Кино фақат графика дегани эмас – «Баҳодир Ялангтўш» фильмидан кейинги мулоҳазалар


Сақлаш
19:02 / 08.07.2024 569 0

Ўтган ойда катта экранларга чиққан «Баҳодир Ялангтўш» фильми ижтимоий тармоқларда ҳам, мутахассислар ўртасида ҳам турли эътироф ва эътирозларга сабаб бўлишга улгурди. Кимдир зўр деётган картинани бошқа биров шунчаки вақт кетказиш, дея баҳоламоқда. Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедовга бундан аввал суратга олган тарихий жанрдаги фильмлари – «Исломхўжа» ва «Илҳақ» яхшигина тажриба мактаби бўлганини ҳисобга олсак, янги картинада биз каттароқ натижаларни кутишга ҳақли эдик. Ўзбек киноси учун янгилик бўлган график имкониятлар билан суратга олинган фильм бу жиҳатдан ишончни оқлагандек. Аммо… Ушбу мақолада кинодаги айни шу «аммо»лар ва ютуқлар ҳақида сўз юритилади.

 

 

Ўзбек кинематографияси учун янгилик

 

Фильм бошлангач, томошабинни биринчи навбатда трейлер ва рекламаларда бот-бот таърифланган графика, жанг саҳналари ва оператор иши ўзига жалб этади. Чунки чиндан ҳам, тасвир ва ранг борасида мақтагулик жиҳатлар кўп. Ўзингизни худди Голливуд фильмларидан бирини томоша қилаётгандек ҳис этасиз. Фильмнинг бошидан охиригача павильонда суратга олиниши ҳам ўзбек кинематографияси учун янгилик. Аммо, айнан мана шу жиҳат фильм операторига бирмунча қийинчилик туғдиргандек. Чунки кадрлар мажбуран максимал даражада сиқилган. Натижада айрим эпизодларда қаҳрамонларга кенглик етишмагандек таассурот пайдо бўлади кишида. «Массовка» билан ишлашда ҳам баъзи ҳолларда сунъийлик яққол кўзга ташланиб қолган. Фильмнинг бошидаги жанг саҳналарининг юқори темпда суратга олингани картина жозибасини оширган бўлса, финалдаги шундай эпизодларда «slow motion» яъни секинлаштирилган кадрлар меъёридан ошиб кетиб, томошабинни зериктириб юборади.

 

 

Картинадаги улкан саройлардан тортиб, кийимлардаги ҳар бир майда деталь бизга декорация ва либослар масаласида жуда катта жамоа яхшигина тер тўкканини билдириб туради. Айниқса, жунғорлар эли кўрсатилган саҳналарда қилинган гримлар менда яхши таассурот қолдирди. Бу борада фақат Самарқандда кечадиган эпизодларда камчилик кўзга ташланади. Регистон қурилишида ишлаётган усталар, фитна қўзғатувчининг устахонасидаги ҳунармандларнинг нафақат либослари, юзлари ҳам тоза ва озода. Ҳолбуки, меҳнат билан шуғилланётган кишининг юзи саройдаги девонбегининг ҳолатидан фарқ қилади. 

 

Фильмдаги энг катта «плус» ва «минус»

 

Фильмга танланган актёрлар орасида икки бош қаҳрамонни яққол ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси – Ялангтўш ролига танланган, санъаткорлигидан кўра спортчи тарзида кўпроқ танилган Ҳабибулла Низамов ташқи кўриниш жиҳатдан қаҳрамонга қанчалик мос келмасин, актёрлик борасида оқсаган. Актёр нафақат маҳорат, балки нигоҳлар билан гапириш мумкин бўлган жойларда фақатгина совуқлик ва қуруқ сўзлар билан чекланган. Фильмдаги энг катта «минус» – Ялангтўш воқеалар давомида томошабин билан умуман мулоқотга киришмайди. Унинг ички кечинмалари, атрофида бўлаётган улкан фитнаю, хунрезликларга бўлган реакцияси ёпиқлигича қолиб кетади. Ҳатто яккаю ягона ўғлининг ўлимидан кейин ҳам қаҳрамондаги ички ўзгаришлар томошабинга очиб берилмайди. Гарчи кино ижодкорлари қаҳрамон ўрнига атрофидагилар билан унинг характерини, кимлигини, туйғуларини очиб беришни мақсад қилгандик, дейишган бўлсада, бу усул ўзини оқламаган. Сиз картинанинг бирор жойида Ялангтўшни ўзингизга яқин ҳис қилмайсиз. У билан бирга азоб чекмайсиз, қувонмайсиз, йиғламайсиз, тушунмайсиз. Натижада кинозалга қандай кириб келган бўлсангиз, шундайликча чиқиб кетасиз. Ҳа, фақат Регистон майдонини Ялангтўш қурган экан, деган маълумот қолиши мумкин сизда, агар буни аввалдан билмаган бўлсангиз. Аммо кўрувдан чиққач, ўзингизга қаҳрамон қандай одам бўлган, деб савол берсангиз, жавоб очиқ қолади. Бунинг боиси эса фильмда тарихий шахснинг ўзлигидан кўра, у ҳақидаги фактлар билан таништириш биринчи планга чиқиб қолганида. Агар мақсад шундай бўлган бўлса, картина бадиий эмас, ҳужжатли фильм тарзида олиниши ёки бошқа ном билан номланиши керак эди, кўпчилик мутахассисларимиз айтганидек.

 

 

Бунинг акси ўлароқ, девонбеги образини гавдалантирган Тоҳир Саидов ижроси таҳсинга сазовор. Актёр шунчаки жим турган ҳолда, кўзлар орқали ҳам қаҳрамон ичидаги нафратни, душманлик ҳиссини томошабинга етказа олган. Девонбегининг бозордаги ҳаракатлари акс эттирилган илк саҳнадаёқ томошабин ким юзма-юз турганини осонгина англайди. Агар мана шу эпизодда Тоҳир Саидов қаҳрамони бирор сўз гапирмаганда ҳам нафрат ва ёвузликни пайқаш қийин кечмасди.

 

Фильмда мен учун энг тушунарсиз қаҳрамон – жунғорлар маликаси бўлди. Халқ олдида сазойи қилиниб, фильм давомида зиндондан чиқмаган малика ўз элига қайтгач, тўсатдан Самарқанд ва Ялангтўшни худди бу эпизод атай қўшилгандек, мақтаб кетади. Эсласак, машҳур «Троя» фильмида Троя маликаси Ахиллесга кўнгил қўйиши учун қанчадан-қанча сабаблар ва воқеалар кўрсатилади. Жунғор маликасининг муҳаббати эса қачон ва қайси жойда уйғонгани томошабинга мавҳумлигича қолаверади.

 

Нотўғри танланган мусиқа

 

Картина учун танланган мусиқалар менда жуда ёмон таассурот қолдирди. Биринчидан, асосий мусиқа машҳур «Гладиатор» фильми саундтрекига жуда ўхшаб кетади. Икки фильмда ҳам саркарда тақдири ва унга қилинган хиёнат акс эттирилган бўлса, мусиқалари ҳам ўхшаш бўлиши керак, дегани эмас-ку. Иккинчидан, айни мана шу мусиқа фильм бошидаёқ жуда кўп марта такрор қўйилавериб, керакли саҳналарда ўз қадрини йўқотиб қўяди.

 

 

Пишиб етилмаган сценарий

 

Фильмларнинг муваффақиятли чиқишида энг муҳим негиз – бу сценарий. Агар у пишиқ бўлса, картинадаги унча-мунча техник камчиликларни ёпиб кета олади. Аммо сценарийнинг ўзи хомлигича ишлатиларкан, ҳар қандай зўр графика ёки ҳашаматли декорация ҳам томошабинга ҳеч нарса беролмайди. Қуруқ ранглар ва ҳаракатлар уюмига айланади фильм. Афсуски, биз «Баҳодир Ялангтўш»да иккинчи ҳолатни кузатамиз. Мисол учун, фильмда Регистон майдони ҳақидаги маълумотлар керагидан ортиқ мажбуран тиқиштирилган. Кино бошланишидаёқ майдон ҳақида дастлабки кадрларда эслаб ўтилади, кейинроқ Регистон билан боғлиқ жуда катта эпизод бизни кутиб туради. Фильм сўнгида ҳам яна шу маълумотлар қайта берилади. Умуман, фильмнинг бошланғич 15-20 дақиқаси жуда зерикарли. Ялангтўшнинг қозоқларга ёрдамга отлангани кўплаб юртларда овоза бўлаётганини кетма-кет кўрсатиш билан жуда кўп вақт ўғирланган. Устига-устак воқеалар ривожига таъсир ўтказмайдиган ушбу саҳналарга фильм давомида яна кўп бора мурожаат этилган. Рус, чин, жунғор элларининг ўзбекча сўзлашуви эса шахсан менга жуда эриш туюлди. Уч-тўрт оғиз диалоглар оригинал тилда сўзланиб, субтитр орқали ўзбекчага таржима қилинганда томошабин учун сал қизиқарлироқ бўларди, балки.

 

 

Умуман, воқеалар давомида яна кўплаб саволлар туғилади кишида. Булардан энг муҳими ва фильмга жуда катта таъсир ўтказган жиҳат – картина икки қисмга бўлиниб қолган. Сценарист ва режиссёр бу борада нимани режа қилишгани менга қоронғи, аммо, асосий урғу мамлакат ичидаги хиёнат ва низоларга берилгани ҳақидаги таассурот билан фильмни кўраётган томошабин «Юртни ташқи ғанимлар эмас, ички душманлар емиради», деган фикр тақдим этилган саҳнада финални кўради. Нуқта, шу асли фильмнинг тугалланиш қисми бўлиши керак эди, менимча. Аммо режиссёрнинг фикри бошқача бўлган чоғи, картина давоми Ялангтўшнинг бутун фильм давомида кўрсатилмаган жунғорлар билан жангга отланиши воқеаларга жуда ўхшовсиз тарзда уланиб кетади.

 

Шунингдек, фильмнинг асосий интригаси ҳисобланган саройдаги фитналар ҳам яхлит композиция ярата олмаган. Аввалига табиблар орқали берилган тугундан якунда жуда енгил ўтиб кетилади. Сўнгра соқчилар бошлиғи билан танишишга ҳам улгурмай дарҳол қисмати аниқлашиб қолади. Фильм орасига тасодифан бир дақиқага кириб келган канизак эса барчасини чигаллаштириши ва томошабинни хавотирга солиши керак эди. Аммо аксинча, айни унинг иқроридан сўнг маълум даражада «саспенслар» орқали етаклаб келинган жойда воқеалар ривожи баттар чуқурлашиш ўрнига, барчаси жуда тезлашиб кетади.

 

 

Графика – бутун бошли фильм дегани эмас

 

«Гладиатор» фильми бош қаҳрамони Максимуснинг оиласидан айрилиб, қасос ўтида ёниши ёки «Шерюрак» фильмидаги Виллям Волснинг севгилиси ўлимидан кейин жангга кириши ва сафдоши – шаҳзоданинг хиёнатидан кейинги аҳволи томошабинга ҳақиқий кино бера оладиган ажиб туйғуларни ўта олий даражада улашади. Фильм давомида ўзингизни қаҳрамонлар ўрнига қўясиз, улар учун қайғурасиз ва ғаним устидан ғалаба қозонишларини ич-ичингиздан хоҳлайсиз. Аммо «Баҳодир Ялангтўш» фильми яхлит бадиий композициясидан кўра жанг саҳналари, визуал эффект ва ёрқин кадрлари билан томошабинни кўпроқ ҳайратга солади. Албатта, ўзбек фильми ва Голливуд картиналарини солиштириш ижодкорларга бироз эриш туюлиши мумкин. Аммо, «Баҳодир Ялангтўш»нинг муваффақиятсизлигида график имкониятлар эмас, айнан сценарийдаги хатоликлар катта роль ўйнаганини ҳисобга олсак, бу солиштирувни айблаб бўлмайди, назаримда. Агар томошабин ва режиссёр сифатида бу икки шартдан бирини танлаш зарур бўлса, мен мукаммалроқ сценарийда, техник жиҳатдан эса соддароқ суратга олинган фильмни танлаган бўлардим.

 

Шоҳруҳ НОРҚУЛОВ,

Режиссёр, киношунос.

 

Ўхшаш мақолалар: Баҳодир Ялангтўш фильми таҳлили – Мутахассислар нима дейди?

Бюджети 31,5 миллиард сўм бўлган Баҳодир Ялангтўш фильмининг премьераси бўлиб ўтди

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//