Қонлар, жонлар ва кўз ёшлар эвазига қўлга киритилган буюк неъмат


Сақлаш
13:27 / 30.08.2024 100 0

Бундан 33 йил муқаддам қўлга киритган тарихий ғалабамиз биздан ҳар дақиқа огоҳ бўлишимиз, сиёсий ҳушёрликни эсдан чиқармасликни талаб этади. Чунки халқимиз ҳурликнинг ўтган қисқа даврида озодлик ва эркнинг нақадар тотли эканини англаб етди. Биз энди ўзининг мустаҳкам заминига, ўз сўзи, мустақил ташқи сиёсатига, жаҳон айвонида эркин, барча билан тенг гаплаша оладиган кучли давлатга айландик.

 

Бугун юртимиз мустақиллигига муайян даражада хавф солиб турган айрим кучлар борки, биз ўз сиёсатимизда ана шу омилларга алоҳида эътибор бермаслигимиз мумкин эмас. Назаримда, бундай хавфлар жуда кўп бўлса-да, уларни умумлаштириб, икки катта гуруҳга бўлиш мумкин.

 

Биринчидан, турли ғоявий-мафкуравий таҳдидлар тобора кучайиб бораётган, қатор давлатларнинг ўз миллий манфаатларини амалга ошириш мақсадида барча воситалардан фойдаланиши авж олаётган ҳозирги глобаллашув шароитида ўзга юртларни ўз таъсирига киритиш амалиёти ҳали ҳам авж олиб бормоқда. Нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ўз сўзига, мустақил ташқи сиёсатига эга бўлган Ўзбекистонга нисбатан турли ғайриинсоний ҳаракатлар қилишга мойил давлатлар ҳали борлигини эсдан чиқармаслик керак.

 

Иккинчидан, Янги Ўзбекистон шароитида кечаётган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаётган ёки англашни истамаётган айрим ватандошларимиз борлигини ёддан чиқариш асло мумкин эмас. Кечаги куннинг кайфиятида юрган, яқин ўтмишда юртимизда содир бўлган сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, ғоявий-мафкуравий воқеа-ҳодисалардан тўғри хулосалар чиқара олмаётган баъзи кишиларнинг мустабид тузумни соғиниш ҳолатлари мавжудлиги ҳам, назаримизда, Янги Ўзбекистонни барпо этишга муайян даражада халақит қилади.

 

Шунинг учун биз муқаддас байрамимиз арафасида тарихимиз, айниқса, яқин ўтмишимизнинг айрим жирканч саҳифаларидан халқимизни хабардор қилишимиз зарур. Зеро, тарихни унутмоқ, аслида, ўзликни унутиш, ўз тарихий, маънавий заминидан жудо бўлишдан бошқа нарса эмас. Дарҳақиқат, инсон руҳияти, дунёқараши, маънавий оламида унинг келажак сари ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратмас эканмиз, бу ҳол, шубҳасиз, ҳар қандай жамиятнинг маънавий-мафкуравий асосларини емираверади.

 

Келинг, шу ўринда улуғ ва азиз истиқлол байрамимиз арафасида халқимизнинг яқин ўтмишдаги аҳволи, мустақиллик ва эрк учун курашлари тарихига қисқача назар ташлайлик.

 

Собиқ совет даври адабиётларида Ўрта Осиёнинг Россияга ўз ихтиёри билан қўшилгани ҳақидаги ақидалар устуворлик қилган. Эмишки, халқимиз XIX асрнинг иккинчи ярми, XX асрнинг бошларида ўзининг оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилаш, маҳаллий бой-амалдорлар зўравонлигидан қутулиш учун мустамлакачиларни хурсандчилик билан, туз-нон тутиб кутиб олган.

 

Бундай қараш мустабид тузум сиёсатидаги зўравонликлар, халқимизга етказилган зарар-заҳматлар ҳажмини атайин камайтириш учун тўқиб чиқилган сиёсий найранглардан бошқа нарса эмасди.

 

Хўш, аслида, қандай бўлган эди? Ўз қадр-қимматини билган халқимиз озодлик, ҳурлик қимматини ҳам жуда яхши тушуниб етган. Шунинг учун ҳар қандай душманга қарши тинимсиз қаршилик кўрсатган, ўз шаъни-шарафини кўз қорачиғидек ҳимоя қилишни миллат ор-номуси деб билган. Ўзбекистон тарихини мустақиллик учун курашлар тарихи дейишга тўлиқ ҳаққимиз бор.

 

Истилочилар қандай йўллар билан бўлмасин, юртимизнинг бой иқтисодий имкониятларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилди. Қишлоқ ва шаҳарларимиз таланди, иқтисодиётимизга катта зарар етказилди, халқнинг аҳволи эса йилдан йилга оғирлаша бошлади. Биргина 1916 йилда Туркистон генерал-губернаторлигидан Россия фронтига 654 минг 388 тонна пахта, 38 минг квадрат метр чидамли жун гилам, 49 минг 744 тонна гўшт, 70 минг бош қорамол, 12 минг 797 бош туя ва 2,4 миллион олтин рубль жўнатилди.

 

Бундай талончилик халқимизнинг оғир иқтисодий аҳволини янада қийинлаштирди. Натижада ўзбек халқи қўлига тушган қуроллар милтиқ, кетмон, ўроқ, барча воситалар билан ўз юртидан мустамлакачиларни қувиб чиқаришга бел боғлади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, биргина 18991917 йиллар мобайнида Туркистон генерал-губернаторлигида ҳукмрон босқинчиларга қарши 4922 маротаба қуролли ҳужум уюштирилди.

 

Бироқ ўлкамизнинг ўша пайтдаги оғир аҳволи, юртимизнинг жаҳон тараққиётидан жиддий ортда қолгани туфайли бу қаршилик ҳаракатлари кўпинча мағлубият билан тугаган, қўзғолончилар эса шафқатсизларча жазоланган. Шу ўринда австриялик ҳарбий асир, офицер Фриц Уилфорт 1916 йилги Жиззах шаҳридаги қўзғолонни бостириш чоғида мустамлакачиларнинг ғайриинсоний муносабатини қуйидагича тасвирлаган: “1916 йил 2 август, кўҳна Жиззах харобалар уюми, қўл остидаги ҳамма нарса ёндирилди. Биз ўзимиз (ҳарбий асирлар) ҳар томондан жасадлар ва ўлган отларни кўмишимиз керак эди. Вазифамиз барча жасадлар билан хоҳ от, хоҳ одам бўлишидан қатъи назар, чуқурни тўлдириш эди. Жасадлар сони кўп бўлса, уларни майдонга йиғиб, остидан ўт қўйишади. Қуёш жазирамасида жасадларнинг бадбўй ҳиди ҳавони бузади. Афсуски, жасадлар орасида тирикларнинг даҳшатли қичқириқлари ҳам бор: рус аскарларининг кучли зарбалари туфайли улар дарҳол бошқалар билан дафн этилади. Бу даҳшатли қўл меҳнати эвазига аскарларимиз бошлиқдан мўл-кўл озиқ-овқат, ҳатто талон-тарож қилинган кўрпа-тўшак, чой, тамаки, қуритилган мевалар каби барча турдаги нарсаларни олишга муваффақ бўлади”.

 

Ўзбекистоннинг мустақиллик учун курашлари тарихида 1918 йили Қўқонда бўлиб ўтган ваҳшийликлар алоҳида ўрин тутади. Мустабид тузум даври адабиётларида “Қўқон мухторияти” деб аталган воқеалар, аслида, Туркистон мухторияти эди. Ўша давр сиёсатдонлари бу воқеанинг сиёсий-мафкуравий аҳамиятини сунъий равишда камайтириш мақсадида уни “Қўқон мухторияти” деб атади.

 

Туркистон мухторияти миллий тарихимизнинг ўзига хос босқичидир. 1917 йил ноябрь ойида ташкил топган давлатчилигимизнинг ушбу шакли узоқ яшамади. 1918 йилнинг 18 февралидан 19 февралига ўтар кечаси қизил қўшинлар Қўқон шаҳрига уч тарафдан ҳужум бошлади. Бу ҳужумлардан мақсад ёш миллий давлатнинг “кўзини очиб қўйиш” эди. Биргина ана шу кунларнинг ўзида Қўқонда 10 минг бегуноҳ одам ўлдирилди.

 

Қўқон оғир жанглар оғушида қолди. Кўчалар, даҳалар қўлдан қўлга ўтиб турар, юзлаб, минглаб тинч аҳолининг ёстиғи қурир эди. Истилочилар 12 та тўпдан тинмай ўқ узди. Шаҳар қонга тўлди, юртимиз бундай хунрезликларни кўрмаган эди. Биз юқорида номини эслаган Фриц Уилфорт ёзади: “Қўқон йўналишидан вокзалга 25 вагон бир-бирининг устига тиқилиб қолган қизил аскарлар тўла поезд келиб қолди. Дала артиллерияси, гаубица ва пулемётлар очиқ вагонларда моҳирлик билан камуфляж қилинди. Вагонлардан бири аскарлар ва уларнинг ўлжаларига тўла эди. Бошқа вагонларда отлар, қорамоллар ва болалар йиғилиб турарди. Икки йўловчи вагонда тиш-тирноғигача қуролланган қизил аскарлар, уларнинг бошида Осипов бор эди”.

 

Аслида, нима бўлган эди? Истилочилар Қўқон шаҳрини чақмоқдек ургани, шаҳардаги сартлар орасида даҳшатли қирғинлар, эски шаҳарни вайрон қилиб, ўт қўйгани, мусулмон ҳукумати бирдан йўқ қилингани ҳақидаги хабар бутун ҳудудга тарқалди. Катта ўлжа, Қўқон банкининг бутун олтин захираси қизил аскарлар қўлига ўтди.

 

Ўша ҳодисалар гувоҳларининг ёзишича, Қўқон “олов денгизи”га айланди. Талончилик ва ўғирлик авж олди. Эски шаҳар ҳудудидаги барча корхоналар, дўконлар, банклар ва уйлар талон-тарож қилинди. Дастлаб бозор ёқиб юборилди. Сўнгра бутун эски шаҳар ҳудуди ёнди. 21 февралдан ёнғин 1520 километр масофадан кўрина бошлади. Ёнғин тахминан 15 кун давом этди. Шаҳарда ёнғинни ўчиришга одам қолмади. Жасадлар ҳиди шаҳарни тутиб кетганди, деб ёзади “Босмачилар. Туркистон миллий кураши тарихи” китобида доктор Боймирза Ҳайит.

 

Ана шу воқеалардан сўнг Туркистон ўлкасида узоқ давом этган ва шўролар даврида “босмачилик” деб аталган, аслида эса миллий-озодлик ҳаракати бошланди. Бу ҳаракатнинг мақсади юртни мустамлакачилардан озод этиш, миллий давлатчилик асосларини тиклашдан иборат эди.

 

1918 йилнинг март-май ойларида Эргаш қўрбоши қўшинлари Бачқирдаги асосий қароргоҳларидан туриб, Қўқон атрофидаги қизил қўшинларга қарши 50 дан  ортиқ ҳужум уюштирди. 1918 йилда Эргашнинг 16 мингдан 18 минггача жангчиси бор эди. Бу даврда Фарғона водийсида озодлик учун кураш оммавий ҳаракатга айланганди. Бир қанча қўрбошилар турли ҳудудларда қизил армия аскарларига қарши ҳаракатлар олиб борди: Эргаш (тахминан 18 минг одам), Мадаминбек (5 минг, айрим маълумотларга кўра 28 минг), Шермуҳаммадбек (тахминан 5 минг), Холхўжа (тахминан 3 минг), Парпи (тахминан 3600), Муҳиддинбек (тахминан 4500), Омон Паҳлавон (2500 дан ортиқ), Нурмуҳаммадбек (тахминан 3900), Жонибек (тахминан 5700) каби юзлаб ватанпарварлар мамлакат ва миллат мустақиллиги, ор-номуси учун қўлларига қурол олиб жанг қилди.

 

Мустабид тузум юртимиз тақдирида ва халқимиз ҳаётида ўта машъум асоратлар қолдирди. Шу ўринда ватандошимиз Боймирза Ҳайит қаламига мансуб бўлган қуйидаги маълумотларни беришни лозим топдик: “19171923 йилларда фақат Фарғона водийсининг ўзида 1 миллиондан ортиқ одам очликдан ўлган. Шунингдек, 19181924 йилларда 500 минг киши қизил аскарлар томонидан қириб ташланган, 1915 йили Фарғона минтақасида 2,2 миллион киши яшаган бўлса, 1924 йил охирига келиб, 500 минг киши қолган, яъни 10 йил ичида 1 миллион 700 минг киши ҳалок бўлган. Шаҳобиддин Яссавий эса 19201935 йилларда Туркистонда тахминан 2 миллиондан ортиқ киши ноиложликдан хорижга кетган деб ҳисоблайди”.

 

Боймирза Ҳайитнинг ҳисоблашича, Ўрта Осиёда 19171934 йилларда олиб борилган миллий-озодлик ҳаракатида турли миллат вакилларидан 2 миллионга яқин одам жон фидо қилган. 19301939 йилларда камида 1 миллион 700 минг киши “босмачи”ларга қўшилган, уларга ёрдам берган ёки улар ҳақида маълумот бермаганликда айбланиб, Сибирга ва бошқа жойларга сургун қилинган. Ҳаммаси бўлиб 5 миллион 600 минг киши қурбон бўлган. Бу ҳисобга чор Россияси босқинига қарши Ўрта Осиё халқлари 18531917 йилларда олиб борган миллий озодлик кураши давомидаги кўпдан кўп қурбонлар кирмайди. Агар уларни ҳам жамлаб, 130 йил давомида қурбон бўлган кишилар ҳисобланса, чиндан ҳам Ер юзидаги миллий-озодлик курашлари тарихида Ўрта Осиёдаги каби кўп қурбонлар берилмагани маълум бўлади.

 

Мустақиллик, унинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий аҳамияти ҳақида гап кетар экан, ҳеч шубҳасиз, унинг қадр-қимматини мустабид тузум шароитида миллий маданиятимизга қарши қаратилган расмий сиёсат моҳиятини англамасдан тушуниш мумкин эмас.

 

Тўғри, бу даврда халқ оммасига жаҳондаги илғор санъат, адабиёт, фан ютуқларидан баҳраманд бўлиш имкониятлари яратилди, мактаб, олий таълим муассасалари, театр, кутубхона ва бошқа кўплаб кенг тармоқли маданият ўчоқлари очилди. Шунингдек, жаҳон миқёсида муайян мавқега эга бўлган кўплаб ўзбек санъаткорлари етишиб чиқди.

 

Бироқ совет маданияти деб номланган бундай маданиятдан кўзланган асосий мақсад совет тузуми “афзалликлари”ни кўрсатиш, миллий маданиятлар, жумладан, ўзбек халқининг маданият ва санъат бобида қолоқлигини исботлаш, пировард натижада минг йиллар мобайнида мутафаккир-алломаларимиз томонидан яратилган бой маданий-илмий меросни инкор қилишдан иборат эди. 1917 йилдан кейинги давр маънавий бузилиш, “янги коммунистик маънавий-маданий қадриятларни” кўзлаб ишлаш даври бўлди. Бу ҳол, энг аввало, маънавий-маърифий соҳага сиёсий-мафкуравий тус беришда ўз аксини топди. Санъатнинг бутун қудрати, санъаткорларнинг истеъдоди социализм ғалабаси ва унинг келажаги учун хизмат қилиши лозим эди.

 

Мустабид тузум даври маданиятининг ўзига хос жиҳатлари шундан иборат эдики, унга биноан ҳар бир миллий маданиятнинг ривожланиши партия кўрсатмалари асосида бўлиши, бунда синфийлик, ғоявийлик асосий тамойиллар ҳисобланиши шарт этиб белгиланди. Социалистик маданият ўз табиати ва мазмунига кўра тоталитар хусусиятга эга бўлиб, унда асосий эътибор ҳукмрон партия ва совет давлати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

 

Ўша даврларда қабул қилинган барча қарорлар, партиявий кўрсатмалардан кўзланган мақсад эса ўзбек маданияти, санъатини “ғоясизлик”, “миллатчилик”, “ғарбпарастлик”, “халқ манфаатларига қарши формал фаолият”, “ҳаётий ҳақиқатни бузиб кўрсатиш”да айблаш, айбдорларни эса жазолашдан иборат эди. Масалан, биргина 1951 йил августда республика матбуотида маданият соҳасидаги мафкуравий жараёнларга бағишланган туркум мақолаларда Туроб Тўла, Миртемир, Собир Абдулла, Ойбек, Ҳабибий, Ҳоди Зариф, Ҳомил Ёқубов, Иззат Султон каби адиб, олимлар социалистик реализм тамойилига номуносиб фаолият кўрсатгани кескин танқид қилинди.

 

Ўтган   асрнинг   50-йиллари бошларига келиб, Ўзбекистон маданий ҳаётида яна катта қатағон сиёсати бошланди. Айниқса, бу жараён 1951-1952 йилларда кучайди. “Совет тузумига душманлик” фаолияти учун Шукрулло, М.Шайхзода, М.Осим, С.Аҳмад, М.Исмоилий, Шуҳрат, Ҳ.Сулаймон ва бошқа ёзувчи, шоир, олимлар узоқ муддатли қамоқ жазосига тортилди. 1952 йил февраль ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси пленумида адиблик иши шахсий иш эмас, балки партия ва давлат иши экани, ҳар бир шоир, ёзувчининг асари даражаси унинг коммунистик ғояларга қай даражада мослиги билан белгиланиши лозимлиги қайд этилди. Ушбу даврда “Алпомиш” достони ҳам ғоясизликда айбланди, у оддий халқ манфаатларига зид деб баҳоланди. Кейинчалик минг йиллар давомида халқимиз миллий-маданий меросига айланиб бўлган Наврўз байрами ҳам эскилик сарқити, халқни тўғри йўлдан чалғитувчи тадбир сифатида танқид қилинди ва унинг номи “Навбаҳор” деб ўзгартирилди.

 

Фикримизча, миллий давлат мустақиллигининг том маънодаги ижтимоий аҳамиятини тўғри тушуниш, бугунги куннинг шукронасини қилиш учун ҳам ушбу яқин тарихни ўрганиш лозим. Қолаверса, ҳақиқат нисбатда билинади. Бугун айрим ватандошларимизнинг мустабид тузумни қўмсаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар мазкур масалага эътибор беришимизни талаб қилмоқда.

 

Юқорида баён этилган масалаларга аҳамият берсак, яқин тарихимизда йўл қўйилган хатоларимизни эътироф қилсак, шубҳасиз, мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги етти-саккиз йил ичида қўлга киритган ютуқларимиз салмоғи янада равшанроқ кўринади.

 

Келинг, яхшиси, шуларнинг айримлари хусусида тўхталиб ўтайлик.

 

Биринчидан, биз бугун мамлакатимизда яшовчи барча халқлар ва миллатларнинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари, айниқса, ривожланиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, имкониятларини рўёбга чиқариш ғояси реал ҳақиқатга айланганини кўришимиз мумкин.

 

Буларнинг бари ушбу мақсадларга тинч, адолатли, ҳар қандай ижтимоий тўсиқлардан холи, инклюзив ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳокимият органларининг барча бўғинларида самарали бошқарув, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш орқали эришиш имкониятлари ва тизимини шакллантирмоқда. Кейинги йиллардаги энг катта ютуқларимиздан бири жамиятда “инсон жамият давлат” тамойилининг ҳаётга жорий этилиши бўлди, дейиш мумкин. Бу фикрларнинг ҳаётдаги ифодасини эса қонунчилигимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар сони 3,5 баробар оширилганида, 40 дан ортиқ янги конституциявий ҳуқуқ муҳрланиб қўйилганида кўриш мумкин.

 

Иккинчидан, мамлакатнинг салоҳияти, миллат равнақи иқтисодиётнинг барча жабҳаларидаги тараққиёт даражасига, замонавий давлат эса инновацион иқтисодиёт ва янги технологияларга асосланган индустрияга боғлиқ. Ана шу ҳақиқатни эътиборга олган ҳолда бугун билимлар ва инновацион иқтисодиётни мустаҳкамлаш, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш Янги Ўзбекистон миллий қиёфасида алоҳида ўринга эга бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ кенг кўламли илмий-техник кооперация ва янги технологияларни, илм-фан ва техника ютуқларини иқтисодиётга жорий этмасдан туриб, барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишга эришиш мумкин эмаслигини бот-бот таъкидлади.

 

Инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида янги ишланмалар ва замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш, инсон капитали ҳамда илм-фан соҳаларини ривожлантириш мақсадида 2019 йилдан Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2030 йилгача таълим, илм-фан ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни назарда тутадиган дастурий лойиҳалар ҳамда “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 

Учинчидан, агар 2016 йилгача ҳам давлатни бошқариш, иқтисодиётга раҳбарлик қилиш борасида давлат монополияси ва бошқарувнинг маъмурий усуллари сақланиб қолган бўлса, бугунги кунга келиб, бу борада жиддий сифат ўзгаришлари ва олдинга силжишлар юз берди. Давлат монополиясига аста-секинлик билан чек қўйилиши, иқтисодиёт соҳасида соғлом рақобат муҳити юзага келиши, ижро ҳокимияти тизими ислоҳ этилиши, маъмурий-бюрократик тўсиқлар олиб ташланиши мамлакат ижтимоий-иқтисодий қиёфасини ўзгартириб юборди.

 

Ҳозир давлат монополиясида бўлган электр генерацияси, иссиқлик таъминоти, кимё, авиация, таълим каби соҳаларга хусусий сектор жадал кириб келмоқда. Хусусийлаштириш дастури доирасида давлат улуши мавжуд корхоналар сони 6 баробар ёки ҳозирги 2,3 мингтадан 360 тага камайди. 17 турдаги давлат монополияси бекор қилиниб, уларга ҳам хусусий сектор фаол жалб қилинди.

 

Тўртинчидан, Янги Ўзбекистонда инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари, бутун жамиятнинг энг устувор ва муқаддас мақсадига айланган. Буни айрим рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди. Масалан, 2023 йили давлат бюджетида 130 триллион сўм, яъни барча харажатларнинг салкам 50 фоизи ижтимоий соҳага ажратилган. 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, ҳозирги кунда 2 миллиондан ортиқ оилага моддий кўмак бериляпти. Ажратилган маблағ эса 7 баробар кўпайди.

 

Халқимизга қулай ҳаёт шароитини таъминлаш учун 300 га яқин давлат хизмати тўлиқ рақамлаштирилди ва аҳолига 50 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди.

 

Бешинчидан, бугун юртимиз катта қурилиш майдонига айланди. Бундай ҳажмдаги қурилиш ишлари мамлакатимиз пойтахтида 1966 йилги зилзиладан кейин бўлмаган эди. Натижада сўнгги 6 йилда республика бўйича 300 мингта ёки аввалги йиллардагига қараганда 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Одамларни сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш амалиёти жорий этилмоқда. Биргина 2023 йилда 38 та шундай массив ташкил топди.

 

Бундай мисолларни юзлаб, минглаб келтириш мумкин. Юртимиздаги барча бунёдкорлик ишлари, туб ислоҳотлардан кўзланган мақсад эса халқимизнинг тобора ортиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, одамларимизга сифатли ҳаёт учун қулай шароитлар яратишдан иборатдир. Айни пайтда мамлакатимизнинг халқаро нуфузи йилдан йилга ортиб бормоқда, Янги Ўзбекистонни ўзининг яқин ҳамкори, ишончли шериги сифатида кўришни истайдиган давлатлар, халқаро ташкилотлар сони янада кўпаймоқда. Аслида, мустақилликнинг реал кўриниши ҳам шундан иборат.

 

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 30 август, 175-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//