Менинг армонларимдан бири буюк Миртемирни кўролмай қолганимда. Домланинг вафотидан бир йил кейин, 1979 йилда Тошкентга ўқишга келганман. Доимо ич-ичимда Миртемир соғинчи бор. Шоирнинг юраги чақнаб кўриниб турган шеърларини ўз-ўзимга шивирлаб такрорлаганимда бу соғинчни янада теранроқ ҳис этаман. Мен кейинроқ устозларнинг узоқ гурунгларини эшитиб, ўзбек шоири қандай бўлиши керак дейилганда, Миртемирдай бўлиши керак деган хулосага келдим. Нега? Чунки Миртемир ҳар қандай вазиятда халқидан айро тушмаган. Баъзи казо-казо совриндорлару унвондорлар баланд шоҳсупаларда кекириб ўтирган пайтда у жабру ситамни ҳам, азобу ғуссани ҳам халқи билан бирга тортди. Шу боис 1910 йилдан 1978 йилгача Ўзбекистонда кечган алғов-далғов тарих қайсидир маънода Митемирнинг ҳам тарихи эди. У жиндаккина ноилож сийлов баробарида сургуну қамоқларни, ҳақорату хўрликларни ҳам кўрган.
Чингиз Айтматов “Биз Миртемир сиймосида ўзбек адабиётини қадрлар эдик” деганида кўп нарсани ҳисобга олган. Улуғ адиб улуғ мезонкаш ҳам эди. Тарозини тенг тортиб кўрмасдан гапирмасди.
Одатда шоирларнинг иқтидори ва маҳорати ҳақида гап кетганда уларнинг сўз бойлиги тарозига қўйилади. Халқларнинг бойлиги ҳақида гапирилганда ҳам бу халқлар тилида қанча сўз бойлиги борлиги уларнинг тафаккур дарaжасини белгилашда муҳим омил саналади. Миртемир шеърларида ўзбек тилининг ноёб бир луғати яшириниб ётибди. Агар ёш олимларимиздан бири Миртемир шеърларида ишлатилган сўзлар луғатини тузиб чиқса, ўзбек тили учун, ўзбек халқи учун катта бир ишни қилган бўларди.
Мана бу сатрларга эътибор қилинг:
Йўл-йўлакай бепоён анғиз,
Гала-гала кезар тувалоқ,
Салт ғўнонда бораман ёлғиз.
Шу учтагина сатрга тўртта қадимий, унутилаётган сўз маҳорат билан олиб кирилган. Анғиз нима, тувалоқ нима, салт нима-ю ғўнон нима? Бундай сўзларни билмасдан ҳам яллачилик қилиб юравериш мумкин. Ўша даврда, ХХ асрнинг 1930-йилларида кўплаб қаламкашлар янги интернационал сўзлар изидан, “социалистик сўзлар” изидан чопиб юрганда, севгилисига қараб “Сенинг сочларинг завод трубасидан чиқаётган тутундан ҳам узун бўлиб кетди” каби тутуриқсиз “изҳорлар”ни тизаётганда, Миртемир қадимий сўзлар изидан, туркий руҳ изидан борди. Замона зайли билан эмас, замона зулми билан ўлаётган туркий сўзларни шеъриятга олиб кирди.
Гап келганда мен сизга Миртемир домланинг ўғли Мирза ака билан бўлган бир гурунгни айтиб берай. Шоир “Манас”ни таржима қилаётганда битта қадимий сўзга дуч келиб қолади. Роса ҳаракат қилади, лекин шу сўзнинг асл маъносини тополмайди. Олимлардан сўрайди, шоирлардан сўрайди, натижа чиқмайди. Шундан сўнг Миртемир кичик ўғли Мирза акани етаклаб йўлга чиқади, Қирғизистоннинг пойтахти Фрунзега, ҳозирги Бишкекка учиб боради. Ўз ҳисобидан албатта. У ерда домла илмий текшириш институтларига бориб, тилшунослардан, олимлардан шу сўзнинг маъносини суриштиради. Лекин улар ҳам туркий сўзлар масаласида Миртемирдан устун бўлолмаса керакки, аниқ бир жавобни айтолмайдилар. Институтлардан бир гап чиқмагач, шоир ўғли билан етаклашиб, қирғиз овулларига чиқиб кетади ва ўша овулларда юриб, кекса чоллар, кампирлардан сўраб шу сўзнинг асл маъносини топади. Энди бир тасаввур қилинг, биттагина сўзни таржима қилиш учун шунча ҳаракат, шунча меҳнат. Сўзга садоқат, адабиётга садоқат ҳақида кўп гапирамиз, лекин сўз ва адабиёт учун шундай ишламаймиз.
Шоир сўзни теран англаган. Масалан у “яйлов”ни “яйлоқ” деб ишлатган ва яйлоқ ёзлоқ эканини яхши билган.
Мен ҳам кўкка кўз ташлаб,
Баралла гурунг бошлаб:
– Чақмоғингни чақ, – дейман.
– Бу олис яйлоғимга,
Бу олис аймоғимга
Сел-сел бўлиб оқ дейман.
Миртемир шеърларидаги руҳ бутунлай ўзбекона. Сатр қурилишидан тортиб оҳангларгача, ифода-ю хулосагача, рамзларгача, хуллас, ҳаммаси ўзбекона.
– Янгажон, – дедим,
– Қайнимов, – деди.
– Берроқ кел, – дедим,
– Айнимо! – деди.
Миртемирнинг шахс сифатидаги тимсолида ҳақиқий дўнг ўзбек мисоли кўринади. “Дўнг ўзбек” деган ибора бор. Бу баланд ўзбек дегани. Дўнг сўзида мардлик, тантилик, ҳалоллик, улуғлик хислатлари жам бўлган. Шу ўринда биргина мисол. Миртемир домланинг Ишчилар шаҳарчасидаги уйига Ойбекнинг уйи жойлашган кўчадан ўтиб борилади. Миртемир ишга бориб келишда ҳар куни шу кўчадан ўтган. Ойбек вафот этгандан кейин ҳар гал Ойбекнинг уйи ёнидан ўтаётганда Миртемир машинани тўхтатиб, пастга тушиб, қўлини кўксига қўйиб, “Ассаломалайкум!” деб Ойбекнинг уйига салом бериб ўтар экан. Бир гал Қозоғистондан келган меҳмонлар билан уйига қайтаётган Миртемир гурунгга берилиб кетиб, Ойбекнинг уйи ёнидан саломсиз ўтиб кетади. Уйига бориб, хатосини билиб қолади ва айб иш қилиб қўйгандай қаттиқ ўкинади. Бундай меҳр ва оқибат яна қайда бор? Афсуски, бугунги кунда устозининг уйига тош отиб қочиб кетадиган шогирдлар ҳам йўқ эмас.
Миртемирнинг соддалигида буюклик бўлган. Дўрмонда Абдулла Орипов билан гурунглашиб ўтирганимизда, гап устозлар ҳақида кетиб, Миртемир домлага тақалганда Абдулла ака “Миртемир ака масаласида ўзимни кечиролмайдиган пайтларим бўлган” деб қолди. Мен “Абдулла ака, сизда бундай бўлмаган бўлса керак. Ё бирон жойда домлани хафа қилганмидингиз?” деб сўрадим. “Йўқ, – деди Абдулла ака. – Мен Миртемир акани ҳамиша яхши кўрганман. Ойбек, Шайхзода, Миртемир... Булар пуфлаб шиширилган, қўлда ясалган шоирлар эмас эди. Пуфлаб шиширилган шоирлар кўп эди, халқ шоири, қаҳрамон эди баъзилари, бировга сўз беришмасди, минбарлар уларники, ҳайъатларнинг эгалари улар эди. Бу калондимоғлар Шайхзода, Миртемир каби шоирларни учинчи ё тўртинчи даражали қаламкашлар санаб оёқ учида кўрсатардилар, ўзларича даҳо эдилар. Шунинг учун Миртемир акалар нафаси ичида, дарди ичида, алам ва армон билан бу дунёдан ўтиб кетишди. Лекин гап бошқа ёқда. Ўша замонларда нозу неъматларга тўлиқ катта-катта давралар бўларди. Давраларнинг тўрида коммунистик партияни шарафлаб, советни улуғлаб от чоптириб, байроқ кўтариб юрган ёзувчи-шоирлар ўтирарди. Улар Миртемир домланинг устидан кулиб, мазах қилиб, обқочишиб, гумбурлаб қаҳ-қаҳ отганларини кўрганман. Менга алам қиладигани ўша пайтларда шартта ўрнимдан туриб, “Эй муттаҳамлар, сизлар ўзи Миртемир аканинг олдида кимсизлар, унинг тирноғига ҳам арзимайсизлар-ку, унинг устидан кулишга нима ҳаққингиз бор?” деб исён кўтаролмаганман. Шунга ўзимни кечиролмайман” деган эди. Ҳа, Абдулла аканинг алами ўшанда ичида қолган. Кейин улар Миртемир ҳақидаги гўзал шеърларга айланди. “Шу гапларимни айтсам бўлмасмиди сиз тирик чоғда” каби. Ёки Абдулла аканинг кейинги йилларда ёзган бир шеъри ҳозир мен айтаётган гапларнинг давоми. Бу шеърда шоиримиз кўпчиган давраларда сохта шоирлар бир-бирларини сен Пушкинсан, бу эса Навоий, бу эса даҳодир, бу эса буюк деб бир-бирларини шардай пуфлаб мақтаб ётишганини ва ҳақиқий шоирларни йўқотиш пайида бўлганларини тасвирлайди ва шеърни шундай якунлайди:
Уч-турт шоир тўпланиб олиб,
Бир-бирларин мақташар бийрон:
– Мен Пушкинман, сен – Мирзо Ғолиб,
У – Навоий, бу эса – Байрон.
Алаҳлашар битта ниятда:
Унисин от, бунисин емир.
То тонггача адабиётда
Тер тўкади ёлғиз Миртемир.
Баъзида ўйлаб қоламан: Миртемирнинг устидан кулган ўша одамлардан нима қолди? Баъзиларидан битта сатр ҳам қолмади. Бир қоп хашак ҳам йўқ. Тарих шамоли кўпларини супуриндидай супуриб ташлади.
Миртемирнинг шундай сатрлари бор:
Дарё эдим, замонларнинг зайли билан сой бўлганман,
Расо эдим, нодонларнинг майли билан ёй бўлганман.
Шу икки сатр ҳам Миртемир қайғусини намоён қилади. Замон шундай замон эдики, у айқириб оққан дарёни сойга, истаса кўлмакка айлантиришга, ҳатто катта денгизни ҳам қуритиб Саҳройи тузга айлантиришга қодир эди. Бундай замоннинг шотирлари – миллат хоинлари ўзларининг қўғирчоқбоз хўжалари билан биргалашиб ҳар қандай расони ёй, ҳар қандай тоғни тупроқ қила оларди.
Миртемир ҳам нечоғли катта истеъдод соҳиби бўлмасин, нима қилсинки, ўз даврининг таъсирига тушган вақтлари ҳам бўлган. Ленин, партиявийлик, Октябр инқилоби мавзулари уни-да гирдобига тортган. Шоирнинг 1926 йилда, 16 ёшида ёзган “Сўнгги хат” номли сочмасида шундай гаплар бор:
“Хатингизни олдим, бобожоним.
“Турма ўша томонларда. Соғиндим. Кел, қўзичоғим” дебсиз. Соғиндингиз, биламан. Тоқатсизларча кутасиз, интизорлик билан кутасиз...
Биламан.
Менинг жойнамоз ёзиб, бандалик қилишимни кутасиз...
Сўнгги хат – сўнгги сўзим бу:
Мен қайтиб бормайман!.. Айтайми, бобожон?.. Мен комсомол бўлдим. Ленин ўғли бўлдим”.
Сочма бундан-да оғир гаплар билан давом этади. Бу хатда ўз-ўзи билан курашаётган икки Миртемирни кўрасиз. Бири бобожонининг соғинчини ич-ичдан ҳис этиб турган ёш Миртемир, иккинчиси замон мафкураси таъсирида қолган бебош Миртемир. Яна бир томонда набирасига меҳрини бериб турган бобожон ва бир томонда шу бобожондан набирасини тортиб олаётган қаттол тузум.
“Миртемир ҳам шунақа нарсаларни кўп ва хўп ёзган-ку” деб маломат қилишдан олдин авлодни аждодга қарши қайраган давр машинасининг куч-қудратини, ёшлар онгига мислсиз таъсирини мулоҳаза қилиб кўриш керак. Бундай тантана либосига ўранган фожиани пионер, комсомол бўлиб кўрган авлод яхши ҳис қилади. Шафқатсиз замон не-не истеъдодларнинг танасини уларнинг ўз гўрига айлантиришга қодир эди. Лекин шундай вазиятда ҳам Миртемир аслини сақлаб қололди.
Хуршид Даврон бир суҳбатида Миртемирдан “Агарда” деб номланган шеърининг якуни ҳақида сўраганини айтганди. Шеърда “Агарда мен ўлсам, нимани олиб кетардим?” деган саволга шоир “Юртимнинг бир кафт тупроғини, Темур мақбарасидан бир ғиштни, онамдан қолган болишни ва шу болиш остида туриши учун партбилетимни олиб кетардим” деб жавоб берган. Хуршид Даврон Миртемирдан шеър охирига “партбилет” сўзи ёпишмаганлиги ҳақида сўраганда, домла “Аслида “партбилет” эмас, “бир даста райҳон” деб ёзгандим, кейин ўзгарган” деб жавоб берган.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.
Миртемир домла умрининг сўнгги йилларида ёзган шу шеърида жуда кўп нарсани англасак бўлади. Шу икки сатрда бутун бир ўзбек халқининг 70 йиллик дардини кўриш мумкин. Яъни, мустабид тузум даврида ўзбек халқи бошидан кечирган таҳлика ва талотумларни Миртемир ҳам бошидан кечирди. Наим Каримов “Миртемир ака кексайиб, умри охирлаб қолган чоғларда ҳам “Булар (КГБ назарда тутилаяпти) мени бир куни олиб кетиб қолишади” деб хавотирда яшарди” дерди.
У таржима соҳасида ҳам жуда маҳоратли эди. Ҳар қандай бошқа тил шоирини ўзбек тилида куйлатиб юборарди. Абдулла Орипов Миртемирнинг нафақат шеърларини, таржималарини ҳам жуда яхши кўрарди. Абдулла ака Пётр Ершовнинг “Букри тойчоқ” достонини Миртемир таржимасида ёддан айтганини кўрганман.
Бир куни машҳур шарқшунос Шоислом Шомуҳаммадов билан Миртемир домла ҳақида гаплашиб қолдим. Шоислом ака Умар Хайём рубоийларини таржима қилганда, дастлаб Ғафур Ғуломга кўрсатган экан. Устоз Ғафур Ғулом таржималарни маъқуллаган. “Кейин дўстларимдан бири Миртемир акага ҳам бир кўрсатиб олинг деб маслаҳат берди, – деб эслаганди Шоислом ака ўшанда, – нашриётга, Миртемир аканинг олдига бордим ва Хайёмдан қилган таржималаримни кўриб беришларини сўрадим. Миртемир ака дарров уйига телефон қилди ва келинойимизга кечқурун меҳмон боришини, тайёргарлик қилиб қўйишни тайинлади. Сўнг кечроқ ишдан чиқиб, Миртемир аканинг уйига йўл олдик. Миртемир ака йўлда “Шоислом, энди Хайёмни шунчаки кўриб бўлмайди, хайёмона кўриш керак” деб дўконга кириб коняк олиб чиқди. Ошдан сўнг таржималарни бирга кўра бошладик. Мен шунда Миртемирнинг сўз билан ишлашига қойил қолганман. Ҳар бир сўз, ҳар бир сатр устида эринмай заргардай ишларди. Мен мукаммал деб ўйлаган кўплаб сатрларни чизиб, бутунлай ўзгартириб ташлаган”.
Миртемир ҳақида “шеърнинг танти деҳқони” деган ибора топиб айтилган. Ҳар бир шеърида Миртемир аканинг манглай терини, юрак қўрини, дардини сезса бўлади. Асл деҳқон ҳам шундай-да. Миртемирнинг қизи Юлдуз Мансурова отасининг қўли билан ҳавога шеърлар ёзганини, баъзан ҳатто оёқда ҳам ҳавога нималарнидир ёзганини айтиб берганда, шоирнинг фақат шеър билан яшаганини ҳис қилдим ва Шавкат Раҳмоннинг ўлим тўшагида ётганида “Шеърни ҳавога ҳам, деворларга ҳам ёзса бўлар экан” деган гапи эсимга тушди.
“Кўрмаганнинг кўргани қурсин” деганларидай шуҳрат таъмасидаги баъзи шоирлар тўртта шеърни ёзиб, кейин у халқидан эмас, гўё халқи ундан қарздордай кибрга берилиб, тўйган хўроздай қичқириб юрадилар. Шундай пайтларда бундай олғирларга хокисор-донгдор Миртемир дарс бериб қўяди: “Бошимга синовли кунлар ҳам тушди. Лекин ёзишдан, таржимадан ҳеч тинмаганман. Уринаман, изланаман, ўрганаман. Ҳали мен ёзув столига астойдил ўтирганим йўқ, ҳали халқимга айтишим керак бўлган гапни айтолганим йўқ. Мендан нон ва туз аямаган, ҳам шараф бағишлаган халқимдан ҳали мен кўп қарздорман”.
“Она тилим”, “Бетоблигимда”, “Саратонда соябонинг бўлайин”, “Битта ўзим биламан” каби ўлмас шеъларни, ўзбек шеъриятида катта воқеа бўлган “Сурат”дай мумтоз достонни ёзиб-яратиб қўйган шоир тағин кун келиб, “Баъзан кўзларимда томчи-томчи ёш, Ҳануз шеър ёзишни билмайман” деса... У худонинг қандай бандаси эдики, ҳорғин руҳида шундай улуғлик ва шундай хокисорликни бирлаштиролса...
* * *
Кўпчилик Миртемирнинг отини атаганда “домла” сўзини қўшиб айтади. Бу бежиз эмас. Чунки Миртемир чин маънодаги миллат муаллимларидан бири эди.
Мен Миртемир домлани кўролмаганман. Учрашмаганман. Лекин менга шундай туюладики, у киши билан кўп учрашгандай, кўп кўришгандайман. Ҳар бир шеъридан Миртемир домла бизга қараб тургандай туюлаверади.
Бугунги ёш ижодкорлар Миртемирни ўқишадими? Бу савол ҳам мени қийнайди. Негалигини айтиб ўтирмай. Негалигини ёшларнинг ўзи билади. Фақат уларга Миртемирнинг бир шеърини келтириб ўтай. Бу шеър уларга бағишланган, яъни ўзбек шеъриятига кириб келаётган ҳар бир янги авлод вакилларига бағишланган. Таъбир жоиз бўлса, бу шеърни ўзбекнинг янги авлодига Миртемир домланинг васияти деган бўлардим.
Киприкларим
(Ёш қаламкашларга атаганим)
Киприкларим қўнғирмикин ё қора?
Киприкларим юзтамикин ёки минг?
Киприкларим мунча азиз ва сара,
Кўзгинамнинг киприклари...
Қуюнларда қолганимда, чангга ўралганимда,
Оҳангарон тўзонидан занжи қоралганимда,
Ёки яхши тимсол излаб, чангдай таралганимда,
Ёки бир шеър армонида юз бир кўралганимда,
Ўзбекистон тонгларини бедор кутган кўзларим,
Тенгсиз тонглар фалсафасин ташна ютган кўзларим.
Кўзларимга чегарада шай аскардай қўриқчи,
Кўзларимга олис Бобур ғуссасидай йўриқчи,
Эй азиз киприкларим.
Сергакликда тирикларнинг сиз-ку энг тириклари,
Кипригимдай азизларим, нечоғлиқ ҳам суюксиз.
Армонимдай буюксиз.
Эшқобил ШУКУР
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.
“Дўнгпешона дўнг ўзбегим” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ