Дунё кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Замонавий технологиялар турмушимиз, қадриятларимиз, гоҳида эътиқодимизни янги ўзанларга бурмоқда. Айниқса, жадал тараққий этаётган сунъий интеллект соҳаси инсониятга ақл бовар қилмас ютуқларни ваъда этмоқда.
Азалдан интеллект, онг, ақл-фақат инсондагина мавжуд ва у биологик ва ижтимоий асосга эга ҳодиса деб ҳисобланар эди. Аммо мазкур тушунча кейинги юз йилда анча ўзгарди.
Дастлаб чех фантаст ёзувчиси Карел Чапек ХХ асрнинг 20-йилларида сунъий интеллектга эга роботлар ҳақида ёзган эди. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб роботларнинг турли авлодлари яратилди. Дарҳақиқат, бадиий адабиёт гоҳида башорат ва янги ғояларни илгари суришда илм-фандан ҳам ўзиб кетиши мумкин.
Сунъий интеллект юқори даражадаги психика ва тафаккур асосидаги табиий онгдан фарқли ўлароқ, машиналар томонидан аввалдан белгиланган алгоритмлар парадигмаси ва дастурлар комбинациясига асосланади. Яъни бу – инсон ақлига таяниб бажарадиган жараёнларнинг машина ва компьютер тизимлари томонидан бажарилиши, симуляция қилиниши. У мустақил, табиий равишда шаклланмаган, балки инсон фаолияти маҳсулидир. Шу боис ҳам “сунъий” деб сифатланади.
Мутахассисларнинг фикрича, универсал кучли сунъий интеллект мустақил ҳолда маълумот йиғади, хотирасида сақлайди, ўзини ўзи дастурлайди, мустақил фикрлайди, ўзи хулоса чиқариб, ўзи қарор қабул қилади. Ҳозирча бундай салоҳиятга эга сунъий интеллект мавжуд эмас, аммо унинг баъзи унсурлари ва хусусиятлари пайдо бўлаётир.
Ҳозирча ўрта даражада бўлган сунъий интеллект бугунги кунда такомиллашиб бормоқда. Google онлайн-таржима тизими илгари бир тилдан иккинчисига таржима қилишда сўзлар ва гапларни бўлиб-бўлиб ўгирар эди. Бу таржиманинг сифатига салбий таъсир қилар эди. Шу сабабли тармоқ мустақил равишда бу усулдан воз кечиб, жумлани тўлалигича таржима қилишга ўтди. Натижада таржима сифати ва мароми ортди.
Олимлар сунъий интеллектнинг дастлабки кўринишларидан бўлган – ботга музокара олиб бориш, мулоқот қилишни ўргатмоққа киришди. Шуниси қизиқки, синовни ўтказаётган экспертлар дастлаб компьютер билан мулоқот қилаётганини сезмай ҳам қолган. Бот суҳбатдошини чалғитиб, ўзини келишувга келаётгандек қилиб кўрсатишга уринган. Компьютернинг мустақил ва айёрона ҳаракат қилаётганидан хабар топган мутахассислар ҳайратдан ёқасини ушлаган. Таниқли тадбиркор ва ихтирочи Илон Маск ҳам сунъий ақлга эга бўлган темиртанлар инсониятга катта хавф солишидан огоҳлантиргани бежиз эмас. “Бизга сунъий интеллектнинг кераги йўқ, катта ҳажмдаги маълумотларни ёдида тутадиган сунъий хотира бўлса бас” дейди у.
Компьютер дастури аллақачон шахмат бўйича энг истеъдодли гроссмейстерларни ҳам осонлик билан енгмоқда. Улар инсон ёрдамисиз янгиликлар етказиб бермоқда, матнни қайта ишлаб таҳрир қилмоқда. Дунёнинг кўплаб медиа марказлари, телерадиокомпаниялар, ахборот агентликлари сунъий интеллект ёрдамидан фойдаланмоқда.
Ҳайратланарли яна бир жиҳат шуки, инсон ҳаётлик даврида узоқ муддат мулоқотда бўлган, унинг таржимаи ҳоли, кечмишидан хабардор бўлган, унинг феъл-атворини маълумотлар базасида сақлаб қолган робот унинг ўлимидан кейин ҳам қисқа-қисқа жумлалар билан мулоқотга кириша олади. Машина бакидаги ёнилғи миқдорини махсус кўрсаткичга қараб айтиб бера олганингиздек, сунъий интеллект ҳам инсон организмидаги ҳаётни таъмин этувчи куч-қувват, ресурслар ҳолатини айтиб беради. Шу тариқа сунъий идрок инсонни унинг соғлиғи учун хавфли бўлган ҳиссий, руҳий азоблардан, стресслардан муҳофаза қилади.
Инсон организмига уланган датчик унинг юрак уриши, қонтомирларнинг ҳолатини назорат қилиб, маълумотларни поликлиникадаги шахсий маълумотлар базасига етказиб туради. Олинган маълумотлар сунъий интеллект дастурида таҳлил қилинади. Шифокор шу натижаларга таяниб керакли маслаҳат беради. Ҳозир бу усул Хитойда космонавтлар саломатлигини назорат қилишда қўл келмоқда.
Замонавий дастурлар инсоннинг юз тузилиши, бармоқ излари, нутқ, овоз тембрини бехато аниқлайди. Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда ҳайдовчисиз автомобиллар оммалашади. Оғир хасталикларга тез ва аниқ ташхис қўядиган тиббиёт ускуналари ишга тушади. Роботлар ҳовлиларимизни супуриб, уйларимизни йиғиштиради.
“Биз беш-ўн йилдан кейин компаниямиз бюджетининг катта қисмини инсоннинг кўз нурини ўткирлаштирадиган, эшитиш қобилиятини яхшилайдиган, тил бойлигини оширадиган, фикрлаш доирасини кенгайтирадиган, бир сўз билан айтганда, уни яшартирадиган ва бахтли яшашига хизмат қиладиган сунъий интеллект яратишга қаратамиз” дейди “Facebook” платформаси асосчиси Марк Цукерберг.
Тобора оммалашиб бораётган робот-андроидларнинг интеллектуал салоҳияти ўртамиёна мактаб битирувчисининг билим даражасичалик эмасдир. Шунга қарамай, интеллектуал тизимлар ҳозирданоқ инсон оғирини енгил қилиб, кучли ақлий зўриқишга сабаб бўлувчи юмушларни адо этаётир. Бунга мисол сифатида аэропортларда парвозларни мувофиқлаштиришга хизмат қилувчи ахборот-таҳлил тизимларини келтириш мумкин. Улар вазиятни метеорологик шароит, самолётларнинг учиш-қўниш жадвали, масофа, тезлик сингари юзлаб параметрларни умумлаштирган ҳолда назорат қилади ҳамда инсонга – муҳандисга мақбул маълумотларни тақдим этади. Самолётлардаги автопилот имкониятини ҳам шу сирага қўшиш мумкин. У лайнерни бошқаради, лекин алгоритмда кўзда тутилмаган фавқулодда вазиятларда мустақил, ноодатий қарор қабул қила олмайди.
Фантаст адиблар шунчаки ғаройиб “ақлли машиналар”, роботлар, автомат қурилмаларни қаламга олиб қолмай, улар туғдирадиган хавф, инсон эрки ва ҳаётига эҳтимолий таҳдидлар ҳақида ҳам ёзгани маълум. Яқин-яқингача бадиий асарларда тасвирланган зиддиятлар реал ҳаётдан узоқ, фантастик асар учун зарур драматик коллизия деб қабул қилинарди. Аммо одамзод эртаклар ҳақиқатга айланадиган замонга етиб келди. Сунъий интеллектга асосланган технологиялар, “чапек роботлари” реал хавф туғдириши мумкинлиги тобора ойдинлашмоқда.
“Facebook” мутахассислари сунъий интеллект дастури ўрнатилган компьютерлар бегона тилда мустақил равишда мулоқотга киришганидан хабар топиб, тизимни ўчириб қўйган. Гап шундаки, фақат инглиз тилида гапиравериш сунъий интеллект дастурларининг “жон”ига тегиб, одамлардан яширин равишда янги тил яратган.
Албатта, ҳар қандай технология каби сунъий интеллект ҳам инсон назорати остида ривожланса, жамият корига яраши аниқ. Aммo у тажовузкорлик, дунёга ҳукмронлик қилиш каби ғаразли мақсадларга йўналтирилиши ҳам мумкин. Қолаверса, у одамларга бўйсунмай қўйса, фантастик асарлар, фильмлардаги каби вайронкорлик содир этса-чи?! Сунъий интеллект ёрдамида кар-соқов ва кўзи ожизлар, фалаж бўлиб қолган беморлар даволангани яхши, аммо суперқотилни, супертеррорчини яратишга уриниш бўлмайди деб ким кафолат беради?
Сунъий идрокнинг жадал равнақи жамиятнинг иқтисодий, ҳуқуқий ва ахлоқий асосларига таъсир кўрсатиши, янги-янги муаммоларга доялик қилиши ҳам мумкин. Дейлик, ишлаб чиқариш жараёни автоматлашуви иш ўрнининг мунтазам қисқаришига олиб келади. Бир томондан, инсон оғир меҳнатдан қутулади, иккинчи томондан, технологиялар уни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишдан сиқиб чиқаради. Илм-фан тараққиёти бўйича Америка ассоциациясининг Вашингтонда ўтган йиллик йиғилишида ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларнинг 70 фоизи робот техникасининг ривожланиши сабабли ишсиз қолади деган хулосага келинган.
Сунъий интеллект технологиялари дунёдаги жами иш жойларининг қарийб 40 фоизига тўлдириш ва алмаштириш йўли билан таъсир кўрсатади, дейди Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева. ХВЖ маълумотларига қараганда, иқтисодиёти ривожланган давлатларда сунъий интеллект таъсир этиши мумкин бўлган иш ўрни улуши 60 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 40 фоиз, даромади паст мамлакатларда эса 26 фоизга тўғри келади.
Бошқа бир гуруҳ олимлар эса хавотирга ўрин йўқлигини уқтирмоқда. Уларнинг фикрича, одамлар сунъий идрок сабабли ишсиз қолишдан қўрқмаслиги лозим. Аввало, иш ҳаммага етади. Қолаверса, янги технологиялар замонида янги касблар пайдо бўладики, одамлар уларни ўзлаштиришига тўғри келади. Сунъий идрок ҳар қандай ҳолатда ҳам шогирд, дастёр ролида қолаверади, инсон эса унга мураббийлик қилади (Paul Daugherty, James Wilson. Human+machine: Reimagining Work in the Age of AI. Harvard Business Review Press, 2018).
Улуғ мутафаккир Жалолиддин Румий “Ҳар нечук маҳрумият – муяссарият” дея ўгит берганидек, давр муаммолари одамзодга янги имкониятлар эшикларини ҳам очади. Тўғри, анъанавий касб-ҳунарларнинг автоматлаштирилиши ёки роботлар тасарруфига ўтиши мутахассисликлар номенклатурасини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Аммо пировардида одамларнинг иш вақти қисқариб, бўш вақти кўпаяди. Тежалган вақтни эса инсон жисмоний ва маънавий юксалиш йўлида истифода этмоғи лозим.
Интеллектуал деб аталадиган машиналар инсон каби фикрлаш салоҳиятига эга эмас. Аммо улар узоқ вақт талаб қилувчи вазифалар, жумладан, минглаб факт-ҳодисаларни таҳлил қилиш, шу асосда илмий фаразларни илгари суриш, математик теоремалар, мураккаб жумбоқларни тезкорлик билан текшириш имконига эга. Ихтирочилар бу ҳали бошланиши деган фикрда. Пўлатдан икки юз баробар кучли ва соч толасидан миллион марта юпқароқ наноматериаллар, 3D технологияси асосида яна қанча аломат жиҳозлар аллақачон ишлаб чиқилмоқда.
Ҳисоб-китобларга қараганда, ўта мураккаб операцияларга қодир бўлган сунъий интеллект 2029 йилга бориб яратилади. IBM концерни ҳамда Швейцариянинг Лозанна Политехника институти 2025 йилда инсон бош миясининг сунъий моделини ишлаб чиқишни кўзлаган. Бу борада АҚШдаги бир неча илмий лабораторияларда ҳам изланишлар олиб борилмоқда.
Сунъий идрок глобал хавфсизликка қанчалик таъсир кўрсатади? Ушбу масала БМТ тузилмаларида ҳам муҳокама қилинмоқда. Халқаро ҳамжамият яқин ва узоқ истиқболни хавотир ва ҳадик билан баҳолаётгани бежиз эмас. Сунъий интеллект технологияларининг террорчилар, трансмиллий жиноий тўдалар қўлига тушиши глобал хавфсизлик учун қалтис оқибатларга олиб келиши тайин. Экспертларнинг бонг уришича, инсоният сунъий интеллект сабаб кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хавф-хатарларга рўбарў бўлиши мумкин. “Биз таҳдидларни бартараф этиш чораларини кўрмас эканмиз, ҳозирги ва келгуси авлодлар олдидаги бурчимизни адо этмаган бўламиз” дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Сунъий интеллект тизими тараққий этар экан, муаллифлик ҳуқуқи, умуман, интеллектуал мулк ҳуқуқи жабҳасида ҳам баҳс-мунозаралар кучаймоқда. Хўш, сунъий интеллектнинг ижод маҳсулига ким эгалик қилади? Муаллифлик патенти кимга берилади? АҚШ округи суди қарорига биноан, сунъий интеллект томонидан яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланмайди.
Янги технологиялар плагиат, кўчирмачилик иллатининг авж олишига йўл очмоқда. 2022 йил 30 ноябрда ишга туширилган “ChatGPT” мулоқот боти турли саволларга жавоб қайтариши, талабаларга иншо ва назорат ишлари тайёрлаб бериши мумкин. Мазкур бот ҳатто шеър ҳам ёзади. Мутараққий мамлакатларда ўқувчи ва талабалар аллақачон сунъий идрок дастури ёзиб берган матнни ўз ижод маҳсули сифатида тақдим қилмоқда. Бу ҳол муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни янада қийинлаштиради. Қолаверса, ушбу технология сабабли копирайтерлар, журналистлар, ўқитувчилар, ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳа вакиллари ишсиз қолади деган хавотир ҳам мавжуд.
Тўртинчи саноат инқилоби кўлами ва мураккаблигига кўра инсоният илгари гувоҳ бўлган бирор тарихий ҳодисага ўхшамайди. Биологик ва рақамли дунёни бирлаштирадиган янги технологиялар барча соҳалар, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт ва маданиятга таъсир кўрсатмоқда. Тўртинчи саноат инқилобининг асосини эса сунъий идрок ташкил этади. “Сунъий интеллект инсоният саодатими ёки ҳалокати?” деган савол барчани ўйлашга мажбур қилмоқда. Технологияларнинг назоратсиз ривожланиши ядро уруши, пандемиялар каби ҳатто инсоният цивилизациясига хавф солувчи фожиаларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис мутараққий мамалакатларда сунъий интеллектни назорат қилувчи қонунчиликни ишлаб чиқишга уринишлар аллақачон бошланган. Европа Иттифоқи сунъий интеллект хавфини тўрт тоифага ажратувчи қонун ҳужжати ҳозирламоқда. Хитойда 2023 йилда қабул қилинган қонунда сиёсий жиҳатдан нозик контентни чеклаш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишдан аввал ишлаб чиқарувчилардан рухсат олиш талаби белгиланган.
Тўртинчи саноат инқилоби нафақат кундалик ҳаётимиз, юмушларимизни, балки асл “мен”имизни ҳам ўзгартирмоқда. Инсон шахсияти, ўзлигига таъсир кўрсатаётган янги воқелик мураккаб фалсафий-онтологик муаммоларни ҳам кун тартибига чиқармоқда.
Шу вақтгача ақл, онг Оллоҳ томонидан инсонга ато этилган неъмат ёки юксак материянинг хоссаси, воқеликнинг, оламнинг инсон онгида идеал акс этиши, деб таърифланар эди. Анъанавий қарашларга кўра, инсон онги оламни, воқеликни шунчаки пассив, механик тарзда кўзгу каби акс эттириб қолмай, уни фаол таҳлил қилади, замонда (воқеалар хилма-хиллигида) ва маконда (нарса-ҳодисаларнинг ёнма-ён, кетма-кет жойлашувида) идрок этади, баҳолайди. Зарур ҳолда у воқеликни ўзгартиришга, такомиллаштиришга ҳаракат қилади, яъни унга яратувчилик хос. Онг, ақл фақат инсонда мавжуд, у инсон билан бирга ижтимоий-табиий эволюцион тарзда шаклланган ва такомиллашган, деган қараш устун эди. Жаҳоний ақл, абсолют (мутлақ) ғоя, абсолют руҳ онгнинг, ақлнинг манбаи деган идеалистик нуқтаи назар ҳам диний қарашларнинг илмдаги ифодаси эди.
Илм-фан тараққий этгач, маймунлар, отлар, дельфинлар каби ҳайвонларнинг ривожланган турларида мураккаб психика, онг бўсағаси (онголди) мавжудлиги маълум бўлди. Лекин улар онг бўсағасидан ўта олмаслиги, тафаккур даражасига ета олмаслиги ҳам ойдинлашди. Сираси, онг моҳиятига доир қарашлар ўзгармай қолди.
Сунъий интеллект майдонга чиққач, ақл ва онгга доир анъанавий қарашлар оддий одамларни ҳам, илм-фан вакилларини ҳам қониқтирмай қўйди. Айниқса, яқин келажакда квант компьютерлари ёрдамида кучли сунъий интеллект яратилса, онг, ақлга наинки инсон миясида оламнинг инъикос этиши, шунингдек, сунъий қурилмаларнинг ўз-ўзини бошқариш асосидаги хулосалари деб таъриф бериш лозим бўлади. Сунъий интеллект тили мазмунан инсон жонли тилидан қандай фарқланади? Дастлабки фаразларга кўра, у фақат ҳиссиёт уйғота олмайди, холос. Биз бу ўринда инсон онги ва сунъий онг ўртасидаги фарқ, уларнинг мураккаб хусусиятлари ва зиддиятлари, у туғдираётган онтологик, функционал-методологик, креатив-прагматик ва бошқа фалсафий масалаларга тўхталиб ўтирмаймиз. Бу алоҳида тадқиқот мавзусидир.
Хулоса шуки, қудратли технологиялар, смарт-машиналар, роботларнинг инсон ақлий ва касбий тайёргарлигига талаблари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айни чоқда, бу жараён инсон ақлий ва ҳиссий дунёси ўртасида асрлар давомида шаклланган мувозанатни бузиб, тафовут ва зиддиятларни кучайтирмоқда. Бу ҳол “Тараққиёт, севаман сени, / Тараққиёт, сендан қўрқаман!..” деган сатрларни ёдга солади. Инсоният соғлом тафаккур ва бой тажрибага таяниб янги аср жумбоқларига ечим топишига шубҳа йўқ.
Иқболой ФАЙЗУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат Транспорт университети таянч докторанти
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Тараққиёт, қўрқаман сендан!..” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ