Hamster Kombat ўйнаганни пул кутадими ёки қамоқ?


Сақлаш
01:15 / 15.06.2024 600 0

“Hamster Kombat” ўйини атиги 1 ой аввал, 2024 йилнинг май ойидан бошлаб дунё бўйлаб вирус каби тарқалди. Ўйин моҳияти шундан иборат-ки, экранда акс этадиган оғмахон (хомяк)  устига боссангиз, сизга танга беради. Йиғилган тангалар эвазига эса қўшимча қувват ва нофаол бўлган вақтингизда ҳисобингизга қўшиладиган тангалар сотиб олишингиз мумкин. “Hamster Kombat” алоҳида илова талаб этмайди. У телеграм мессенжеридаги дастур бўлиб, ўйин ўзининг криптобиржа моделини таклиф қилади. Ҳар бир иштирокчи эса биржанинг асосий директори сифатида ўйнайди. Кўпроқ танга ишлаб топиш учун кўпроқ босиш керак.

 

Бунинг нимаси қизиқ?

 

Гап шундаки, ўйин асосчилари иштирокчилар йиғган тангаларни чинакам биржага чиқарилишини ваъда қилган. 11 июнь куни эса тез орада премаркет бошланишини ва ўйиндаги токен (танга)ларни сотиш ҳамда сотиб олиш учун аризалар йиға бошланиши маълум бўлган.

 

Аниқроқ қилиб айтганда, ҳеч қандай сармоясиз пулга эришиш мотиви кўпчиликни ўйинга жалб қилди.

 

Ўйинда кўпроқ танга ишлаб олиш шартларидан яна бири – дўстларни таклиф қилиш. Ўзбекистондаги иштирокчилар ўйиннинг мана шу шартини ўта фаол бажаргани ҳисобига ҳам, Hamster мамлакатда ўта тез оммалашди. Иштирокчилар ўйин ҳаволасини дўстларига шунчаки юборишдан ташқари, ўзларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари-ю телеграм, ютуб каналларида ҳам доимий бўлишиб бориш йўлига ўтган. Ўйин давомида иштирокчига Hamster Kombat’нинг тармоқлардаги саҳифаларига аъзо бўлиш ва ютубдаги влогларнинг ҳар бир сонини кўрганлик учун маълум миқдорда токен таклиф қилинади. Айни вақтда Hamsterнинг телеграм канал кузатувчилари 36 миллиондан ошган.

 

Қонунчилик нима дейди?


Қонунчиликка кўра, 2021 йилда мамлакатдаги лицензиядан ўтган биржаларда миллий валюта эвазига криптовалюталарни алмаштириш, сотиб олиш ёки сотишга расман рухсат берилган. Бунда “Лицензияга эга” деган жумлага диққат қилиш керак бўлади. Чунки акс ҳолатлар учун ҳам модда бўлиб, крипто-активлар билан ноқонуний савдо қилган фуқароларга жиноий жавобгарлик белгиланиб, криптовалюталар билан яширинча амалиётларни амалга оширган мансабдор шахсларга нисбатан эса жарималар мавжуд.

 

Криптовалюта ўзи нима?


Буларнинг барчасини тушуниш учун криптовалюта ўзи нима эканини билиб олиш керак: бу рақамли валюта бўлиб, у криптография тизими асосида, марказлашмаган компьютерлар тармоғида юритилади. Криптовалюталар жисмоний шаклга эга бўлмайди. Криптовалюта сотиб олиш асосан, таваккалчиликка асосланади. Чунки унинг қиймати талаб ва таклифлар асосида шаклланиб, энг юқоридан пастга қулаши ёки кутилмаганда ўсиб бориши ҳам мумкин.

 

Hamster ўйинининг алгоритми ҳам тахминан шундай – иштирокчилар сонининг ортиши, телеграмнинг ички токени ҳам ҳақиқий биржага чиқишига ёрдам беради. Ўйиндан ишланган тангалар (токенлар) эса Тонкипер ҳамёни орқали берилиши айтилган. Бу эса табиийки, Ўзбекистонда лицензияланган криптодўконлар таркибига кирмайди.

 

Криптовалюта сотганлар қамаладими?

 

Аслида, криптовалюта савдоси мамлакат бюджетига яхшигина фойда келтиради. 2022 йилдан то 2024 йилнинг майига қадар бюджетга 40 миллион сўмдан ортиқ тушум бўлган. Яъни, фуқароларнинг криптоактив олди-бердиси учун қамаб юборилишидан ҳеч қандай наф йўқ. Шунчаки, ҳар бир амал қонунга мос келиши зарур.

 

Сўнги кунларда криптовалюта савдоси ортидан қамалганлар эса бу операцияларни яширин ёки лицензияланмаган криптодўконлар орқали бажариб келган. Муаммо шундаки, жабрланувчиларнинг баъзилар тегишли қонунчилик билан таниш бўлмаган, шунинг учун фаолияти жавобгарликка тортилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14929
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//