ЛОЙҚА СЕРИАЛЛАР кимдир буни назорат қиладими?


Сақлаш
20:45 / 01.08.2024 220 0

Бонг

Миллий сериалларимиз ҳақида гапириш урф бўлди. Бироқ улар ҳақида қанча кўп салбий фикр айтилса, худди атай қилгандай, шунча авж олаётир. Тентакка тентак десанг арпа бўйи ўсади дегани шудир балки. Авваллари сериаллар хусусида эксперт, киношунос, журналистлар сўз айтган бўлса, бугун оддий томошабинлар ҳам фикр билдираяпти. Интернетда телевидение орқали эфирга кетаётган сериаллар ҳақида юзлаб одамларнинг фикрини ўқишингиз мумкин. Аҳамиятлиси, бу фикрлар сериалларни суратга олиш жараёни тугамай айтилмоқда. Ижодкорлар ҳам сериални томошабинлар танловига, маслаҳатига қараб давом эттиради. Қойилмисиз?

 

Масалан, «Менинг юртим» хусусий каналида икки йил олдин «Xon films» ижодкорларининг «Номус» сериали эфирга берилган эди. Адашмасам, шу кунларда такроран намойиш этилмоқда. Томошабинларнинг изоҳларига эътибор қаратамиз:

 

50-қисм. О.: «Бу беномуслар қачон тугайди? Шу кинони ишлаб чиқарганга лаънатлар бўлсин. Шу кинонинг қаерини яхши деб айта оласизлар, яна иккинчи фаслга бало борми? Ўзбекистонда бунақа одамлар бўлиши керак эмас». «Бу сериалнинг номи “Номус” эмас, “Беномуслар” бўлиши керак. Нимаси номус бунинг, фарзанди кимданлигини билмаган аёлни икки эркак талашиб ётибди».

 

Мазкур сериал 247-қисмгача давом этган. Демак, бир йил давомида экрандан тушмаган. Истайдими-йўқми, одамлар бир йил қаҳрамонларнинг тутуруқсиз ҳаётини томоша қилишга мажбур. Тўғри, сериалдаги воқеалар ҳаётимизда учраб туради. Аммо сценарий шу қадар бўш, савиясиз ёзилганки, воқеаларга ишониш қийин. Сериалда бир қарасанг бош қаҳрамонлардан бири Алишернинг сочи мажнунникидек ўсиб ақлдан озади, бир қарасанг, яна бир қаҳрамон Ғолиб дайдига айланиб қолади. Икки эркак ҳам бир аёл – Гулнорани севади. Гулноранинг фарзанди Алишердан, аммо у Ғолибга тегаман дейди. Ғолиб эса бола бировданлигини билиб туриб ҳам бахтли. Буни кўрган бир томошабин ёзаяпти: «Тавба, Алишер ўз хотинини эрга бераяпти?..».

 

Сериал бошида Гулнора Ғолибни танлайди, охирида эса Алишерга тегишга рози бўлади. Ҳаётда бунга ўхшаган воқеалар учраб туради. Аммо бу борада қарор қилиш шу қадар тез ва осон эмас. Сериал қарийб бир йил давом этса-да, инсоннинг ички олами очиб берилмайди. Қаҳрамонларнинг руҳий касал бўлиши ҳам, бомж бўлиши ҳам, ҳатто бир юмалаб тузалиши ҳам осон.

 

Шу ўринда яна томошабинларнинг фикрларига диққат қилайлик.

 

С.: «Мурожаат, ҳурматли режиссёр, илтимос, қизларимиз бахти билан ҳазиллашманг, қайси сериал бўлмасин, қизнинг тўйи куни олиб қочиб кетади. Наҳотки шунчалик паст кетасизлар! Пуш ишлаш керак деб ҳар хил уйдирма нарсаларнинг нима кераги бор?».

 

М.: «Ғолиб ролини зўр ўйнаган, ҳақиқий чиққан, омадини берсин, ҳаётда бундай оилалар бўлмасин, бирининг эрини тортиб олган, бирининг хотинини севиб қолган».

 

Д.: «Кино нима бўлиб кетди, мен анчадан бери кўрмай қўйгандим, чалкашиб кетдими, Алишер шунда нечанчисига уйланаяпти?».

 

Бир изоҳда томошабинларнинг бири шундай ёзади: «Ўлим ўйинчоқ, бола ўйинчоқ, қизларнинг иффати ҳам ўйинчоқ, муҳаббат ҳам ўйинчоқ. Агар муҳаббат ўйинчоқ бўлмаганида Алишер сериалдаги бутун персонажларни навбати билан севиб қолмас ва охирида яна Гулнорага қайтмас эди...».

 

66-қисмда эса бир мухлис сериал ичида адашиб қолганини ёзади:  «Гўзал ростдан ўлганми ёки яна тириладими? Жавоб ёзинглар, илтимос, ҳеч вақт кинодаги бош қаҳрамон ҳам ўлиб қоладими?».

 

Акбар Инсопов, режиссёр, продюсер: «Маиший мавзулар учун цензура йўқлиги ғалати. Фаҳш саҳналар кетаяпти. Сериалларда мавзу бир хил: опасининг эрига синглиси тегиб олади, кимдандир ҳомиладор бўлиб қолади ва ҳоказо. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Жуда очиқчасига кўрсатилаяпти. Бунинг сабаби шуки, телеканаллар шу нарсаларни талаб қилаяпти. Нега каналлар ўшани талаб қилаяпти? Чунки томошабинлар бугун хусусий каналларни кўпроқ кўраяпти ва рейтинг мана шундай фаросатсизлик ва бачканалик орқали кўтарилаяпти. Рейтинги юқори каналларга эса кўп реклама беришади.

 

Одамларнинг кўриши учун сифатли маҳсулот бўлмагач кўради-да. Лекин халқ шуни кўраркан дея тиқиштиравериш ҳам нотўғри. Телеканалларга савияли нарсаларни олиб борсангиз, “бизнинг каналга тўғри келмайди” деган жавобни эшитасиз. Уларниям тушунса бўлади, ён қўшнидаги канал маиший мавзудаги сериал қўяди ва рейтингда ўзиб кетади. “Менинг юртим” телеканалида “Пирамида” деган яхши сериал қўйилди, бошқа каналда эса маиший мавзудаги. Оқибатда бугунги долзарб мавзу – фирибгарлик ҳақидаги “Пирамида” сериали рейтинг ололмади. Яна бир режиссёр 20 қисмли сериал суратга олди. Ички ишлар мавзуси бўйича. Чет эл филмларидек, Ҳолливуддагидай катта пул сарфланди. Бу сериал ҳам рейтинг ололмади. 

 

Томошабинни енгил-елпи асарларга ўргатиб қўйдик. Бундан қутулишнинг ягона йўли барча каналларда бачкана мавзуларни тақиқлаш керак. Шу тариқа одамларни савияли мавзуларга ўргатиш лозим. Аста-секин савияли кўрсатувларни кўришга мослашади ва дид ўсади...». 

 

Шу кунларда «Миллий» телеканалида яна бир сериал намойиш этилмоқда. Жаҳонгир исмли бош қаҳрамон 15 йил бирга яшаган хотини Исмигулдан осонгина воз кечиб кетди. 

 

Мазкур сериалга ёзилган изоҳларда кўпчилик Исмигулнинг фарзандли бўлиб Жаҳонгирни жазолашини истаяпти. Исмигул эса шаллақи, уришқоқ Жамила опанинг қизи. Жамила опа ролида Саида Раметова. «Йиғлаган қизлар» сериалининг бош ғояси номаълум. Хотинидан воз кечган ва бир нечта қизнинг бошини айлантирган субутсиз Жаҳонгирнинг тўхтаган бекати Наргиза исмли яна бир шантажчи аёл. Умуман, бу сериалларда аёлларнинг деярли барчаси оми, пулга ўч, мақсади фақат қандай қилиб бўлса-да эрга тегиш қилиб тасвирланади. Жамила опа Наргизани куёвини илинтириши, у ҳақда маълумот тўплаши учун ёллайди. Наргиза эса буюртмани бажариш ўрнига Жаҳонгирни чиндан севиб қолади. Аммо уларда фарзанд бўлмайди. Наргиза эри ҳайдаб юбормаслиги учун ҳомиладор деган сохта ҳужжат тўғрилайди. 

 

Бир куни Жаҳонгир хизмат сафарига кетганда собиқ эрининг ёнига бориб, уриш чиқармоқчи, ундан калтак емоқчи ва бола тушиб қолди деб алдамоқчи бўлади. Тасаввур қилаяпсизми, бу қаҳрамон ёшларга, келажак авлодга нимани ўргатаяпти? Наргизанинг собиқ эрига айтган сўзларига эътибор беринг: «...ифлос, мараз, ит, эркак бўлмай ўл». Олтмиш ёшдан ошган Жамила опанинг сўз бойлиги ҳам худди шундай: «Сен ифлосга кўрсатиб қўяман, безбетлар, ифлослар...». Ҳатто ўзининг қизларидан тортиб бегоналарнинг фарзандигача лақаб қўйишга уста: «бўтакўз, линзакўз, кўкармас». Тўғри, Саида Раметова ўз ролини жуда қойиллатиб ўйнаган, ҳар бир сўзни мимикалари ва оҳанглар билан етказиб берган, лекин яна ўша савол: бу томошабинга нима беради? Сериалнинг бир қисмида куёв бўлмиш Жаҳонгир қайнонаси ҳақида шундай дейди: «итга ўхшаб искаб келади...».

 

Келинг, яна сериал ҳақида одамларнинг фикрларига эътибор қаратамиз.

 

20-қисм. Д.: «Маҳзунанинг сочини текисланглар, ҳар кўрганда асабим ўйнайди, ҳеч бўлмаса пешонасидаги сочини».

 

Маҳзунанинг сочи ҳар сафар худди шундай танқид қилинади. Кейин яна изоҳларда шундай эсланади: «Бизни ўқишадими дейман, Маҳзунанинг сочи ўзгариб қолибди, бўлмаса жуда қўзичоқникидек жингалак эди...».

 

60-қисмга келганда эса яна бир мухлис шундай ёзади: «Маҳзуна, сизга жингалак соч ярашмас экан, шу сочингиз ярашибди...».

 

55-қисм. Ш.: «Кинонинг маъноси қолмади, шилта сингил, даюс ака, фақат минғир-минғир...».

 

З.: «Шунча воқеалар бўлди-ю, Саида опа ҳалиям уйига бормади, ана бизнинг кинолар».

 

Н.: «Наргизанинг акаси керакмас образ, қамоққа кетсин, режиссёр амаки...».

 

М.: «Маҳзунанинг ҳомиладор бўлгани қачон эди-ку, менимча айтиш эсидан чиқиб кетган...» (кулган смайлик қўйилган).

 

Р.: Сабинани йўқотинглар, ортиқча пул тўлаяпсизлар, шу қизни кўрмасдан барибир ўтказиб юборамиз».

 

Д.: «Жаҳонгирнинг опаси-синглиси йўқми дегандик, опаси пайдо бўлиб қолди, бизни ўқишадими дейман-да...».

 

Бу қандай кино саноати эдики, томошабин сериал ўзанини қаёққа буришни ижодкорга ўргатиб турса? Бу сериалларнинг томошабини ҳақиқий санъатсевар, кино шинавандалари эмас, шунчаки бекорчилар. Аксига олиб, сериаллар уларнинг талаби билан ёзилмоқда, давом эттирилмоқда. 

 

– Ўн беш йилдан бери шу соҳада ишлайман, – дейди бир таниш продюсер. – Жар ёқасига келиб қолишимизнинг асосий сабаби шуки, ким кўпроқ ўша канални кўрса, шунга кўп пул, яъни реклама келади. Олдин МТРК олган «Опа- сингиллар», «Туташ тақдирлар» деган сериаллар бўларди. Энди шунақа сериал олсангиз, рейтинг кўтармайди. Ҳозир тажрибага эга бўлмаган одамлар ҳам сериал олаяпти. Драматургиядан хабарсиз, эпизод билан эпизод боғланмайди. Енгил-елпи асарлар миллион-миллион кўрилади. Телеканаллар ўзини маблағ билан таъминлаш учун шундай сериалларни ишлашга мажбур. Фикримча, буларнинг барчасига бирданига тақиқ қўйиш лозим. Сериаллар муҳокамага қўйилсин. Аввалига беш серияси тақдим қилинсин, агар талабга жавоб берса, қолганларини ҳам суратга олишга рухсат берилсин. Ҳозир сериалларнинг беш қисми яхши ишланади, каналлар билан шартнома қилиб олингач ҳаммаси атала бўлиб кетади. Масалан, «Қодирхон» сериалини кўпчилик кўрган. Ўлиб кетган одам тирилиб келаяпти. Бир пайтлар Қозоғистон, Қирғизистон ҳавас қиларди бизнинг кино саноатимизга. Ҳозир-чи, оналар сериалларимизда қизини у эрдан олиб бу эрга бериб ётибди. Ижодкор халқнинг орқасидан эмас, халқ ижодкорнинг орқасидан эргашиши керак. Афсуски, ҳозир ижодкорлар авомнинг орқасидан кетаяпмиз. Иккита сериал олдим. Унда хиёнат, фаҳш бўлмагани учун рейтинги кўтарилмади. Яна бир катта фожеамиз – турк сериаллари бизга ана шу хиёнат, фаҳш мавзуларини олиб кирди. Оқибатда улардан ўтиб кетдик. Телевизор олдидан эркакларни қочириб юбордик, фақат аёллар қолди. 

Барно СУЛТОНОВА,
"Oyina.uz"

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//