида отаси Баҳовалад, муршиди Шамс Табризий ва халифаси Салоҳиддин Заркўб билан бирга Саййид Бурҳониддинни ҳам эслаб, ундан баъзи ҳикоялар келтиради. “Девони кабир”да ҳам устозини улуғлайди.

 

Шак-шубҳасиз, Саййид Бурҳониддин ёш Жалолиддин Муҳаммаднинг тасаввуф таълимоти ва ирфон фалсафасининг буюк бир вакили бўлиб етишишига улкан ҳисса қўшган. Румийни ирфон деб аталмиш маънавий оламнинг остонасига етаклаб борган, Шамс Табризий билан мулоқотларга ҳозирлаб, буюк мураббий вазифасини ўтаган.

 

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ

 

Шерали ТУРСУНОВ

 

“Tafakkur” журнали, 2024 йил 2-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11783
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//