Зиё аҳлини жамлаётган маънавият масканлари


Сақлаш
16:20 / 18.11.2021 1065 0

Давлатимиз раҳбари маънавият, тарбия масаласига жиддий эътибор қаратиб, бу мавзуда ўтказилган алоҳида кенгайтирилган видеоселекторда қатор муаммоларни очиб ташлаганига ҳадемай бир йил бўлади. Ўша куни орамизда “маънавият ўзи керакми-йўқми”, дейдиганларнинг борлиги афсус ила таъкидланди. Ваҳоланки, буни тилга чиқармасак-да, аксариятимиз узоқ йиллар маънавият масаласига сусткашлик қилиб келганимиз шундай дейиш билан баробар эди.

 

Кўплаб маҳалла раислари, ҳатто туман ҳокимигача маънавий-маърифий тадбирларга энг кейинги даражадаги масала сифатида қараган пайтлар ҳам бўлди. Шу каби бепарволик, беписандлик оқибатида газак олган оғриқ нуқталаримиз ўша кунги аччиқ, аммо асосли далиллардан янада зирқираб кетди. “Бошқа халқлар катта-катта марралар сари интилаётган бир пайтда маънавий жиҳатдан ғафлатга ботиб, “ухлаб ётиш”га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, Ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади”, деган гаплар ҳар қанча лоқайд, мудроқ қалбни ҳам ҳушёр торттирадики, айрим соҳа мутасаддилари, вилоят, туман ҳокимларининг бир сесканиб тушгани рост. Халқ тили билан айтганда, йиғилишдан сўнг бундайлар кўзларини каттароқ очиб, астойдил безовталаниб қолди. Аслида, бу борада барчамиз ҳушёр тортиб, масъулиятни зиммамизга баробар олишимиз керак. Муҳими – кўпчилик буни англаб етаётганида. Бинобарин, бугун маънавият соҳасида тизимли ишлар, сезиларли силжишлар кузатилмоқда.

Жумладан, Президентимиз барпо этиш зарурлигини таъкидлаган – кутубхона, мусиқа хонаси, тадбирлар заллари, ҳатто ихчам музейигача мавжуд бўлган кўркам ва қулай, замонавий маънавият масканлари бугун Андижон, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қила бошлади.

 

Биринчилардан бўлиб иш бошлаган Андижондаги маънавият маскани – Маърифат уйидаги шарт-шароитлар билан танишиб, ижодкорлар билан суҳбатда бўлдик.

 

Юракнинг тубидан бошланса ҳар иш...

Андижон шаҳри марказига ярашиб турган маънавият маскани узоқ йиллар ноқулай шароитларда ишлаган ижодкору вилоят фаолларини бир жойга жамлади. Бинога киришингизданоқ чароғонлик қалбингизни ёритиб, Президентимизнинг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган сўзлари кўзга ташланади.

 

Апрель ойида фойдаланишга топширилган бу бинонинг 1-қаватида вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими учун 8 та хона ажратилиб, уларнинг барчаси замонавий мебель ва техника билан таъминланди. Шинамгина кутубхонани гўзал тарбия, ахлоқ-одобга доир китоблар нурлантириб тургандек. Болани гўдаклигидан тарбия қилишга мўлжалланган “Ота-она бахти”, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни маънавий тарбиялашга кўмаклашувчи “Фазилатли авлод” каби қўлланмалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Бундай қўлланмаларнинг марказ томонидан мактаб, боғчаларга етказилаётгани айни муддао. “Ислом маърифати ва ҳозирги замон” китоби эса вилоятдаги умумтаълим мактабларида ишлаётган ижодий-маданий тарғиботчиларга қўлланма сифатида тарқатилди.

 

Бу ерда ҳар бир ходим учун барча шароитлар етарли. Мониторинг бўлими 50 дан зиёд ташкилотда, муассасаларда маънавий-маърифий ишлар мониторингини олиб боряпти. Шунингдек, ҳафтада бир ёки икки кун маънавият соатлари ташкил этилаётганидан ташкилот раҳбарлари ҳам хурсанд. Зеро, жамоада муҳит яхши бўлмаса, раҳбарда ҳаловат бўлмайди. Айни пайтда муассасаларда ҳам вилоят маънавият масканидаги каби маънавият хоналари ташкил қилиняпти.

 

 – Маънавий ишлар бўйича ўринбосардан ташқари тарғиботчи ҳам бўлиши уйғониш даврига қўйилаётган пойдевордир, – дейди Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова. – Мактабларга соф ижодий муҳит кириб келса, бу алломаларимиз орзу қилган буюк инсонлар камол топишида муҳим омил бўлади.

 

– Маънавият ҳақида кўп гапирсак-да, унга амал қилмай қўйгандик, – дея гап бошлайди Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Мурод Ғофуров. – Таълим-тарбия, каттага ҳурмат, кичикка иззат масаласи оғриқли бўлиб қолганди. Инсонга барча шароитни бир кунда яратиб бериш мумкин, аммо маънавий дунёни бойитиш учун йиллар керак бўлар экан. Мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг турли қатламларига тушунтириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда халқнинг бирдамлиги ва дахлдорлигини кучайтириш, маънавий-маърифий соҳада юз бераётган ўзгаришларни кўрсата олиш кабиларнинг барчаси кучли маънавий тарғиботни талаб қилади. Шу маънода ҳам 200 мингдан зиёд аҳолиси бор туманларга маънавият бўйича бош ва етакчи мутахассис лавозими ажратилди. Аввал вилоят бўлимида 4 тагина штат бўлган бўлса, ҳозир 8 нафар ходим ишлаяпти. Жорий йилда Бўстон туманида 900 миллион сўм, Марҳамат туманида эса 7 миллиард сўм сарфлаб бунёд этилган маънавият масканлари иш бошлади. 2022 йилда 6 та, 2023 йилда ҳам 6 та маскан фойдаланишга топширилади. Айни туманларда маънавий-маърифий тадбирлар, тарғиботлар салмоғи ҳам, савияси ҳам анча юқорилагани кўзга ташланяпти. Шунингдек, шаҳрихонлик тарғиботчилар жамланиб, лапар, хор гуруҳларини ташкил қилгани бошқа тарғиботчиларни ҳам руҳлантириши аниқ.

 

Андижон давлат университети профессори Тўланбой Ортиқовнинг маънавиятга оид учта китоби  “Ижод” фонди томонидан нашрга тайёрланяпти.

 

Маънавият маркази нафақат муассаса ва ташкилотлар, балки маҳаллаларда бўлаётган маънавий-маърифий ишлар кўламини ҳам мониторинг қилиб, муносиб баҳолаб келяпти. “Бир нуроний – беш нафар ёшга маънавий ҳомий” йўналишида тарбияга муҳтож кўплаб ёшлар тўғри йўлга солинди, оилалардаги салбий муносабатларга барҳам бериляпти. Китобхонлик акциялари, адабий-бадиий кечалар, тарғибот тадбирлари, учрашув-мулоқотлар ҳамда давра суҳбатлари 4 та олий ўқув юрти, 764 та умумтаълим мактаби ва 537 та мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия олаётган андижонлик эртамиз эгаларининг нурли келажагини кўзлаб ташкил этиляпти. Айни кунга қадар 1400 га яқин маънавий-маърифий тадбир, бадиий кеча, мушоиралар ўтказилди. Бу эса соҳа ходимларига яратилаётган қулайликлар, муносиб шароитлар самарасидир.

 

Широқдек жасоратли бўлишимиз керак

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи қашқадарёликларга қўшалоқ тантана бўлди. Президентимиз ташаббуси билан тўйга тўёна бўлган Маънавият маскани Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида қад ростлади. Уч миллиард икки юз миллион сўм эвазига бунёд бўлган икки қаватли замонавий бинонинг 1-қаватида 100 ўринли мажлислар зали ва дам олиш фойеси, 2-қаватида кичик анжуманлар зали ва Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими ходимлари учун 4 та хизмат хонаси мавжуд. Бино тўлиқ замонавий ахборот воситалари билан таъминланган.

 

Бўлим бошлиғи Лола Саодатова тўлқинланиб гапирган ҳар битта сўз унинг юрагидан чиқаётгани рост. Айниқса, шу пайтгача шароити бўлмаган биноларда, бир хонага тиқилиб ишлаган маънавиятчилар, ижод аҳлининг қувончидан сўзлар экан: “Кулгили бўлса ҳам бир гапни айтай, ташкилотларнинг маънавият хоналарини текшириб, камчиликларни айтардиг-у, ўзимизнинг хонамиз йўқ эди. Интернет, инвентарларни-ку, қўяверинг. Ёзувчилар уюшмаси бўлими ҳам ташкилотларнинг бир бурчагига битта гилам тўшаб кун кўриб келарди. Бугун улар ҳам, биз ҳам – барча ижодкорлар кенг, ёруғ хоналарда ишлаяпмиз. Энди фақат фидойилик кўрсатиш қолди”, деди.

 

Лола опа аввалгидай 300-400 кишини мажбурлаб ўтқизиб, маъруза ўқиш усули эскирди, бугун маънавий тарғибот ҳам инновацияни талаб этяпти, дейди. Маънавият масканининг фаоллар залидаги стулларни исталган шаклда жойлаштириш мумкин. Ўриндиқлар олдингидай бир жойга қотириб қўйилмаган. Шунингдек, саҳна ҳам инновацион – ўзиюрар. Бундай шароити бор жойда ўтказиладиган тадбирларга одамлар ҳам ҳавас билан келади. Бинонинг ўзидан ҳам завқ олади.

 

Янги бир иншоотни маънавият масканига айлантирган шаҳрисабзликлар эндиликда маънавий тарғибот ишларини инновацион тарзда олиб бормоқда. Насиб қилса, 2022 йилда Касби, Миришкор туманларида ҳам шундай масканлар иш бошлайди. Президентимиз юқорида айтилган видеоселектор йиғилишида “Ҳеч кимга сир эмас, маънавият тарғиботчиси бўлиш кишидан катта билим ва салоҳият, маҳорат ва тинимсиз ақлий меҳнатни талаб этади. Лекин, афсуски, биз кўп йиллар маънавият ва маърифат соҳаси ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга етарли эътибор қаратмадик. Энди ана шу муаммони ҳал этиш вақти келди”, деган эди. Шу пайтгача вилоят бўлимигина бюджетдан маош олар эди. Туман, шаҳар бўлимларидаги ходимлар эса жамоатчилик асосида ишлаб келди. Бугун маънавият соҳасида штат бирликларининг кўпайтирилгани, умумтаълим мактабларига ҳам алоҳида тарғиботчилар ажратилгани муаммоларни ҳал этиш йўлидаги эзгу ишлардир. Айни пайтда Қашқадарёдаги умумий ўрта таълим муассасаларида ижодий-маданий масалалар бўйича 1120 нафар тарғиботчи фаолият юритяпти.

 

 

Зўравонликка учраб, ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар билан ташкил этилаётган суҳбатлар бугуннинг энг кечиктириб бўлмас вазифаларидан. Аслида оиладаги жанжалларнинг сабаби, зўравонликларнинг оқибати жаҳолатга бориб тақалади. Шунинг учун жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга интиляпти. Маърифат эса китоблар орқали дилга жо бўлади. Айниқса, бугуннинг маънавиятчиси, тарғиботчиси кўп маълумотга эга бўлиши керак. Вилоят ҳокимига грант лойиҳасини киритиб, 30 миллион сўм ютиб олган вилоят бўлимига 300 та янги китоб келтирилди. Бундай грант лойиҳаси яна тайёрланяпти.

 

Вилоят радиосида ҳам маънавият бўлими томонидан танлов эълон қилинган. Ғолибларга китоб совға қилинади. Умуман, вилоятдаги ҳар қандай тадбирда фаолларга, албатта, китоб улашилади. Яқинда эса ҳудудда мавжуд 6 та олийгоҳ талабалари ўртасида ҳам “Фаол китобхон талаба” танловига старт берилди. Энг юқори ўрин олган талабага компьютер жамланмаси ваъда қилинган. Шунингдек, ғолибга “Маънавият кубоги” ҳам топширилади.

 

– Китоблари эмас, китобхонлари кўп мамлакат мақтаниши керак, – дейди Лола Саодатова. – Шунинг учун китобхонлик тадбирларига астойдил киришганмиз. “Бир зиёли – беш нафар ёшга маънавий ҳомий”, “Бир нуроний – беш нафар ёшга маънавий ҳомий” лойиҳалари ғолиблари ҳам муносиб тақдирланади. Айни пайтда “Жаҳолатга қарши маърифат” ҳафталиги кетяпти. Тадбирларимизга банклар, тиббиёт муассасалари тўлақонли жалб этилган. Чунки булар аҳоли билан энг кўп ишлайдиган тизимлар. Тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири – маънавият ва маъриф соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш эканидан жуда хурсанд бўлдим. 30 йил шу соҳада ишлаб, унга қаттиқ боғланиб қолганман. Биз қуролсиз аскармиз. Биз фикр чегарасини қўриқлаймиз. Бирорта хато ўтиб кетмаслиги керак. Бугун ватанпарвар фарзандлари кўп бўлган мамлакат энг қудратли ҳисобланади. Ҳарбийлар маънавий тайёргарликка жанговар тайёргарликдан кам эътибор бермайди. Мен ўзимизни Широққа қиёслайман. Маънавиятимиз, миллийлигимиз, ўзимизга хос тарбиямизни сақлаб қолишда биз ҳам унинг каби фидойи бўлишимиз керак.

 

“Шарқдан нур” таратаётган маскан

Президентимиз 2020 йил 19 январь куни видеоселектор ўтказган бўлса, 20 январь куни Навоий вилоятининг маънавият масканини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

 

“Эл оғзига элак тутиб бўлмайди”, деганларидек, ҳеч нарсадан хабари йўқ баъзилар шаҳар марказидаги ташландиқ бир бино катта тадбиркорга сотилди, деган гапларни ҳам тарқатганди. Аммо ҳозирги кунда 2,5 гектар жойда бунёд бўлган бино ёнидан ўтган ҳар қандай киши мумтоз куй ёки қўшиқ оҳанги, ватан ҳақидаги шеърнинг жарангини эшитиб, ё бўлмаса ижодкор боласини етаклаб келаётган ота-она, тарғиботчини кўриб, бу бино бежиз қурилмагани, у кимларнингдир кўнгли орзиқиб, юраги талпинадиган маскан эканини тушуниб етади. Боиси, бир-биридан йироқ, тарқоқ бўлган вилоят Маънавият ва маърифат маркази, маданият бошқармаси, мақомчилар ансамбли шу бинога жам бўлди. Ҳар куни бир тадбир. Ижод нафаси шундоққина уфуриб турибди. Ичкарига қадам қўйган кишининг кўзи ҳазрат Навоийдан келтирилган байту давлатимиз раҳбарининг “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси одамийлик, гуманизм” деган эзгу сўзларига тушади. Кимлардир чўл деб ўйлайдиган Навоийнинг Нурота тоғи акс этган сурат унинг Тўдакўл, Айдаркўл, Сармишсой каби бўстонлари ҳам борлигига ишора қилаётгандай. 1992 йилда қадим тарихга эга бўлган Кармана туманида қурилган музейнинг аҳволи ҳаминқадар бўлиб қолганди. Эски бир бинога жойлашган музейга кирган киши ғорга киргандек ҳис қиларди ўзини. Маънавият масканига кўчириб келингач, у ҳар қандай одамга эстетик завқ бахш этади. Ундаги энг қадимий экспонат – эрамиздан 100 миллион йил аввалги Жарқўрғон тош ўрмони. Маълумотларга кўра, қадимда метеорит тушгандан сўнг бу ўрмон тош қотган дарахтларга, тўнкаларга айланган. Ноёблиги шундаки, ундаги бир дарахт иккинчисига ўхшамайди. Музейда ўрмон яқинида чиндан ҳам денгиз бўлганини исботловчи чиғаноқларнинг 100 миллион йиллик тош қолдиқлари бор. Польшалик, америкалик, чехиялик археологлар бу борада тадқиқот ишларини олиб бордилар. Музейда, шунингдек, XIX-XX аср бошларига дахлдор либослар, умуман, антик даврдан бошлаб бугунги кунгача бўлган экспозиция акс этган. Эътиборлиси, Сўфи Оллоёрнинг 1883 йили чоп қилинган “Саботул ожизин” китоби ҳам бор. Шунингдек, мажбурий колхозлаштириш, қулоқлаштириш, сургун даврлари ҳам акс этган. Навбаҳор туманининг Учтут қишлоғидан топилган, ўрта палеолит даврига оид ибтидоий одамларнинг тош қуроллари ажаблантиради кишини. Секин-аста тарихдан бугунги даврга келар эканмиз, 60 мингдан ортиқ ходим ишлайдиган Навоий кон-металлургия заводи, “Навоийазот” каби йирик корхоналарнинг макети, вилоят рассомларининг ишлари, навоийлик олимпиада чемпионлари суратлари қалбда миллий ғурурни уйғотади. “Шарқдан нур” деб номланган кутубхонада эса бутун вужудингизга нур инади гўё. – Ёшларимиз китобдан таралиб турган нур тасвирига қараб, илмнинг нурини ҳис қилишсин, – дейди республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлими раҳбари Акромжон Муқимов. – Зеро, маънавиятни сотиб олиб бўлмайди. Уни тарғибот, китоб мутолааси, турли тадбирлар ёрдамидагина онгга кирита оламиз.

 

Китоб жавонларида болалар адабиёти, “30 йилликка 30 та китоб” лойиҳаси асосида чиқарилган китоблар дид билан териб қўйилган. Янги сиёсий, бадиий, илмий, диний адабиётлар кўзни қувнатади. Биринчи ва иккинчи Ренессанс даври алломалари ҳақидаги, 11 та шаҳар-туман тарихига доир махсус чоп этилган китоблар диққатга сазовор. Жадидлар, мусиқа санъати вакиллари, мақом, театр ва санъат дарғалари алоҳида-алоҳида жойлаштирилган. Инфокиоск орқали кунлик янгиликларни кўриш, ҳатто кўчириб олиш ҳам мумкин.

 

Дарвоқе, бу ерга кечаси келсангиз, замонавий монитордан таралаётган нур эътиборингизни тортади. Маънавиятни бойитувчи тарбиявий роликлар, вилоят янгиликлари сизни бефарқ қолдирмайди.

 

Ҳа, бугун қарор ва фармонлар, йиғилишларда мутасаддиларга юклатилган вазифалар қоғозларда қолиб кетмаётганини халқимиз амалда кўриб турибди. Маънавият, маърифат, санъат ва маданиятга ошуфталик қонимизда бор. Шундай экан, бу йўналишларга бўлаётган юксак эътибор туфайли, иштиёқимиз, кучимиз, имкониятимизни сафарбар этиб, кўзлаган марраларга, албатта етамиз.

Муножат МЎМИНОВА

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 17 ноябрь, 231 (487)-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//