Ёввойи бозор рақобатига қурилган давлатда ижтимоий тенглик қуруқ гап ёки хаёлий истакдир. Бизга ижтимоий давлат нега керак?


Сақлаш
17:50 / 20.05.2024 480 0

Ижтимоий-сиёсий адабиётларда, ҳатто кратологияга (ҳокимият ҳақидаги фан) оид манбаларда ҳам “ижтимоий давлат” категорияси учрамайди. Махсус дарсликларда давлатнинг шарқона, қулдорлик, феодал, буржуа ва социалистик турлари, тоталитар, авторитар, либерал ва демократик кўринишлари борлиги таъкидлангани ҳолда, ижтимоий давлат зикр этилмайди (қаранг: Теория государства и права. Учебник. Мос­ква, “Норма”, 2001. Стр. 168-169). Бироқ бу ҳол давлатнинг ижтимоий сифатини рад этишга асос бўлолмайди.

 

Ижтимоийлик мудом давлатнинг атрибути, функционал хусусияти ва институционал белгиси бўлиб келган. Бинобарин, тарихда мутлақ тоталитар ёки мутлақ демократик давлат бўлмаган. Қулдорликнинг типик кўриниши – Рим империяси ёки деспотик монархиянинг Шарқда кўп учрайдиган шакли – Хан салтанатида (Хитой) ҳам давлат аҳоли, айниқса, қўшин, амалдорлар, ҳунармандлар, қуллар ҳуқуқ ва бурчларига оид қонунлар орқали идора этилган. Тўғри, у даврдаги қонун-қоидаларда марказий бошқарувни мутлақлаштириш, монархни муқаддаслаштиришга интилиш устувор, аммо давлат кенг аҳоли қатламларининг талаб-эҳтиёжи билан ҳисоблашмаслиги, уларнинг ижтимоий ҳамкорлигига таянмаслиги мумкин эмас эди. Айнан шунинг учун ҳам ижтимоийлик ҳар қандай давлатнинг ўзак (имманент) хусусияти саналади.

 

Яширмайман, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2023 йил май ойида бошланган конституциявий ислоҳотлар менда ижтимоий давлат категориясини “ихтиро қилиш”га, давлатнинг таркибий хусусияти бўлган ижтимоийликни алоҳида таъкидлашга, уни Конституцияга киритишга ҳожат бормиди деган саволларни уйғотган.

 

Конституциявий ислоҳотларга қадар мазкур категория илмий, сиёсий ва фалсафий-ҳуқуқий жиҳатдан тадқиқ этилмаган. Бу, аслида, илмий кратологик тафаккуримизнинг амалиётдан ҳам, жаҳондаги сиёсий таълимотлардан ҳам ортда бўлганидан далолатдир. Ваҳоланки, ижтимоий давлат нафақат илғор Ғарб давлатлари конституцияларига киритилган, унинг фалсафий-сиёсий, ҳуқуқий асослари ярим асрдан бери муҳокама ҳам қилиб келинади. Биздаги илмий муҳофазакорлик ва турғунликни жамиятимиздаги ўзгаришларнинг баъзан англаб бўлмаётган шиддати ва кўлами билан ҳам боғлаш мумкин...

 

Ўзбекистон Президенти 2022 йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда кейинги олти йил ичида жамиятимиз ҳаётида кенг трансформация амалга оширилгани, ўзгаришлар марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам экани, инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қадр-қиммати масаласи устувор вазифага айланганини таъкидлади. Мазкур вазифа 1992 йили қабул қилинган Конституцияда ҳам марказий ўрин тутган. Унда белгиланган нормалар жамиятимизни ҳуқуқий модернизациялашда катта аҳамият касб этганини инкор қилиш мумкин эмас. Лекин энг олийжаноб ва етук нормалар ҳам ҳаётнинг барча талабларини, айниқса, инсон табиатидаги мураккабликлар, зиддиятларни қамраб ололмас экан. Яқин ўтмишимизда конституциявий нормалардан чекиниш, коррупция, мулк орттиришга қаратилган иқтисодий жиноятлар, оддий кишиларнинг ҳуқуқларини менсимаслик, амалдорга сиғиниш каби “Шарқ деспотияси”дан (Ҳегель) қолган иллатлар ҳуқуқий ислоҳотларга халал бергани сир эмас. Давлат ва унинг институтлари халқдан узоқлашди, натижада “давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб” фаолият юргизади деган конституциявий тамойил унутилди. Зеро, давлат институтлари фаолиятини демократлаштириш, халқ манфаатларига хизмат қилдириш баландпарвоз баёнотларни эмас, кўпроқ амалий чора-тадбирларни тақозо этарди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти “Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур”, деб уқтирди. У, шунингдек, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни Асосий қонунимизга киритишни таклиф этди. Шавкат Мирзиёев таърифича, “ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. У – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир”.

 

Ижтимоий йўналтирилганлик тамойили илғор Ғарб давлатларида алоҳида эътироф этилган. Мазкур тамойил, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Швеция конституцияларида қайд этилган. Швейцария давлатнинг ижтимоий моделини кенг тарзда татбиқ этган илк ўлкадир. Ушбу мамлакатда бюджет ва давлат идораларига сарфланадиган харажатлар аҳоли ва мутахассислар ўртасида кенг муҳокама қилинади, бошқарув аппарати фаолиятининг самарадорлиги ижтимоий сиёсат нуқтаи назаридан баҳоланади. Бошқарув идораларига ишга қабул қилинадиган мутахассис айнан ижтимоий сиёсат бўйича синовдан ўтади. Баъзи муниципалитетларда 5/2, яъни беш соат аҳоли орасида, икки соат идорада бўлиш тартиби амал қилади. Сираси, чопа-чоп қилмай, батартиб иш юритиш одат, қадриятга айланган.

 

Ижтимоий давлат сиёсий модель сифатида тақдим этилаётган экан, у аниқ принципларга таянган ҳолда фаолият юритмоғи лозим. Бу сирада ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий ҳамкорлик каби принципларни алоҳида таъкидлаш керак.

 

Ижтимоий адолат фалсафий-ахлоқий категория экани маълум. Адолат ғояси Суқроту Афлотун давридан бери тилдан тушмайди. Юнон файласуфлари адолатни эзгулик ва фозилликда деб билади. Абу Наср Форобийнинг фозил одамлар шаҳри ғояси илдизи юнон файласуфларининг ушбу утопик қарашига бориб тақалади. Адолат мураккаб фалсафий-ахлоқий тушунча эканини Суқротнинг Фрасимах билан диалог-баҳсидан аниқ идрок этиш мумкин (Платон. Государство. Москва, “АСТ”, 2022. Стр. 4–47). Суқрот суҳбатдошини нафақат мот этади, шу билан бирга, адолат категориясининг чеки-чегараси йўқ, зиддайн воқеликлардан эканини исботлайди. Алҳол, ижтимоий адолат ҳақида мушоҳада юритиш завқли, аммо унга тўла-тўкис етишган давлат йўқ, чунки “Менга адолат бўлиб кўринган ҳолат сизга адолатсизлик бўлиб кўриниши мумкин” (Суқрот). Эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги баҳслар тайин хотимага олиб келмаганидек, адолат ва адолатсизлик ҳақидаги мушоҳадалар ҳам аниқ якунга олиб келмаган, бироқ инсоният адолат ва эзгулик ҳақида орзу қилишдан, одил жамият, фозил одамлар шаҳри, идеал давлат ҳақида фикр юритишдан, фалсафий-сиёсий моделлар яратишдан тўхтамайди.

 

Ижтимоий тенгликнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ахлоқий жиҳатлари мавжуд. Илғор давлатлар, масалан, Германияда ижтимоий тенглик моддий бойликларни аҳолининг барча қатламлари ўртасида баравар тақсимланиши орқали рўёбга чиқади. Бу кескин табақаланишнинг олдини олади. Ижтимоий тенглик Карл Маркс назарда тутган “эксплуататорларни экспроприация қилиш” эмас, балки эксплуатацияни, синфий курашни авж олдирмаслик усулидир. Фуқароларнинг сайловларда қатнашиши, уюшмалар тузиб, иродасини намоён этиши, маҳаллий тизимни манфаат ва эҳтиёжига мувофиқ бошқариши, меҳнат турларини эркин танлаши ижтимоий давлатдаги тенглик принципи ифодаларидир. Бу ўринда ижтимоий тенгликнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрамиз. Шу сабабли айрим тадқиқотчилар ижтимоий давлат – ҳуқуқий давлат деган ғояни илгари суради (Кочеткова Л. Социальное государство. Опыт философского исследования. Москва, “Норма”, 2009). Бироқ ёввойи бозор рақобатига қурилган давлатда ижтимоий тенглик қуруқ гап ёки хаёлий истакдир. Ғарб либерализми жон-жаҳди билан қўллаб-қувватлайдиган ёввойи бозор ижтимоий тенглик нималигини билмайди, у фақат мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилади. Мулк шунчаки кичик корхона эмас, у ишлаб чиқариш муносабатларини йўналтирувчи кучдир. Бунда инсон қадри янада кўп фойда келтирувчи товар ва хизмат турини, ақлини сотиш усулларини кашф этиш орқали баҳоланади. Шундай усулларни яратмасангиз, бозор рақобатига мувофиқ қадр-қимматга эга эмассиз...

 

Сиёсий жараёнлар таҳлили кўрсатадики, фуқароларнинг сайловларда ёки муниципиал бошқарувда иштироки ижтимоий тенгликка кучли таъсир қилмайди. Сиёсатшунос Роберт Далнинг фикрича, хусусий мулк эгаси ҳар қандай ўзини ўзи бошқариш ёки иқтисодий демократияни йўққа чиқариши мумкин (Даль Р. Введение в экономическую демократию. Москва, “Наука”, 1991). Хусусий мулк мулкдорлар манфаатига хизмат қилади, демократияга эмас. Ижтимоий давлат хусусий мулкни инкор қилмайди, аммо тадбиркорлар, хусусий мулк субъектлари ҳар доим ҳам ижтимоий тенглик тарафдори бўлмайди. Нима учун минг машаққат билан топган пулини ҳаётда ўз ўрнини тополмаган ёки топишга интилмайдиган кишиларга бериши керак? Одам сув, газ, электр энергияси ва коммунал хизматларга юридик шахс сифатида жисмоний шахслардан бир неча баравар кўп ҳақ тўласа-ю, тағин топган даромадини эҳтиёжмандларга ажратса? Ахир, бу ижтимоий тенгликка эмас, балки ижтимоий боқимандаликка олиб келади-ку?! Олим Тило Саррацион бу баҳсли фикрни Германия тажрибаси асосида дастаклашга ҳаракат қилади (қаранг: Саррацион Т. Германия: самоликвидация. Москва, “Литрес”, 2016).

 

Ижтимоий давлат концепциясида моддий бойликларни, ижтимоий адолат принципига мувофиқ, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига тақсимлаш кўзда тутилган. Ғарб давлатларида бадавлат кишиларга прогрессив солиқлар қўлланади, йиғилган маблағ моддий аҳволи оғир қатламга йўналтирилади. Дарвоқе, бизда ҳам бир неча йилдан бери давлат хизматчиларининг декларация топшириш тартиби ҳақида гап-сўз юради, лекин у тўлиқ амалга киритилгани йўқ. Нима учун катта амалдор данғиллама сарой, тоғ ёнбағрида махсус қўриқланадиган дача қуради, ажнабий машиналар олади, уйида хизматкор ишлатади-ю, бироқ даромади юзасидан декларация топширмайди? Ижтимоий тармоқларда бот-бот тарқалаётган видеолавҳаларда амал ва мулк эгалари тўйхоналардаги оилавий маросимларда созандаю раққосалар устидан доллар сочаётганини кўриб, декларация тартиби қанчалик муҳим эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз...

 

Хўш, бизда ижтимоий тенглик ҳақида аниқ тасаввур шаклланганми? Афсуски, совет давридаги “бошқарув давлатнинг иши” деган ақида ҳамон ўйимизда. Шубҳасиз, ижтимоий тенгликни давлат иштирокисиз таъминлаш мушкул. Аммо халқ, аҳоли, ижодий ва интеллектуал кучлар, ёшлар ташаббускорми, шахсий ирода ва дадиллик мавжудми? Cўнгги ойларда матбуотимиз орқали ижтимоий давлат ҳақида фикр билдирган мутахассисларимиз бу масалани четлаб ўтмоқда. Ваҳоланки, ижтимоий тенглик ушбу субъектларнинг иродаси, идеали ва ҳаёт тарзига айлангандагина рўёбга чиқади. Кишилар ўртасидаги табиий нотенгликни ижтимоий тенглик йўли билан бартараф этиш қанчалар олийжаноб мақсад! Ижтимоий давлат айнан ушбу концептуал ғояни мужассам этгани билан қадрли.

 

Адолат ҳам, тенглик ҳам, аввало, ижтимоий ҳимояда тажассум топади. Ижтимоий давлат моделига сингдирилган мақсад-муддао ижтимоий ҳимояни кундалик тажрибага айлантиради. У сиёсий ва бошқарув институтларининг кимга, нимага ва қандай хизмат қилишини кўрсатиб, ойдинлаштириб туради. Ўзбекистон Президенти ижтимоий ҳимояни “Ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди” дея лўнда ифода этган. Бу ўзбек халқига хос жамоа бўлиб яшаш қадриятининг айни ўзидир.

 

Ижтимоий ҳимояга устувор аҳамият қаратган давлат икки жиҳатни эсдан чиқармаслиги лозим. Биринчиси, ижтимоий ҳимоя адолат ва тенглик булоқларидан сув ичиши шарт, акс ҳолда жамиятдаги байналмилал аҳилликка путур етади. Дейлик, кўча-кўйда садақа сўраб юрган болалар, аёллар ва қариялар учраб туради. Тартиб посбонлари тиланчилар билан “шуғулланади”, лекин уларнинг турмуши ва ижтимоий ҳимоясига ҳар доим ҳам эътибор берилавермайди. Баҳсли бўлса-да, Достоевскийнинг машҳур гапини эслагимиз келди: “Жамиятда биронта кўзи ёшли гўдак бор экан, бу жамиятнинг инсонпарварлигига ишониб бўлмайди”. Иккинчидан, ижтимоий ҳимоя боқимондалик, давлат ёрдамига қарамлик синдромини шакллантирмаслиги лозим. Cиёсатшунос Т.Саррационнинг ёзишича, Германия ҳукумати ижтимоий ҳимояга ажратадиган маблағ бўйни меҳнатга ёр бермайдиган муҳожирларнинг бемалол кун кўришига имкон беради. Бу эса олмонларнинг генофонди, менталитети ва тиришқоқлик, масъуллик, ихтиросеварлик каби миллий сифатларига акс таъсир этмоқда деб ҳисоблайди олим. Ҳатто мигрантлар билан бирга таълим олган болаларда аниқ фанларга, айниқса, математикага қизиқиш сезиларли даражада сусайган. Фожиали томони шундаки, аҳоли сони муҳожирлар ҳисобига ошиб боряпти, аммо олмон оилаларининг ўзида туғилиш ҳар бир авлодда 15–20 фоизга қисқариб бормоқда (ўша манба, 7–12-бетлар).

 

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг барқарор тизими шакллантирилган. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга жалб қилиш, таълим, маданий бойликлардан баҳраманд бўлиш, ижод қилиш, нафақа, маош, таътил ва тиббий ёрдам олиш шулар жумласидандир. Бугун мамлакатимизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизими ишга туширилган. Ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробарга оширилиб, 2 миллиондан зиёд оила қамраб олинган. Кўмак миқдори 18 триллион сўмдан кўпроқдир. Нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар, ишсизлик нафақаси эса 3,2 баробар оширилган. Аммо мутахассисларнинг фикрича, “Ижтимоий ҳимоя пул бериш билан чекланиб қолмоқда. Аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмакдан иборат бўлиши керак. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда” (Хўжаева М., Холмаҳматова Ш. Улуғвор мақсадимиз – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш // “Янги Ўзбекистон”, 2023 йил 8 июнь).

 

Яқин ўтмишимизда “Сен Мустақилликка нима бердинг?” деган баҳсли шиор оммавий психоз тарзида бошқарув тизими ва ахборот воситалари фаолиятига сингдирилган эди. Кейинги йилларда ғайриинсоний ва ғайриҳуқуқий тартиб-тутумлардан воз кечилди, лекин айрим замондошларимиз онгида “биз энг бахтиёрмиз” сингари ҳавойи шиорлар, оммавий психоз синдроми сақланиб қолаётгандек. Ғарбдаги ижтимоий давлатларда ўртача иш ҳақи бир неча минг доллар, бизда эса ҳали камтарона даражада. Бундай меҳнат ҳақи билан киши ўзини бахтиёр сезадими? Фаровонлик ҳақидаги ваъзларга ишонадими?

 

Яқинда бўёқчилар цехига ишчи қидирилаётгани ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим. Маоши 2-3 миллион сўмгача экан. Бундай ишчилар Европа давлатларида 5-6 минг, Россияда 2-3 минг долларгача маош оларкан. Қиёсни яна давом эттириш мумкин. Биз ҳозирча илғор Ғарбдаги ижтимоий давлат моделини қабул қилдиг-у, ижтимоий ҳимояни талаб даражасида йўлга қўйганимиз йўқ. Шошқалоқлик бизни ҳавойи шиорларга муте қилиб қўймаслиги керак. Бир қарор бажарилмасидан иккинчисини, бир концепция ниҳоясига етмай бошқасини қабул қиламиз. Тан олмоқ керак, давлатимиз ижтимоий ҳимояни изчил амалга оширмоқда, инсон қадрини улуғлаш принципи, вазминлик ва иккиланишлар билан бўлса-да, қарор топмоқда. Аммо бу жабҳада фақат сиёсий ирода ва бошқарувдаги изчиллик етарли эмас, “этнос пассионарлиги” (Лев Гумилёв ибораси), яъни халқ ташаббуси, оммавий қўллаб-қувватлаш ва умуммиллий ирода ҳам сув билан ҳаводек зарур.

 

АҚШ ижтимоий ҳимояни халқ прагматизми билан уйғунлаштира олган. Швейцария ва Швецияда ижтимоий ҳимояни ташкил этишга муниципиал институтлар, аҳолининг ўзини ўзи бошқариш органлари фаол таъсир кўрсатади. Финляндияда ижтимоий ҳимояга оид дастурлар аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинади, кези келганда электорат уларни рад этади. Дастур муаллифлари билан аҳоли ўртасидаги баҳс, тортишув одатий ҳол. Энг муҳими, бу мулоқотлар бошқарув органларини халқ манфаатларига хизмат қилишга ўргатади. Биздаги маҳалла ва фуқаролар йиғинлари ҳам фаоллик кўрсатса, Ғарб моделлари каби таъсирчан институтга айланиши мумкин.

 

Ижтимоий ҳамкорлик жамиятда аҳиллик, бирлик, байналмилаллик ва демократизм принципларининг ифодаси ҳисобланади. Жамият аъзоларининг ижтимоий ҳаётда, иқтисодий муносабатларда, маданий бойликлар яратишдаги иштироки ана шу ҳамкорлик маҳсулидир. Оила институти ҳам ижтимоий ҳамкорлик принципига мувофиқ яратилади. Ижтимоий давлатда бундай ҳамкорлик демократизм ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш негизида амалга оширилади.

 

Мамлакатимизда тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантирувчи асосий куч деб баҳоланмоқда. Соҳа мутасаддиларига ишбилармонлик ривожига халал бераётган барча тўсиқларни олиб ташлаш юклангани бежиз эмас. Мутараққий давлатларда, масалан, АҚШда тадбиркорлар улуши иқтисодиётда 90–95 фоиз, Германияда 75–80 фоиз, Францияда 70–75 фоизни ташкил этади. Иқтисодиётдаги демократизм кишиларни эркин меҳнат қилиш, моддий неъматлар ва товарлар яратиш, хизматлар кўрсатиш орқали ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйишга ундайди. Одамлар ихтиёрий тарзда, ўз манфаатларига мувофиқ меҳнат муносабатларига киришади. Манфаатлар қанча ранг-баранглашса, ижтимоий ҳамкорлик ҳам кенгаяди. Бинобарин, давлатнинг асосий вазифаси манфаатларни шакллантириш ва уларни умумижтимоий манфаатлар билан уйғунлаштириш сиёсатини амалга оширмоқдир. Манфаатлар уйғунлашмаган жойда манфаатлар тўқнашуви юзага келади. Бу эса ижтимоий ҳамкорлик принципига зиддир. Мана, ижтимоий ҳамкорликнинг сиёсий моҳияти нимада!

 

Ижтимоий давлат концепциясининг хусусиятлари, хорижий ва миллий моделлари, фалсафий-кратологик талқинлари ҳақида ҳали кўп баҳс-мунозара бўлиши табиий. Аммо, шубҳасизки, этносиёсий тарихимиз “ижтимоий давлат” деган янги феномен билан бойимоқда.

 

Конституциявий комиссия раиси, академик Акмал Саидовнинг фикрича, ижтимоий давлат Ўзбекистонни илғор демократик ҳуқуқий мамлакатлар қаторига олиб чиқади. Айни чоқда, ижтимоий борлиқ сиёсий утопия ва башоратларга эргашишда эҳтиёт бўлмоққа ундайди. Ақлнинг чекланганидан қўрқиб орзу қилмаслик ва ҳаётни янгилашга интилмаслик ожизликдир. “Тарихнинг бежилов, суронли оқими ичида туриб” (Ҳенри Киссенжер таъбири) янги ҳаётни яратишга жасоратли ақл ва журъатли ирода эгаларигина қодирдир.

 

Виктор АЛИМАСОВ

 

Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.

“Ижтимоий давлат нима?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//