Ёзда қор ёғдирадиган яда тоши, аскарларга ёрдам берувчи жинлар – Кошғарийнинг ажиб ҳикоялари


Сақлаш
17:58 / 12.09.2024 56 0

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари тилшуносликка оид илмий асар бўлса-да, унда бир неча сирли ҳодисалар, ғайбга оид воқеалар, урф-одатлар ҳақида сўз борганки, уларни ўқиган киши шу воқеаларнинг баъзиларини ростдан бўлганмикан дея ўйланиб қолади. Баҳонада ўша мавзуга дахлдор бошқа китобларни титкилаб нимадир ўрганиб олади.

 

“Қулбақ – турклардан бир тақводор киши исми, у Баласоғун тоғларида яшар эди. Айтишларига кўра, у қўли билан катта қора тошга тӭӊрi қулї  қулбақ деб ёзса, оқ хат ёзилар, агар оқ тошга ёзса, қора хат пайдо бўлар эди. Унинг излари ҳалигача ҳам турибди дейдилар” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк, уч жилдлик, I жилд. Тошкент. “Фан”, 1960, 440-бет).

 

“Қумлақ – қипчоқ ерларида ўсадиган печакка ўхшаган бир ўт. Уни асалга аралаштириб, ичимлик қилинади. У кемага тушиб қолса, денгиз тўлқинланади ва кема чайқалиб, ундаги одамлар ғарқ бўлаёзадилар” (шу саҳифанинг қуйироғида).

 

Бир саҳифада келган фазилатли инсон ва ғайритабиий ўсимлик ҳақидаги икки баённинг биринчиси иймонли одамлар наздида айни ҳақиқат. Негаки, тақвоси сабаб у одам шу даражага эришган деган фикр унинг ҳақ гап эканига асос бўлади. Иккинчиси эса, мантиқдан жуда ҳам йироқ. Ахир, кеманинг бир бурчида ётган бир парча ўт қандай қилиб денгизни тўлқинлантириб юбориши мумкин. Бунга ҳам ишониш иймон билан боғлиқ – Яратган нимани амр этса, ўша бўлади.

 

Дарвоқе, қипчоқ ерлари қаерда бўлган?

 

“Қїфчақ – Қашқар яқинидаги бир жой номи”, дейди Кошғарий” (шу саҳифада).

 

“Буқуқ – буқоқ томоқнинг икки тарафи тери билан гўшт орасида пайдо бўладиган елим, гўшт касали. Фарғона билан Шикни шаҳарларида бир қанча одамлар бу дардга йўлиққанлар, бу дард доим уларнинг болаларига ҳам ўтади. Баъзилариники кўкрагини кўролмас даражада катта бўлади. Мен улардан бу касал сирини сўраганимда шундай жавоб берган эдилар: “Боболаримиз ғоят баланд товушли кофирлар экан. Саҳобалар билан жанг қилдилар. Оталаримиз уларга куч билан бостириб борибдилар, бақирибдилар, чақирибдилар. Мусулмонлар уларнинг товушларидан ҳаяжонга тушибдилар. Бу воқеа ҳазрати Умарга эшитилди. Ҳазрати Умар уларни қарғади. Натижада уларнинг бўғизларида шу дард пайдо бўлди. Уларга мерос бўлиб қолди. Ҳозир улар орасида бирор баланд овозлик киши топилмайди” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк, уч жилдлик, II жилд. Тошкент. “Фан”, 1961, 330-бет).

 

Бу мисолда буқоқ касали ажабланарли эмас, ажабланарлиси, икки шаҳар аҳолиси орасида кўплаб одамларнинг бу касалга чалингани ва буқоғининг беҳад катталиги ҳамда унинг қарғиш натижаси эканидир.

 

Шикни шаҳри ҳозир нима деб аталишни аниқлай олмадик. Умар розияллоҳу анҳунинг VII асрда яшагани ва Маҳмуд Кошғарийнинг XI асрда яшаб ўша дардмандларни учратганидан хулоса қилинса ҳамда қарғишнинг етти авлодга уриши эътиборга олинса, бу авлод ўша кезларда оталаридан мерос бўлиб қолган оғир дардни чекаётган бўлган ва авлодлар алмашинуви билан дард чекиниб унут бўлиб кетган. Қолаверса, Лев Николаевич Гумилевнинг “Қадимги турклар” асарида ёзилишича, ўша даврларда Фарғона водийсида хитойликлар, тибетликлар, уйғурлар, арабларнинг манфаати тўқнашган. Водий аҳолиси арабларга қарши курашишда Хитой империясидан ёрдам сўраган вақтлар ҳам бўлган. Шундай кезларда қайсидир қабила қарғиш олган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

 

“Jат – ёмғир, шамол ва бошқаларни талаб қилиш учун махсус тошлар (яда тоши) билан фол очиш одатидир. Бу одат улар орасида кенг тарқалгандир. Мен буни яғмолар шаҳрида ўз кўзим билан кўрдим. У ерда пайдо бўлган бир ёнғинни сўндириш учун шундай фол қилинган эди, Худонинг амри билан ёзда қор ёғди. Кўз олдимда ёнғинни сўндирди” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк, уч жилдлик, III жилд. Тошкент. “Фан”, 1963, 8-бет).

 

Яда тоши ҳақида Соҳибқирон бобомизга оид тарихда ҳам сўз борган: 1364 йилнинг баҳорида Жета хони Илёсхўжа Мовароуннаҳрга катта қўшин билан юриш қилади. Шунда Амир Темур ва амир Ҳусайн Чирчиқ дарёси бўйида унга қарши лашкар тўплайди. Икки тараф лашкарлари қарама-қарши саф тортади. Амир Темур ва амир Ҳусайннинг бирлашган қўшини сон жиҳатдан душман лашкаридан анча кўп эди. Шунда Илёсхўжа лашкарида олиб юрган ядачи яда тоши ёрдамида кучли жала ёғдиради. Натижада жанг майдони балчиққа айланиб, Амир Темур ва амир Ҳусайн қўшинининг кийим-кечак, қурол-яроғи шу даражада намиқиб кетадики, отлиқнинг ҳам, пиёданинг ҳам қимирлашга мажоли етмайди. Илёсхўжа лашкари эса кигиз ёпиниб, ёмғирдан пана бўлади. 10 мингдан ортиқ аскаридан айрилган Амир Темур ва амир Ҳусайн Кеш томон чекинади. Тарихга “Лой жанги” номи билан кирган ушбу жангда Жета хонининг яда тошидан фойдалангани Низомуддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий асарларида қайд этилган.

 

Яда тоши бадиий адабиётда ҳам тасвир воситаси сифатида истеъфода этилган. Чунончи, ҳазрат Навоий бир ғазалида 

 

Яда тошига қон етгач, ёғин ёққандин эй, соқий,

Ёғар ёмғурдек ашким чун бўлур лаълинг шароб олуд,

 

деб ёзган (20 жилдлик. Тошкент, “Фан” нашриёти, 1998, 113-бет).

 

Ўзбекистон миллий энциклопедияси айтилишича: Ядатоши, йада, жада, санги жади, хажар ул-мутур (форсча “жоду”дан олинган) – ривоятларга кўра, қадимда туркий халқларда махсус тош ёрдамида тегишли афсун-дуо ўқиш йўли билан қор, ёмғир, шамол, бўрон чақириш ёки уларни тўхтатиш удуми. Я.Н.Гумилёвнинг ёзишича, яда тоши ХХ асргача амалиётда бўлиб келган. Сигир, от ёки тўнғиз ошқозонидан чиққан тош устида ўқилган дуо ёрдамида ёмғир чақирилган. Ядатоши ҳақидаги дастлабки маълумотлар Хитой манбаларида (Тан шу) қайд этилган. Туркий халқларга оид ўрта аср тарихий манбаларида душманга қарши курашда яда тошидан унумли фойдаланилгани ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди (қ. Жангилой). С.Е.Мишганг фикрича, яда тоши билан боғлиқ маросимлар яқин вақтларгача нафақат олтойликлар, тувалар, балки бошқа туркий халқлар томонидан ҳам ўтказилиб келинган (яна қ. Сусхотин). (10-жилд. Тошкент. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2005, 355-бет).

 

Миллий қомусимизда қайд этилганидек, туркийларда қурғоқчилик йиллари ёмғир чақириш маросими ўтказилиб, “Сўз хотин”, “Сут хотин”, “Сув хотин” каби мавсум-маросим қўшиқлари айтилган. Лекин яда тоши ёрдамида ёзда қор ёғдириш жуда ҳам ғаройиб иш.

 

Бундан ҳам ғаройиброғи жинлар ҳақидагисидир. “Чїwї – бир тоифа жинлар номи. Бу шундайки, икки гуруҳ турклар бир-бирлари билан урушганда, урушдан олдинги ҳар қайси гуруҳ юртида яшовчи жинлар ўз юртларидаги одамларга эргашиб, бир-бирлари билан жанг қиладилар. Қайси юрт жинлари енгса, эртасига ўша юрт шоҳи ҳам ғалаба қилган бўлади. Қайси юрт жинлари енгилса, у юртдаги шоҳ ҳам енгилган ҳисобланади. Жанг қилувчи гуруҳлар аскарларига жинлар ўқлари тегишидан қўрқиб, чодирларига кириб яширинадилар. Бу турклар орасида тарқалган урф-одатдир” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк, уч жилдлик, III жилд. Тошкент. “Фан”, 1963, 245-бет).

 

Мўътабар манбаларда жинларнинг кўплаб тоифаларга бўлиниши айтиларкан, улардан “...ғул, ифрит, силот тоифалари машҳур” дейилган (Ислом энциклопедияси. Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003, 82-бет).

 

Модомики, ана шу санаб ўтилган уч тоифа машҳурлари экан, машҳур бўлмаганлари сирасида жинларнинг чїwї деган тоифаси ҳам бордир, ким билади. Ҳар ҳолда Кошғарий буюк олим бўлган…

 

“...Ябоқулар етти юз минг аскар билан қирқ минг аскарга эга бўлган Арслон Тегин Ғозийга қарши қилган жангда Худо уларни мағлубиятга учратди. Маҳмуд Кошғарий айтади: мен бу жангда иштирок этганлардан: кофирлар шунча кўп бўлгани ҳолда нега енгилди? – деб сўрадим; урушда кофирлар шунча кўп бўлгани ҳолда нега қочишди? – дедим. У айтди: биз ҳам бунга ҳайрон қолдик-да, кофирлардан сўрадик, уларга шунчалик кўпчилик бўла туриб, қандай қилиб енгилдингизлар, дедик. Улар айтдилар: жанг ноғораси чалиниб, ҳамла бошлангач, бошларимиз тепасида осмонни тўсиб турган яшил тоғ кўрдик. Унинг саноқсиз эшиклари бор эди, ҳар бир эшик очиқ эди. У ердан бизга дўзах ўтларини ёғдиришар эди. Биз бундай хавфда қолдик, сизлар енгдингизлар. Бу пайғамбарнинг мусулмонлар ҳимояси йўлидаги мўъжизаларидандир, дедим” (ўша манба, 247-бет).

 

Арслонхон ҳақида иккита манба мавжуд: биринчиси, Арслонхон деганда қадимги туркийларда мавжуд бўлган буғрохондан баландроқ унвон тушунилади. Буғрохон деганда эса муайян ҳудудда хоқон номидан ҳукм юритувчи хон назарда тутилади;

 

Кейингиси, “Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Довуд Кучтегин ибн Тамғачхон Иброҳим) (?–1130/1131) – Мовароуннаҳр ҳукмдори (1102–1130). Қорахонийлардан. Барқиёруқ вассали Сулаймонтегиннинг ўғли. 1102 йил Самарқанд тахтига Арслонхон унвони билан ўтқазилган. 12 минг мамлукдан иборат қўшин тузиб Дашти Қипчоққа бир неча бор ҳарбий юришлар қилган. Умрининг охирида фалаж бўлиб қолгани туфайли тахтни ўғиллари – дастлаб Наср, сўнг Аҳмад билан бошқарган. Самарқанд салжуқийлар томонидан эгаллангач (1130 й. 13 март), А.М.С. Балхга жўнатилган ва ўша ерда кўп ўтмай вафот этган. У Марвдаги ўзи қурдирган мадрасага дафн этилган. Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон даврида маданий ҳаёт бирмунча ривожланган. Бухоро ва унинг вилоятида кўплаб бинолар қурилган. Macалан, Жарқўрғон минораси ва Масжиди калон ёнидаги минора ҳозиргача сақланган” (Ўзбекистон миллий энциклопедияси, I жилд, Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000, 425-бет).

 

Мазкур уруш бўлиб ўтган кезларда Маҳмуд Кошғарий йигит ёшида эканини ҳисобга олсак, айнан ана шу Арслонхон назарда тутилгани аён бўлади. Буни унинг бир неча бор Дашти Қипчоққа юриш қилгани ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, ғозийлар душман билан юзлашган чоқда уларга ғайбдан ёрдам келгани бошқа манбаларда ҳам учрайди. Жумладан, “Манқабавий ривоятда келтирилишича, Фотиҳ Султон Муҳаммад (1451–1481) душман қўшини билан урушаётганда, оқ от минган Хожа Аҳрор жанг майдонида пайдо бўлиб, усмонли лашкарига ёрдам қўлини чўзиб, уларнинг ғалаба қозонишларига муҳим ҳисса қўшган экан, шундан кейин ғолиб Фотиҳ Султон Хожа Аҳрорга ҳадя сифатида пул юборибди. Хожа Аҳрор бу пулни Қарши кўпригини қуришга сарфлаганлар” (Сайфиддин Сайфуллоҳ. Буюклар ҳалқаси. Тошкент, “Ноширлик ёғдуси” нашриёти, 2011, 76-бет).

 

“Девону луғотит турк”да бизни ҳайратлантирган воқеалар ана шулар эди. Ишончимиз комилки, бу муҳташам асарни ёзган буюк олим Маҳмуд Кошғарий нимани битган бўлса, ҳар бирининг илмий асоси бор. Лекин олим ўша кезларда бу ҳодисаларни батафсил изоҳ бериб ўтишни лозим топмаган. Чунки авлодлар келажакда фақат менинг китобимни ўқиш билан кифояланиб қолмасдан ёзганларим сабаб бўлиб бошқа манбаларни ҳам қидирсин, излансин, илмини зиёда қилсин, деган бўлса керак-да. Сиз нима дейсиз?

 

                                                                                 Дамин ЖУМАҚУЛ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

15:09 / 18.09.2024 0 16
Афанди кимга хизмат қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

//