“Сайловларда ютиш учун ишлайдиган сиёсатчи эмас, кейинги авлод учун ишлайдиган давлат арбоби керак” – мамлакатлар тарихидаги илк аёл президентлар


Сақлаш
21:31 / 06.07.2024 689 0

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, сиёсат оламидаги мавқейини ошириш ва қўллаб-қувватлаш тенденцияси дунё миқёсида ўз натижаларини кўрсата бошлади. Энди аёллар фақатгина уйнинг саранжом бекаси, бўлажак олим-уламоларнинг тарбиячиси эмас, балки сиёсат оламида ҳам муҳим роль ижрочисига айланиб бормоқда. Масалан, куни кеча Мексикадаги президентлик сайловларида Клаудия Шейнбаум ғалаба қозонди. Аёл раҳбар сайланиши мамлакат тарихида биринчиси бўлсада, дунё миқёсида бу янгилик эмас: бугунги кунда 5 та мамлакатнинг бошқарув лавозимида илк бор аёллар фаолият юритмоқда.

 

САЛОМE ЗУРАБИШВИЛИ

 

 

Грузиянинг илк аёл президенти. У 1952 йил Парижда, 1921 йил Гуржистонни тарк этган сиёсий муҳожирлар оиласида дунёга келган. Зурабишвили Нью-Йорк ва Париждаги таълим муассасаларида ўқиб, Франция Ташқи ишлар вазирлигининг бир қанча йўналишларида фаолият юритган.

 

Кейинчалик Грузияга Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб келган Саломе Зурабишвили, собиқ президент Михаил Саакашвили ва Франция президенти ўртасидаги келишувидан сўнг, Грузиянинг ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланади. Тайинловнинг эртаси куни унга президентнинг махсус топшириғи билан, Франция фуқаролигини сақлаган ҳолда, Гуржистон фуқаролиги берилади.

 

2010 йилга келиб, Зурабишвили сиёсатдан кетганини маълум қилиб, мамлакатни ҳам тарк этади. Шундан кейин БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эронга қарши санкциялар бўйича комиссиясига раҳбарлик қилиб, 2013 йилда навбатдаги президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суриш учун Грузияга қайтади. Бироқ икки мамлакат фуқаролигига эга бўлгани сабабли сайловда қатнашолмайди.

 

Бироқ Зурабишвили мақсадидан қайтмайди: 2018 йилги президентлик сайловларига бир неча кун қолганида Франция фуқаролигидан воз кечишга ариза бериб, 6 август куни якка тартибда ўз кандидатурасини илгари суради. Уни давлат раҳбари лавозими учун ўзидан номзод қўймаётган “Грузия орзуси номли партия қўллайди. Зурабишвили сайловнинг илк босқичида 38,64%, иккинчи турда эса 59,52% овоз билан ғолибликка эришади ва 2018 йилнинг декабридан президентлик лавозимига расман киришади.

 

Саломе Зурабишвили сайловолди ваъдаларида ҳудудларни ривожлантириш, хориждаги ватандошларни Грузияга қайтишини осонлаштириш ҳамда маданият, медицина ва туризмни ривожлантиришини айтган. Сайлов натижаларидан кейин Зурабишвили ўз ғалабасини Европа ва Ғарб ютуғи сифатида кўраётганини таъкидлайди.

 

КЛАУДИЯ ШEЙНБАУМ ПАРДО

 

1962 йил 24 июнь куни новатор олимлар оиласида дунёга келган. Отаси – кимёгар ва тадбиркор бўлган, онаси эса тиббиёт ва биология билан шуғулланган.

 

 

Шейнбаум ёшлигидан тиришқоқ бўлиб, атрофдаги ноҳақликларга ўз позициясини билдиришга доим тайёр бўлган: 1987 йил январида Мексика миллий-автоном университетида талабалар таълим пулини ошириш режасига қарши протест қилади. “Норозилик байроғини деканатга ким осади? – лидерлар ўртасига ташланган бу саволга физика факультетининг 24 ёшли талабаси “Мен! деб жавоб беради. Бу бир қанча вақт ўтиб, Мексиканинг биринчи аёл раҳбарига айланган камтар олим Клаудия эди.

 

Клаудия 2 фарзанднинг онаси, шу билан бирга, биомуҳандислик бўйича профессор ва 9 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Мексика шаҳрининг собиқ мэри бўлган. У 2024 йилнинг октябридан бошлаб президентлик фаолиятига расман киришди.

 

Шейнбаум 130 миллион аҳолига эга Мексикага жуда мураккаб шароитда раҳбарликка келди: аҳолининг 36 фоизи қашшоқликда яшайди, аёлларни аёвсиз ўлдириш юқори даражага келган, уюшган жиноий зўравонликлар ҳам давом этиб, АҚШ чегарасидаги кескинлик даражаси ўсиб бормоқда.


Шунга қарамай, у халқ манфаатлари учун курашишга тайёр. У ўз тадқиқотларини давлат сиёсатида қандай қўллашни биладиган олим саналади.

 

МАЙЯ САНДУ

 

2020 йилдан буён Молдова президенти сифатида фаолият юритади.

 

 

Санду 1972 йил Молдова Совет республикасида, ишчилар оиласида дунёга келган. Унинг отаси ветеринар-шифокор, онаси – мактабда ўқитувчи бўлган. Майя мактабни тамомлаб, Молдова иқтисодиёт Академиясида биринчи олий таълим даражасини олган. Магистратура босқичини эса Молдова Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви Академиясида ўқиган. 2010 йилда эса таълим даражасини яна бойитишга қарор қилиб, Джон Кеннеди номидаги Гарвард институтида давлат бошқаруви бўйича таълим олди. Ҳозирда у молдован тилидан ташқари, рус, румин, испан ва инглиз тилларини билади.

 

Майя Санду сиёсий фаолиятни ҳаётидаги устувор йўналиши сифатида белгилаб олган. 2020 йилнинг 1 ноябрида Молдовада президентлик сайловларининг 1-босқичи бўлиб ўтди. 99 фоиз бюллетенларни саралаш давомида маълум бўлганки, Санду 36% овоз билан асосий рақиби, ўша вақтдаги Президент Игор Додондан ўзиб кетган. Иккинчи турда эса 57,75% овоз билан ғалаба қозонган.

 

Бугунги кунда у мамлакатини Евроиттифоққа олиб кириш учун зарур чораларни қўллаб келмоқда.

 

НАТАША ПИРЦ-МУСАР

 

2022 йилдан буён Словения президенти.

 

 

Наташа Пирц-Мусар 1968 йил Словенияда, ишчилар оиласида туғилган. У Президентликка қадар ҳуқуқ ва журналистика соҳасида фаол хизмат кўрсатган.

 

Наташа Пирц-Мусар 1992 йил Любляна университетининг юридик факультетини тугатиб, 2015 йил Вена Университетида ҳуқуқ бўйича докторлик диссертациясини ҳимоялайди. Британиядаги Солфорд университетида журналистика соҳаси бўйича таълим олиб, Словения миллий телеканалининг янгиликлар дастурида бошловчи сифатида 10 йил, бошқа машҳур тижорий телеканалда 5 йил фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, BBC, Sky News, CNN, Granada TV, Reuter TV каби таниқли телеканалларда ҳам амалиёт ўтаган. Президент ҳозирда хорват, серб, рус ва инглиз тилларини билади.

 

Аввал бирор партия аъзоси бўлмаган, ҳуқуқ ва журналистика фаоли Пирц-Мусар 2022 йил июнида президентлик сайловида қатнашмоқчилигини маълум қилади. Бунинг учун у мустақил номзод сифатида 5 000 тадан кам бўлмаган имзо йиғиши керак бўлган ва бунинг уддасидан чиқиб, унинг номзоди муваффақиятли рўйхатдан ўтади. Президент ўша даврда берган интервьюларидан бирида сайлов ва номзодлар ҳақида гапираркан, шундай дейди:

 

“… Келаси сайловларда ютиш учун ишлайдиган сиёсатчи эмас, кейинги авлод учун ишлайдиган давлат арбоби керак”.

 

Президент сайловолди ваъдаларида Соғлиқни сақлаш, пенсия реформаси, иқлим ва хавфсизлик ва киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишини айтган. Бундан ташқари, ҳокимиятда қандай сиёсий куч борлигидан қатъий назар, зарур лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлаган.

 

Шу тариқа, Наташа Пирц-Мусар сайловнинг биринчи босқичида 26,87%, иккинчи босқичда эса 53,89% овоз билан ғалабага эришади. 2022 йилнинг 23 декабридан президент сифатида расман фаолиятини бошлайди.

 

 

КАТEРИНА САКEЛЛАРОПУЛУ

 

1956 йил Грецияда туғилган Сакелларопулу 2020 йилнинг март ойида мамлакат президентлигига сайланган.

 

 

Сакелларопулу 1956 йил Грецияда дунёга келган.

 

1978 йил Афина университетининг юридик факультетини тамомлаган Сакелларопулу, профессионал фаолиятини Давлат кенгаши (Юқори маъмурий суд)нинг судья ёрдамчиси сифатида бошлайди. Бир муддат ўтиб, суд раисининг кичик маслаҳатчиси, кейин эса суднинг илк аёл раисига айланади.

 

Сакелларопулу шунингдек, Давлат кенгаши судьялар уюшмасининг бош котиби, кейинчалик унинг президенти бўлиб ҳам фаолият кўрсатган. 2005-2014 йилларда Миллий судьялар мактабида экологик ҳуқуқлар бўйича дарс бериб, 2010-2013 йилларда ўша мактабнинг имтиҳон ва ўқув кенгашига киради.

 

Кейинчалик Греция экологик ҳуқуқ жамиятига раҳбарлик қилиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва шаҳар режаси ҳақида бир нечта муаллифлик мақолаларини чоп этади.

 

Сакелларопулу она тилидан ташқари, инглиз ва француз тилларини билади.

 

Президент бошқа ҳамкасблари каби, шахсий ташаббуси билан давлат раҳбарияти томон интилмайди. Унинг номзодини 2020 йилда Греция Бош вазири Кириакос Митсотакис таклиф қилади (Мамлакатда президент парламент томонидан сайланади). Унинг сўзларига кўра, “Мамлакатни аёл киши бошқарадиган вақт келган. Сакелларопулу Вазир таклифини қабул қиларкан, “Замонавий грек аёлларига мамлакатдаги адолат каби ҳурмат кўрсатишини таъкидлайди.

 

Президентликка тайинлов учун унга 300 нафар депутатдан 200 тасининг қўллови керак бўларди: Овоз беришда 294 нафар парламент аъзоси иштирок этиб, Катерина 261 та овоз билан президентликка сайланган.

 

Президент келажакдаги фаолиятининг асосий йўналиши ўлароқ хавфсизлик, аҳолининг ижтимоий ҳимоясиз гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш кабиларни санаган.

 

Юқорида ўз мамлакати тарихида давлатнинг энг масъулиятли вазифасини бажараётган илк аёл президентларгина санаб ўтилди. Улардан ташқари, давлат бошқарувига иккинчи бўлиб келган президентлар, бош вазир ва ўз бошқа лидер статусидаги аёллар ҳам етарлича. Улар билан келаси мақолаларда танишишингиз мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11795
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//