Ҳар бир иш чин ихлос ва ишонч билан қилинган ниятдан бошланадиҲажга боришни кўпчилик орзу қилади. Шуни истаган кўнгилга эзгулик уруғи қадалади. Аммо зиёратга бориш шартлари орасида шахснинг маънавий етуклиги алоҳида қайд этилган. Хўш, маънавий етуклик нималарда акс этади?
Узоққа бормайлик. Илгари хонадонларда кунора тандир-тандир нон ёпилган. Сиртдан қараган одам шунча нонни ким ейди, дейиши мумкин. Бироқ момоларимиз, оналаримиз ёпган нон сочиқ ёки дастурхонга ўралиб, қишлоқнинг у чеккасидан бу чеккасигача тарқатилган. Тансиқ таом қилинса, албатта, беморлар, якка-ёлғизлар, ўзгалар парваришига муҳтожларга улашилган.
Шу ўринда фарзандларидан бирининг Абдулла Қодирий ҳақидаги бир хотирасини эслайлик. Бир ўғли адибдан велосипед олиб беришни илтимос қилади. Шунда ёзувчи маҳаллада ҳамманинг ҳам велосипед олишга қурби етмайди, сенга олиб берсак, бошқаларнинг кўнглини ўксиб қолиши мумкин, дейди.
Ҳа, кўнгил учун ўлмоқ керак! Ўзганинг дилини оғритиб қўйган инсон ҳажга кетиши олдидан кечирим сўраб бориши бежиз зарурат ҳисобланмайди. Ҳаж амалининг маънавий асосида ота-боболаримиз, момоларимиздан қолган энг гўзал урф-одат ва қадриятлар ётибди, десак муболаға бўлмайди.
Уйимизга меҳмон келса, қўшни таом кўтариб, меҳмонни йўқлаб чиқади. Сизнинг меҳмонингиз – бизнинг меҳмон, дейди. Бу гап замирида мезбоннинг қўни-қўшни, маҳалла олдида обрўси борлиги ҳам акс этади.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор ривоят қилади: бир киши доно одамнинг олдига келиб: “Айтинг-чи, мен яхши одамманми ёки ёмон? Буни қандай билса бўлади?”, деб сўрабди. Оқил киши бундай жавоб берибди: “Қўшниларингдан сўра, агар улар сени яхши, деса, демак, яхшисан”.
Бир ишни бошлашдан аввал маҳалла-кўй нима дейди, деб ўйлашнинг ўзи ҳар биримизнинг ҳаётимиз маҳалла билан, инсоний фазилатларимиз ва қадриятларимиз билан боғлиқлигини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбарининг муқаддас ҳаж зиёратига кетган минглаб юртдошларимиз ҳолидан хабар олиши ҳам ана шу гўзал қадриятларимизга бориб тақалади. Кундалик режаси давлат юмушлари билан тиғиз бўлган давлатимиз раҳбарининг муқаддас ҳаж амалини бажариб турган фуқаролари ҳолидан хабар олишга вақт топиши инсоний фазилатларнинг, ғамхўрликнинг юксак амалий намунасидир.
Қани айтинг-чи, қай биримиз минглаб ҳожиларимизнинг она ватанимиз тинчлигини сўраб қилган дуоларида бир неча сония бўлса-да эсланмадик? Қай биримиз дуо билан эл кўкаришига шубҳа қилдик?!
Ҳаж сафарига кетгунга қадар бир оиланинг ҳолидан хабар олган киши қайтиб келгач, бир неча оиланинг ҳолидан хабар олишга уринади. Зеро, бир инсоннинг кўнглини обод қилиш Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани бор гап. Бироқ умра ёки ҳаж зиёратидан қайтган айримларнинг ҳовлисида ёки ресторанларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган дабдабабозликка йўл қўяётганини ижтимоий тармоқларда кўриб, нафақат биз, балки бутун дунё аҳли лол қолаётир. Бундай кимўзарлигу хўжакўрсин бизга қачон юқиб улгурди?
Кўплаб ҳожиларимиз зиёрат чоғида хорижликлар томонидан Имом Бухорий авлодлари сифатида эҳтиром этилганини эшитганмиз. Маданияти, илм-фандаги оламшумул кашфиётлари билан дунё тамаддунига ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний авлоди эканимиздан фахрланамиз. Хўш, бугун фарзандимизга битта китоб сотиб олиб беришга оғринсагу, хўжакўрсинга дошқозонда ош дамлаб, тарқатсак, ким деган одам бўламиз?.. Қўшнимиз, маҳалладошимизнинг фарзанди олий маълумот олиш учун шартнома пулини тўлашга муҳтож бўлиб турса-ю, биз ҳали дунёни англамаган чақалоқни қиммат машинада етти маҳаллага донг таратиб туғуруқхонадан олиб чиқсак... Отасиз ёки онасиз қолган бола кўчада майда-чуйда ўғирлаб вояга етаётган бўлса-ю, уни кўриб-кўрмаганга, эшитиб-эшитмаганга олсак...
Биз Имом Бухорий авлодларимиз. Бироқ алломанинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадислар тўпламини, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳ ул-ғофилин”ини, Имом Ғаззолийнинг “Мукошафат ул-қулуб”ини, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақоиқ”ини нега ўқимаймиз? Абу Наср Форобийнинг юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган “Фозил одамлар шаҳри”ни ёддан билсак, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг ўнлаб асарларидаги одоб-ахлоқнинг гўзал намуналарини англашимиз, хулқимизга, ҳаётимизга кўчиришимиздан, уларга ўхшаб, эл дарди, фарзанд тарбияси, маърифат улашиш бахти билан яшасак, бизни ким тўхтатиб қолади?
Биргина маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратни олайлик. У чет эл ҳаёти ва маданияти билан яқиндан танишиш истагида Жидда, Истанбул, София, Рим, Афғонистон, Арабистон, Ҳиндистон, Хитой, Кошғар каби мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, Наманганга қайтгач, отасидан қолган катта ерни боғ қилиб, фаввора қурдиради, дарахтлар экиб, хиёбон яратади. Европа услубида ҳашаматли иморат қурдириб, аркига “Хуш келибсиз, Исҳоқия боғига” деб ёздириб қўяди. Тўрақўрғонликлар учун яратилган бу боғни туман аҳли ҳозир ҳам шу ном билан атайди.
Хорижий тилларни ўрганган Ибрат ватандошларига тушунча ва сабоқ бериш истагида олти тилни ўз ичига олган “Луғати ситта алсина” (“Олти тилли луғат”) асарини ёзади. Илғор педагог сифатида ўз уйида янги усулдаги мактаб очиб, қишлоқ болаларини ўқитади. Оренбургдан катта машаққат билан аввал поездда, кейин туяларда ускуна олиб келиб, босмахона ташкил қилади. У юрт зиёлисига хос умр кечиради.
Ўзга элдаги ҳожи ота-оналаримиз учун шунча шароит яратилгани нафақат уларнинг дуосини олиш, балки улар ҳақида ватан қайғураётганини англатиш ҳамдир. Улар ортида Ўзбекистон турганини ҳис эттириш учун қилинган саъй-ҳаракатдир. Бундай шарафга муяссар бўлган юртдошларимиз мамлакатимиз остонасига қадам қўйиши билан, энг аввало, ҳар қандай дабдабабозликка чек қўйишига аминмиз. Дилларига тугиб қўйган эзгу тилакларини халқ билан баҳам кўрадилар. Зеро, ҳожилик мақоми энг гўзал инсоний фазилатлар билан зийнатланганини кўрган ёш авлод эртага улар каби бўлишга интилиши, дуоларини олишга интилиши шубҳасиз.
– Ҳажга бориб-келишга пулим етади, лекин қайтиб келганимдан сўнг халққа дастурхон ёзишим учун бироз маблағ керак, – деб қолди бир танишим. Эшитиб, ҳайратимни яширолмадим. Шунда у “Ҳамма қиляпти-ку”, деди.
Жамиятда турфа инсон бор. Ҳаж зиёратига боришнинг моҳиятини англамаган, ҳожилик мақомини тушунмаганлар турли саъй-ҳаракатларга бош бўлса, қолганларнинг ҳам улар ортидан эргашиши нечоғлик тўғри?
Бугун юртимиздаги ислоҳотларнинг асосий негизи ватанпарварлик, халқпарварлик, адолатпарварлик, халқимизнинг давлатдан рози бўлиб яшашига эришиш каби эзгу амаллар рўёбига қаратилган. Шу билан бирга ушбу ислоҳотлар замирида аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси ва шонли тарихимизни чуқур ўрганиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар қилиш, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, ёшларимизнинг илм олиши учун муносиб шарт-шароит яратиш орқали истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, диний-маърифий соҳада изчил ислоҳотлар олиб бориб, халқимизнинг бу борадаги орзу-истакларини рўёбга чиқаришдек эзгу мақсадлар мужассам.
Кишиларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиши, кам таминланган ва алоҳида парваришга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиши, мурувват кўрсатиши, хайр-эҳсон қилиши қадриятларимизнинг ўзагини ташкил этади. Бинобарин, муқаддас динимиз ҳам барчани шунга ўргатади ва шу йўлга бошлайди. Бу эса халқимизнинг азалий умуминсоний фазилатларидан.
Бугун маҳаллада ишлаш тизимини мутлақо янги механизм асосида ташкил этишга қаратилган “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистон маҳалладан бошланаётган, халқ розилиги учун барча юқори ташкилот маҳаллага туширилаётган бир пайтда ҳою ҳавасга берилишимиз қайси ислоҳотга хайрихоҳлигимизни кўрсатади. Халқимиз орасида сайқал топган бир гап бор: “қарс икки қўлдан чиқади”. Бугун юртнинг зиёлилари, ҳожилари – маърифатпарварлари маҳалладаги шунча саъй-ҳаракатга “лаббай” деб жавоб бермас экан, ислоҳот маҳалладан, ҳар биримизнинг инсоний фазилатларимиздан бошланмас экан, биз истаган порлоқ келажакни ўз қўлимиз билан ортга сурган, шунча катта имкониятни бой берган бўламиз.
Соҳибқирон Амир Темур қанчалар тақводор бўлганини биламиз. Унинг зурриёди Ҳусайн Бойқаро ҳаж сафарига кетаётган Алишер Навоийни мамлакат ишлари туфайли тўхтатиб қолгани ҳақида манбаларда келтирилган. Навоийнинг йўл таъмирлаш, кўприк қуриш, сув чиқариш, мактаб ва мадрасалар қурдириш каби эҳсонлари ҳақида ҳам эшитганмиз. Бу буюк инсоннинг ҳаж зиёратига бориш вақти ва маблағи бир элнинг ташвишини ҳал этишга, мамлакат подшосига елкадош, ҳаммаслак бўлиб, салтанат ишларида кўмаклашишга сарфланган бўлса, бу тақдир Навоийнинг номини асрларга муҳрлаб қўймадими? Унинг гўзал маънавий дунёси ҳанузгача зиё таратмаяптими?
Ибрат олишимиз лозим бўлган тарихимиз ҳам, аждодларимиз мероси ҳам бисёр. Фақат маърифат йўлидан юришимиз, олдимизга қўйган улкан мақсадни амалга оширишда салмоқли вазифаларни бажаришимиз зарурлигини англаб етишимиз даркор.
Ҳар сафар машинага ёнилғи қуйдирганимизда йўл солиғи тўлаймиз. Қонун бўйича кўчалар мана шу пул ҳисобидан асфальт қилиниши кўзда тутилган. Бироқ атрофимиздаги турли иллатларни бартараф этиш учун маънавий эҳтиёжни тўлдириш лозимлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрамизми? Машинага ёнилғи қуймасангиз, юрмайди. Жамият ҳам шундай: фуқароларни тарбияламас эканмиз, кўзлаган манзилимизга машинани сургандек, суриб кетишимизга тўғри келади. Аммо бу бизни ҳолдан тойдириши турган гап.
Ҳар бир иш чин ихлос, ишонч билан қилинган ниятдан бошланади. Биз янги Ўзбекистонни маърифатли жамият, инсон қадри улуғланувчи давлат сифатида барпо этишни мақсад қилганмиз. Учинчи Ренессанс пойдевори зиёлилар саъй-ҳаракати билан мустаҳкамланади. Маърифатпарвар боболаримиз таъкидлаганидек, тилда, фикрда, ишда бирлик бўлса, йўлларимиз равон бўлажак. Қаерда ёши улуғ одам кўрсак, қаерда илм аҳлини кўрсак, дуо сўраганмиз. Холис ният билан сўраб қилган дуоларимиз ижобат бўлади.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи Муҳсиний” асарида жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва инсонларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларда масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади эканини қайд этади.
Зеро, бугун чин мусулмонлигимиз яхши амалларимиз, халқпарварлигимиз, маърифатпарварлигимиз билан баҳоланади. Президентимиз таъкидлаганидек “Кучлилар – ожизларга, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин”.
Инсоннинг танасидан аввал кўнглининг ҳажга интилиши бежиз бўлмаса керак. Муқаддас зиёратга бориш истаги кўнгилга тушиши билан инсон чиройли амалларга ҳаракат қила бошлайди.
Бугун ҳар бир ўзбекистонликнинг кўнгли муқаддас зиёратгоҳга интилса, кўнгиллар обод бўлади, гўзал фазилатли инсонлар сафи кенгаяди. Янги Ўзбекистон сизу биздан юрт тинчлиги, маҳаллаларда осойишталик бўлиши, фарзандларимиз камоли йўлида бирлашишимизни, эзгу ниятларимизни амалга оширишда якдил бўлишимизни сўрайди.
Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари
“Yangi O‘zbekiston” gazetasi, 2024 йил 21 июнь, 122-сон.
“Кўнгил ҳажга отланганда...” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ