Мусулмонга бошпана берган атеист, тоқатсизлик учун бирлашган сингапурликлар, хорижлик билан турмуш қурган ўзбеклар – толерантлик бизга нега керак?


Сақлаш
18:06 / 13.06.2024 279 0

Бошқалар каби бўлма, ўзгаларнинг ҳам бошқача бўлишига қўйиб бер

Хенрик Ягодзинский

 

– Русларнинг муқаддас байрами – Православ пасхасида тайёрланадиган егуликлар зўр-да! Турли рангларга бўялган тухумларни уни ёқтирмайдиганлар ҳам иштаҳа билан ейишади. Кулич ширинлигининг такрорланмас таъми, ажойиб кўриниши сабаб кўпинча уйимизда талаш бўлиб кетади…

Руспарастмисан?! Ҳар икки гапнинг орасида русча қўшиб кетишинг, релокантлар ҳақида ортиқча қайғуришинг етмагандай, энди христиан байрамларида шерик бўлишинг ғалати!

 

***

 

– Жамоат транспортларининг аёллар ва эркаклар учун алоҳида қисмларга ажратилиши аёлларнинг ҳар томонлама хавфсизлиги учун фойдали бўлади.

Радикал бўлиб кетяпсиз!


***

– Бугун бирам бетайин ҳайдовчи учради-ей! Узундан узоқ тирбандликда туриб қолдик. Светофорда “Эшикни очиб юборинг, намозга улгуришим керак”, десам ҳам мумкинмас, деб туриб олди.

– Рост-да! Светофорда йўловчиларни тушириб қолдириш қоидани бузиш саналади-ку! Қолаверса, ҳаёт учун ҳам хавфли. Кейин ибодат масаласи жамоатчилик олдида эълон қилинадиган амал эмас, у қоидабузарликларга сабаб бўлиб қолмаслиги ҳам керак. Умуман олганда, ҳайдовчи амаки ҳақ бўлган!

Тавба, исломофоблар борган сари ортиб кетяпти…

 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўзгачароқ фикрларга нисбатан бетоқатлик кучайиб, кишиларни ёппасига радикал, исламофоб, ғарбпарастликда айблаш кўпайиб бораётганини кузатиш мумкин. Ўзининг фикрига қўшилмаган иккинчи томонга турли тамғаларни ёпиштириб, ҳақорат қилишгача ўтадиган айрим тармоқ фойдаланувчиларининг ўзларига нисбатан босим бўлганида бағрикенглик ҳақида ёзишлари эса аслида толерантлик тушунчаси қанчалар муҳим эканини кўрсатади. Бироқ у фақат дўппи тор келганда қўлланиладиган тушунча эмас. Толерантлик ўзидан бошқаларнинг шахсий хусусият ва қарашларига нисбатан сабрли ва бағрикенг бўлишни назарда тутади. Унинг  миллати ё дини йўқ ва ҳар бир давлат ҳамда фуқаронинг муҳим хусусиятларидан саналади. Шундай экан, бу борада дунёдаги вазият қандай, биздаги каби вазиятларда мамлакат ташқарисида қандай муносабатда бўлишади? Oyina.uz хорижда яшайдиган ва бошқа миллат вакили билан турмуш қурган ватандошларнинг толерантлик борасидаги фикрлари билан қизиқди. 

 

Ёш германияликлар кўпроқ миллатлараро маданий уйғунликни исташади

 

Дилшод Раҳматов – 1982 йил Тошкент вилоятида туғилган. “Digital Career Institute GmbH” маърузачиси, фалсафа фанлари доктори. 2012 йилдан буён турмуш ўртоғи ва 4 нафар фарзанди билан Германияда истиқомат қилади.

 


 

Толерантлик мен учун ўзгача дунёқараш, турмуш тарзи, хулқ-атвор ва урф-одатларга нисбатан бағрикенгликни билдиради. У бефарқлик ёки бошқача қарашларни қабул қилиш кераклигини эмас, балки бошқаларнинг шахсий эътиқоди ва қадриятларига кўра яшашига тоқатли бўлишни англатади. Бу хусусият дунёдаги турли халқлар, миллатлар ва динларни ҳурмат қилиш учун ҳам муҳим. Шунингдек, толерантлик инсоннинг турли нуқтаи-назарларга очиқлигини ва ўзига ишончи юқорилигини билдиради.

 

2014 йил Германияга бир қатор мусулмон мамлакатларидан қочқинлар кела бошлаган. Кўплаб немис оилалари уруш ва нотинчликдан қочган оилаларга бошпана беришади. Шулар қаторида бир немис дўстим ҳам бўлган. Улар оилавий атеист бўлишига қарамай, қочқин мусулмонларга ўз хонадонидан жой берган, алоҳида идиш-тавоқлар сотиб олиб, ибодатлари учун қулай шароит яратган. Дўстим ўзининг қозон-товоғини қочоқлар билан бўлишмагани сабабини эса унда чўчқа гўшти тайёрлашлари билан изоҳлаганди. Мен бу ҳолатни немислар бошқа дин вакилларининг эътиқод ва маданиятини ҳурмат қилиши ва бағрикенглик белгиси, деб тушунганман.

 

Бошқа халқларнинг эътиқод ва урф-одатларига нисбатан бағрикенглик масаласи Германияда кенг муҳокама ва тадқиқот мавзуси саналади. Гарчи, очиқлик ва изоляция тарафдорлари ўртасида қутбланиш кучайган бўлса-да, баъзи тадқиқотларга кўра, немислар маданий хилма-хилликка кўпроқ очиқ бўлиб бормоқда. Уларнинг тахминан ярми «муҳожирлар жамиятнинг асосий маданиятига мослашиши керак», деб ҳисоблайди, 36 фоизи эса маданиятлар уйғунлигини маъқуллайди. Ёшлар орасида маданиятларни бир-бирига яқинлаштириш зарурлиги ҳақидаги мулоҳаза юқори.

 

Мамлакатда минтақа ва фуқароларнинг ёшига қараб бағрикенгликка бўлган муносабатда фарқлар мавжуд. Мисол учун, 25 ёшгача бўлган ёшлар маданий уйғунликни кўпроқ қўллаб-қувватласа, 70 ёшдан ошган одамлар иммиграцион мослашувни маъқуллайди. Бу эса жамиятда маданий хилма-хиллик шароитида, муваффақиятли бирга яшаш бўйича келишувга эришиш зарурлигидан далолат беради.

 

Умуман олганда, Германия маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва эътироф этишга интилади, лекин айни пайтда интеграция ва ижтимоий ҳамжиҳатлик билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас.

 

Грузинлар азалдан толерант халқ бўлган

 

Фарзона Қудратиллаева – 1994 йил Тошкент шаҳрида, мусиқа санъати бўйича профессор Рифатилла Қосимов оиласида дунёга келган. Ҳозир туғруқ таътилида, ундан аввал мусиқа фанидан дарс берган. Турмуш ўртоғи ва фарзанди билан Грузияда яшайди.