98 ёшли украиналик аёл мамлакатнинг оккупация қилинган ҳудудидан чиқиш учун 10 километр масофани пиёда босиб ўтди


Сақлаш
10:05 / 07.05.2024 130 0

Донецк вилоятининг Очеретино қишлоғида яшовчи 98 ёшли Лидия Степановна Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудуддан қочиш учун шиддатли ўқлар ёмғири остида 10 километр масофани босиб ўтган. Бу ҳақда Украинанинг Донетск вилояти полицияси хабар берди. Лидия кунбўйи овқатсиз ва сувсиз фронт чизиғи бўйлаб юрган, бир неча бор йиқилган, аммо ўрнидан туриб, яна йўлида давом этган.

 

 

«Мени қоқилиб, майса устига ўзимни ташладим. Ухлаб қолдим. Кейин яна юрдим. Ва яна йиқилдим, яна ўрнимдан турдим. Мен шу йўл билан сездирмасдан юраман деб ўйладим», – деган Лидия Степановна полицияга. Кейинроқ бу суҳбатнинг видеоёзуви эълон қилинди. Кечқурун ҳарбийлар чарчаган Лидияни йўлда кўриб қолган ва уни фронт чизиғидаги ҳудудлардан тинч аҳолини эвакуация қилувчи «Оқ фаришталар» полиция гуруҳига топширган. Полиция бу воқеа айнан қаерда содир бўлганини очиқламади. Лекин онахон қандайдир йўл билан фронт чизиғини кесиб ўтиб, Украина назорати остидаги ҳудудга етиб боришни уддалаган.

 

 

Полиция аёлни қочқинлар бошпанасига олиб борган. У ерда Лидияга иссиқ овқат ва ётоқ берилган. Маъсуллар Лидия Степановнанинг қайсидир маънода ажрашиб кетган қариндошларини топган. Кампирнинг сўзларига кўра, отишмалар бошланганда келини ва ўғли қочишга қарор қилган, бироқ, афтидан улар турли йўллардан кетган. Рус артиллерияси, Лидия бир вақтлар ўз қўли билан қурган уйни вайрон қилган.

 

 

«У ерда ҳамма нарса остин-устун. У ерда бўлаётган нарсалар қўрқинчли … Уйғониб қарасам, улар ўқ узмоқда. Бу қўрқинчли», дейди Лидия Очеретинода содир бўлган воқеа ҳақида. Бундай даҳшатли ва машаққатли саёҳатдан сўнг, онахон жуда узоқ вақт ўзига кела олмаган ва бошидан кечирганларни қўрқинч билан гапириб берган. «Мен бир урушни (Иккинчи жаҳон уруши) кўрдим, энди эса яна бир урушни бошдан кечиряпман. Мен ҳеч нарсасиз қолдим. Бу уруш олдингидай эмас. Уйлар ёнмоқда, дарахтлар илдизи билан қулаб тушмоқда», дейди Лидия. Онахоннинг невараси бувисини олиб кетиш учун келишга ваъда берган.

 

 

Бу воқеадан бир неча кун олдин 88 ёшли Иван исмли эркак ҳам Россия томонидан босиб олинган Очеретинодан пиёда қочиб келганди. У тунбўйи юрган. Полиция уни йўлда кўриб қолиб, Покровскдаги бошпанага олиб борган. Иваннинг айтишича, руслар унинг Украина паспортини олиб қўйган ва унга Россия паспорти бермоқчи бўлган. Иван эса бунга жавобан нарсаларини йиғиштириб, жўнаб қолган. Украина полицияси уни топганда унинг ёнида фақат пенсия гувоҳномаси бор эди. Украина полицияси одамлардан фронт чизиғидан узоқроқ кетишни сўрамоқда.

 

 

Ўн минглаб одамлар тинимсиз отишмалар ва россияликларнинг таҳдидлари сабаб Украинанинг оккупация қилинган шарқий ва жанубий қисмларидан қочиб келмоқда. Яқинда «Оқ фаришталар» Очеретино посёлкасининг Желанное қишлоғига озиқ-овқат етказиб берди. Ушбу фронт чизиғидаги қишлоқда ҳали ҳам юзга яқин одам бор.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси