Баҳодир Ялангтўш фильми таҳлили – мутахассислар нима дейди?


Сақлаш
12:15 / 04.06.2024 426 0

Ассалому алайкум, Oyina.uz канали кузатувчилари, бугун яқинда премьераси ўтказилган «Баҳодир Ялангтўш» фильмининг таҳлилига бағишланган аудио-чатимизни бошлаяпмиз. Биз бежиз бу мавзуни танламадик. Чунки охирги вақтларда ўзбек киносида тарихий шахслар, воқеаларга бағишланган фильмлар кўпайиб қолди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо сон кўпайиши билан бирга сифат масаласи қай даражада экани кўриб чиқилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ва айни шу маънода аудио-чат шу мавзуга бағишланди. 

 

Бугунги чат меҳмонлари билан сизни таништириб ўтаман:

 

Бахтиёр Ёқубов – Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент

Мафтуна Муҳаммадаминова – санъатшунос, журналист

Ҳасан Тошхўжаев – «Баҳодир Ялангтўш» фильми сценарий муаллифи

 

Мафтуна опа, марҳамат, фильм ҳақидаги фикрларингизни биринчи бўлиб сиздан эшитсак.

 

Мафтуна Муҳаммадаминова: Ассалому алайкум, яқинда кўрган фильмимиз ҳақида кўпчиликда яхши фикрлар, яхши таассуротлар эшитяпмиз. Умуман олганда, кино кўриш ҳар доим ҳам осон томошабин учун. Аммо фильм олиш, айниқса, у тарихий фильм бўлса, анча мураккаб, масъулиятни талаб қилади. Ёмон кино чиқди деб айтолмаймиз. Чунки бир қанча омиллар борки, ёмон фильм деб кескин фикр билдиришга имкон бермайди, ютуқлари анча. Умуман, ўзбек киносида тарихий фильм ишлаш янги тажриба сифатида кириб келяпти. Жаҳонгир Аҳмедов бу йўналишда анча қўли келиб қолганини, профессионал иш қилишга ҳаракат қилгани, фильмда катта жамоа ишлагани кўриниб турибди. Фильм нега кўпчиликда нима учун яхши таассурот қолдирди, бу саволга бир нечта фикрларим бор эди:

 

Биринчидан, қизиқарли кино норратив яратилган, динамикага қурилган, яхши сюжет. Яъни фильмнинг 15 дақиқасини кўриб, «Бўлди, давоми бунақа бўлади, бунақа тугайди», деб бўлмайди. Иккинчидан, биз учун, бу авлод учун янги, нотаниш, ёпиқ саҳифалардан янги қаҳрамонларни саҳнага олиб чиқилгани томошабинлар учун қизиқ бўлолади. Картинада китоблар қатида қолаётган янги қаҳрамонларга мурожаат қилингани ижодкорларнинг ютуғи. Учинчидан, бизда бироз оқсаган, жаҳонда аллақачон қўлланилаётган техник амалиётлар, графикадан фойдаланилгани жиҳатидан ҳам бу фильм анча яхши чиққан, деб ўйлайман. Картинани томошабин сифатида кўрганда, умумга таъсир қилаётган, яхши таассурот қолдираётган жиҳатлар деб шу омилларни кўрдим. Лекин мутахассис сифатида фильмга айрим танқидий мулоҳазалар ҳам пайдо бўлди. Кинонинг яхлитлиги ва изчиллиги борасида айрим жиҳатларда фикр-мулоҳазалар уйғонди…

 

Ҳасан ака, сенарийни режиссёр билан бирга ёзгансиз. Тарихий объективликдан қочмасликка ҳаракат қилиниб, олтин ўрталикни топиб ва буни фильмдаям акс эттиришга баҳоли-қудрат уринилган. Ва режиссёрнинг менга кўпроқ актёрлар танлашдаги…

 

Ҳ.T: Баҳоли-қудрат уринилганми ёки ҳақиқатда зўрми?

 

M.M: Гаплашайлик, Ҳасан ака, гаплашайлик. Гапиришга имкон берсангиз гаплашайлик.

 

Ҳ.T: Имкон бераман, аммо гапингизда менда савол пайдо бўлди. Уринилган дегани бу қўлингдан келмади, аммо ҳаракат қилгансан дегани.

 

M.M: Гапимни охиригача эшитишингизни истардим…

 

Бахтиёр Ёқубов: Ҳозир юқоридаги тортишувларни эшитиб турдим. Шу боис олдиндан бир нарсани айтишим керак, муҳокамада, ҳеч кимнинг гапи охирги ҳақиқат гап бўлмайди. Мутлақ ҳақиқатга келаман, деган фикргаям келиш керакмас, қайси томон бўлишидан қатъи назар. Мафтуна тўғри айтди, фикрлар бирламчи кўргандаги таассурот билан айтилади. Аммо бир тасдиқланган гап бор, агар кўпчилик томонидан фильмдаги бир ютуқ айтилаётган бўлса, бу ютуқ ҳақиқатда бор. Аммо бир камчилик кўпчилик ижодкорлар томонидан айтилса, буям бор ва бу нарса ижодкорларни кейинги картиналарда ҳисобга олиши керак бўлган жиҳат, деб қаралиши тўғри бўлади.

 

Фильм кўп тармоқли экани билан мураккаб. Ижодкорлар олдида жудаям катта муаммо туради: тарихий жараённи тарихий аниқликда ва бадиий талқинда, узвий боғлиқликда бериш. Бу фильмда тарих бўйича мутахассислар билан бирга ишланган ва улар тарихий аниқликни талаб қилади. Бу яхши, аммо шу ерда бир хавф туради – бадиий кино китоб ёки ҳужжатли киномаски, аниқ-тиниқ кўрсатиб бериш биринчи планга чиқса. Ва иккинчи масала, буларнинг таъсирида бадиий талқин қандай кўрсатилади.

 

Иккинчидан, истаймизми-йўқми, ҳамма тарихий асарлар бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг инъикоси сифатида кўрилади. Жумладан, бу фильм ҳам 17-асрда юз берган тарихий жараёнлар мисолида бугунги дунёда, минтақада, мамлакатимиздаги бўлаётган маълум бир мафкуравий-сиёсий ҳолатларни қайсидир жиҳатларини кўрсатади ва бугунги томошабинга айтадиган гапиям мана шу билан белгиланади. Учинчи мураккаб линия шуки, реал қаҳрамонлар ва тўқима образларнинг синтези…

 

…Фильм премьерасида томошабинлар Шердор, Тиллакори мадрасаларни қурдирган шахсни танимаслигини кўрдим. Ва кўпчилик, «Ҳа, бунақа нарсаларни қилганаканда», деган ҳайрат бўлди ва ўйлайманки, ана шу ҳайратни қондириш учунам, ҳали Мафтуна айтган, фильмнинг боши ва охиридаги ҳикоя шакли пайдо бўлиб қолди. Ва афсуски, бу бадиий кинонинг хусусиятларига путур етказади. Чунки бу ҳикоя, баён бўлиб қолган. Биз биламизки, бадиий фильм ҳар доим воқеалар ва хатти-ҳаракатнинг ифодаси бўлиши керак. Шу жиҳатдан бу нарсага кейинги ишларга аҳамият бериш керак. Қўпол қилиб айтганда, фильм «плакат» характерга эга бўлиб қолган. Айниқса, охирдаги фахр туйғуларни уйғотишга қаратилган кадрлар...

 

Ҳ.Т: Узр, гапингизни бўламан, Бахтиёр.

 

Б.Ё: Гапимни бўлманг, одам фикридан чалғиб кетади.

 

Ҳ.Т: Бир оғиз айтмоқчи эдим, профессионал таҳлил кетяпти деб, раҳмат.

 

Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган, мутахассислар томонидан асосли фикрлар ва уларга сценарий муаллиф томонидан қайтарилган жавобларни ушбу ҳавола орқали тинглашингиз мумкин.

 

Мавзуга доир: Бюджети 31,5 миллиард сўм бўлган Баҳодир Ялангтўш фильмининг премьераси бўлиб ўтди

  

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//