Дунёдаги тадқиқот институтларининг илмий хулосаларида тожли вирус чилласи (пандемияси) одамларнинг руҳий саломатлигига катта зиён етказгани бот-бот таъкидланмоқда. 2020 йилдан сўнг юртимизда ҳам аҳолининг, айниқса, аёлларнинг руҳияти, яқинлари билан муносабатида муаммоси кўпайган. Руҳий бузилиш, ваҳима ва хавотирлар сони ортиб, психологларга эҳтиёж кучайган. Инсон шифо истаб мутахассисга мурожаат қилса-ю даво топса, нур устига нур. Аммо сохта мутахассисга йўлиқиб, аҳволи баттар бўлса, бундан ортиқ кўргулик йўқ.
Охирги пайтлар Ўзбекистонда сохта психологлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайгани хавотирли. Улар ҳам аслида ойдан тушмаган. Уларга уч йил бурунги чилла ва эркакларга нисбатан аёлларнинг руҳий ёрдамга мойиллиги кўпроқ қўл келмоқда. Натижада ижтимоий тармоқларда ўзини психолог деб таништираётган фирибгарлар минглаб аёлларни осонгина чув тушираяпти. Психологик ёрдам кўрсатишни иддао қилаётган шахсларнинг аксарияти уқувсиз, тажрибасиз, билимсиз, зўрға уч ойлик курсни ўқиб чиққан. Сохта психологларнинг найрангларини билиб қолган одамлар “Бизга психология керакми?” деган саволни ҳам ўртага ташламоқда. Аслида психология деганда нимани тушуниш керак? Келинг, соҳа мутахассисларининг бу ҳақдаги фикрларини ўрганамиз.
Наргиза Султонова (30 ёш), ҳисобчи:
– Оилавий муаммоларим сабабли интернетда машҳур бўлган бир психологнинг қабулига ёзилдим. Ўзини психолог атаган кимса аввалига муаммоларимни эшитди, ҳаммасига ўзимни айблади. Сизни ўзгартирамиз деди. Эр ва хотин муносабатимиз четда қолиб, атрофимда бўлаётган барча дилхираликлар, хотиралар тубида сақланиб ётган ота-онам билан алоқаларим, болалигимдаги масалалар кўтарилиб кетди. Хуллас, ҳаммасига келиб чиқишим, геним ва ҳоказолар айбдор эмиш. Ўша куни юрагим оғриб, руҳан эзилдим.
Ўша психолог билан уч дарс ишлашим керак эди. Икки марта қабулига бордим. Маслаҳатларининг кўпига тушунмадим. Бошида тақдирга тан бериб яшаш ҳақида роса уқтирди. Кейин ҳаммасини ўзгартириш ўз қўлимда эканини тушунтирди. Савол берай десам, “Мени эшитишни истамаяпсиз, қарши чиқаяпсиз, муаммоларингиз шунинг учун ҳам кўпайиб кетган, яна кўпаяверади” дея оғзимга урди. Индамай эшитиб ўтиришдан бошқа иложим қолмади. Бир ярим соат вақтни бир амаллаб ўтказдим. Бир миллион тўрт юз минг сўм тўладим. Тағин бу чегирмали нарх экан. Аслида одамлар унинг қабулига бир соатга бир миллион сўм тўлаб кираркан. Учинчи дарсига бориб ўтирмадим. Муаммоларим ўзим билан қолаверди. Ҳозир пулим ва вақтим бекор кетганига ачиниб ўтирибман.
Матлуба Тошева (64 ёш):
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китобидан бугунги кунда кўп психологлар фойдаланади, ҳатто иқтибослар келтиради. Шу китобни қўлингизга олиб, бир марта эътибор билан ўқиб чиқинг, азизлар. Нажотни психологдан излашга эҳтиёж қолмайди. Чин мусулмон кишида аслида психологга эҳтиёж сезилмайди. Ҳозир дин аҳкомларини биладиганлар кўп, амал қиладиганлар оз. Нажот иймонда, сабр ва қалб ҳаловатида. Тушунаман, агар сизда қандайдир наслий ёки руҳий касаллик бўлса, бу ёрдам бермайди. Бундай ҳолларда психиатр ёки психотерапевтга мурожаат қилинг, ижтимоий тармоқларда улкан ўзгаришларни ваъда қилаётган лўттибозларга эмас.
Зарифбой Ибодуллаев, Тошкент тиббиёт академияси профессори, “Тиббиёт психологияси” дарслиги муаллифи, тиббий психолог:
– Психология ўта мураккаб ва масъулиятли фан. Психолог доимий изланишга, ўз устида ишлашга мажбур. Бугун асл психолог билан эзотерик, парапсихолог каби тушунчалар қоришиб кетди. Буддизм, насронийлик таълимотлари асосига қурилган ғоялар, веда маданияти гуруҳлари ақидалари оммавий сингдирила бошланди. Унисидан бир чимдим, бунисидан бир чимдим олиб, бўтқа пишириб ётган кишилар ўзларини бехижолат психолог деб аташмоқда. Ҳар хил мавзудаги маърузаларини интернетга жойлаб, аудиторияга таъсир ўтказишга уринмоқда. Ҳозирги ахборот асрида инсонларнинг информациядан таъсирланиши жуда юқори. Кўпчилик кўрган ва эшитган ахбороти таъсирида узоқ вақт қарама-қарши фикрлар гирдобида қолиб кетаяпти. Бир фикрга келолмай, боши берк кўчага кириб қолмоқда. Инсон руҳияти жуда нозик масала. Беқарор инсон турли фикрлар гирдобида қолиб кетса, уни уйқусизлик, безовталик, ваҳима қуршаб олади. Ҳатто айрим инсонлар ўша маърузаларга боғланиб, зомбига айланиб улгурган. Бора-бора руҳиятни шунақа ёпишқоқ ғоялар ва фикрлар ўраб олади. Инсон турли бемаъни ахборотни доимий эшитавергач, унга кўр-кўрона амал қилишга одатланиб қолади.
Ўзбекистонда парапсихология, эзотерика, психогенетика каби йўналишлар жуда оммалашиб кетди. Ижтимоий тармоқларда бир нечта шундай гуруҳни кузатиш мумкин. Уларда пулга миннатдорчилик билдириш, коинотга юзланиш, қуёш, ой каби осмон жисмларидан сўраш каби маслаҳатлар берилмоқда. Ўзи уч ойлик курсда ўқиб чиққан-чиқмагани номаълум “психолог”лар хизмат кўрсатиш билан бирга шогирд тайёрлаш курсларини бошлаб юборган. Бу курсларда ҳар ойда ўндан ортиқ аёл “профессионал” бўлиб етишаётган экан. Ваҳоланки, оддий бир касбни мукаммал эгаллаш учун йиллар давомида ўқиш ва малака ошириш керак. Қарангки, бу ерда инсон руҳияти билан боғлиқ соҳага уч ой вақт етарли деб қаралмоқда. Айниқса, психологияда энг камида фундаментал билимлар учун университетларда профессорлар тўрт йил давомида талабаларга таълим беради. Ислом динига мос келмайдиган турли назариялар, машқлар, сеанслар ўтказиш шунчалар осон иш бўлиб қолдики, “Instagram” ёки “Telegram” каналларида обуначи йиғиб олса бўлди.
Дилдора Амиржонова, Тошкент тиббиёт академияси докторанти, тиббий психолог:
– Кўпгина одамлар психологларга мурожаат қилиб ёрдам топмаганини айтишади. Айримлар маълум вақт ўзгардим деб юриб, орадан бир йил ўтиб-ўтмай яна баттар тушкунликка тушиб қолади. Бу одамлар психологлар ёки психотерапевтларга эмас, балки сохта эзотерикларга дуч келган. Психология инсон руҳий жароҳатлари ва хафагарчиликдан халос бўлишида ёрдам берса, эзотеризм ҳар қандай муаммога ечим топишни ваъда қилади.
Одатда беморлар ички дунёсини таҳлил қилишни кутади, бироқ сохта эзотериклар уларни буткул бошқа кўчаларга киритиб юборади. Кўпинча эзотеризм бўйича китоблар ва тренинглар психология номи остида яширинади. Чунки инсон онгида фан ва тасаввур уйғунлигидаги формулалар тез ишонч қозонади ва яхши даромад келтиради. Одамлар илоҳиёт, мўъжиза каби сирли билимларга бир томондан қизиқса, бошқа томондан чўчиб туради. Бу ерда уларга сирли жумбоқларни фан билан боғлаб, муаммоларни ҳал қилиш таклиф этилади. Бу онгга таъсир қилиш, ишонч қозонишнинг самарали усули.
Эзотеризм ҳаётнинг сирли моҳияти ҳақидаги қарашлар тизими. Сеҳр ва мўъжизаларга ишонтиришга уста. Бундай ғояларга мойил ва ҳаётнинг энг катта маъносини излаётган одамлар кўпинча эзотерикларга айланади. Сохта эзотериклар инсоннинг заиф томонларини қандай топишни яхши билади. Сеҳрни ўргатади, ҳаётга фикрлар билан таъсир қилиш, пулни жалб қилиш, тана қувватини бошқариш кабилар ҳақида гапиради. Мунажжимлар башорати, қуёш, ой, коинот ва бошқа энергияларга мурожаат қилади. Коинот қонунларига риоя қилишни ва табиатга қайтишни сўрайди. Ўтган аждодлар, ота-оналар руҳи билан ишлайди. Шу йўл билан ўзбек аёлларининг соддалигидан фойдаланиб пул топади.
Бугун психологияга отилаётган тошлар ва ишончсизлик кайфиятининг асл сабаби соҳада назорат йўқлигидир. Масалан, кардиолог шифокор дейилса, университетда таълим олган, олий маълумотли, дипломи, билими ва малакаси бор мутахассисни тушунамиз. Психолог ҳам худди шундай мутахассис. У ҳам олий таълим масканида ўқиши, психологиянинг асосий илмидан хабардор бўлиши керак. Бу ерда умумий психология ҳақида гап бораяпти. Одатда умумий психологияда инсоннинг руҳияти қандай ишлаши, руҳий тизими, идрок этиши, сезги, тафаккур, тасаввур каби ҳолатлари бўйича тушунтиришлар берилади. Жамият психологияси, оила психологияси, болалар психологияси, инсоннинг характери, темпераменти деган тушунчалар бор.
Мадина Жўраева, “Muslimaat.uz” сайти психологи:
– Дин арбоби илмни яхши ўрганиб, маълум бир ижозаларни қўлга киритгач, одамларга шариатни ўргатиши мумкин. Шу маънода психолог ҳам аввал инсоннинг руҳиятини яхши билиши зарур. Яъни, инсоннинг руҳий саломатлиги ва руҳий бузилишларини илмий жиҳатдан пухта ўрганмагунча ҳеч кимнинг психологликка даъво қилишга ҳаққи йўқ. Одам қалбини янглиш йўлларга буриб юборишнинг жавоби жуда оғир.
Қабулига келган кишига психолог маслаҳат бермайди. Тўғри йўлни топишга йўналиш беради, холос. Беморга ташхис қўйиш учун уни тинглайди, муаммоларини аниқлайди ва руҳий ёрдам беради. Психологлардан бир соатда катта ўзгариш ёки мўъжиза кутиш – бемаънилик. Афсуски, буни ҳамма ҳам билавермайди.
Ҳозир кўпчилик психолог деганда, “коинотга ўзидан қандайдир энергия йўллаш”, “ҳар куни ойнага қараб, “мен бахтлиман” деб тинмай такрорлаш”, “пул билан суҳбатлашиш” каби тутуруқсиз маслаҳатлар берадиган маҳмадоналарни кўз олдига келтиради. Табиийки, бу дунёбехабарлик сохта психологларга қўл келади. Улар ҳеч бир жавобгарлик ҳис қилмай, оммавий сеанслар, турли терапияларни босиб ўтказаверади. Очиғи, бунақа ишлар замонавий фирибгарликнинг бир кўринишидир. Ўзгаларнинг ташвишидан фойдаланиб, жарақ-жарақ пул қилаётганлар ҳеч кимдан қўрқмаётгани хавотир уйғотади кишида. Нима, одамларни турли ёлғонлар – “наслни тозалаш”, “генетикани ўзгартириш”, “пул чақириш санъати”га ўхшаш юзлаб аҳмоқона мавзулар билан жалб қилаётганларга шаҳар бедарвозами? Уларнинг фаолиятини мутасадди ташкилотлар қатъий назоратга олиши керак.
Шоира Исоқова, оила ва болалар психологи:
– Юртимизда олий ўқув юртларида психолог мутахассисларни ўқитиш бўйича талай ишлар қилинмоқда. Қисқа вақтда мазкур муаммоларнинг ижобий ечими бўлади, албатта. Шу кунларда аҳолининг психологияга муносабатини оладиган бўлсак, аввало психологиянинг ҳеч қандай йўналиш ёки оқимга тааллуқли эмаслигини айтиб ўтмоқчиман. Бу фалсафадан ажралиб чиққан бир йўналиш ва инсон руҳиятини ўрганувчи фан. Буни билган-билмаган, ўқиган-ўқимаган одамлар ҳам омма олдига чиқиб, ўзидан бир халоскор ясай бошлади. Бунинг ҳисобига илмсиз, сохта психологлар қатлами вужудга келди. Яъни, улар пул эвазига бизнес бошлаб, инсон руҳиятини объект қилиб олишди. Аслида психолог бўлиш учун олий таълим муассасасида ўқиш, энг камида бакалавр, бўлмаса магистр даражаси талаб этилади. Амалиётда эса ҳеч қаерда ўқимаган ёки кимларнингдир икки ё уч ойлик курсида, семинарида қатнашиб “сертификат” олган чаламуллалар ўзини психолог сифатида таништираяпти. Ўзларини психолог, эзотерик, мотиватор ёки бошқа ном билан атаб, бемор қабул қилишаяпти. Оқибатда руҳий беморларнинг аҳволини баттар оғирлаштириб қўйишаяпти. Пихологиянинг барча услублари илмий асосга эга, унда кўп йиллик тақдиқотлар натижасида йўлга қўйилган методлар қўлланади. Умуман, шахсни ўрганмай, унинг индивидуал хусусиятларини, ижтимоийлашув жараёнларини билмай бу соҳага киришиш мумкин эмас. Чунки бу соҳа инсоннинг руҳини, онгини нафақат яхши томонга, балки ёмон тарафга ўзгартириб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Илмдан бехабар, ўзларининг ўй-хаёллари ва фантазиялари асосида беморларни даволамоқчи бўлаётганлар катта хато қиладилар.
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Шоира Исоқованинг билдиришича, ҳозир Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бу борада ҳужжат тайёрланган. Шу кунларда психологлар фаолиятини назорат қилувчи меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Агар ҳужжат қонуний кучга кирса, ижтимоий тармоқлардаги сохта психологлар фаолияти ўрганилади ва лицензия масаласи ўртага чиқади. Яъни, соҳа қонун билан қатъий тартибга солинади.
Феруза РАИМЖОН қизи
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Инсон қалби билан ҳазиллшаманг” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ