Калтакланган ходимлардан, зўравон раҳбаргача: трендга чиққан “InBazar” воқеаси


Сақлаш
11:25 / 16.09.2024 37 0

Ўтган ҳафта “InBazar” бренди остидаги дўкон ходимининг калтакланиши ҳақидаги хабарлар муҳокамаси билан якунланди. Хусусан, икки кун давомида биргина Телеграм ижтимоий тармоғида бу мавзуга оид 2 мингдан зиёд пост жойланган. Ойина.уз воқеалар хронологиясини бир ерга жамлади.

 

Воқеа нимадан бошланди?

 

14 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда дўкон ишчиси кичик хатоси сабаб калтаклангани акс этган видеолар тарқала бошлади ва жамоатчилик ушбу ҳолатни кескин қоралади. Шу куниёқ “InBazar” асосчиси Оматилло Холматов ушбу ҳолатдан шокда эканлиги, айбдор қонун олдида жавоб беришини айтиб, видео мурожаат билан чиқди.

 

Бироқ воқеалар шу билан якунланмади. Аксинча кескин тус олди. Яъни бренд асосчисининг видео мурожаатидан кўп ўтмай, ёш ходимнинг қилган хатоси акс этган видеоёзув тарқала бошлади. Бироқ тармоқ фойдаланувчилари ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқарони самосуд қилиш мумкин эмаслигини таъкидлашди.

 

Энг асосий янгилик эса дўкон раҳбариятининг ходимга Спарк автомашинаси совға қилиши бўлди. Улар жабрланувчисига автомашина совға қилиш билан биргаликда, ишга тиклаб, лавозимини ҳам кўтаришди. Аммо кўп ўтмай тармоқларда мазкур Спарк автомашинаси дўкон хавфсизлик (ишчисини урган) ходимга тегишли эканлиги айтилди.

 

Тадбиркор муштумзўр бўлиб чиқди

 

Ҳолат 1-2 видео билан тугаб қолмади. Гап шундаки ижтимоий тармоқлар “InBazar” асосчисининг зўравонликлари акс этган видеоларга тўлди. Улардан бирида тадбиркорнинг ўз ходимини самосуд қилгани акс этган бўлса, яна бирида бизнесменнинг ишчиларини ҳақоратлаган аудиолари тарқалди. Шунингдек видеоларидан бирида болани калтаклаган ходимини ҳақорат қилиб, уни бир неча бора “исқирт” деб ҳақорат қилган.

 

“Шу болани ҳозир бўшатамиз, бир ойдан кейин ҳам, икки ойдан кейин ҳам биздек ойлигини вақтида оладиган ишхона топа олмайди”,  деган у.

 

Тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган видеоларидан бирида эса зўравон тадбиркор ходимларни итларга ғажитиш билан қўрқитади.

 

“Мижозга ёмон муомала қилгани учун мазасини қочирганмиз. “Клиэнт”ни уриб қолганида атайлаб “братишка”мни олиб келгандим. Ким мижозга ёмон муомала қиладиган бўлса, ўзи билан тенг болани олиб келаман. Ишхонанинг олдида, ҳамманинг олдида уриб, ер қилиб ташлайди, ҳурматини тўкиб. Йигирма ёшли ходим ёмон муомала қилса, йигирма ёшли ит олиб келаман, ғажиб ташлайди”, – деб қайта-қайта айтган Оматилло Холматов.

 

Расмийлар нима дейди?

 

Ҳолат тезкор тартибда ички ишлар органлари томонидан назоратга олиниб, муносабат билдирилди.

 

“13 сентябрь куни Сергели туманида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ишловчи 2001 йилда туғилган Б.А. ўзаро келишмовчилик оқибатида бирга ишловчи 2006 йилда туғилган М.Т.ни урган. Ушбу ҳолат савдо мажмуасининг бошқа ходими – 1998 йилда туғилган Х.Э. томонидан видеотасвирга олинган. Бироқ фуқаро М.Т. мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилмаган.

 

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (“Майда безорилик”) аломатлари билан ҳужжат расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судига юборилган”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

 

Ҳозирда “InBazar” асосчиси Оматилло Холматовга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилаётгани маълум бўлди.

 

Оқлашга уринишлар

 

“InBazar” брендига оид илк танқидий чиқишлар бошлангач, бир неча таниқли шахслар томонидан дўкон раҳбариятини оқлашга уринишлар бўлди. Улар орасида боксчи Баҳодир Жалолов ҳамда блогер Абдураҳмон Фозиловлар ҳам бор эди. Бироқ улар кўп ўтмай ўз саҳифаларидан постларни ўчириб, кузатувчиларидан узр сўрашди.

 

“1 соат олдин 1 та видеони шошиб чиқариб қўйдим. Боиси Оматиллони яхши томонларини, эҳсонларини кўрганман. Шу учун, бир нафаргина ишчисини деб ўзи ёмон отлиқ бўлмасин деб тарафини олгандим. Лекин видеоларни кўриб фикрим ўзгарди. Одамни ичини билмас экансан. Мен 30 га кирган бўлсам, шу ёшгача жаҳон чемпиони ҳам бўлдим. Лекин ҳаётимда бировга қўл кўтармаганман. Қўл кўтарган бўлсам ҳам фақат рингда уришганман. Мен зўравонликка жуда қаршиман”, – деган Жалолов.

 

Бироқ ҳамон тадбиркорнинг тарафини оладиганлар ҳам чиқиб турибди. Хусусан, таниқли актриса Муқаддас Саъдуллаева ҳам танқидчиларни қўй”га қиёслаган.

 

 

Фаоллар нима демоқда?

 

Ҳолатга биринчилардан бўлиб блогер Шаҳноза Соатова муносабат билдирди.

 

“Пул бу ҳокимият деб ўйлайдиган “янги ўзбеклар”га ва умуман ҳокимиятини суиистеъмол қилувчи барчага ибрат бўлиши учун InBazar раҳбариятига қонуний чора кўрилиши керак.

 

Лекин жамият ҳам ўз позициясини билдириши лозим – сўзда эмас, амалда. Шахсан мен “кўча” қонунлари билан яшайдиганларнинг бизнесини қўлламайман – бу тармоқдан ҳеч нима сотиб олмайман. Худди шунингдек, маҳаллийчилик қиладиган, ўзбек тилида гаплашувчи мижозларни менсимайдиган ва ҳоказо “мафкураси қийшиқ” брендлар ва муассасаларни ҳам жамият бирлашиб жазолаши тарафдориман.

 

Оммавий рад этилиш ортидан келадиган имижга ва чўнтакка зарар – энг яхши тийиб турувчи восита. Пора билан ҳам, “таниш-билиш” билан ҳам қутула олмайди”,  дейди.

 

Ёшларнинг севимли ўқитувчиларидан, блогерларидан бирига айланиб улгурган Teacher Аъзам эса бу ҳолат биринчиси эмаслигини, тадбиркорни қамаш лозимлигини қайд этади. Шунингдек у ўзи билан ҳам шунга ўхшаш воқеа бўлганини ёдга олади.

 

“Пули кўп, қутурган, қудратли шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши керак. Бу ҳолат ҳам судга оширилиши, InBazar асосчиси ҳам қилган иши учун жавоб бериши, жамоатчилик иш қандай якунланиши, қанчага қамалишию қанча жаримага тортилишини кўриши керак. Бу видеони ёзиш менга осон эмас. Чунки бунақа одамлар билан мен учрашганман, ишлаган ва билмаган қанақа эканлигини. Мени ўзимда ҳам бўлган.“Сени топиб, ўлдириб, йўқ қилиб юбораман”, деганлар бўлган. Бу воқеани неча йилдан буён гапирмасдан юраман. Балки ушбу ҳолат сабаб очиқлармиз. Ҳатто мен ҳам қўрққанман. Мен ҳам ИИБ келиб ёрдам берадими йўқми деб ишонмаганман. Чунки бизнесмен, пули кўп одам бўлса ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди деб ўйлаймиз”, – дейди блогер.

 

Ҳолатга Расул Кушербаев ҳам 2 маротаба муносабат билдирди ва ўзи айтиб ўтганидек илк эълон қилган пости тармоқларидан ўчириб юборилди.

 

“Энг таъсир қиладигани жамоатчиликдан ишончни қозониш учун фойдаланишди. Бу мени қаттиқ хафа қилди. Динни ўртага қўшиш, Оллоҳни номини ишлатган ҳолда ҳаракатларни амалга ошириш, эътиқоддан фойдаланиб одамлар ишончига киришга уриниш жуда ҳам хунук иш. Бу динга нисбатан ҳам бошқаларнинг фикрини ўзгаришига олиб келади. Шунинг учун бўлган воқеалардан ҳайратда қолдим… Шуни айта оламанки, ким бўлишидан қатъий назар, тадбиркорми, амалдорми одамларни самосуд қилишга ҳаққи йўқ. У ўзининг ходими бўлса ҳам, агар ходим хато қилса, жазоланиши керак бўлса, қонун орқали жазоланади. Ҳеч қачон урушга, тепкилашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 

Одатда бу каби ҳолатда давлат идораларида кузатилар эди. Хусусий секторда ҳам намоён бўлиши ишончни чилпарчин қилди. Умид қиламизки бошқа бунақа тадбиркорларимиз йўқ…”, – дейди Кушербаев.

 

Камдан-кам шов-шувлар ҳақида фикр билдирадиган Нурбек Алимов ҳам бугун жим тура олмади. Унинг фикрича, барчасига тадбиркор айбдор. Ҳеч ким ҳеч нарсани уюштирмаган.

 

“Айрим одамлар InBazar темаси уюштирилган, кимгадир ёқмай қолган бу одам ва бизнесменни йўқотиш учун уюштириляпти бу ишлар дейишмоқда. Ҳамма нарсани осон тушунишни истайдиган конспирологиямиялар кўп, албатта. Уларни аргументлари эса шунча компрамат видео ва аудиолар қаердан пайдо бўляпти деган саволда.

 

Аввало, бунга сабабчи ўша одамни ўзи. Ҳар битта нарсани видеохужжатлаштириб қўядиган одати бор экан. Ҳаттоки ходимлари ундан “Жесткий допрос” қилаверайми деб сўраяпти ва бунга добро олмоқда. Ўша видеоларни менга юбор деяпти.

 

Бунақа “мутный” ишларга қанча кўп одам жалб қилинган бўлса, информация тарқалиб кетиши шунчалик осон бўлади. Бу ҳаттоки ўз ишхонасининг чатида ходимларни сўкиб юмалоқ видеолар юборган. Кечаги воқеа биттагина эмас. Бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Кўплаб ишдан ҳайдалган, калтак еган ва умуман бу одамдан зулм кўрган инсонларни юрагини туб тубида йиллар давомида “Ал қасосул минал ҳақ” яшаган бўлиши мумкин.

 

Мен ўйлайманки, кечаги воқеа шунчаки триггер эди ва у интернетга чиқиб оммалашиб кетгач, бошқа норозилар шепнинг дарҳол иккиюзлама муносабат билдириб, “Честный ва адолатпеша одам” терисини ёпиниб олганидан ларзага келган. Шу сабабли ўзига сақлаб олган ёки умуман ўша пайтда уларнинг ишчи гуруҳидаги бор материалларни интернетга сиздириб юборишган. Ҳаммаси жуда оддий. Ўша оловлар ёниб кетиши учун озгина учқун керак эди ва ўша учқун кечаги “тележка” воқеасида содир бўлган. Шунинг учун, ходимлардан садоқат сотиб олишга уриниш тўғри иш эмас. Уларни олдида ҳурмат ишлаб топиш керак. Бунинг учун эса албатта одам ғирром бўлмаслиги керак”, – дейди у.

 

Журналист Азиза Қурбонова воқеанинг сабаблари, жамиятдаги умумий вазият, оилада йигитларни тарбиялашдаги хатолар ҳақида фикр билдирди.

 

“Шу кейсдан кейин кўп гуруҳларда, айнан ўсмир болалар, йигитларнинг #me_too (яъни менда ҳам бўлган, мен ҳам гувоҳман) деган ҳикояларини ўқидим, гаплашдим. Бу ҳолатлар ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат юритилмайдиган, ёлланма ишчилар жалб қилинадиган хусусий бизнесда кўпроқ учрайди деб айтишяпти. Биз йигитларни “эркак бўл, “терпила бўлма, “сотқинлик қилма, “чида деб тарбиялайдиган жамиятмиз. Самосудлар, шахсиятга дахл қилишга муросасиз кураш кераклигини айтмаймиз.

InBazar'га умрим бино бўлиб бормаганман, эндиям бормайман. Алимовнинг гапига қўшиламан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини калтаклайдиган бу тадбиркорга чора кўриши керак, – дея ёзган у.

 

Фейсбук тармоғи фаоли, педагог Гулноза Одилова пул топиб, ўзини унутадиган тадбиркорлар ҳақида сўз юритади.

 

“Семизликни қўй кўтаради”, деган мақол ўзбеклар учун – айнан биз учун айтилган бўлса керак. Дунёда шунча йирик компания ва савдо марказлари бор. InBazar уларнинг олдида чивинчалик бўлмаса керак. Чет элда кўпчилик савдо марказлари ўзининг ишчи-ходимларини “Family” – деб атайди. Бу иборани мен Корзинкада кўрганман. Ҳодимларни бир оила сифатида кўриш, уларга ижтимоий пакетлар, бонуслар яратиш машҳур савдо марказларининг бизнес стратегиясига киритилган. Ҳозир одамларни мушт, дўқ- пўписа билан ушлаб турадиган замон эмас! Жамоада соғлом муҳит, ишонч, яхши маош ва меҳр-оқибат ўз ишига сидқидилдан ёндашишга олиб келади! Тўрт сўм пул кўриб ўзидан кетган бошлиқнинг ходимларга қилаётган муомаласи, калтаги, ундан кейинги бўғиннинг шу моделни қўллаб хизматчиларнинг шаъни қадр-қимматини топташи, жисмоний зўравонликни оддий ҳолатга келтириши, жамиятдаги раҳбарият ва ходимлар ўртасидаги соғлом муносабатга асосланган моделларнинг бузилишига олиб келади!

 

Бу бозор маъмуриятига сезиларли даражада яъни чўнтаги ҳис этадиган сумма (катта жарима, бошқа маъмурий ёки жиноий жавобгарлик) кўрилиши керак! Бошлиқнинг тарқаётган самосуд видеоларидан кейин жабрланувчи йигитчага узр сифатида берилган Спаркнинг сариқ чақалик қиймати йўқ”, дейди Одилова.

 

Машҳур рассом Ҳабибулла Мўйдинов ҳам InBazar воқеасига атаб карикатура чизди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

15:09 / 18.09.2024 0 16
Афанди кимга хизмат қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

//