Лайк гадолари ёхуд хатарли инкубатор


Сақлаш
19:57 / 21.05.2024 446 0

Шаҳарга аллақачон оқшом чўккан. Марказдаги замонавий емакхонада йигит ва қиз турли ноз-неъмат, салат ва ичимликлар дид билан терилган дастурхон бошида ўтиришибди. Кутилмаганда қош-кўзига пиликдай сурма тортган, елкасига тушиб турган сочи ярим сариқ, ярим қорага бўялган, замондан орқада қолмаслик важидан тирноқ ўстириб, қирмизи лабига мос буёқ сурган, сўнгги русумда устибош кийган қизнинг қўлидаги санчқи тушиб кетди.

 

– Официант, – қиз қўлини боши узра кўтариб, ош-овқатидан хабар олиб турган гиргиттонни чақирди. – Қараворинг!

– Лаббай, – йигирма ёшлардаги ярашиқли соқол қўйган бир йигит югуриб келди. – Нима хизмат?

– Мана буни алмаштириб беринг, – хўранда оёқ остида ётган санчқини кўрсатди.

– Ҳозир, – гиргиттон майин жилмайиб, қўли кўксида ортга чекинди. – Бир дақиқа.

 

Йигитга қизнинг буйруғи ёқмади чоғи, санчқини кўтариб ҳовлига чиқди. Аввалига санчқини бостирмадаги сомонга роса санчди, кейин мобил телефон кабелига боғлаб ерга судради. Етмаганига оёғи тагига олиб, тепкилади. Қилмишидан кўнгли ҳедаганда тўлавермаган гиргиттон санчқини ҳожатхонанинг тос товоғидаги сувга ботириб-ботириб, қизга келтириб берди.

 

– Кабел нима учун? – қиз лутф ила жилмайиб, гиргиттоннинг қўлидаги бир қулоч симга ишора қилди.

– А, буми? – йигит ўзини хижолат чекаётган кишидай кўрсатди. – Қўлимда қолиб кетибди.

 

Сўнгра гиргиттон девор панасига ўтиб, хўрандаларни яширинча пойлаб турди. Худди тоғни талқон қилгандай унинг оғзи қулоғида эди. Бу номақбулчиликдан хабари йўқ қиз санчқи билан салатни ея бошлади. Қувончи ичига сиғмаган гиргиттон хурсандлигидан ишшайди, жуда масрур эди...

 

Бемаънилик ҳам эви билан-да! Қаламга олинган бу воқеа бирор ҳикоя ё қиссадан парча эмас. Айрим замондошларимиз телефонига тасвирга олиб, “Youtube” тармоғида жойлаштирган минглаб видеолардан бирининг баёни, холос. Уни ўн беш ярим минг обуначига эга @Fozil13 деган аккаунт тармоққа жойлаштирган, мазкур видео икки-икки ярим ойда уч ярим миллион марта кўрилган, қарийб бир ярим миллион кишига ёққан! Демак, бундай хилдаги, мазмун ва савиядаги видеоларнинг ўзбек интернетида ошиғи олчи, яъни талаб юқори. Йўқса, бачканалик, саводсизлик ва савиясизликни тарғиб қилаётган бундай видеоларга лайк босмаган, титрлардаги ёзувларнинг имловий хатоларига кўз юммаган бўларди. Мазкур видеога пешлавҳа этиб  қўйилган “Afitsanlani ko`p horlamela” деган гапга тилмочлик қилмасак бўлмас.  Тўғрисидан кўра хатоси кўп бу жумлада саводи ғовлаб кетган муаллифлар “Официантларни кўп хўрламанглар” демоқчи. Бу гапдаги учта сўзнинг ҳаммаси хато ёзилганидан маълумки, уни суратга олган, рол ўйнаган, интернетга жойлаган кишиларнинг савияси бир гўр.

 

Қизиғи, видео охирида хулоса дея берилган матнда ҳам сўзлар пеш ёзилмаган. Фақат бу сафар тўртта сўзнинг учтаси хато битилган: “Xulosa Afitsanlani ko`yniga Qarela” (“Официантларнинг кўнглига қаранглар” демоқчи).

 

Бугун урфга кирган, давомийлиги бир дақиқадан ошиб-ошмайдиган бундай тутуруқсиз видеолар вайн дейилади. Уларнинг муаллифлари эса вайнерлар. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги бу видеоларнинг барчасини бирдай вайн деб тушуниш тўғри эмас. Уларнинг аксарияти скетч, яъни кам сонли персонаж қатнашувчи бир пардали “комедиявий спектакл”дир. Скетчлар икки одамнинг, режиссёрни ҳам қўшганда уч кишининг ижоди ҳисобланади.

 

“Vine” (вайн) дастури 2013 йилда мобил телефонлар учун яратилган бўлиб, уларда ўша вақтда атиги олти сониялик видео суратга олиш мумкин эди. Сўнгги йилларда ахборот технологиялари соҳасидаги мислсиз ютуқлар сабабли ушбу дастур бошқа ижтимоий тармоқлар билан рақобатга дош беролмай, 2016 йилда ёпилиб кетди. Вайнерлар эса “Инстаграм”, “Тик-Ток” сингари бошқа тармоқларни “эгаллаб” олди. Шунинг учун ҳозир кўпчилик вайн ва скетчнинг фарқига боравермайди. Икковини ҳам бирдай вайн деб атайди.

 

Vine инглизча сўз бўлиб, “йиғламоқ” маъносини билдиради. Одатда оғзаки нутқда кўп учрайди. Интернетдаги онлайн ўйинларда йиғлаш, айблаш, ҳамма нарсадан норози бўлиш каби маъноларга эга. Замонавий дунёда вайнер деган отга эга чиқиш ўта жўн. Бунинг учун қўл учида қисқа-қисқа видеолар олиб, уларни интернетга жойлаштиришнинг ўзи кифоя.

 

Аслида вайн бўладими ёки скетчми, аҳамияти йўқ. Фақат уларни суратга олиш учун барибир, тирноқча бўлса-да, дид ва савия керак. Иши йўқ эшак ҳуркитар қабилида ёндашиш нотўғри. Ҳар бир одам қўлидан келган ишни қилгани, билган амалида собит бўлгани дуруст. Илло, қисқа-қисқа видеолар олиб кун кўраётган йигит-қизларимизнинг кўпчилиги қош қўяман деб кўз чиқариш билан овора. Улар гўё қўлидан келганча миллатнинг обрўсини тўкишга, ёшларимизнинг онгини заҳарлашга бел боғлагандай. Шу кунларда элимиз орасида ўзидан драматург, режиссёр ёки оператор ясаб олганларнинг ақли етгани ҳам, етмагани ҳам ўзича алламбало видеолар олиб, қўлидан келганча интернетдаги ўзбек контентини бачканалик, саводсизлик, савиясизлик ботқоғига ботирмоқда.

 

Галдаги мисол фикримиз нечоғли асосли эканига заррача шубҳа қолдирмайди.

“Замонавий устоз” номли видеодаги воқеаларга, қаҳрамонларнинг оғзидан чиқаётган гап-сўзларга эътибор беринг:

 

“Айни замонда урф бўлган автомашина ёнида йигирма беш-ўттиз ёшлардаги қиз мобил телефонини ойна ўрнида тутганча ўзига оро бериб турибди. Эгнидаги кийими ўқитувчи аёлларга хос бўлса-да, соч турмаги муаллимларга мос эмас. Кишига бошқа соҳа одамини кўпроқ эслатади. Бурнига қўндирилган кўзойнагини демаса, ўзини тутиши ҳам ғалати: денгиз тўлқини мисол мавжланиб турган бир қулоч қора-сариқ сочини бир у ёнга, бир бу ёнга ташлаб қўяди. Шу маҳал патак сочи орасидан қулоқ-бурни аранг кўриниб турган йигирма ёшлардаги йигит кўриниш берди. У ўзини димоғдор, катта боладай кўрсатиш пайида бурнини ёлғондакам бир-икки артиб қўйди:

 

“Кетдик!”. 

Қиз кўрсаткич бармоғи билан имо қилди:

“Менми?”.

Йигит сочини силкиллатиб, сохта жилмайди.

Қиз индамай машинага ўтирди. Йигит югуриб келиб, унинг ёнидан жой олди.

– Қалайсиз, устоз? – йигит бошини қашлаб сўрашди.

– Яхши, – қиз қўлидаги электрон сигаретни йигитнинг қўлига тутқазди. – Буни рус тили устозинг берди. Янаги сафар беркитиб чек.

– Ҳи-ҳи-ҳи, – йигит беўхшов кулди. – Раҳмат, устоз! – Етмаганига овоз чиқариб унга ҳаводан ўпич йўллади.

– Кетдуми?

– Кетту...

Кейинги саҳнада булар иккови компютерда мириқиб онлайн ўйин ўйнаётган бўлади. Шогирдининг ақли етмаган жойига устоз беминнат ёрдам бериб турди. Муаллимнинг эпчиллигини кўриб, ўқувчининг оғзи очилиб қолар, анграйиб бир муаллимга, бир мониторга боқарди.

Иккови компютерхонадан чиқиб, шаҳарнинг сўлим гўшасидаги бир ўриндиққа бориб ўтирди. Муаллим қутидан бир дона сигарет олиб лабига қистирмоқчи бўлди.

– Устоз, чекасизми? – ўқувчи кўзларини катта-катта очиб сўради.

– Нима? – муаллим жавоб берди. – Устозлар одам эмасми?

– Вой, – ўқувчи ҳайратини яширмади. – Мангаям битта беринг!

Сигаретни тутатган йигит тамаки ҳидига маст бўлди шекилли, ўриндиқдан туриб, у ёқдан бу ёққа юриб, ўзича ниманидир гапирган, тушунтирган бўлди. Гал муаллимга келганда у ҳам ўрнидан туриб, ўриндиқда ялпайиб ўтирган ўқувчига қўлини кўксига қўйиб, бошини лик-лик ўйнатиб сўзлади.

– Валс тушишни биласанми? – муаллим кўзойнагини тўғрилаб қўйиб сўради.

– Йўқ, – ўқувчи ҳайрон бўлиб оғзидан паға-паға тутун чиқарди.

– Кел, – муаллим ўқувчининг қўлини белига қўйди. Ўзи эса қўлларини йигитчанинг елкасига оширди. – Ўзим ўргатиб қўяман.

Европанинг машҳур валсбоп мусиқаси янгради. Кутилмаган бахтдан йигитчанинг оғзи қулоғида, борлиққа ҳаяжон ила боқади. Ўзини худди бўй йигитдай тутмоққа тиришади”.

 

Интернетга #azajony номли аккаунт жойлаган ушбу видео жуда кам вақт ичида бир юз тўқсон икки минг кишига ёққан. Ажабки, бирор кимса ёқмади деган белгини танламаган. Салкам уч миллионга яқин юртдошимиз турли мазмунда муносабат билдирган. Ранг-баранг фикрлар орасида енгил-елпи, олди-қочди видеони қўллаб-қувватловчилар ҳам кўп. Жумладан, “Шунақа устозлар кўпайсин деганлар, битта лайк”, “Шунақа устозларни яхши кўрадиганлар, битта лайк”, “Менинг инглиз тили ўқитувчим худди шундай. Бирга овқатлангани, айлангани борамиз. Проста дўст сифатида”, “Бунақа устозим бўлса, синфда қолиб ўқирдим”, “Бизга ҳам шунақа устозлар насиб этсин” сингари гап-сўзларни ўқиб, одамнинг дили оғрийди.

 

Шу билан бирга жамоатчилик орасидаги “Шундай видеоларни кўрган ёшлардан нимани кутиш мумкин? Яна ҳамма ёшларнинг тарбияси бузилиб кетган деб нолишни билади. Муаллимлар учун оғир ҳақорат бу”, “Мана шунақа бетарбия, бемаъни, қаланғи-қасанғиларнинг ота-онаси қаерга қараяпти?”, “Устозларнинг ҳам қадри қолмаяпти” каби танқидий фикрлар қалбимизда умид чироғини ёққандай бўлади.

 

“Замонавий устоз” видеосини кўриб, дунё айвонида инсоният янги-янги ихтиролар, кашфиётлар устида бош қотираётган бир замонда бизнинг одамлар бировга фойдасидан зарари кўп тегадиган бачкана юмушларга ўралашиб кун ўтказаётганига одамнинг ичи куяди. Ўқитувчиларни эрмак қиладиган кунларга етиб келганимиз хавотир уйғотади. Халқимиз орасида ўқитувчиларни масхара қиладиган кишиларни олқишлайдиган кимсаларнинг борлиги эса ғоят қайғули.

 

Сохта машҳурлик иштиёқи, бир-икки сўм пул топиш дарди одамларнинг кўзини кўр қилиб қўйганга ўхшайди. “Ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқади” деганларидай индамаган сари тутуруқсиз видеолар кўпайиб кетаяпти. Уларнинг аксариятида кўтарилаётган мавзуларни тилга олишга ҳаё қиласан. Галдаги мисолда худди шундай ҳолатга гувоҳ бўламиз:

 

“Кутилмаганда қўнғироғи чалинган эшикни қирқ беш ёшлардаги аёл очди. Узоқ вақтдан бери касалхонада ҳушсиз ётган ўғлининг остонада тиржайиб турганини кўриб, унинг ранги-қути учиб, юзи докадай оқариб кетди.

– Ўғлим, – тўладан келган, ўрта бўйли аёл талмовсиради. – Бу ерда нима қилаяпсан?

– Ойижон, – шифо топган бўз йигит жилмайди. Унинг қийиқ кўзлари қувончдан порлаб турарди. – Касалхонадан жавоб бериб юборишди. Соғайиб кетдим.

Она ҳамон довдирар эди. Эшитган хабаридан хурсанд бўлишни ҳам, қайғуга ботишни ҳам билмасди. Тилига калима келмай, узуқ-юлуқ гапирарди.

– Э дўстим! – йигит онасининг ортидан кўринган тенгдошига юзланди. – Чин дўстлигинг аён эди. Раҳмат сенга! Онамни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаслигингни билардим.

Дўстини кўриб ҳалиги йигитнинг ҳам капалаги учиб кетди. Ўзини ўнғайсиз тутар,  гапиришга оғиз жуфтларди-ю, ботиниб бир сўз айтишга куч тополмасди.

– Дадажон, – беш-олти ёшлардаги қизалоқ ҳалиги йигитнинг оёғини қучоқлади. – Ким келди?

– Уйландингми, дўстим?! – ҳали онаси ва дўстининг қилган ишларидан хабар топмаган йигит чин дилдан суюнди. – Табриклайман! Бахтли бўлинглар! Эсиз, тўйингда қатнаша олмадим.

– Ойижон, – қизалоқ остонада гангиб турган аёлга яқин келди. – Бу одам ким? Нега келди? Нега уйга кирмаяпти?

– Нима? – бу кунларни кўргунча касалхонада яна юз йил қолиб кетишга ҳам рози йигит бақрайиб қолди. – Бу қизча нима деяпти?”.

 

Одамларнинг эътиборини жалб этиш учун суратга олинган мазкур видео ҳақида, очиғи, бирор сўз айтмоқ мушкул. Чунки бу ҳақда гапириш тугул, кўришга ҳам одамнинг юзи чидамайди. Онадай азиз зот ҳақида бундай хаёлга боришнинг ўзиёқ гуноҳ. Оналар ҳақида на менталитетимиз, на эътиқодимизга мос келадиган видеоларни суратга олиб, вайн ишлаш эса гумроҳликдир. Етмаганига қилган ишини кўз-кўз қилиб, интернетга жойлаштириш орсизлик, даюсликдан бўлак нарса эмас. Шу ўринда беихтиёр ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрлари эсга тушади:

 

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига қўйганни емоқ – ҳайвоннинг иши. 

 

Бугун интернетнинг ўзбек сегментига жойлаштирилаётган видеоларнинг ҳисоб-китоби йўқ. Уларнинг атиги учтасини қўлимиздан келганча таҳлил қилишга уриниб кўрдик, холос. Бундай тутуруқсиз, савиясиз, бузғунчи вайнларнинг барчаси ҳақида фикр билдиришга ожизмиз. Улар бир неча ўн жилдлик китобларга ҳам сиғмас-ов. Фақат бир фикрни дангал айтиш мумкин: ўзбекча вайн ва ўзбек вайнери деганда кишининг хаёлида энг аввало дидсиз, фаҳмсиз, калтабин, она тилини билмайдиган бир авлод гавдаланиши керакми? Ҳар ҳолда, турли ижтимоий тармоқлардаги аксарият видеоларда ақли заиф кишиларнинг устидан кулиш, аёл ва эркакнинг хиёнати, тўшак ва уятсизлик тарғиботи, ўзидан мафиячи ясаб олган ёш болалар, тилимизни масхаралайдиган одамлар суҳбати асосий мавзу экани кишини шундай хулоса қилишга ундайди. Бундай бемаъниликлар минглаб ёшларнинг онгини заҳарлашини унутмаслигимиз керак.

 

Азим РЎЗИЕВ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//