Абдулла Орипов 1965 йилда ёзган шеърларидан бирини “Она тилимга” деб номлаган ва унда мана бу башоратни битган эди:
Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
Миллатининг дарди юрагини емирган, қарийб саксон йиллик умри давомида ҳам оломоннинг халққа айланганини кўролмаганидан армонда ўтаётган Эркин Воҳидов эса кетар чоғи чўнг афсусга ботди:
Муслим бўлдик арабдан ортиқ,
Ўрис бўлдик русдан зиёда.
Бирни топсак ёруғ дунёда,
Ўн каррани қилганмиз тортиқ.
Ичдик, чекдик шўро юртида
Ўздик барча оғалардан ҳам.
Юзсизликда ошмасак бўлди
Овруполик тоғалардан ҳам.
Камина бир ўқув даргоҳида мураббий ўлароқ, икки устоз шоир ҳали ҳаёт эканида талабаларимга қуйидаги мазмундаги гапни уқтиришга ҳаракат қилар эдим: “Бир нарсани билиб қўйинглар: улар-ку ҳозир – шу табаррук ёшларида ҳам – унча-мунча “ғайратли ёш ижодкорлар”дан кўра кўпроқ ва хўброқ ёзишмоқда. Бироқ ҳатто бир сатр ёзмай сукут қилганларида ҳам, фақат тирикликларининг ўзи халқимиз, миллатимиз учун ғоят муҳим ҳодисадир. Чунки нафақат шоиру носирлар, балки манаман деган амалдорлар ҳам бирор ишни қилиш, бирор ғоя, таклиф, мулоҳазани илгари суришдан олдин “Буни эшитса, Эркин ака нима деркан, Абдулла ака қандай баҳоларкан?” дея тараддудга тушади...”
Дарҳақиқат, Ўрхун-Энасой тошбитикларининг жафокаш муаллифидан тортиб (“Эй турк будун, тепадан осмон узилиб босмаса, пастдан ер ёрилиб ютмаса, ким сенинг орангни бузади – нечун ўзингга хиёнат қиласан?!”) то шоир Шодмонқул Саломгача (“Чиқиб кетдим мен меҳрнинг меҳваридан, Жудо бўлдим коинотим гавҳаридан”) халқимиз табиатига ўрнашиб қолган иллатлар, хусусан, кўр-кўрона тақлидчилик, ортиқча таассубга берилиш, мутаассибликка муккадан кетишдек хавфли ҳолатлардан озурдадирлар.
Пойтахтдадир, Самарқанду Андижондадир – аксар “янги ўзбеклар” қурдираётган иморатларга разм солайлик: итальянчаси, испанчаси, америкачаю арабчаси бор, лекин ўзбекчаси – анқонинг уруғи! Католик черковининг учли қуббасига ўхшатиб том ёпишдан тортиб эллик даражали саратон иссиғида одам боласи чиқиб ухламайдиган “мансарда”лар, бир йилда нари борса тўрт марта келадиган “нозик меҳмонлар учун” безатилган тиллоранг заллару хитойнинг узун-қисқа кўзалари билан булғорлар ва серблар ясаган турфа чинни ҳайкалларга тўла меҳмонхоналар... Шунча дахмаза орасида фарзандлар сокин шуғулланиши учун кичик бир дарсхонаю юз донагина китоби бор жажжи кутубхонага жой топилмайди!
Ижтимоий тармоқларда ўқиганим бир ҳаётий воқеа таассуроти нафақат зеҳнимга, қалбимга ҳам ўрнашиб қолди: олмониялик зиёли сайёҳ уни Тошканду Бухорога, Самарқанду Хивога олиб борган мезбон йигитга кетар чоғи бир аччиқ гапни айтибди: “Гувоҳи бўлдимки, сизларда ҳар беш қадамда бир емакхона – кафе, ресторан, ошхона. Сизлар жуда овқатхўр халқ экансизлар. Овқатни яхши кўрадиган одамнинг эса жони жуда ширин бўлади. Жони ширин одамлардан ташкил топган халқ, афсуски, курашларга ярамайди...” Ўша емакхоналарга қўйилаётган, одамлар онгу шуурига сингдирилиб, болаларимиз зеҳнига тиқиштирилаётган номларга ҳам боқайлик: ўрисча, инглизча, японча, хитойча, итальянча, арманчаю олмончаси бор, лекин ўзбекчаси қаҳат! Бу илмилиқ ошёнларда ошқозон овқатга, мия ахлатга тўлаверади! Ўша жойларда уюштирилаётган “висол оқшоми”га (астағфуриллоҳ, тўрт юз-беш юз номаҳрамни ҳеч бир истиҳоласиз икки ёшнинг тўй базмига эмас, тўғридан-тўғри “висол оқшоми”га таклиф этадилар!) олиб кирилаётган “янгиликлар” эса бир замон дунё маданиятининг яратувчиларидан бўлган халқ ҳозирда аянчли бир даражага тушиб қолганига далилдир.
Номигагина “миллий” телевидениенинг барча каналларида намойиш этилаётган, уялмай-нетмай “муаллифлик кўрсатуви” деган унвонга даъво қиладиган томошаларни эса айтмай-да қўяйлик: уларнинг аксари дунё телеэкрани тирқишидан тушиб қолган, ўғирланган лойиҳалар. Кошки, тўғридан-тўғри оригиналдан олинган бўлса. Йўқ, бор-йўғи шўрвасининг шўрваси: руслар Ғарбу Шарқдан ўзлаштиради, бизникилар улардан нусха кўчиради.
Машъум шўро замонида миллатларнинг тафаккуридан дунёқарашигача, эстетик дидидан турмуш тарзигача бир қолипга солишга ҳаракат қилинди, бироқ ўшанда ҳам халқимиз иложи борича ўзлигини – минг йиллик урф-одатлари, анъаналари, маданияти ва маънавиятини асраб қолишга уринган эди. Нафақат вилоятлар, ҳатто туманлар миқёсида ҳам бир-биридан фарқ қилувчи бу ранго-ранг маданият дунёнинг ҳамма халқларида ҳам беистисно бор деб айтолмаймиз. Дастурхон тузаш бўладими, уй безашми, ҳовли-жой тарҳию унда парвариш қилинадиган зироатларгача – ўзбек халқининг асрлараро жамланган бебаҳо бойлигидир. Бу гапни либос маданияти борасида ҳам бемалол айтиш мумкин.
Гапни бошдан бошласак, ҳатто мутахассислар ҳам эркак ва аёллар бош кийимлари турию хилининг саноғига ета олмаслиги тайин. Қорақалпоғистоннинг Кегейлисидан тортиб Фарғонанинг Қиргулисигача, Қашқадарёнинг Чироқчисидан тортиб Наманганнинг Чустигача бўлган жойларда яратиладиган бошкийимларни кўз олдимизга келтирайлик. Бирортаси бир-бирини такрорламайди; ҳар бирининг ўз бичими, гули ва нақши бўлган бу чинакам санъат намуналарини дунёнинг яна қай ерида учратамиз? Бувиларимиз, оналаримиз таққан мис, кумуш ва тиллодан ясалган тақинчоқларга ишланган гуллар, нозикдан-нозик безаклар не-не ҳунарманд заргарларнинг ўткир зеҳни, бой тахайюлию моҳир қўллари маҳсули эмасми?
Чинакам халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Гоҳи ипак, гоҳи яктак бўзингдан-а, Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдан-а!” дея фахр туюшига асос бўлган усткийимларимизнинг намуналари бир жойга йиғилса, кўз олдимизда қандай манзара пайдо бўлишини бир тасаввур қилайлик. Водийнинг, Тошкентнинг, Самарқанду Бухоронинг, Навоий ва Сурхондарёнинг, Қашқадарё ва Хоразмнинг биргина эркаклар тўни – чакмон, чопон, гуппи, алача...ларидаги ранг-баранглик, ҳар фаслга, ҳатто касбу корга мослангани, белбоғларнинг-да юзлаб хили фарқланиши – бу халқнинг бизга қадар ҳам “лайлак ҳайдаб юрмаганидан” (М. М. Дўст ибораси) далолат эмасми?!
Аёллар ва эркаклар маҳсилари қўнжига солинган гуллар бошқа бирор халқдаги безакларни такрорламаслиги, ёғоч кавушдан тортиб “амиркон маҳси”гача – ҳар жой ва фаслга мослаб тикилган оёқкийимларимиз жамламасининг ўзи қанча-қанча меҳнат ва ижодий тафаккурдан далолат!
Хонатлас, адрас, беқасам, шойи, алак, бўз, чит ва яна бошқа кўплаб миллий матоларнинг ўзи неча авлодларнинг тинимсиз изланиши, чин маънодаги кашфиёти, ахир! Биргина хонатласнинг фақатгина марғилонлик ҳунармандлар яратган юзлаб нусхаси борлиги халқимиз либос маданияти бой эканига ёрқин далилдир. Қизалоқ набираларимиз, опа ва онажонларимиз байраму ҳайитларда, турли тадбирларда хонатласдан кўйлак-лозим, бошларига ироқи ёхуд зардўзи дўппиларини кийиб юришлари қанчалар завқ-шавқ, гўзаллик ҳисси ва ҳаётга муҳаббат уйғотади.
Бироқ шу хил кийинган опа-сингилларимиз, оналаримиз тимсоли энди фақат санъат ва этнография музейларида жонсиз экспонат бўлиб қолиши, шунча асрлик ижодий, илмий, эстетик меҳнат самараси тарихга айланиши миллат ва унинг маданияти учун оғир кўргилик, халқ тақдиридаги чинакам таназзул, фожиа эмасми? Биз бугуннинг эгалари эканмиз, шу буюк бойлик ўрнига ўзимизга нималарни эп кўрмоқдамиз, кимларга тақлид қилмоқдамиз?!
Бир гуруҳ замондошларимиз Ғарбнинг энг паст, маърифий тараққиётдан йироқ қатлами кийим-бошини замонавий мода санаб, бориб турган омилигини ошкор қилади. Ишонмасак, бориб-кўриб гувоҳ бўлишимиз мумкинки, мутараққий Ғарб мамлакатларида бесўнақай шапка, тиззаси йиртиқ шим, киндикдан юқори кўйлак, яланг оёққа крассовка киядиганлар аҳолининг мингдан биринигина ташкил этади. Уларнинг номи – “ижтимоий мавқеи” ҳам ҳамма жойда бўлгани сингаридир – дайдилар, уйсизлар, тарки дунё қилганлар. Ғарбнинг аксар аёллари бебилиска упа-элик суриш, улама киприк тақиш, танани кўз-кўз қиладиган энгил-бош кийиш, турли аъзоларини укол билан шишириб, кўчадагиларни ўзига қаратишни хаёлига ҳам келтирмайди. Улар учун энг муҳими – ёшига, мавқеига ярашиқли, ҳаракатланишига қулай, фасл ва об-ҳавога мос, табиий матолардан тикилган либос кийиш. Кези келганда бир аччиқ ҳақиқатни ҳам айтиш керак: “Одамзод феълу хўйида пайдо бўлаётган жамики уятсизлик, яланғочлик, шаҳвоний иллатларнинг ягона уяси, тарқатувчи ва тарғиботчиси – Ғарб” деган бирёқлама қарашдан қутулиш вақти аллақачон келган!
Тақлидчиликнинг кейинги вақтларда тобора кучайиб бораётган бошқа бир кўринишини ҳам сезмаслик мумкин эмас. У ҳам бўлса, ўзбекона кийимларимиз ўрнига Яқин Шарқ, араб юртларида расм бўлган либосларга бурканиш ҳолатидир. Биз ҳозир бошқа мутахассислар айтган гапни – бу халқларнинг айнан шундай либослар кийгани табиий-иқлимий шароитга боғлиқлиги тўғрисидаги тарихий ҳақиқатни такрорлаб ўтирмайлик-да, масаланинг яна ҳам муҳимроқ бошқа жиҳатларига эътибор қаратайлик. Агар ўша халқларнинг маданий даражаси, деҳқончилик ва ҳунармандчилик соҳасида эришган натижалари Мовароуннаҳр ҳамда Хуросон заминида юзага келган иқтисодий, илмий, маданий-эстетик даражадан фарқ қилган бўлса, кимнинг кимдан ўрганиши, боринг ана, тақлид қилиши тўғрироқ бўлади? Ахир, илғорроғига эргашиш, фойдалироғидан ўрганиш афзал эмасми?
Дейлик, у юртларда ипак қурти боқиш, пилла етиштириб, ундан ипак олиб, атласу адрасдек матолар тўқиш, бу матолардан ранго-ранг кийимлар, рўмоллар тикишга имкон топилмаган бўлса; у юртларда биздагидек қиш совуқ келиб, турфа иссиқ кийимлар кашф этишга эҳтиёж туғилмаган бўлса, бизнинг аждодларимизда нима айб? Нима учун биз бошқаларга кўр-кўрона тақлид қиларак минг йиллар оша келаётган мукаммал кийим маданиятимиздан воз кечишимиз, бу беқиёс амалий санъатимизни музей мулкига айлантиришимиз керак? Ахир, биргина хонатлас матосининг яралиши ва ундан кийим-бош тикилиши – ҳам ипакчилик, ҳам кимёвий ишлов, ҳам тўқимачилик, ҳам дизайнерлик илми ҳамда саноатини талаб қилиши кундай равшан-ку! Биз эслаётган халқларда бу саноат тизимининг шаклланмагани, матолар аксар бир хил – оқ ёхуд қора, улардан бичиладиган кийимларнинг эса одми-содда бўлгани, боя таъкидланганидек, турли табиий ва тарихий ривожланиш омиллари билан изоҳланади.
Таассуфки, бизнинг бу борадаги билим ва қарашларимиз маҳдудлиги, дунёга чиқиш имкониятини суиистеъмол қилишимиз миллий маданиятимиз, унга боғлиқ ҳолда миллионлаб одамлар тушунча ва тасаввурларининг тараққиётга эмас, таназзулга қараб боришига сабаб бўлмоқда. Кийим бозорларимизни босиб кетган, исломга алоқаси йўқ Хитойдаги цехларда тайёрланаётган, замонамизнинг айрим дурагайлисон аёллари тили билан айтганда “хиджаб” деб номланадиган кийимларга ружу қўйиш, ўзидек кийинмаганларни яккалаш, ҳатто ҳақорат қилишга ҳаракат, миллий маданиятдан бегоналашув, миллий нигилизм тобора кенг ёйилмоқда.
Боя эслаганимиз – сирти ажнабийча тарҳу тарзда қурилган уйларнинг ичидаги ҳаётда ҳам – дастурхон тузашдан тортиб ота-она, яқинлар билан кўришишгача тақлидга ўтилмоқда. Бу “янги” мулозаматлар орасида меҳмон қўлига сув қуйиш, таомни ёши улуғлар бошлаб бериши, сўнг Оллоҳга азтаҳидил шукр ила дуо қилиш сингари азалий одатларга ўрин топилмайди...
Илмий-ижодий ўрганиш, таъсирланишнинг кўр-кўрона тақлиддан мутлақо фарқланишини исботлаш учун вақт сарфлаб ўтириш шарт эмас. Агар тамаддунлар тарихига назар солсак, инсоният ўтмишида кузатилган ҳар икки Ренессанс – турфа элларнинг олам ва одамни чуқур англашга ҳаракат қилган илғор вакиллари ўртасидаги илмий-ижодий мулоқот, бир-биридан ўрганиб ўсиб-униши, яратувчиликка илҳомлантирган таъсир натижаси эканига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, халқимизнинг зиёли қатлами – тарихшунослар, маданиятшунослар, этнографлар, санъатшунослар биз бир қисминигина тилга олган долзарб муаммоларга жиддий эътибор қаратишлари, миллий маданиятимизни сақлаб қолиш, уни замонга мос тараққий эттириш борасида саъй-кўшиш қилишлари талаб этиладики, акс ҳолда, турли соҳалардаги тақлид, таассуб, мутаассиблик бизни миллий қиёфа ва ўзликдан бенасиб қилмоғи мумкин. Алҳазар!
Раҳмон ҚЎЧҚОР
“Tafakkur” журнали, 2022 йил 4-сон.
“Тақлиднинг туққани таназзул” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ