Маънавият – инсон бўлиб яшаш дегани


Сақлаш
23:56 / 24.05.2024 541 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек ҲАСАНОВ билан суҳбат

 

– Сўнгги йилларда маънавият ҳақида кўп ва хўб гапирдик. Оқибатда бу сўзни эшитган кишининг ғаши келадиган, энсаси қотадиган бўлиб қолди. Сиз бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?

 

– Маънавият тушунчаси атрофида доим баҳс-мунозаралар кўп бўлган. Ҳар ким ўзича фикр билдирган, қарашларини илгари сурган. Ҳатто, маънавият керак эмас, деб ҳисоблайдиган тоифалар ҳам бор. Асл ҳақиқат эса шуки, одамларнинг кундалик ҳаётида, жамиятда маънавиятнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимов таъкидлаганидай, “одамзодни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи маънавиятдир”. Афсуски, бугун мазкур чегарага урғу берилгани сайин унга ёт кўз билан қарайдиган тоифалар учраб турибди. Маънавият аслида ҳар биримизнинг ботинимизда бўлади. Маънавиятли кишилар Ватанни ҳам, элни ҳам индамай севаверади. Халқнинг ташвиш-муаммоларига ечим излайверади. Ёлғон ва пуч ваъдаларга учиб кетавермайди. Шу маънода, миллатнинг маънавиятини ўзгартирмоқчи бўлган инсон, энг аввало, ислоҳотларни ўзидан, оиласидан, ён-атрофидаги дўстларидан бошлаши керак. Одамларни “маънавиятли” ва “маънавиятсиз”га ажратиш ҳам мавҳум тушунча. Ҳар кимнинг қалбида у ёки бу даражада маънавият илдизлари мавжуд. Чунки ҳар бир одамнинг кўнглидаги эзгу орзу-ниятлари, хайрли амаллари, уйи, қариндошлари, Ватани – маънавият. Фақат ён-атрофдаги муҳит, турли ахборот хуружлари, ёвуз ниятли кимсаларнинг саъй-ҳаракатлари каби омиллар кўпчиликни йўлдан адаштириб қўйиши мумкин. Шу маънода маънавият – инсон бўлиб яшаш дегани.

 

– Ҳозирги замон ёшлари учун ўн йил олдинги гаплар ҳам қизиқарли эмас. Улар доим янгиликка интилиб яшашни маъқул билади. Шу маънода, маънавият деб фақат аждодларимиз ютуқларини кўз-кўз қилавериш ҳам самарали натижа бермаслиги мумкин. Соҳага янгича назар билан боқиш фурсати келмадимикин?

 

– Маънавият соҳасида нафақат замон билан ҳамнафас, балки Президентимиз таъкидлаганидай, бугунги ҳаётдан ўн қадам олдинда юриш шарт. Бу – давр талаби. Ўтган йили Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлод тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?” сингари саволларни ўртага қўйган эди. Ўзини зиёлиман деган ҳар бир миллатдошимиз бу саволларни ҳар куни, ҳар соатда ўзига ўзи бериши ўта муҳим ва долзарб. Боиси, соҳада қилинаётган ислоҳотларининг ҳаммаси миллат эртасига, Ватан тақдирига, юрт келажагига бевосита дахлдор. Шу билан бирга барчамиз ҳамжиҳатликда саволларга жавоб топишимиз, муаммоларга ечим ахтаришимиз зарур. Чиндан ҳам, ахборот технологиялари ривожланган, ахборот алмашинуви тезлашган ҳозирги замон боласига ўн йил олдинги эмас, ҳатто бир соат олдин айтилган гап ҳам қизиқ бўлмаслиги мумкин. Аммо уларнинг шижоати, куч-ғайрати, интилувчанлигини кўриб одамнинг ҳаваси келади. Шу билан бирга, уларнинг қизиқиш ва қарашлари жуда ўзгарувчан бўлади. Бундай ёшларнинг кучи нотўғри мақсад ва ғояларга йўналтирилишига йўл қўймаслигимиз керак. Жанг майдонида ҳам рақиблар душманининг энг заиф жойини топиб зарба беришга ҳаракат қилади. Шу маънода, бугунги глобал ахборот майдонида ёшларимиз турли ғаразли кучларнинг нишонида қолиб кетмаслиги лозим. Глобаллашув шароитида инсон онги ва қалбини забт этиш масаласи ўртага чиқмоқда. Шундай экан, бу борада кураш кескин тус олаётган даврда ёшларимизни хавф ва таҳдидлардан асраш, уларнинг мустақил фикри, эътиқоди ва қатъий ҳаётий позициясини шакллантириш шарт. Республика Маънавият ва маърифат маркази турли давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда катта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштириб турибди. Қолаверса, бугун фақат тарғибот тадбирлари билан кўзлаган мақсадга эришиб бўлмайди. Айни пайтда марказ фаолиятининг 30 фоизини анъанавий тарғиботга, 40 фоизини рақамли тарғиботга ва 30 фоизини амалий-методик қўлланмалар яратишга йўналтирмоқчимиз. Миллат тарбияси ва маърифатининг ривожланишида зиёлиларнинг ўзаро бирлашуви ва фидойилиги жуда муҳим. Зеро, Чўлпон айтганидай “миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси”дир. Шу сабабли марказимизда зиёлиларни ягона мақсад йўлида жипслаштириш, ёшларни йўналтириш, жамият ҳамжиҳатлигини таъминлаш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш каби қатор йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширишни кўзлаб турибмиз.

 

– Роппа-роса бир аср бурун жадид боболаримиз “Нажот – таълимда” деган ғояни илгари суриб эди. Ҳозир орадан кўп вақтлар ўтиб кетди. Одамларнинг ҳаётга қарашлари, тутумлари ўзгарди. Хўш, бугун маънавий камолотнинг бошланғич нуқтаси қаерда: таълимдами ёки тарбияда?

 

– Инсоннинг қалби ўзгарса, унинг маънавияти ҳам ўзгаради. Жадидлар ҳам биринчи галда одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш орқали жамиятни ислоҳ қилишга интилган. Илмни ана шу эзгу мақсад йўлидаги нажоткор куч дея билган. Ҳозир ҳам бу фикр ўз аҳамиятини йўқотмаган. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар маърифатпарвар боболаримизнинг орзу ва мақсадларига ҳамоҳанг. Президентимизнинг “Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фани ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, деган сўзлари замирида айни шу ҳақиқат мужассам. Шу боис мамлакатимизда таълимни тарбия билан биргаликда ривожлантиришга аҳамият қаратилмоқда. Янада содда қилиб айтсак, бир инсон оилада туғилиб, маҳаллада улғаяди. Мактабда илм олиш орқали эса маънавий тарбиянинг узвийлиги таъминланади. Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида 5-сектор сифатида “Маънавият сектори”ни ташкил қилиш, бу борада “Сурхондарё тажрибаси”ни ўрганиш вазифасини белгилаб бердилар. Илгари сурилган мазкур эзгу ҳаракат бугун ҳар бир ҳудудда ташкил этилган секторлар жамиятдаги мавжуд муаммоларга тизимли ёндашиб, соҳадаги вазифаларни белгилаб олишда қўл келмоқда. Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш билан бирга, аҳоли кенг қатламини китобхонликка жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданият ва санъатга ошно қилиш, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни оммалаштириш ҳамда халқимиз орасида меҳр-оқибат туйғуларини кучайтиришга кенг йўл очилмоқда. Шунинг қаторида ташкилот ва корхоналарнинг масъул раҳбарлари, зиёлилар бириктирилган ҳолда, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий харитаси яратилмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тузилган олимлар, тадқиқотчилар, зиёлилар, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ янги секторнинг иш самарадорлигини ўрганмоқда. Секторлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича намунавий методик қўлланмалар, тавсиявий йўриқномалар яратилмоқда. Бугун маънавият ва маърифат ишини янги поғонага кўтариш учун фаол фуқароларга эҳтиёж сезамиз. Шу сабабли марказда олимлар, соҳа мутахассислари томонидан “Фаол фуқарони шакллантириш” концепцияси лойиҳаси тайёрланмоқда. Мазкур ҳужжатда гўдакка она қорнидалигидан бошлаб, то улғайгунича бериладиган эътибор, тарбия, маърифий озуқа асослари яратилмоқда. Шунингдек, концепцияда зиёлиларнинг ўз билганларини ўзгаларга ўргатиши масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Фаол фуқаролар сафининг энг олдингиқаторида зиёлилар бўлиши ҳақидаги ташаббус ишлаб чиқилмоқда. Агар у бугун “менга тинчлик керак” деса, жамиятда нотинчлик кўпаяверади, у “мен гапирмайман” деса, душманларимизни “минбар”га чиқарган бўлади.

 

 

– Бугун одамлар китоб ўқимаётгани ортидан маънавиятимиз ҳам қашшоқлашиб кетаётганидан қайғуряпмиз. Дунёда бу борада аҳвол қандай? Марказ томонидан жаҳон тажрибалари ҳам ўрганиляптими?

 

 

– Китоб – инсон томонидан яратилган энг катта мўъжиза. Чунки китоб орқали ҳар куни уйингизда ёзувчи, олим, донишмандлар билан хаёлан мулоқот қиласиз. Саволга келадиган бўлсак, китоб ўқилмаяпти, деб нолиган билан жамиятда китобхонлик шаклланиб қолмайди. Энг аввало, нима учун ўқилмаётганини ўрганиб кўриш керак. Сўровномалар ўтказиб, тадқиқотлар уюштириш зарурдир, балки. Хорижий давлатларда мунтазам одамларнинг қандай, қанча китоб ўқигани ҳақида тадқиқот олиб бориб турилади. 2022-2023 йилларда ўтказилган сўровномада Европа, АҚШ, Осиё, Австралия, Канада, Африка ва Жанубий Америка аҳолиси ўзларининг китобхонлик одати ва севиб ўқийдиган жанрлари ҳақида фикр билдирган. Ижтимоий сўровномада қатнашганларнинг 27 фоизи бир йилда 20 дан ортиқ, 32 фоизи 15 дона китоб мутолаа қилганини айтган. Шунингдек, уларнинг 18 фоизи 6 тадан 10 тагача, 19 фоизи эса 11 дан 20 тагача турли мавзуларда асарлар ўқиган. Натижада америкалик ва британиялик кишилар кўп китоб ўқигани ойдинлашган. 2022 йилда дунёдаги энг оммабоп жанрла учлигига тарихий китоблар (34 фоиз), детектив ҳикоялар (33 фоиз) ва автобиографик-мемуар асарлар (31 фоиз) кирган. Фикримча, бугун жамиятда китобхонлик даражаси пасайганини қуруқ гаплар билан иддао қилмасдан амалий ишларга ўтиш фурсати етди. Ҳозир марказимиз томонидан “Китоб марафони” лойиҳасини бошлаш режалаштирилмоқда. Шу йўл орқали жамиятимизда китобхонлар сонини аниқлаш, қизиқиш ва талабларини ўрганиб, бу борада таҳлилий маълумотларга эга бўлишни ўйлаяпмиз. Ёшлар орасида китобхонлик камайгани борасида бир мулоҳаза бор: болаларда ёшликдан китобга меҳр, китоб ўқишга иштиёқ уйғотиш керак. Афсуски, бугун болалар учун китоб ёзадиган ўзбек ёзувчилари жуда кам. Болалар қизиқиб ўқийдиган, турли ёшга доир ранг-баранг, саргузаштларга бой асарлар йўқ ҳисоби. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, болалар ёшига қараб асарлар тоифаланган, уларнинг севимли ёзувчилари ҳам талайгина. Шундай экан, биз болалар адибларининг сафини кенгайтиришимиз, уларни рағбатлантириб, янги авлод асарларини яратишига шарт-шароит ҳозирлашимиз шарт. Бугун кутубхоналардаги китобларнинг кўпи чет тиллардан таржима қилингани ёки ўша тилнинг ўзида нашр этилганини кўриш мумкин. Фарзандларимиз эргашадиган, ҳавас қиладиган қаҳрамонларнинг ҳеч бири ўзимизники эмас, барчаси бегона сиймолар. Шуни инобатга олиб, биз болалар адабиёти йўналишида қалам тебратадиган ижодкорларни рағбатлантириш учун турли хил кўрик-танловлар ташкил этишни ният қилганмиз.

 

– Ёшларимиз китоб ўқимаётган бўлса, яна қандай воситалар орқали уларнинг таълим-тарбиясига таъсир кўрсатишимиз мумкин?

 

Ёшлар бутунлай китоб ўқимаяпти, деган фикрларга қўшила олмайман. Ўқиётган ёшларимиз ҳам кўп. Президент ташаббуси билан бундай китобхон ёшларга автомашиналар совға қилинаётгани, турли рағбатлар берилаётгани ортидан ҳам китобга қизиқиш, мутолаага меҳр, китобхонлик яна ортмоқда. Китоб ўқимаслик фожиа бўлса, юзта китоб ўқиб, бирон-бир хулосага келмаслик чинакам мусибатдир. Бу – инсон фикрламаяпти, дегани. Шунинг учун болаларга китобхонликни болалигидан сингдириб бориш, бу борада ота-оналар фарзандларига ўрнак бўлиши лозим. Имом Ғаззолийнинг шундай фикри бор: “Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади... Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади”. Ҳозир китобдан бошқа тарбия воситалари ҳам мўл. Масалан, кино, мусиқа санъати асарлари, бола яшайдиган муҳит, оила, маҳалла, у таҳсил оладиган мактаб – буларнинг барчаси тарбияда катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда марказ томонидан болага миллий, халқона усулда тарбия беришнинг аниқ методик асослари устида изланиш олиб борилмоқда. Бу методик асослар қўлланма ҳолида чоп этилиб, ҳар бир ота-она, маҳалла, боғча ва мактабларга етказиб берилади. “Биз бир бўлсак – халқ, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ҳудудларда турли лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда “Кинокарвон” ижодий-маданий лойиҳаси маҳалла ва таълим муассасаларига кириб бормоқда. Ёшлар ўртасида севимли кино қаҳрамонлари ҳақида иншолар танлови ўтказилмоқда. Ҳозирга келиб, Навоий, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида лойиҳа қамрови 43 та туман (шаҳар), 40 нафар “Маърифат” тарғиботчилари, 25 300 нафар аҳолини қамраб олди. Шунингдек, марказ томонидан ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган анимацион роликлар, тарбиявий аҳамиятга эга вайнлар, қисқа метражли фильмлар яратиш устида аллақачон ишлар бошлаб юборилди. Мана, куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан Тошкентда ўзбек эстрадаси асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Киночилар саройида кино санъатимиз тарихига бағишланган музей ҳамда Тирик тарих лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Айтилганидек, санъат ва маданиятга қаратилаётган эътибор ҳам аслида юксак маънавиятли авлодни тарбиялашнинг муҳим шарти.

 

– Барча ташкилот ва таълим муассасаларида маънавият ва маърифат бўлимлари бор. Уларнинг фаолияти аксарият ҳолларда қоғозбозлик, ҳисоботбозликдан иборатдек. Бунинг боиси соҳада ўз вазифасини етарли даражада билмайдиган ходимлар фаолият юритишидами ёки талаб шундайми?

 

– Ҳар бир соҳада ишга муносабат жуда муҳим. Маънавият ва маърифатга масъул инсон бу масъулиятни яхши англамаса, теран ҳис қилмаса, бундан ортиқ кўргилик йўқ. Марказ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудудларда ўргани ишлари олиб борилмоқда. Бу борадаги дастлабки хулосалар ҳам ҳудудлардаги маънавият ва маърифат бўлимларининг энг катта камчилиги айнан кўзбўямачиликдан иборат эканлигини кўрсатмоқда. Топшириқларни хўжакўрсинга бажариш, ҳатто қоғозбозлик ва кўчирмакашликка ружу қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Албатта, бунақа ножоиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Бугун турли йўналишларда маънавий-маърифий соҳага масъул бўлган 40 мингдан ортиқ киши бор. Буни бемалол катта бир армия дейиш мумкин. Республика Маънавият ва маърифат марказини фақатгина тарғибот тадбирларини амалга оширадиган ташкилот эмас, балки ана шу катта гуруҳни амалий-методик қўлланмалар, услубий ишланмалар билан таъминлаб турувчи ташкилотга ҳам айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари мос равишда ушбу кенгашнинг жойлардаги бўлимлари раҳбари ҳисобланади. Шундан ҳам билиш мумкинки, бугун тарбия, маърифат масаласи муҳим, эътиборда, доимий назоратдадир. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, жойлардаги маънавий-маърифий ишларнинг ҳолати тизимли ўрганилиб, таҳлилий-амалий тавсиялар берилмоқда. Уларни амалий-методик қўлланмалар, услубий ишланмалар билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Ҳозирда барча ҳудудлар бўйлаб ўрганиш ишлари давом этмоқда, маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш тизими жорий этилди. Хусусан, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент вилоятларидаги ўрганиш натижалари бўйича вилоятлар ҳокимлари иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилишлар ўтказилди. Шу ўринда баъзи туманлар ҳокимлари йилнинг бир чораги давомида бирон марта маънавият муаммоларига эътибор қаратмагани ачинарлидир. Иқтисодий муаммолар ечим топиши мумкин, лекин одамлар онгидаги маънавий қашшоқликнинг ўрнини тўлдириш қийин бўлади.

 

– Жадид маърифатпарварлари миллат тараққиётини умуммиллат маънавияти, маърифати юксалиб, иллатлардан халос бўлиши билан боғлиқ деб ҳисоблаган. Айтинг-чи, ўз даврида жадид боболаримизни ташвишга солган иллатлардан қайси бирлари ҳамон миллатимиз гарданида юк бўлиб юрибди?

 

 

– Маърифатпарвар бобомиз Беҳбудий шундай ёзган: “Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар”. Бугун ҳам исрофгарлик билан ўтказилаётган тўй-ҳашам, ўткинчи орзу-ҳаваслар ва дабдабани жамиятимизни кемираётган иллатлар сирасига киритиш мумкин. Аслида халқимизга тўйхона эмас, катта-катта кутубхоналар ярашади. Яна иллатларимиз сифатида таълим олишдан кўзланган мақсадларимизни алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳалигача айрим ёшларнинг онгида “Бу ўқишга кирсам, эрта соққалироқ касб эгаси бўламан”, “Обрўли ишда ишлайман” деган бирёқлама тушунча мавжуд. Аслида, илм олишдан мақсад жадидларимиз сингари юртнинг тараққиётига ҳисса қўшиш, ривожига хизмат қилиш эмасми? Хуллас, бизни кемирувчи иллатлар талай гина. Хусусан, одамларимиз орасида ёлғончилик, тарбияда масъулиятсизлик, боқимандалик, миллий ўзлигимиздан йироқлашиш, бефарқлик, тарқоқлик каби миллатимизга ярашмайдиган иллатлар ҳам кўзга ташланади. Мана, масалан, бугун интернетда ўзгаларнинг фожиасини восита қилиб пул ишлаш, лайк тўплаш, обуначилар сонини ошириш урф га кириб бораётгани ҳам ачинарлидир.

 

– Одатда маънавият катталарнинг шахсий намунаси, ўрнаги асосида ёшларга сингдирилади. Бугун қуруқ гаплардан амалий ҳаракатларга ўтиш вақти келмадимикин?

 

 

– Албатта, тарбия – аввало амалда кўрсатилади, кейин англанади, сўнгра намоён бўлади. Қусурлар ҳам вақтлар ўтиб кўзга ташланади. Тарбия миллат келажаги, халқ эртаси экан, бу жараёнда ҳеч ким томошабин бўлмаслиги, ўқувчига дакки берган ўқитувчини дўппосламаслиги, у ташкилот яхши ишламаяпти, бу раҳбар сафсата сотяпти, дея “ақлмирзалик” қилавермасдан, биринчи галда ўзи виждонан ишлаши керак. Тарбиявий ишларимиз самара бериши учун муҳит керак. Бу – занжирдек бир-бирига уланиб кетадиган жараён. Тарбия ишида бегона йўқ. Ҳаммамиз бунга масъулмиз. Тарбия ишида шошмашошарлик, ура-урачилик, тезда натижа кутиш нотўғри. Бу шундай узлуксиз жараёнки, ҳеч қачон тўхтамайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, тарбияда танаффус бўлмаслиги керак. Албатта, Республика Маънавият ва маърифат маркази бу жараёнда мувофиқлаштириб турувчи ташкилот сифатида амалий ҳаракатларни олиб бормоқда. Камчиликсиз одам, ҳар томонлама мукаммал инсонни топиш имконсиз. Айниқса, Ойнинг доғини ҳам муҳокама қиладиган виртуал танқидчилик кучайган бугунги кунларда аниқ бир замондошимизни “миллий маънавиятимиз паспорти” сифатида тақдим этолмаймиз. Шу сабабли, оддий одамларнинг яхши амаллари, ён-веримизда яшаётган замондошларимизнинг қайсидир ибрат бўлгулик ишини ўрнак қилиб кўрсатиш кўпроқ натижа беради, деб ўйлайман. Дейлик, яқиндагина жазо колониясидан озод этилган собиқ маҳкумнинг ўз кўчасида ниҳол экиши, қайсидир қассобнинг ўзи ўқиган мактабдаги иситиш тизимини ҳомийлик асосида тузатиб бергани каби ҳолатлар тарғиб этилса, одамларга буюк аждодларимизнинг шонли ҳаёт йўлига бағишланган илмий маърузалардан кўра кўпроқ таъсир қилади, деб ўйлайман.

 

– Сиз оилангиздаги маънавият масаласига қай йўсинда ёндашасиз, фарзанд тарбиясига-чи?

 

– Оиладаги фарзанд тарбияси анъаналар асосига қурилиб, замон билан боғлангани маъқул. Бизнинг оиламизда ҳам бу борада анъаналар шаклланган. Бунда отамнинг ўрни катта. У киши фарзандларини ҳам қаттиққўллик, ҳам маърифат, ҳам шахсий намуна асосида тарбиялаган. Маошининг бир қисмини китоб сотиб олишга сарфларди. Фақат китоб олиб бериб, ўқи, демай ўзлари ўрнак бўлиб келган. Оиламизда ҳафтада бир марта китобхонлик куни ташкил қилинарди. Уйимизда отам кутубхона ҳам ташкил қилган. Отамга бу фазилат бобо-момоларимиздан мерос. Ҳозирда бу мерос каминага ҳам ўтган. Фақат замонга, болаларим қизиқишига қараб, уларни турли хил усулда рағбатлантириб бораман. Ўқиган китоблари учун уларни рағбатлантираман. Агар китоб ҳақидаги хулосаларини ўзбек тилида чиройли ифодаласа, рағбат яна ошади. Шу асар ҳақида замонавий технологиялардан фойдаланиб тақдимот қилиб берса, янаям каттароқ рағбатга лойиқ бўлади. Кимдир болани пулга ўргатмаслик керак, дейди. Лекин болага пул топишни, уни сармояга айлантириш, ишлатиш кўникмаларини ҳам ёшликдан ўргатиб борган маъқул. Оилавий музей, театр, кутубхоналарга бориб турамиз. Буни тарбия ҳақида гапирмасдан болаларни тарбиялашнинг энг яхши усулларидан, деб ҳисоблайман.

 

– Маънавиятни болага боғчадан, мактабдан сингдиришимиз керак, деб кўп гапирамиз. Ботинимизда маънавиятни уйғотиш, шахс бўлиб шаклланишимиз, ўзликни қонимизга сингдириш учун нималар қилишимиз керак, деб ҳисоблайсиз?

 

– Ботинимизда, қонимизда маърифат, маънавият юксак даражада бор. Бунга ўтмишимиздан кўп мисоллар келтириб ўтиш мумкин. Ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди, Нодирабегим, Увайсийларни аллақачон жаҳон тан олган. Аждодларимиз илм-маънавият йўлидан юриб, дунё тарихида муносиб из қолдирди. Бизга маърифат, маънавият йўлини қолдирди. Ҳозир бу йўл бошида туриб, ўша йўлдан олдинга юрмаслик уларнинг меросига хиёнатдан ўзга нарса эмас. Бугунги таҳликали замонда қонимиздаги аждодларимиздан мерос бўлган жасорат, мардлик, ватанпарварлик, илмга интилиш хис латларини, маънавий фазилатларни тезроқ уйғотиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва шарт.

 

И. МИРЗААЛИЕВ

суҳбатлашди.

 

Jadid” газетаси, 2024 йил 24 май, 22-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//